Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Адан боғи чиндан ҳам мавжуд бўлганми?

Адан боғи чиндан ҳам мавжуд бўлганми?

Адан боғи чиндан ҳам мавжуд бўлганми?

АДАН БОҒИ ва Одамато билан Момоҳаво ҳақидаги воқеа сизга танишми? Бу ҳикоя оммабоп бўлиб кетган. Эҳтимол, уни ўзингиз бир ўқиб чиқарсиз? Мазкур воқеа Тавротнинг Ибтидо китоби 1- боб, 26- оятдан, то 3- боб, 24- оятига қадар ёзилган. Ҳозир эса унинг қисқача мазмунини кўриб чиқайлик:

Яҳова Таоло * тупроқдан одамни яратиб, унга Одамато деб исм беради ва уни Адан боғига жойлаштиради. Худонинг Ўзи ушбу боғни барпо қилган. Боғда сув сероб бўлиб, чиройли ва мевали дарахтлар жуда кўп эди. Боғнинг ўртасида эса «яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти» бўлган. Худованд Одаматога бу дарахтнинг мевасидан ейишни ман қилади. Мабодо мевадан егудек бўлса, уни ўлим кутарди. Ўша вақтда Тангри Яҳова Одаматога ёрдамчини, яъни унинг қовурғасидан Момоҳавони ҳам яратган эди. Худованд уларга боғни парвариш қилиш ҳамда кўпайиб, ер юзини тўлғазиш вазифасини беради.

Момоҳаво ёлғиз қолганида, илон унга гапириб, тақиқланган мевадан ейишга ундайди. Илон, бу мевадан еганлар Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўлади, деб ёлғон гапирди. Шунда Момоҳаво тақиқланган мевани ўзи еди. Кейинчалик эса Одамато ҳам бу мевадан еб, Худога қарши чиқди. Бунга жавобан, Яҳова Таоло Ўз ҳукмларини Одамато, Момоҳаво ва илонга эълон қилди. Сўнг, Худо биринчи одамларни, Адан боғидан ҳайдаб чиқарди ва унга кириш йўлини фаришталарга қўриқлашни буюрди.

Муқаддас Китобнинг Адан боғи ҳақидаги ҳикоя ҳақиқат ҳамда тарихий воқеа эканини олимлар, зиёли одамлар ҳамда тарихчилар қачонлардир тан олишган. Бугунга келиб эса, танқидчилар бу мавзуга шубҳа билан қарашга одатланиб қолишган. Бироқ, Одамато билан Момоҳаво ва Адан боғи борасида шубҳаланишга асос борми? Келинг, бунга тегишли тўртта фикрни кўриб чиқайлик.

1. Адан боғи чиндан ҳам бўлганми?

Ўзи нима учун бу мавзуга шубҳа билан қарашади? Бунда, файласуфларнинг ҳам аҳамияти катта. Асрлар мобайнида, илоҳиётшунослар Адан боғи қаердадир бўлган, деган фикрни билдиришган. Лекин юнон файласуфлари Платон ва Аристотелнинг фикрича, ер юзидаги ҳеч бир нарса мукаммал бўлиши мумкин эмас. Фақатгина осмон мукаммал бўлиши мумкин экан. Шунинг учун ҳам илоҳиётшунослар жаннатни самога яқин бир жойда бўлиши керак, деб билишни бошладилар *. Баъзилар, бу боғ одам оёқ босмаган баланд бир тоғ чўққисида, айримлари Шимолий ёки Жанубий қутбда; яна бошқалари эса ойда ёки унга яқин жойларда деб таъкидлашарди. Шундай экан, Адан боғи ҳақидаги ҳикоя сирли бўлиб кўриниши ажабланарли эмас. Ҳозирги кунга келсак, олимлар Адан боғи жуғрофий ҳудудга эга эмас ва шу сабабли, у ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, деб айтишмоқда.

Лекин Муқаддас Китобда Адан боғи умуман бошқача тасвирланган. Ибтидо китобининг 2- боб, 8–14- оятларида бу боғнинг тафсилотлари ҳақида ўқишимиз мумкин. Боғ шарқий ҳудудда жойлашган бўлиб, Адан деб номланган эди. Бу ерларда, кейинчалик тўртта ирмоққа бўлинган дарё сувлари оқарди. Ҳар бир ирмоқнинг номи ва қайси ерлардан оқиб ўтиши ҳақида қисқача айтиб ўтилган. Бундай тафсилотлар олимларга бош оғриқ келтирарди. Сабаби бу оятлар Адан боғи чиндан ҳам мавжуд бўлган жой эканини исботлаб турибди-ю, аммо олимлар бу ҳудуд қаерда жойлашганини аниқлай олишмаяпти. Хўш, ушбу сўзлардан, Адан боғи ва унинг дарёлари шунчаки афсона ёки уйдирма деган хулосага келиш тўғри бўлармиди?

