Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- БОБ

«Шаҳар “Яҳова у ерда”, деб номланади»

«Шаҳар “Яҳова у ерда”, деб номланади»

ҲИЗҚИЁ 48:35

БУ БОБДА: шаҳар ва хайр-эҳсон қилинган ер нимани англатади?

1, 2. а) Ернинг бир қисми қайси ўзгача мақсад учун ажратиб қўйилганди? (Муқовадаги расмга қаранг.) б) Башорат сургунда бўлганларни нимага ишонтирган?

СЎНГГИ ваҳийсида Ҳизқиё ўзгача мақсад учун ажратиб қўйилган ер ҳақида билиб олади. Ажратиб қўйилган мазкур ер Исроил қабилаларига мерос сифатида берилмаганди, балки Яҳова учун хайр-эҳсон қилинганди. Шунингдек, Ҳизқиё инсонни ўйлантириб қўядиган номга эга ажойиб бир шаҳар ҳақида билиб олади. Ваҳийнинг бу қисми сургунда бўлганларни муҳим бир нарсага ишонтиради: севимли она юртига қайтишганида Яҳова улар билан бўлади.

2 Ҳизқиё хайр-эҳсон қилинган ерни батафсил таърифлаб беради. Келинг, ушбу баёнотни кўриб чиқайлик. Чунки у Яҳованинг ҳақ топинувчилари бўлмиш биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Хайр-эҳсон қилинган ер ва шаҳар

3. Яҳова ажратиб қўйган ер қайси бешта ҳудуддан иборат эди ва улар қай мақсадга хизмат қиларди? («Ерни хайр-эҳсон сифатида ажратинглар» номли рамкага қаранг.)

3 Ажратиб қўйилган ернинг ўлчами шимолдан жанубгача 25 000 тирсак ёки 13 километр, шарқдан ғарбгача ҳам 25 000 тирсак эди. Бу тўртбурчак ер «бутун хайр-эҳсон қилинган ер» деб аталарди. У кўндалангига уч бўлакка бўлинганди. Юқоридаги қисми левилар учун, ўртадаги қисми эса маъбад ва руҳонийлар учун ажратилганди. Бу иккита қисм «муқаддас хайр-эҳсон»ни ташкил этарди. Пастки кичикроқ қисм, яъни «қолган ер» «муқаддас жой эмасди». Бу жой шаҳар учун мўлжалланганди. (Ҳиз. 48:15, 20)

4. Яҳовага хайр-эҳсон қилинган ер ҳақидаги баёнотдан нимани ўрганишимиз мумкин?

4 Яҳовага хайр-эҳсон қилинган ер ҳақидаги баёнотдан нимани ўрганишимиз мумкин? Аввалига хайр-эҳсон қилинадиган ерни ажратиб, кейин юртни қабилалар ўртасида тақсимлагани билан Яҳова юртда маънавий марказга энг муҳим ўрин ажратилиши кераклигини кўрсатган. (Ҳиз. 45:1) Шубҳасизки, сургунда бўлганлар юрт айнан шу тартибда тақсимланганидан кўп нарсани ўрганишган. Улар Яҳовага топинишни ҳаётида энг биринчи ўринга қўйишлари керак эди. Бугунги кунда биз ҳам Аллоҳ Каломини тадқиқ қилиш, жамоат учрашувларига бориш ҳамда ваъзгўйлик ишида қатнашиш каби маънавий ишларни энг муҳим, деб биламиз. Энг муҳим нарсаларни биринчи ўринга қўйиш борасида Яҳованинг ўрнагига тақлид қилсак, Унга топиниш кундалик ҳаётимизда марказий ўринни эгаллайди.

«Шаҳар шу ернинг ўртасида жойлашади»

5, 6. а) Шаҳар кимларга тегишли бўлган? б) Шаҳар нимани англатмайди ва нега бундай дея оламиз?

5 Ҳизқиё 48:15 ни ўқинг. «Шаҳар» ва унинг атрофидаги ер нимаси билан диққатга сазовор эди? (Ҳиз. 48:16–18) Ваҳийда Яҳова Ҳизқиёга: «Шаҳарга тегишли мулк... бутун Исроил хонадонига тегишли бўлади»,— деганди. (Ҳиз. 45:6, 7) Демак, шаҳар ва унинг атрофидаги ер улар «Яҳова учун ажратадиган хайр-эҳсон»га кирмаган. (Ҳиз. 48:9) Бу маълумотни ёдда тутган ҳолда, келинг, шаҳарнинг жойлашувидан биз нимани ўрганишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

