Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Исонинг мўъжизалари. Улардан қандай сабоқ олишингиз мумкин?

Исонинг мўъжизалари. Улардан қандай сабоқ олишингиз мумкин?

Исонинг мўъжизалари. Улардан қандай сабоқ олишингиз мумкин?

ИСОНИНГ ҳаёти ҳақидаги баёнотнинг асл нусхасида «мўъжиза» сўзи бир марта ҳам ишлатилмаганини билиб ҳайрон қолсангиз керак. Баъзида «мўъжиза» деб таржима қилинадиган юнонча сўз ди́намис том маънодаги «куч»ни билдиради. (Луқо 8:46) Шунингдек, бу сўз «қудратли ишлар» ва «қобилият» деб таржима қилинади. (Матто 11:20; 25:15) Бир олимнинг фикрича, бу юнонча сўз «бажарилган қудратли ишларни, айниқса, уларни амалга оширишга ёрдам берган кучни англатади. Хуллас, бу сўз Худонинг фаол кучини билдиради».

Юнонча сўз те́рас эса, одатда, «аломатлар» ёки «ғаройиботлар» деб таржима қилинади. (Юҳанно 4:48; Ҳаворийлар 2:19) Бу сўз орқали шоҳидларда катта таассурот қолдиришга урғу бериляпти. Муқаддас Китобда халойиқ ва Исонинг шогирдлари унинг қудратли ишларини кўриб қойил қолишгани тўғрисида ўқишимиз мумкин. (Марк 2:12; 4:41; 6:51; Луқо 9:43)

Исонинг мўъжизаларига оид учинчи юнонча сўз сими́он «аломатлар» деган маънони билдиради. «Бу юнонча сўз “мўъжиза” сўзининг асл маъносини яхшироқ акс эттиради»,— демоқда Роберт Деффинбауг. У шундай деб қўшиб қўйди: «Аломатлар бу мўъжиза бўлиб, Исо Масиҳ ҳақидаги баъзи бир ҳақиқатларни очиб беради».

Кўзбойлоқчиликми ёки Худонинг қудратими?

Муқаддас Китобда Исонинг мўъжизалари инсонларнинг кўнглини олишга қаратилган найрангбозлик ёки кўзбойлоқчилик сифатида тасвирланмаган. Бу мўъжизалар «Аллоҳ қудрати»нинг амалдаги кўриниши эди. Мисол учун, Исо жинга чалинган болани соғайтирганида буни намоён қилган. (Луқо 9:37–43) Наҳотки, бундай қудратли ишлар Қодир Тангри учун имконсиз бўлса?! Ахир Унинг «буюк кучи» бор деб айтилган-ку! (Ишаё 40:26)

Инжил баёнотларида Исонинг тахминан 35 та мўъжизаси ҳақида айтиб ўтилган. Лекин мўъжизаларининг сони аслида қанча бўлганини билмаймиз. Масалан, Матто 14:14 да шундай дейилган: «Қайиқдан чиққач, Исо тумонат халойиқни кўриб, уларга ачинди ва ораларидаги касалларни соғайтирди». Лекин ўша куни Исо қанча одамни соғайтиргани ҳақида ўқимаймиз.

Бундай қудратли ишлари орқали Исо Худонинг Ўғли ҳамда ваъда қилинган Масиҳ эканини исботлади. Муқаддас Ёзувлар Исо айнан Худонинг қудрати билан мўъжизалар яратганини яққол тасдиқлайди. Ҳаворий Бутрус Исо ҳақида шундай деганди: «Аллоҳ носиралик Исо орқали орангизда қудратли ишлар, ғаройиботу аломатлар кўрсатиб, уни сизларга танитди». (Ҳаворийлар 2:22) Бошқа бир вазиятда Бутрус шундай ёзганди: «Аллоҳ носиралик Исони муқаддас руҳи ҳамда қудрати билан Масиҳ қилиб тайинлади ва у Иблис азоб берган одамларни даволаб, бутун юрт бўйлаб барчага яхшилик қилиб юрарди, чунки Худо у билан эди». (Ҳаворийлар 10:37, 38)

