Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

У Худодан меҳр-шафқат тилаб ёлворди

У Худодан меҳр-шафқат тилаб ёлворди

Худога яқинлашинглар

У Худодан меҳр-шафқат тилаб ёлворди

«МЕН ўтакетган бадбахт инсонман». Бу сўзларни, ёшлигидан Худонинг таълим-тарбиясини олиб ўсган, аммо кейинчалик тўғри йўлдан адашган киши айтган эди. Ўша киши ҳаётини яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлганида, энди Аллоҳ мени кечирармикин, деб хавотир оларди. Бироқ, тавба қилаётган бу гуноҳкор одам, Муқаддас Китобнинг 2 Солномалар 33:1–17- оятларида баён этилган Манашенинг мисолидан тасалли топди. Агар сиз ҳам ўтмишда қилган гуноҳларингиз дастидан сиқилаётган бўлсангиз, Манашенинг мисоли сизга ҳам тасалли беради.

Манаше художўй оилада катта бўлган. Унинг отаси Ҳизқиё, Яҳудо халқида машҳур шоҳ бўлган. Манаше, отаси Ҳизқиёнинг касал бўлиб мўъжизавий тарзда тузалганидан уч йил ўтиб туғилади (4 Шоҳлар 20:1–11). Шубҳасизки, Ҳизқиё бу ўғлини Худонинг меҳр-инояти деб билган ва унда ҳам ҳақ топинишга севгиси пайдо бўлишига ҳаракат қилган. Афсуски, фарзандлар художўй ота-оналарининг ўрнагига ҳар доим ҳам эргашишмайди. Манаше билан ҳам шундай ҳол юз берди.

Манашенинг отаси ҳаётдан кўз юмганида, у тахминан 12 ёшда эди. Минг афсуски, Манаше Яҳованинг назарида жирканч бўлган ишларни қиларди (1-, 2- оятлар). Ёшгина шоҳнинг бундай йўл тутишига, ҳақ топинишга эътибор бермайдиган маслаҳатчилари ундаганмикин? Бу ҳақда Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Қандай бўлмасин, Манаше жирканч бутпарастлик ва ёвузликларга қўл ура бошлаган. У сохта худоларга бағишлаб қурбонгоҳлар қурган, ўз ўғилларини қурбонликка келтирган, сеҳр-жоду билан шуғулланган ва Аллоҳ Яҳованинг Қуддусдаги маъбадида турли ўйма бутлар ясаган. Яҳова бир пайтлар унинг дунёга келишига ғамхўрлик қилган бўлса-да, такаббур Манаше барибир огоҳлантиришларга қулоқ солмасди (3–10- оятлар).

Ниҳоят, Яҳова Таоло Манашенинг Бобилликлар томонидан асирликка олинишига йўл қўяди. Асирлик, Манашени ҳаёт тарзи устидан мулоҳаза юритишга ундади. Эҳтимол, жони йўқ бутлар ҳимоя қилишга ва ёрдам беришга ожиз эканини у ўша пайтда тушунгандир? Балки, ёшлигида художўй отаси ўргатган таълим-тарбиясини эслагандир? Нима бўлган тақдирда ҳам, Манаше ўз нуқтаи назарини ўзгартирган. Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай дейилган: «Манаше Эгаси Яҳова олдида ўзини жуда камтар тутди ва Худодан меҳр-шафқат тилаб ёлворди. Тинмай ибодат қилди» (12-, 13- оятлар, ЯДТ). Хўш, жиддий гуноҳ қилганларни Худо чиндан ҳам кечирадими?

Манашенинг чин дилдан тавба-тазарру қилгани Яҳовага етиб борди. Унинг илтижосини эшитган Худо, уни Қуддусга қайтариб, яна подшоҳлик ҳуқуқини берди (13- оят). Ўз навбатида Манаше ҳақиқатан ҳам тавба қилганини исботлаш ниятида, барча бут-санамларни йўқ қилиб, халқни Яҳовага топинишга чорлади (15–17- оятлар).

Ўтмишдаги гуноҳларингиз дастидан, Худо мени кечирармикин, деб эзилаётган бўлсангиз, Манашенинг мисолидан ўрнак олинг. Чунки ушбу воқеа, Худонинг руҳи остида ёзиб қолдирилган (Римликларга 15:4). Кўриниб турибдики, Яҳова Таоло биз Унинг «кечиримли» эканини билишимизни хоҳлайди (Забур 85:5). У учун содир этилган гуноҳ эмас, балки гуноҳкорнинг қалби муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, гуноҳга қўл урган киши чин дилдан ибодат қилиб, ёмон йўлдан қайтиб, тўғри ишларга қатъийлик ила ёндашса, Манаше каби Яҳованинг меҳр-шафқатига сазовор бўлади (Ишаё 1:18; 55:6, 7).