Адан боғи ҳақидаги воқеа тахминан 6 000 йил муқаддам юз берган эди. Мусо пайғамбар эса бу воқеа ҳақида Тавротда ёзиб қолдирган. Бу ҳикоя унгача оғзаки ёки ҳатто ёзма равишда етиб бориши, эҳтимолдан йироқ эмас. Демак, бу воқеа содир бўлганидан тахминан 2 500 йил ўтгач, Мусо уни қаламга олган. Чиндан ҳам Адан боғи — узоқ ўтмиш тарихидир. Шунча асрлар ўтгач, дарёлари мавжуд бу ҳудуд ўзгариб кетиши наҳотки мумкин эмас? Ахир, ер қатламининг ҳаракатланиши дастидан ер сатҳида ҳам доим кўчишлар содир бўлади-ку! Адан боғининг ҳудуди, шу жумладан ер юзининг тахминан 17 фоизи ҳам шундай силжишлар натижасида ўз кўринишини ўзгартирган. Бундай жараёнлар содир бўлиши табиатда оддий ҳолдир. Боз устига, Нуҳ пайғамбар давридаги Тўфондан кейин, ўша ҳудудларнинг жуғрофий ўзгариши туфайли, бугунги кунда бу ерлар қаерда жойлашганини билмаймиз *.

Лекин Ибтидо китобида аниқ ҳудудга эга бўлган Адан боғи ҳақида ёзилганига аминмиз. Ушбу ҳикоядаги тўртта дарёлардан иккитаси, яъни Фурот ва Дажла бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, ҳатто уларнинг баъзи ирмоқлари бир-бирига туташиб кетади. Бу ҳикояда дарёлар қайси ерлардан оқиб ўтиши ва ўша жойларнинг номи айтиб ўтилган. Демак бу ҳудудлар ўзининг табиий ресурсларига эга эканини аниқ кўрсатяпти. Қадимги Исроил халқи учун бундай тафсилот фойдали маълумот берган.

Ахир афсона ва эртаклар бундай тарзда ҳикоя қилинишини ҳеч эшитганмисиз? Афсона ва эртакларда тафсилотларни атайин тушириб қолдиришмайдими? Масалан эртакларни: «Бор экану йўқ экан. Узоқ-узоқ ерларда...»,— деб бошлашади. Фақат тарихий воқеаларда тафсилотларнинг муҳим ўрни бор. Демак, Адан боғи тарихий аҳамиятга эга.

2. Парвардигори Олам, Момоҳавони Одаматонинг қовурғасидан барпо қилганига ишониш мумкинми?

Замонавий илм-фан томонидан тасдиқланишича, инсон танасининг таркибида ердаги элементлар, яъни водород, кислород ва углерод бор экан. Бироқ қандай қилиб бу элементлар тирик жонда бирлашиши мумкин?

Кўп олимлар, ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган, яъни оддий зарра миллион йиллар ўтгач мураккаблашиб бораверган. Лекин «оддий» ибораси, барча тирик организмлар пайдо бўлишининг сабабини тушунтириб беришнинг ўрнига адаштиради холос. Ҳатто микроскопик бир ҳужайрали организмлар жуда мураккаб тузилган. Шу боис, ҳар қандай ҳаёт шакллари ўз-ўзидан пайдо бўлгани ёки пайдо бўлиши мумкин деган назариянинг ҳеч қандай асоси йўқ. Аксинча барча тирик мавжудотлар, юқори донолик манбаи томонидан яратилганини яққол кўрсатмоқда (Римликларга 1:20).

Фараз қилинг, сиз мумтоз мусиқани мароқ билан тинглаяпсиз ёки беназир чизилган расмни томоша қиляпсиз. Сизга буларнинг бари ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб айтишганида ишонармидингиз? Йўқ, албатта! Ҳатто бундай санъат асарлари мураккаб, ажойиб ҳамда маҳорат билан яратилган инсон танасининг тузилишига тенг кела олмайди! Унда одамнинг Яратувчиси борлигини инкор этиш оқилонами? Боз устига, Ибтидо китобида айтилганидек, ер юзидаги барча мавжудотлар орасидан фақатгина инсон Худонинг суратига кўра яратилган (Ибтидо 1:26). Шу сабабли одамларнинг гўзал куй басталаши, расм чизиши ва ҳоказо нарсаларни яратиши, Худонинг яратиш қобилиятига тақлид қилаётганидан далолатдир. Парвардигори Олам яратишда инсонлардан анча устун туриши ҳеч ажабланарли эмас.