Исонинг мўъжизалари унинг хабари билан чамбарчас боғлиқ эди. Марк 1:21–27 да халойиқ Исонинг таълимоти ва мўъжизасига қандай муносабат билдиргани кўрсатилган. Марк 1:22 да халойиқ Исонинг «таълим бериш тарзига қойил қолгани» ҳамда Марк 1:27 да у жинни қувиб чиқарганида «ҳаммани ваҳима босгани» тўғрисида ўқиймиз. Исонинг қудратли ишларию ваъз қилган хабари у ваъда қилинган Масиҳ эканини исботлаган.

Исо ўзини шунчаки Масиҳ деб атамаган, балки буни сўзларию ишлари билан кўрсатган. Қолаверса, Исо Худонинг қудрати билан яратган мўъжизалар у ваъда қилинган Масиҳ эканини тасдиқлаган. Исонинг вазифаси ҳамда ваколати тўғрисида савол кўтарилганида, у жасорат ила шундай деган: «Мен Яҳёнинг шоҳидлигидан ҳам буюкроқ шоҳидликка эгаман. Чунки Отам менга бажаришни буюрган ва мен бажараётган айнан шу ишлар, мени Отам юборганидан шаҳодат бериб турибди». (Юҳанно 5:36)

Мўъжизаларни тасдиқловчи далиллар

Исонинг мўъжизалари чиндан ҳам содир бўлганини қаердан биламиз? Келинг, баъзи далилларни кўриб чиқайлик.

Исо қудратли ишларни қилганида, диққатни ҳеч қачон ўзига қаратмаган. У ҳар сафар мўъжиза яратганида, бор шарафни Яҳовага берган. Масалан, Исо туғма кўр киши «Худонинг қудрати... намоён бўлиши учун» шифо топишини айтган. (Юҳанно 9:1–3; 11:1–4)

Кўзбойлоқчи, сеҳргар ва дуолар орқали шифо берувчилардан фарқли ўлароқ, Исо ҳеч қачон гипноз, фирибгарлик, томошалар, куф-суф, ҳиссий маросимлар, ирим-сирим ёки муқаддас нарсалардан фойдаланмаган. Исо бошқаларга билинтирмай, икки нафар кўр одамни даволаганини эсласак бўлади. Баёнотда шундай ёзилган: «Исонинг раҳми келиб, уларнинг кўзларига қўлини теккизган эди, шу ондаёқ иккови ҳам кўра бошлаб, унинг орқасидан эргашди». (Матто 20:29–34) Кўриб турганимиздек, ҳеч қандай томоша ёки маросим бўлмаган. Исо мўъжизаларини аксар ҳолларда очиқчасига, кўпчиликнинг кўз ўнгида яратган. У ёруғлик, саҳна ёки махсус буюмлардан фойдаланмаган. Бугунги кунда яратилаётган мўъжизаларга келсак, уларнинг кўпи ҳужжатларда тасдиқланмаган. (Марк 5:24–29; Луқо 7:11–15)

Исонинг олдига келган инсонлар мўъжизавий тарзда шифо топган ва Исо улар имони туфайли даво топганини таъкидлаган. Бошқа томондан, инсоннинг имони суст бўлса ҳам, бу Исони мўъжиза яратишдан тўхтатмаган. У Жалиланинг Кафарнаҳум шаҳрида бўлганида унинг «олдига жинга чалинган кўп кишиларни олиб келишди. У жинларни бир сўз билан қувиб чиқариб, ҳамма касалларни даволади». (Матто 8:16)

Исо одамларнинг қизиқувчанлигини қондириш мақсадида эмас, балки чиндан ҳам эҳтиёж борлигини кўргани учун мўъжизалар яратган. (Марк 10:46–52; Луқо 23:8) Исо ҳеч қачон ўз манфаатини кўзлаб мўъжизалар қилмаган. (Матто 4:2–4; 10:8)

Инжил баёнотлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Исонинг мўъжизаларига оид далилларни тўртта Инжил баёнотидан ўқишимиз мумкин. Бу баёнотлар Исонинг мўъжизалари чиндан ҳам содир бўлганини исботлайдими? Ҳа, исботлайди.

