Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3 Қандай?

3 Қандай?

Ибодат

3 Қандай?

ИБОДАТ ҳақида гап кетганда кўпчилик дарҳол қандай ҳолатда ва қандай хатти-ҳаракат қилиниши, қайси тилда ва қандай сўзлар билан айтилиши лозимлиги тўғрисида ўйлашади *. Аммо Муқаддас Китобга биноан, ундан-да муҳимроқ нарсаларга диққатимизни қаратишимиз керак.

Муқаддас Китобда кўп художўй кишиларнинг турли жойда ва турли ҳолатда дуо қилганлари ҳақида айтилади. Улар, вазият талаб қилгани бўйича, осмонга қўлларини чўзиб ёхуд тиз чўкиб, овоз чиқариб ёки ҳатто ичида ибодат қилишган экан. Аллоҳга мурожаат қилишганида эса, қандайдир тасвир, тасбеҳ ва дуо китобларидан фойдаланишнинг ўрнига, ўз сўзлари билан дуо қилишарди ва ибодатлари ижобат бўларди. Нега эканини биласизми?

Олдинги мақолада айтилганидай ушбу художўй одамлар ибодатларини Танҳо Аллоҳ бўлмиш Яҳовага йўллашарди. Лекин яна бир муҳим омил Инжилнинг қуйидаги оятида келтирилган: «Биз Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳанно 5:14). Дарҳақиқат, ибодатларимиз Худонинг иродасига мувофиқ бўлиши даркор. Хўш бу нимани англатади?

Авваламбор, Худонинг иродаси нимадан иборат эканини билиб олиш керак. Бунда Муқаддас Китобни ўрганиш жуда асқатади. Шундай экан, ибодатларимизни эшитиши учун, илоҳиётшунос бўлишимиз шартми? Йўқ албатта. Аммо Аллоҳ, Унинг иродасини билишга интилишимизни, уни тўлиқ тушунишимизни ва ниҳоят бунга яраша ҳаракат қилишимизни кутади (Матто 7:21–23). Чиндан ҳам ибодатларимиз Худонинг иродасига ҳамоҳанг бўлиши ниҳоятда зарур.

Аллоҳ Яҳова тўғрисида кўпроқ билим олганимиз сайин имонда улғаямиз. Бу эса, қандай ибодат қилишнинг иккинчи қадамидир. Ахир Исо алайҳиссалом: «Сизлар ибодат қилиб, ишонч билан нимаики сўрасангиз, эришасизлар»,— дея бежиз айтмаганлар-ку (Матто 21:22). Бундай имон лақмалик эмас, балки ҳатто кўринмас нарсалар борлигига муайян тасдиқлар орқали ишониш демакдир (Ибронийларга 11:1). Масалан, Яҳова кўзимизга кўринмаса-да, аммо Муқаддас Китоб У мавжуд, ишончга сазовор ва ибодатларни тинглаб, жавоб берадиган Шахс эканига имонни ўстиришга ёрдам беради. Қолаверса, имонимизга имон қўшишини тўппа-тўғри Аллоҳнинг ўзидан сўрасак бўлади. У эса эҳтиёжимизни қондиради (Луқо 17:5; Ёқуб 1:17).

Ва ниҳоят, қандай ибодат қилишнинг кейинги усулини Исонинг мана бу сўзларидан билиб олиш мумкин: «Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳанно 14:6). Бундан кўриняптики Аллоҳ Яҳовага яқинлашишда Исонинг ўрни катта аҳамиятга эга. Боз устига Исо шогирдларига қуйидагини ўргатган: «Менинг номимдан Отадан нимаики сўрасангизлар, У сизларга беради» (Юҳанно 14:13; 15:16). Тўғри, келтирилган сўзлар, энди Исога ибодат қилишимиз кераклигини англатмайди. Аксинча, Исонинг номидан деганда, Яҳовага яқинлашишда Исонинг муҳим ўрнини тан олаётганимизни билдиради *.

Биласизми, Исонинг шогирдлари бир марта ёнига келиб: «Бизни ҳам ибодат қилишга ўргат»,— деб сўрашган эди (Луқо 11:1). Улар, биз ҳозир билиб олган нарсаларни ўргатишини эмас, балки ибодатларнинг мазмуни, яъни нима ҳақда ибодат қилиш кераклиги билан қизиқишган. Келинг, буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

[Изоҳлар]

^ Ўрта Осиёнинг баъзи давлатларида одамлар дуо ўқиб бўлганидан сўнг икки қўлини юзига тортадилар. Аммо бундай ҳаракатни бирон-бир пайғамбар қилганини на Тавротда, на Забурда ва на Инжилда топа оламиз.

^ Исонинг номидан ибодат қилаётганимизда, Худонинг ниятида Исонинг камида учта муҳим ролини тушунаётганимизни кўрсатамиз. 1) Исо «Худонинг қурбонлик Қўзиси» бўлиб, гуноҳларимиз ювилиши учун ўзини фидо қилган. 2) Аллоҳ уни тирилтириб, «Олий руҳоний» қилиб тайинлади ва Исо ўзи келтирган қурбонликнинг фойдасини олишимизга кўмаклашади. 3) Аллоҳ ибодатларимизни тинглаши учун ягона «йўл» — Исодир (Юҳанно 1:29; 14:6; Ибронийларга 4:14, 15).

[6- саҳифадаги матн парчаси]

Ибодатлар ижобат бўлиши учун Худонинг иродасига мувофиқ, имон билан ва Исонинг номи ила айтилиши муҳим