Биринчи аёл, эркак кишининг қовурғасидан барпо қилинганини эса қандай тушунса бўлади *? Худованд аёлни бошқача тарзда ҳам яратиши мумкин эди, лекин Унинг бундай ҳаракати жуда чуқур маънога эга. У эркак ва аёл «бир тан» бўлиб, оила қуришларини хоҳлаган (Ибтидо 2:24). Ахир, эркак ва аёл бир-бирини тўлдириб, мустаҳкам севги ришталари билан боғлангани меҳрибон ва доно Яратувчи борлигидан далолат бермаяптими?

Устига-устак, замонавий генетика, барча одамлар битта эркак ва аёлдан тарқалганини исботлади. Хўш, Ибтидодаги ҳикоядан ҳалиям шубҳаланяпсизми?

3. Яхши ва ёмонни билиш ҳамда ҳаёт ато этувчи дарахтлар афсонами?

Адан боғида чиндан ҳам бу дарахтлар бўлган, бироқ улар қандайдир мўъжизакор кучга эга эмасди. Яҳова бу дарахтларга ишора қилиб гапирганда, Унинг сўзлари рамзий маънога эга эди.

Бугунги кунда ҳам, одамлар мажозий тушунчалардан фойдаланишади. Масалан, суд залида кимдир судга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатадиган бўлса, судья огоҳлантириши мумкин. Ўшанда, судья суд биносига нисбатан эмас, балки адолат тузумига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилганини назарда тутади-ку! Қадимда шоҳларнинг ҳам қўлида салтанат ҳассаси бўлар эди. Ўша ҳасса рамзий маънога эга бўлиб, шоҳ ҳокимиятга эга эканини англатарди.

Хўш, унда ушбу иккита дарахт ниманинг рамзи бўлган? Кўпчилик ўзининг турли нуқтаи назарини билдиришга уста. Аслида эса, бунинг жавоби содда бўлгани билан, ўзига яраша чуқур маънога эга. Яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти, Аллоҳ Яҳова мутлақ ҳокимликка эга эканининг рамзи эди. Яъни, нима яхши ва нима ёмон эканини фақатгина У белгилашга ҳақлидир (Еремиё 10:23). Шунинг учун ҳам, бу дарахтдан мева ўғирлаш жиноят ҳисобланган. Ҳаёт дарахти ҳақида нима деса бўлади? У, фақатгина Яҳова Таоло абадий ҳаёт беришга қодир эканининг англатар эди (Римликларга 6:23).

4. Илон гапириши мумкинмиди?

Ибтидодаги ҳикоянинг мана шу парчасини яхшироқ тушуниш учун Муқаддас Китобнинг бошқа қисмларини эътиборга олишимиз керак. Сабаби, у ерда сирли воқеалар аста-секин ойдинлаштириб берилади.

Илон орқали ким гапирган? Қадимги Исроил халқи бу ҳикояда илон қандай аҳамиятга эга бўлганини яхши билган. Гарчи ҳайвонлар гапирмаса-да, руҳий шахс жониворлардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида уларнинг хабари бор эди. Масалан, Худованд фариштасини юбориб, Балом пайғамбарнинг эшаги орқали гапиргани ҳақида Мусо пайғамбар ёзган эди (Саҳрода 22:26–31; 2 Бутрус 2:15, 16).

Бошқа руҳий мавжудотлар, масалан Худонинг душманлари бўлган жинлар ҳам мўъжизалар яратишга қодирми? Мусо пайғамбар фиръавн ва унинг сеҳргарлари олдида, таёқни илонга айлантириб, Худонинг мўъжизаларини кўрсатганда, улар ҳам худди шундай қила олишган. Шубҳасизки, уларнинг бундай мўъжизалар яратишида ёвуз руҳлар ёрдам берган (Чиқиш 7:8–12).

Мусо Аюб китобини ҳам ёзган. Мазкур китобдан Худонинг ашаддий душмани бўлмиш Шайтон, Яҳова хизматчиларининг садоқатини шубҳа остига қўйгани ҳақида билиб олсак бўлади (Аюб 1:6–11; 2:4, 5). Демак, илон орқали айнан Шайтон гапириб, Момоҳавони Худодан юз ўгиришга ундаганини Исроил халқи биларди.