6 Шаҳар ҳақида айтилганлардан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқишдан аввал, бу шаҳар нимани англатмаслигини аниқлаб олишимиз лозим. У маъбад жойлашган ва қайта қурилган Қуддус шаҳрини англатмасди. Нега? Чунки Ҳизқиё ваҳийда кўрган шаҳарда маъбад йўқ эди. Бу шаҳар тикланган Исроил юртидаги бошқа ҳеч бир шаҳарни ҳам англатмасди. Нима учун? Сабаби сургундан қайтганлар ёки уларнинг авлодлари ваҳийда таърифланган хусусиятларга эга шаҳарни ҳеч қачон қуришмаган. Қолаверса, бу шаҳар самовий шаҳарни ҳам англатиши мумкин эмас. Нега деганда, шаҳар муқаддас топиниш учун ажратилган махсус жойда бунёд этилган бинолардан алоҳида, яъни «муқаддас бўлмаган жойда» қурилганди. (Ҳиз. 42:20)

7. Ҳизқиё қанақа шаҳарни кўрган ва у, ҳойнаҳой, нимани билдиради? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)

7 Унда Ҳизқиё кўрган шаҳар нимани англатади? Ёдимизда бўлса, у шаҳарни юрт ҳақидаги ўша-ўша ваҳийда кўрганди. (Ҳиз. 40:2; 45:1, 6) Аллоҳнинг Каломидан аён бўляптики, мазкур юрт маънавий юртни англатади, демак, шаҳар ҳам рамзий шаҳарни билдиради. Умуман олганда «шаҳар» сўзи остида нима назарда тутилади? Бу сўз бир жойда яшаётган одамлар томонидан барпо этилган ташкиллаштирилган тузумни англатади. Бундан чиқди Ҳизқиё кўрган тўртбурчак қилиб қурилган шаҳар, ҳойнаҳой, яхши ташкиллаштирилган бошқарув марказини билдиради.

8. Бошқарув қаерда фаолият юритади ёки қаер унинг таъсир доирасига киради ва нега бундай дея оламиз?

8 Бу бошқарув қаерда фаолият юритади ёки қаер унинг таъсир доирасига киради? Ҳизқиёнинг ваҳийсидан кўриняптики, мазкур шаҳар маънавий юрт ичида фаолият юритади. Демак, бугунги кунда ушбу бошқарув Худо халқининг фаолиятини йўналтириб, маънавий жаннат ичида иш олиб боряпти. Шаҳар муқаддас бўлмаган жойда тургани-чи, нимани англатади? Бу бизга шуни эслатяптики, шаҳар самовий бошқарувни эмас, маънавий жаннатда яшаётган барчанинг манфаатини кўзлаб иш юритаётган ер юздаги бошқарувни билдиради.

9. а) Ер юзидаги бошқарувни ким амалга оширади? б) Минг йиллик бошқаруви пайтида Исо нима қилади?

9 Ер юзидаги мазкур бошқарувни ким амалга оширади? Ҳизқиёнинг ваҳийсида шаҳарни бошқаришда «йўлбошчи» масъулиятни ўз зиммасига олиши ҳақида айтилган. (Ҳиз. 45:7) У халқ орасида нозир эди, аммо руҳоний ҳам, леви ҳам эмасди. Йўлбошчи ҳақида ўқиганимизда хаёлимизга жамоатлардаги нозирлар, хусусан, муқаддас руҳ билан мойланмаган кишилар келади. Бу ғамхўр маънавий чўпонлар «бошқа қўйлар»дан бўлиб, Масиҳнинг самовий бошқарувига бўйсунадиган ер юзидаги камтарин хизматчилардир. (Юҳан. 10:16) Бўлажак Минг йиллик бошқаруви пайтида Исо талабларга мос келадиган оқсоқоллар ёки «беклар»ни танлаб, «бутун ер юзи устидан» тайинлайди. (Заб. 45:16) Ўшанда улар самовий Шоҳлик бошқаруви остида Худо халқининг манфаатини кўзлаб, уларга ғамхўрлик қилишади.

«Яҳова у ерда»

10. Шаҳарнинг номи нима ва бу нимага ишонтиряпти?

10 Ҳизқиё 48:35 ни ўқинг. Шаҳар «Яҳова у ерда», деб номланади. Бу ном Яҳова шу шаҳарда экани сезилиб туришига ишонтиряпти. Ҳизқиёга юрт марказида жойлашган шаҳарни кўрсатиб, Яҳова сургундагиларга: «Мен яна сизлар билан бирга бўламан!» — дегандай бўлди. Нақадар далда бахш этувчи ваъда!

11. Ҳизқиё шаҳар ҳақида кўрган ваҳийдан ва шаҳарнинг мазмунга тўла номидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?

