Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Павлуснинг жияни тоғасининг ҳаётини сақлаб қолди

Павлуснинг жияни тоғасининг ҳаётини сақлаб қолди

Фарзандларингизга таълим беринг

Павлуснинг жияни тоғасининг ҳаётини сақлаб қолди

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ Павлус исмли шогирди бўлганини биласизми? * ~ Павлуснинг қариндошларидан кимдир унга имондош бўлгани ҳақида эса эшитганмисиз? ~ Ҳа, унинг синглиси ва синглисининг ўғли, яъни Павлуснинг жияни Аллоҳ Яҳовага сиғинишган. Биз уларнинг исмини билмаймиз. Аммо жияни катта бир иш қилган. Бу қандай иш эканини билишни хоҳлайсизми? ~

Майли эшитинг. Милодий 56- йили Павлус учинчи тарғибот саёҳатидан қайтиб, Қуддус шаҳрига келади. У ерда Павлуснинг душманлари унга қарши чиқади. Бу туфайли Павлусни ҳатто қамоққа олишади. Лекин бу ҳали ҳолва, Павлуснинг 40 тадан ортиқ душмани уни ўлдириш режасини қуришади!

Хайриятки, бу ҳақда Павлуснинг жияни билиб қолди. Шунда у нима қилганини биласизми? ~ У югуриб бориб ҳаммасини тоғасига айтиб беради. Павлус дарҳол аскарларнинг бир бошлиғини чақириб: «Бу йигитни мингбошининг ҳузурига олиб боргин, унга айтадиган бир гапи бор»,— деди. У киши жиянини Клавдий Лисий деган бир бошлиқ олдига обориб, унинг бир хабари борлигини айтади. Клавдий йигит билан юзма-юз қолиб, бор гапни билиб олади.

Клавдий Павлуснинг жиянини огоҳлантириб: «Менга бу гапларни билдирганингни ҳеч кимга айтма!» — деб йигитни қўйиб юборади. Кейин эса аскарларнинг иккита бошлиғини чақиртириб уларга: «Кесария шаҳрига бориш учун икки юз пиёда аскар, етмиш отлиқ ва икки юз ўқчи аскар ҳозирланглар»,— деб буюради. Аскарлар йиғилган пайтда Клавдий Кесариянинг ҳокими Феликсга хат ёзиб, Павлуснинг жонига қасд қилишмоқчи бўлгани билдиради. Шундай қилиб, жами 470 та аскар кечаси соат 21:00 да Павлусни Кесария деган шаҳарга кузатиб боришади.

Энди Павлуснинг душманлари Кесария шаҳрига бориб, судда Павлусни айблашларига тўғри келади. Бироқ Павлус ҳеч бир ёмон иш қилмагани учун, улар уни айблашга бирон-бир исбот келтира олишмади. Шундай бўлса ҳам Павлус икки йилча қамоқхонада қолиб кетди. Охири Павлус Рим подшоҳи судида ҳукм қилинишини талаб қилади (Ҳаворийлар 23:16–24:27; 25:8–12).

Мана шундай гаплар. Лекин Павлуснинг жияни мисолидан бирор нарсага ўргандингизми? ~ Агар биз қўрқмай тўғри нарса ҳақда гапирсак ҳатто кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишимиз мумкин. Масалан Ҳазрати Исонинг душманлари уни ўлдириш учун изғиб юрганларини била туриб, у Аллоҳ Шоҳлиги ҳақида айтиб юришни тўхтатмади. Исо алайҳиссалом бизга ҳам Аллоҳ Яҳова тўғрисида айтишни буюрган. Сиз шундай қиляпсизми? ~ Павлуснинг жияни каби мард бўлсак, албатта бундай қиламиз (Юҳанно 7:1; 15:13; Матто 24:14; 28:18–20).

Павлус ўзининг ёш дўсти бўлган Тимўтийга шундай маслаҳат берганди: «Ўзингга ва таълимотингга эҳтиёт бўл, фаолиятингни астойдил давом эттир. Бу билан ўзингни ҳам, тингловчиларингни ҳам қутқарасан» (1 Тимўтийга 4:16). Шубҳасизки Павлуснинг жияни ҳам бунга ўхшаш насиҳатни қалбида сақлаган. Сиз ҳам шундай қила оласизми?

[Изоҳ]

^ Агар сиз фарзандингиз билан ўқиётганингизда тильда белгисини (~) учратсангиз, бироз тўхтаб болани ўз фикрини айтишга унданг.

Саволлар:

❍ Павлуснинг қариндошларидан кимдир унга имондош бўлганми ва улар ҳақида нимани биламиз?

❍ Павлуснинг жияни қандай катта бир иш қилган?

❍ Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Исо алайҳиссаломнинг қайси буйруғига итоат қилишимиз керак?