Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кенг тарқалган муаммоларнинг ечими

Кенг тарқалган муаммоларнинг ечими

Кенг тарқалган муаммоларнинг ечими

МУҚАДДАС КИТОБДА айтилишича, никоҳдаги ҳаёт бир маромда бўлмайди. Чунки бир оятда, турмуш қурганларда «янги қийинчиликлар» пайдо бўлиши ҳақида ёзилган (1 Коринфликларга 7:28). Аммо турмуш ўртоқлар никоҳдаги қийинчиликларни камайтиришлари ва ҳатто, оилада қувонч топишлари мумкин. Ҳозир эса, эрлар ва хотинлар кенг тарқалган муаммолардан олтитасини Муқаддас Китобдаги меъёрлар ёрдамида қандай ҳал қилишлари мумкинлигини кўриб чиқамиз.

1

МУАММО:

«Бир-биримиздан узоқлашиб кетяпмиз».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг». ФИЛИППИЛИКЛАРГА 1:10

Никоҳингиз, ҳаётингизда муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсалардан бири бўлиши лозим. Эҳтимол, кундалик режангиз қандай тузилгани борасида бир ўйлаб кўрарсиз. Ҳар кунги ташвишлар, сизни турмуш ўртоғингиздан узоқлаштириб юборишига йўл қўйманг. Тўғри, ишхонада ва бошқа вазиятларда муайян одамлар орасида узоқ қолиб кетишингиз мумкиндир. Масалан, севган машғулотингиз ёки дўстларингиз билан ўтказадиган вақтингизни чегаралашга ҳаракат қилинг.

Баъзилар қўшимча иш олиши ё бўлмаса, севган машғулотига берилиш натижасида, турмуш ўртоғига етарлича вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аслида эса, улар ўз жуфти ҳалолидан узоқлашишга эмас, балки муаммодан қочишга уринишади. Агар сиз ёки турмуш ўртоғингиз шундайлардан бўлсангиз, муаммо нимада эканини аниқлашга ва уни ҳал қилишга интилинг. Турмуш ўртоғингиз билан кўпроқ вақт ўтказсангизгина, унга янада яқинлашиб, «бир тан» бўлишингиз мумкин (Ибтидо 2:24).

Маслаҳатга амал қилганлар: Австралиялик Эндрю * ва Танжи, турмуш қурганларига ўн йил бўлган. Эндрю шундай фикр билдирди: «Иш ва дўстларга ҳаддан ташқари кўп вақт ажратиш, никоҳга салбий таъсир ўтказишини тушундим. Шу сабабли, рафиқам билан мулоқот қилишга ва туйғуларимизни бемалол бир-биримизга очишга вақт ажратамиз».

АҚШда яшовчи Дэйв билан Жейн, 22 йилдан бери никоҳдалар. Улар ҳар оқшомда ярим соат, кун давомида содир бўлган воқеалар билан бўлишишар экан. Жейн қуйидагини айтиб берди: «Биз учун муҳим бўлган бу вақтга бирон нарса халақит қилишига йўл қўймаймиз».

2

МУАММО:

«Оилавий муносабатдан ўзим истаган нарсани ололмаяпман».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин». 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 10:24

Никоҳда фақатгина ўз манфаатини кўзлаган инсон оилавий ҳаётда ҳеч қачон ва ҳатто қайтадан никоҳ қурса ҳам бахтли бўла олмайди. Никоҳда иккала томон ҳам олишдан кўра беришга интилса, муваффақиятга эришиши турган гап. Ҳазрати Исо ҳам: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб бежиз айтмаган эдилар (Ҳаворийлар 20:35).

Маслаҳатга амал қилганлар: Мексикада истиқомат қиладиган Мария ва Мартин, 39 йилдирки эр-хотин. Лекин уларнинг ҳам никоҳи бир текисда кетмаган. Улар бир воқеани ёдга олишди. Мария шундай деб бўлишди: «Орамизда қаттиқ жанжал бўлган эди. Ўшанда Мартинга бир нарса айтган эдим, бу унга қаттиқ тегиб кетган. Бирдан жаҳли чиқиб кетса борми? Мен унга, бундай демоқчи эмаслигимни ва афсусланаётганимни тушунтирмоқчи бўлганимда, у мени тинглашни ҳам хоҳламади». Мартин эса, шундай деди: «Ўша пайтда, энди бирга яшай олмасак керак ва никоҳимиз қайтадан яхши бўлиб кетиши учун ҳаракат қилмасам ҳам бўлади, деб ўйлаганман. никоҳимиз қайтадан яхши бўлиб кетиши учун ҳаракат қилмай қўйгандим».