11 Ҳизқиё башоратининг бу қисмидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Бу шаҳарнинг номи Худонинг хизматчилари бўлмиш бизни шунга ишонтиряптики, Яҳова ҳозир ер юзидаги содиқ хизматчилари орасида яшаяпти ва доим шундай бўлиб қолади. Шаҳарнинг мазмунга тўла номи қуйидаги муҳим ҳақиқатни ҳам таъкидлаяпти: шаҳар бирорта одамга ҳокимият берилиши учун эмас, Яҳованинг севги ва мулоҳазакорлик ила берилган йўл-йўриқлари амалга оширилиши учун мавжуд. Масалан, Яҳова ерни тақсимлаш ҳуқуқини, оддий одамлар тўғри деб ўйлаганидек, бошқарувчиларга бермаган. Аксинча, Яҳованинг Ўзи хизматчиларига, жумладан, одамларнинг назарида аҳамиятсиздай кўринганларга улушларни, яъни шарафли вазифаларни тақсимлаб берган. У бошқарувчилардан бу улушларни қадрлашни кутади. (Ҳиз. 46:18; 48:29)

12. а) Шаҳарнинг диққатга сазовор хусусияти нима ва бу нимани тасвирлайди? б) Ваҳийнинг бу жиҳати масиҳий нозирларга қайси муҳим нарсани эслатиб туради?

12 «Яҳова у ерда», деб номланган шаҳарнинг яна бир диққатга сазовор хусусияти нима? Қадимда шаҳарларни ҳимоя қилиш мақсадида уларни ўраб турган деворларга имкон қадар камроқ дарвозалар ўрнатишган. Бу шаҳарнинг эса нақ 12 та дарвозаси бор! (Ҳиз. 48:30–34) Дарвозаларнинг кўплиги (тўртбурчак шаҳарнинг ҳар бир томонида учтадан дарвоза бўлгани) бу шаҳарнинг бошқарувчиларига Худонинг барча хизматчилари бемалол мурожаат қила олишини тасвирлайди. Қолаверса, шаҳарнинг 12 та дарвозаси борлиги у «бутун Исроил хонадони», яъни барча учун очиқлигини англатади. (Ҳиз. 45:6) Шаҳарнинг очиқлиги масиҳий нозирлар учун муҳим эслатма бўлиб хизмат қилади. Маънавий жаннатда яшаётган ҳамма уларга мурожаат қила олиши учун Яҳова нозирлардан мулоқотга очиқ ва ёрдамга тайёр бўлишни кутади.

Масиҳий нозирлар мулоқотга очиқ ва ёрдамга тайёр (12- хатбошига қаранг.)

Худонинг халқи «топиниш» ва шаҳарни қўллаб-қувватлаш учун келади

13. Яҳова ваҳийда қандай хизматчилар ҳақида айтиб ўтган?

13 Келинг, хаёлан Ҳизқиёнинг даврига қайтиб, юртни тақсимлаш ҳақидаги кенг қамровли ваҳий тўғрисида у яна қайси тафсилотларни ёзганини билиб олайлик. Яҳова хизматнинг ҳар хил турларида қатнашаётган инсонларни тилга олади. Руҳонийлар, яъни «муқаддас маскан хизматчилари» қурбонликлар келтириб, Яҳовага хизмат қилиш учун Унга яқинлашарди. «Маъбад хизматчилари» бўлмиш левилар эса «маъбаддаги хизмат ҳамда у ерда қилинадиган барча ишларга жавобгар» эди. (Ҳиз. 44:14–16; 45:4, 5) Бундан ташқари, шаҳар яқинида меҳнат қиладиган ишчилар ҳам бор эди. Улар кимлар?

14. Шаҳар яқинидаги ишчилар нимани ёдимизга соляпти?

14 Шаҳар яқинидаги ишчилар «Исроилнинг барча қабилалари» орасидан келган эди. Улардан шаҳарни қўллаб-қувватлаш кутиларди. Уларнинг вазифасига «шаҳарда хизмат қиладиганлар учун егулик» бўладиган ҳосилни етиштириш кирарди. (Ҳиз. 48:18, 19) Мазкур тадбир бугунги кунда биз эга бўлган имкониятни ёдимизга соляпти, шундай эмасми?! Ҳа, ҳозир маънавий жаннатда яшаётган барчада Масиҳнинг мойланган биродарлари ҳамда Яҳова «улкан оломон» ичидан бошчилик қилиш учун тайинлаган кишилар қилаётган хизматни қўллаб-қувватлаш имконияти бор. (Ваҳ. 7:9, 10) Буни амалга оширишнинг асосий йўли ишончли хизматкор бераётган йўл-йўриқларга тайёрлик ила бўйсунишдир.

15, 16. а) Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги яна қайси тафсилот диққатимизга сазовор? б) Ваҳийда бажарилган ишларга ўхшаш қандай фаолиятда қатнашиш имконига эгамиз?