Илон орқали ёлғонни Шайтон гапирганини Ҳазрати Исо ҳам тасдиқлаган. Чунки у, Шайтонни «ёлғончи ва ёлғоннинг отаси» деб атаган (Юҳанно 8:44). Шайтон «ёлғоннинг отаси» деб номланган экан, биринчи ёлғоннинг муаллифи ҳам у эмасми? Ҳа, илк ёлғонни илоннинг Момоҳавога айтган сўзларидан кўриш мумкин. Тақиқланган дарахт мевасидан ейиш аниқ ўлимга маҳкум этилишини била туриб, илон Худонинг огоҳлантиришига қарши чиқиб: «Йўқ, ўлмайсизлар»,— деган (Ибтидо 3:4). Шубҳасизки, Шайтон илонни худди қўғирчоқдай бошқарганини Исо яхши билган. Шунинг учун у, пир Юҳаннога берган ваҳий орқали Шайтон Иблисни «алмисоқ илон» деб атаган (Ваҳий 1:1; 12:9).

Ахир қудратли руҳий шахс илондан фойдаланиб гапириши мумкинлиги мантиққа зид эмас-ку! Ҳатто руҳий шахслардан кучсизроқ бўлган одамлар ҳам телевизор экрани орқали ақл бовар қилмайдиган турли саҳналарни яратишмоқда.

Энг ишончли далил

Хўш, танқидчиларнинг мазкур ҳикоя борасидаги шубҳа ва гумонлари қанчалик асосли? Бошқа тарафдан, бу ҳикоя чиндан ҳам бўлганини тасдиқловчи исботлар бор.

Масалан, Исо Масиҳ, «ишончли ва ҳақиқий шоҳид» деб аталган (Ваҳий 3:14). У, мукаммал инсон бўлиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмас эди. Исо, ер юзига келиши у ёқда турсин, ҳатто «дунё яратилишидан аввал» Аллоҳ Яҳованинг ҳузурида бош фаришта бўлган (Юҳанно 17:5). Ҳа, ер юзида ҳаёт бошланишидан олдин у мавжуд бўлган. Наҳотки ундан-да ишончлироқ шоҳид топилса?

Одамато билан Момоҳаво ҳақиқатан ҳам яшаганини Исонинг ўзи тасдиқлаб берган. У Яҳованинг никоҳга бўлган нуқтаи назарини тушунтириб бераётганда, илк жуфтликка ишора қилган (Матто 19:3–6). Агар илк одамлар ҳамда Адан боғи ҳеч қачон мавжуд бўлмаган бўлса, демак Исо ғирт ёлғончи экан-да?! Ахир бундай бўлиши мумкин эмас-ку! Чунки Исо, Адан боғида содир бўлган бу фожиани осмондан кузатиб турган. Бундан ортиқ яна қандай далил керак?

Ибтидодаги воқеани чиндан ҳам бўлганини тан олмасак, Аллоҳ тайин этган «ишончли ва ҳақиқий шоҳид» бўлган Исога ишонмаслик билан баробар. Бундай шубҳалар дастидан Муқаддас Китобнинг асосий мавзуси ҳамда ундаги ваъдаларни тушунмай қолишимиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

[Изоҳлар]

^ абз. 3 Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан, Худонинг шахсий исми бор. Ва ўзбек тилида у — Яҳова деб ишлатилади.

^ абз. 7 Ушбу фикр Муқаддас Китобга зид. Зеро Худонинг Каломига биноан, Тангри Таолонинг барча ишлари мукаммалдир. Нуқсон ва камчилик эса бошқа манбадан келиб чиққан (Амрлар 32:4, 5). Худованд Яҳова, ер юзини ва ундаги мавжудотларни яратиб бўлгач, ҳамма ишлари «ажойиб» эканини айтган эди (Ибтидо 1:31).

^ абз. 9 Худонинг жазоси бўлмиш Тўфон юз бергандан сўнг, Адан боғидан асар ҳам қолмади. Масалан, Муқаддас Китобнинг Ҳизқиё қисми 31- боб, 18- оятда Адан боғи йўқ бўлиб кетгани ҳақида ўқишимиз мумкин. Бу китоб эса, мил. авв. 7- асрда ёзилган. Демак, инсонларнинг Адан боғини топмоқчи бўлган барча уринишлари пучга чиққан эди.

^ абз. 16 Замонавий тиббиётда аниқланишича, қовурға ўз-ўзидан тикланиш хусусиятига эга. Бошқа суяклардан фарқли равишда, агар қовурға олинган жойнинг бойлами шикастланмаган бўлса, қайта ўсиб чиқар экан.