Мартин хотини уни ҳурмат қилишини истарди. Мария эса уни тушунишини кутарди. Иккаласи ҳам хоҳлаган нарсага эриша олишмаган.

Хўш, улар муаммони қандай ҳал қилишди? Мартин мана нима деди: «Мен бироз ҳовуримдан тушдим. Сўнг эса, икковимиз ҳам ҳурмат қилиш ва мулойим бўлиш борасидаги Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатни қўллашга қарор қилдик. Худога ибодат қилиш ва Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилиш орқали, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкинлигини йиллар ўтибгина тушуниб етдик» (Ишаё 48:17, 18; Эфесликларга 4:31, 32).

3

МУАММО:

«Турмуш ўртоғим никоҳимиз муваффақиятли бўлиши учун етарлича ҳаракат қилмаяпти».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз». РИМЛИКЛАРГА 14:12

Никоҳда фақатгина бир томоннинг ҳаракати билан муваффақиятга эришиш қийин бўлади. Аммо, иккала томон ҳам никоҳи муваффақиятли бўлишига ҳаракат қилмай, бир-бирини айблашса, турмуши инқирозга учраши турган гап.

Агар, сиз ҳамиша турмуш ўртоғингиз нима қилиши кераклиги борасида ўйлаб юрсангиз, қувончингизни йўқотиб қўясиз. Айниқса, ўз вазифангизни бажармаслик учун, жуфти ҳалолингизнинг камчиликларини баҳона қилмаслигингиз керак. Бошқа тарафдан, агар яхши эр ёки яхши хотин бўлишга интилсангиз, никоҳингиз янада мустаҳкам бўлади (1 Бутрус 3:1–3). Энг асосийси эса, бундай йўл тутиб Худо ўрнатган никоҳ тузумига ҳурмат кўрсатганингизни ва Аллоҳга шараф келтирганингизни намоён қиласиз (1 Бутрус 2:19).

Маслаҳатга амал қилганлар: Кореяда яшовчи Ким исмли аёл турмуш қурганига 38 йил бўлган экан. Бу аёл қуйидагича сўзлаб берди: «Баъзида эрим асабийлашиб, мен билан гаплашгиси ҳам келмайди. Мен эса, у нима учун бундай қилаётганини ҳам билмай қоламан. Гоҳида, менга нисбатан севгиси совиб кетгандек туюлади. Шунақа пайтларда: “Ўзи мени тушунишга уринмайди-ю, тағин мендан уни тушунишимни кутади!” — деган ҳаёлга бораман».

Қизиғи шундаки, эрим менга нисбатан адолатсизлик қиляпти ва қўл қовуштириб ўтирибди, дейишнинг ўрнига, ўзгача йўл тутибди. Кимнинг ўзи шундай дейди: «Мен, хафа бўлиб ўтирмайман. Аксинча, тинчлик ўрнатиш учун ўзим биринчи бўлиб ҳаракатга тушаман. Охири эса, иккаламиз ҳам ўзимизни босиб олиб, ҳамжиҳатликда гаплашиб оламиз» (Ёқуб 3:18).

4

МУАММО:

«Хотиним менга бўйсунмайди».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ». 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 11:3

Эр, хотини унга бўйсунмаётгандек туюлса, биринчи навбатда, ўзи Исо Масиҳни бош сифатида тан олаётганини намоён этиши лозим. Эр, Исонинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда итоаткор эканини кўрсата олади.

Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Эрлар, хотинларингизни доимо севинглар. Зеро Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини бағишлади» (Эфесликларга 5:25). Ҳазрати Исо шогирдлари «устидан бошқармаган» (Марк 10:42–44). У издошларига аниқ йўл-йўриқлар кўрсатар ва керак бўлганда, уларни тўғрилаб турарди. Бироқ, ҳеч қачон қаттиққўл бўлмаган. Исо, ҳамиша хушмуомала бўлиб, шогирдларининг чегараланган имкониятларини инобатга оларди (Матто 11:29, 30; Марк 6:30, 31; 14:37, 38). У доимо уларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйган (Матто 20:25–28).

