Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

15А РАМКАСИ

Фоҳиша опа-сингил

Фоҳиша опа-сингил

Ҳизқиё китобининг 23- бобида Худонинг халқига садоқатсизлиги учун жиддий танбеҳ берилганини ўқиймиз. Унда ёзилган нарсалар кўп жиҳатдан 16- бобда ёзилганларга ўхшайди. Ҳар иккала бобда фоҳиша образи қўлланилган. Қуддус сингил, Самария эса унинг опаси сифатида тасвирланган. Иккала бобда ҳам қандай қилиб сингил фоҳишалик борасида опасига эргашгани, аммо кейинчалик ёвузлик ва ахлоқсизликда ундан ҳам ошиб тушгани ҳақида айтилган. 23- бобда Яҳова опа-сингилга қуйидаги исмларни берган: опасига, яъни ўн қабилали Исроил шоҳлигининг пойтахти Самарияга Охола; синглиси, яъни Яҳудонинг пойтахти Қуддусга Охолибо *. (Ҳиз. 23:1–4)

Мазкур бобларнинг бошқа ўхшаш томонлари ҳам бор. Улардан энг диққатга сазоворлари қуйидагилар: фоҳишалар аввалига Яҳованинг хотинларидай бўлишган ва кейин Унга хиёнат қилишган. Шунингдек, ушбу бобларда умид бахш этувчи ваъда ёзилган. 23- бобда қайта тикланиш ҳақидаги умид унчалик очиқчасига ёзилмаган бўлса-да, Яҳованинг қуйидаги сўзлари 16- бобда ёзилганларга ўхшаб кетади: «Бузуқлигинг ва фоҳишалигингга чек қўяман». (Ҳиз. 16:16, 20, 21, 37, 38, 41, 42; 23:4, 11, 22, 23, 27, 37)

Фоҳишалар христиан оламининг тимсолими?

Авваллари адабиётларимизда ушбу опа-сингил, яъни Охола билан Охолибо христиан оламининг католик ва протестант оқимларини билдирувчи башоратли тимсоллар, деб айтиларди. Бироқ ибодат ила қилинган мулоҳазалар ва тадқиқлар айрим мантиқий саволлар туғилишига сабаб бўлди. Христиан олами қайсидир маънода Яҳованинг хотини бўлганми? Қачонлардир Яҳова у билан аҳдлашганми? Албатта йўқ. Исонинг воситачилигида рамзий Исроил билан «янги аҳд» тузилганида христиан олами ҳатто мавжуд эмасди; христиан олами мойланган масиҳийлардан иборат рамзий халққа ҳеч қачон кирмаган. (Ерм. 31:31; Луқо 22:20) Христиан олами ҳаворийларнинг ўлимидан анча вақт ўтиб милодий тўртинчи асрда вужудга келган. Бошиданоқ у бузилган ташкилот бўлган. Христиан олами Исо буғдой ва бегона ўтлар ҳақида айтган башоратдаги «бегона ўтлар», яъни сохта масиҳийлардан ташкил топган. (Мат. 13:24–30)

«Опа-сингил» ва христиан олами ўртасидаги яна бир муҳим фарқ шундаки, Яҳова садоқатсиз Қуддус ва Самарияга қайта тикланишга умид берган. (Ҳиз. 16:41, 42, 53–55) Муқаддас Китобда христиан оламига ҳам шунга ўхшаш умид берилгани ҳақида айтилганми? Йўқ! У ҳам Буюк Бобилнинг бир қисми бўлгани учун бундай умидга эга эмас.

Демак, Охола билан Охолибо христиан оламининг башоратли тимсоли эмас. Аммо унинг мавжудлиги бошқа янада муҳимроқ масалани ойдинлаштиряпти, яъни Худонинг халқимиз деб туриб, Унинг муқаддас исмига иснод келтираётган ва пок топинишга оид меъёрларини бузаётганларга Яҳова қандай муносабатда эканини ошкор этяпти. Бу борада христиан оламининг айби катта, чунки унинг сон-саноқсиз черковлари Муқаддас Китобда ёзилган Худонинг вакилларимиз, деб даъво қилишади. Қолаверса, улар Яҳованинг севикли Ўғли Исо Масиҳни ўзларининг йўлбошчиси дейишади. Лекин Исони учликнинг бир қисми сифатида танитиб ҳамда унинг «дунёга тегишли» бўлмаслик ҳақидаги амрига бўйсунмай, улар ўз сўзларига зид ҳаракат қилишяпти. (Юҳан. 15:19) Доим бутпарастлик ва сиёсий можароларга аралашаётгани билан христиан олами «буюк фоҳишанинг» бир қисми эканини тасдиқлаб келяпти. (Ваҳ. 17:1) Шубҳасизки, уни ҳам сохта дин империясининг бошига тушадиган якун кутяпти.

^ абз. 3 Бу исмлар муҳим аҳамиятга эга. Охола исми «унинг [топиниш] чодири» деган маънога эга бўлиб, ҳойнаҳой, Қуддусда Яҳованинг маъбади бўлишига қарамай, исроилликлар ўз топиниш марказини ўрнатганига ишора қилади. Охолибо исми эса аксинча, «[топиниш] чодирим унинг ичида» деган маънога эга. Чунки Яҳовага топиниш учун мўлжалланган маскан Қуддусда жойлашган эди.