15 Ҳизқиёнинг ваҳийсида хизматимизга тааллуқли сабоқ олишимиз мумкин бўлган яна бир тафсилот бор. Бу қандай тафсилот экан? Яҳова Леви қабиласидан бўлмаган бошқа 12 та қабила аъзолари иккита жойда фаолият юритишини айтган. Бу маъбад ҳовлиси ва шаҳар яйловлари. Бу жойларнинг ҳар бирида улар нима билан шуғулланади? Маъбад ҳовлисига барча қабилалар Яҳовага қурбонликлар тақдим этиб «топиниш учун» келади. (Ҳиз. 46:9, 24) Шаҳар яйловларига эса барча қабила аъзолари ерга ишлов бериб шаҳарни қўллаб-қувватлаш учун келади. Мазкур ишчиларнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин?

16 Бугунги кунда «улкан оломон» аъзолари Ҳизқиёнинг ваҳийсида бажарилган ишларга ўхшаш фаолиятда қатнашиш имконига эга. Улар Яҳовага ҳамду сано қурбонликларини келтириб «Унинг маъбадида» топиняпти. (Ваҳ. 7:9–15) Улар буни ваъзгўйлик ишида қатнашиш, жамоат учрашувларида шарҳлар бериш ва ҳамду сано қўшиқларини куйлаш орқали имонини намоён этиб амалга оширяпти. Шу йўсин Яҳовага топинишни улар ўзининг асосий масъулияти, деб билади. (1 Сол. 16:29) Бундан ташқари, Худонинг халқидан бўлган кўпгина кишилар Унинг ташкилотини турли амалий йўллар билан қўллаб-қувватлаяпти. Масалан, улар Йиғилиш заллари ва филиал биноларининг қурилишию таъмирланишида кўмаклашяпти, шунингдек, Яҳованинг ташкилоти бошлаган бошқа кўплаб лойиҳаларда ёрдам беряпти. Бошқалар эса хайр-эҳсонлар қилиб мазкур лойиҳаларни қўллаб-қувватлаяпти. Улар бу ишларни «Худони шарафлаш учун» қилиб, юртга ишлов бергандай бўляпти. (1 Кор. 10:31) «Бундай қурбонликлар Тангрига маъқул» эканини билган ҳолда, улар ўз ишини ғайрат ва қувонч ила бажаряпти. (Иброн. 13:16) Сиз ҳам бундай имкониятлардан тўлиқ фойдаланяпсизми?

Ҳизқиё шаҳар ичида ва унинг атрофида қилинган турли ишлар ҳақида айтганидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? (14–16- хатбошиларига қаранг.)

«Янги осмон ва янги ерни кутяпмиз»

17. а) Келажакда Ҳизқиёнинг башоратли ваҳийси қай йўсин кенгроқ миқёсда амалга ошади? б) Масиҳ минг йил ҳукмронлик қилган пайтда бошқарув кимларга фойда келтиради?

17 Келажакда Ҳизқиё хайр-эҳсон қилинган ер ҳақида кўрган башоратли ваҳий янада кенг миқёсда амалга ошадими? Ҳа! Мана бу ҳақида ўйлаб кўринг: Ҳизқиё «муқаддас хайр-эҳсон» деб аталган ер юртнинг маркази бўлганини кўрган. (Ҳиз. 48:10) Шу сингари, Армагеддондан кейин ернинг қаерида истиқомат қилмайлик, Яҳова биз билан яшайди. (Ваҳ. 21:3) Масиҳ минг йил ҳукмронлик қилган пайтда бошқарувчилар, яъни ер юзида Худо халқининг манфаатини кўзлаб уларга ғамхўрлик қилиш учун тайинланганлар ўз таъсир доирасини бутун дунё бўйлаб кенгайтиради. Улар «янги ер», яъни янги инсоний жамиятни ташкил этувчи барчага севги ила йўл-йўриқ беради. (2 Бутр. 3:13)

18. а) Нега бошқарув Худонинг ҳукмдорлиги билан бутунлай уйғун бўлишига аминмиз? б) Шаҳарнинг номи бизни нимага ишонтиряпти?

18 Нега мазкур бошқарув Худонинг ҳукмдорлиги билан бутунлай уйғун бўлиб қолишига аминмиз? Чунки Аллоҳнинг Каломи шуни аниқ кўрсатяптики, ер юзидаги 12 та дарвозаси бор шаҳар самодаги 12 та дарвозаси бор шаҳарни, яъни Масиҳ билан ҳукмронлик қиладиган 144 000 кишидан иборат Янги Қуддусни акс эттиради. (Ваҳ. 21:2, 12, 21–27) Бу шуни англатадики, ер юзидаги бошқарув Худонинг Самовий Шоҳлигида чиқарилган барча қарорларни акс эттиради ва уларни тўла адо этади. Дарҳақиқат, шаҳар «Яҳова у ерда» деб номлангани жаннатда пок топиниш абадий бўлиши ва гуллаб-яшнашига ҳар биримизни ишонтиряпти. Бизни нақадар ажойиб келажак кутяпти!