Эр ўзига шундай савол бериши мумкин: «Хотинимга нисбатан бошчиликни намоён этаётганимда, Муқаддас Китобдаги мисолларга тақлид қилиб, ундаги маслаҳатларга амал қиламанми ёки маҳаллий урф-одатларнинг таъсирига бериламанми?» Масалан, бир аёл эрининг фикрига қўшилмайди-ю, лекин хушмуомалалик билан унга ўз нуқтаи назарини тушунтиришга уринади. Бундай аёл ҳақида қандай фикрдасиз? Муқаддас Китобда, Иброҳим Халилуллоҳнинг хотини Сора, итоаткор аёл сифатида тасвирланган (1 Бутрус 3:1, 6). Шундай бўлса-да, у керакли пайтда, яъни Иброҳим уларнинг оиласи хавф остида қолаётганини англамай турганда, доно маслаҳат берган (Ибтидо 16:5; 21:9–12).

Шак-шубҳасизки, Сора тортинмай фикр билдира олар эди. Ҳа, Иброҳим зўравон бўлмаган. Шу каби, эр Муқаддас Китобдаги маслаҳатга амал қилган ҳолда, ҳар бир нарсада хотинига нисбатан талабчан бўлмаслиги ва уни қўрқитиб қўймаслиги лозим. Хуллас, эр хотини уни ҳурмат қилишини истаса, ўзи ҳам ҳамдардлик ила бошчилик қилиши лозим.

Маслаҳатга амал қилганлар: Турмуш қурганига саккиз йил бўлган англиялик Жеймс, шундай фикр билдирди: «Мен, бирор-бир муҳим қарорни қабул қилишдан аввал, рафиқам билан маслаҳатлашишни ўрганяпман. Мен фақатгина ўзимни ўйламасликка ҳаракат қиляпман. Ҳа, мен аёлимнинг манфаатини ўзимникидан устун қўйишга интиламан».

АҚШда яшовчи Жорж эса, никоҳ қурганига 59 йил бўлибди. У шундай дейди: «Мен, жуфти ҳалолимни жуда ҳурмат қиламан. У мен учун паст табақали шахс эмас. Аксинча, уни фаросатли ва қобилиятли дўст деб биламан» (Ҳикматлар 31:10).

5

МУАММО:

«Эрим, бир ишни эплай олмайдиган бўш киши».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади». ҲИКМАТЛАР 14:1

Агар эрингиз қарор қабул қилишда ёки рўзғор ишида дадил бўлмаса, сиз камида учта вазиятдан бирини танлашингиз мумкин: 1) Ҳамиша эрингизнинг камчиликларини юзига соласиз, 2) унинг оила тебратиш вазифасини ўз қўлингизга оласиз ёки 3) шу пайтгача қилганлари учун, уни чин дилдан мақтаб, қўллаб-қувватлайсиз. Мабодо, сиз вазиятлардан биринчи ёки иккинчисини танласангиз, ўз оилангизни ўзингиз бузган бўласиз. Борди-ю учинчисини танласангиз, сиз ўз оилангизни мустаҳкамлайсиз.

Кўпгина эркаклар учун, ҳурмат қилиниш, севилишдан ҳам муҳимроқ ҳисобланади. Агар эрингиз, сиз уни ҳурмат қилаётганингизни ҳис қилиб турса, у ўз вазифасини янада яхшироқ бажара олади. Яъни, бу туйғу, унинг оиладаги бошчилик қилиш вазифасига яхши таъсир ўтказади. Тўғри, айрим пайтларда сиз билан эрингизнинг фикри турлича бўлиб туради. Унда иккалангиз ҳам, бу масалани биргаликда ҳал қилиб олганингиз маъқул (Ҳикматлар 18:13). Шуни унутмангки, танлаган сўзларингиз ва гапингизнинг оҳанги, никоҳингизни ё бузади, ё мустаҳкамлайди (Ҳикматлар 21:9; 27:15). Қиссадан ҳисса шуки, эрингизнинг ҳурматини жойига қўйсангиз, у ҳам ўз вазифаларини аъло даражада бажаради.

Маслаҳатга амал қилганлар: Америкалик Мишель эрга текканига 30 йил бўлган. У қуйидагиларни айтиб берди: «Онам бир ўзи, мени ва икки синглимни тарбиялаган. Шу сабабли, унинг феъл-атвори мустаҳкам бўлиб, мустақил ҳаёт кечиришга ўрганган аёл эди. Мен ҳам унга тақлид қилганман. Шунинг учун, итоаткор аёл бўлиш учун устимдан ишлашимга тўғри келяпти. Масалан, ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишнинг ўрнига, эрим билан маслаҳатлашишни ўрганяпман».

