Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Адан боғи инсоният ибтидоси бўлганми?

Адан боғи инсоният ибтидоси бўлганми?

Адан боғи инсоният ибтидоси бўлганми?

ГЎЗАЛ боғда сайр қилаётганингизни бир тасаввур қилинг. Шаҳардаги ғала-ғовур ва шовқин-сурон каби овозлар йўқ. Боғ жуда кенг, атрофдаги тинчликни эса ҳеч ким бузишга журъат қилмаяпти. Сизни ҳеч нарса, жумладан касаллик ёки оғриқ ташвишлантирмаяпти. Ўзингизни эркин қушдек енгил ва бахтиёр ҳис қиляпсиз.

Атрофга бир назар солинг: ҳаммаёқ гуллаб яшнаяпти. Узоқда сойнинг шилдираб оқиши эшитиляпти. Оёғингиз тагида ям-яшил «гилам» тўшалган. Майин шабада юзингизни силаб, димоғингизга муаттар ҳидларни таратмоқда. Баргларнинг шитирлаши, тоғдан шовуллаб оқаётган шаршара овози, қушларнинг сайраши ва ниҳоят ҳашаротларнинг чириллаши қулоққа чалиниб турибди. Тасаввур қилган мана шундай муҳитда яшашни хоҳлармидингиз?

Дунёдаги аксарият одамлар, инсоният тарихи айнан шунга ўхшаш боғда бошланганига ишонишади. Асрлар давомида, яҳудий, христиан ҳамда ислом динига мансуб кишиларга, Одамато билан Момоҳаво гўзал Адан боғида яшагани ҳақида таълим беришган. Муқаддас Китобга биноан, илк жуфтлик ўша пайтда тинч-тотув ва бахтиёр ҳаёт кечиришган. Улар ўзаро ҳамда ҳайвонлар билан якдилликда ҳаёт кечиришлари мумкин эди. Бундан ташқари, Парвардигори Олам меҳр-иноят ила уларга абадий яшаш умидини берган эди (Ибт. 2:15–24).

Ҳиндавийлар ҳам, қадимги жаннат ҳақида ўзгача бир тасаввурга эгалар. Буддавийлар эса уларнинг улуғ устозлари ёки Будда яна қайтиб келганида, дунё жаннатмакон ерга айланишига, яъни «олтин асрлар» даври бошланишига ишонишади. Африка қитъасидаги аксарият динларда, Одамато ва Момоҳаво ҳақидаги ҳикояга ўхшаш ривоятлар бор.

Дарҳақиқат, турли дин ва маданиятларда, илк жаннат ҳақидаги ғоя жуда кенг тарқалган. Бир ёзувчи бу борада шундай фикр билдирди: «Бутун тарих давомида, одамлар илк жаннатни мукаммаллик, эркинлик, тинчлик, бахт-саодат, фаровонлик ҳамда сиқув ва муаммолардан ҳоли жойдек тасаввур қилишади... Бундай фикрлар, йўқотилган бироқ эсдан чиқмаган жаннатга қайтадан эга бўлиш истаги инсонлар онгига сингиб кетганини кўрсатяпти».

Ушбу ҳикоя ва нуқтаи назарларнинг барчаси битта манбадан келиб чиққанини кўрсатмаяптими? Одамлардаги бундай умумий фикр, чинакам содир бўлган воқеага асосланганини исботламаяптими? Хўш, қадим замонларда ҳақиқатан ҳам Адан боғи ва Одамато билан Момоҳаво бўлганми?

Танқидчилар бу ғояни умуман тан олишмайди. Илм-фан тараққий этган даврда, кўпчилик жаннат ҳақидаги ҳикояни афсона ва эртак деб билишади. Боз устига нафақат танқидчилар, ҳатто кўпгина диний раҳбарлар ҳам, Адан боғи тўғрисидаги воқеага ишонмасликка ундамоқдалар. Уларнинг айтишича, бундай жой ҳеч қачон мавжуд бўлмаган экан. Шунингдек, улар бу ҳикоя шунчаки мажозий бир ибора, афсона, эртак ёки масал деб ўргатишади.

Албатта, Муқаддас Китобда талайгина масаллар бор. Мисол учун, Ҳазратимиз Исо ҳаммабоп масалларни қўллаган. Бироқ Худонинг Каломида Адан боғи ҳақидаги ҳикоя масал эмас, балки чиндан ҳам бўлиб ўтган воқеа сифатида баён этилган. Ахир бу воқеа ҳеч қачон юз бермаган бўлса, қандай қилиб Муқаддас Китобнинг бошқа қисмларига ишонса бўлади? Келинг, нега баъзилар Адан боғи мавжуд бўлганидан шубҳаланаётганини ҳамда улар келтираётган сабаблар қанчалик асосли эканини кўриб чиқайлик. Қолаверса, бу ҳар биримизга қандай тааллуқли эканини билиб оламиз.