Юқорида кўриб чиққанимиздек, Исо мўъжизаларини омма олдида, кўп шоҳидларнинг кўзи ўнгида яратган. Инжилнинг илк баёнотлари ёзилганида бу шоҳидларнинг аксарияти тирик бўлган. Инжил ёзувчиларининг ростгўйлиги борасида бир китобда шундай дейилган: «Инжил ёзувчилари диний тарғибот мақсадида мўъжиза ҳақидаги ўз ўйдирмалари билан тарихий ҳақиқатни кўмиб ташлашган деб айтиш адолатдан бўлмасди... Улар ҳақиқатни рўйирост ёзишга ҳаракат қилишган». («The Miracles and the Resurrection»)

Масиҳийларнинг душманлари, яъни яҳудийлар Инжилдаги қудратли ишларни шубҳа остига қўймаган. Улар фақат бу мўъжизалар қайси куч билан қилинганини шубҳа остига қўйишган. (Марк 3:22–26) Кейинчалик яшаган танқидчилар ҳам Исонинг мўъжизаларини инкор эта олмаган. Исонинг мўъжизалари ҳақидаги маълумотни милодий I ва II асрга оид манбалардан топса бўлади. Кўриб турганимиздек, Исонинг Инжилда қаламга олинган мўъжизалари чиндан ҳам содир бўлган деб айтиш учун сабабларимиз кўп.

Мўъжизалар яратган инсон

Исонинг мўъжизалари ҳақида сўз юритаётиб, улар чиндан ҳам содир бўлганини исботловчи мантиқий далиллар билан кифояланиш нотўғри бўларди. Инжил ёзувчилари Исонинг қудратли ишлари ҳақида ҳикоя қилишганида, уни ҳамдард ва инсонларнинг манфаати учун қайғурадиган шахс сифатида тасвирлашган.

Келинг, мохов киши Исонинг олдига келиб ёлворгани тўғрисидаги воқеани ўқийлик. Мохов киши: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас,— дея ёлворди. Исонинг раҳми келиб, унга қўлини теккизди-да: “Албатта истайман! Пок бўлинг”,— деди». Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди. (Марк 1:40–42) Шундай қилиб, Исо бу кишига ҳамдардлик кўрсатди. Мана шу хислат Исони Худонинг қудрати билан мўъжизалар қилишга ундаган.

Исо Наин шаҳрида дафн маросими ўтказилаётганини кўрганида нималар қилганига эътибор беринг. Ҳаётдан кўз юмган йигит бева аёлнинг яккаю ягона ўғли эди. «Аёлга раҳми келиб», Исо: «Йиғламанг»,— деб айтди. Сўнг ўша йигитни тирилтирди. (Луқо 7:11–15)

Исо одамларга раҳми келгани ва уларга ёрдам беришни истагани учун мўъжизалар яратганини билиш кишига тасалли бахш этади. Лекин бу мўъжизалар шунчаки тарих эмас. Ибронийларга 13:8 да: «Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадий ўша-ўшадир»,— деб айтилган. Ҳозир Исо самовий Шоҳ ва у яқин келажакда Худо унга ато этган мўъжизалар яратиш қудратини янада улкан миқёсда намоён этишга тайёр турибди. Тез орада у мазкур қудрати билан итоаткор инсониятга шифо беради. Яҳованинг Шоҳидлари бу порлоқ келажак ҳақида сизга бажонидил айтиб беришади.

[4, 5- саҳифалардаги расмлар]

Исонинг мўъжизалари «Аллоҳ қудрати»нинг амалдаги кўриниши эди

[7- саҳифадаги расм]

Исо меҳр-шафқатга бой инсон эди