Австралияда истиқомат қиладиган Рейчел Марк билан турмуш қурганига 21 йил бўлган бўлса-да, унинг ўтмишдаги ҳаёти барибир ўз таъсирини ўтказиб турар экан. Рейчел шундай деди: «Ойим ҳеч қачон дадамга бўйсунмасди. Жанжал ва ҳурматсизлик, оиламизда одатий ҳол бўлиб қолган эди. Никоҳимизнинг илк дамларида, мен онамга тақлид қилардим. Мана бир неча йилдирки, Муқаддас Китобнинг ҳурмат кўрсатиш борасидаги маслаҳатларига амал қилишни ўрганиб келяпман. Бугунги кунда эса Марк иккаламиз никоҳдан қувонч топиб, чиндан ҳам бахтлимиз».

6

МУАММО:

«Турмуш ўртоғимнинг асабга тегадиган хатти-ҳаракатига бошқа чидай олмайман».

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁР:

«Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». КОЛОСАЛИКЛАРГА 3:13

Турмуш ўртоғингиз билан эндигина учрашиб юрган пайтингизда, одатда унинг яхши фазилатларини кузатгансиз. Аммо, камчиликларига кўз юмган бўлишингиз мумкин. Ҳозир-чи? Шубҳасизки, асосли муаммолар кўп. Шундай бўлса-да, ўзингиздан сўраб кўринг: «Мен турмуш ўртоғимнинг қайси фазилатларига кўпроқ эътибор қаратяпман, яхшисигами ёки ёмонигами?»

Инсон одатда бошқаларнинг камчилигига эътибор қаратишга мойил эканини кўрсатиш мақсадида, Исо мана шундай мисол келтирган: «Сен нега биродарингнинг кўзидаги чўпга қарайсан-у, ўз кўзингдаги ходани кўрмайсан?» (Матто 7:3). Чўп, новданинг кичкинагина бўлаги холос. Хода эса, шу даражада катта бўлиши мумкинки, ҳатто ундан уйларнинг томини ёпишда фойдаланса бўлади. Хулоса қандай? Бу саволнинг жавоби, Исонинг ушбу сўзларида берилган: «Аввал ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина биродарингнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласан» (Матто 7:5).

Исо бу мисол орқали, огоҳлантирмоқчи бўлган. У ушбу сўзларни қўшиб қўйган: «Ҳукмга дучор бўлмаслик учун, бундан буён ҳеч кимни ҳукм қилманглар. Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади» (Матто 7:1, 2). Агар Худо камчиликларингизга кўз юмишини, яъни кўзингиздаги ходага эътибор бермаслигини истасангиз, сиз ҳам жуфти ҳалолингизнинг арзимас камчиликларига эътибор берманг (Матто 6:14, 15).

Маслаҳатга амал қилганлар: Англияда яшайдиган Женни билан Саймон, турмуш қурганларига 9 йил бўлибди. Женни шундай фикр билдирди: «Эрим бирон нарса қилмоқчи бўлса, олдиндан режалаштирмай, охирига келганда қарор қабул қилади. Унинг бунақа қилиғи, жиғибийронимни чиқариб юборади. Нимасини айтасиз, учрашиб юрганимизда бундай камчиликларига севги билан қарар эдим. Билсам, ўзимда ҳам кўп гап бор экан. Яъни, ўта талабчан бўлиб қолибман. Эндиликда, Саймон иккаламиз бир-биримизнинг арзимас камчиликларимизга эътибор қилмасликка ўрганяпмиз».

Юқорида сўзлари келтирилган Мишелнинг эри Курд ҳам, қуйидагича икки оғиз фикр билдирди: «Агар турмуш ўртоқлар бир-бирининг асабийлаштирадиган хатти-ҳаракатига эътибор қаратадиган бўлса, камчиликлар тобора катталашиб бораверади. Мен, Мишелни севишимга сабаб бўлган фазилатларга эътибор қаратишни маъқул кўраман».

Муваффақиятнинг сири

Ушбу мисоллар шуни кўрсатяптики, никоҳда қийинчиликлар бўлиб туриши табиий. Бироқ, уларни ечими ҳам бор. Хўш, муваффақиятнинг сири нимада? Бунинг учун, Аллоҳга бўлган севгини ривожлантириш ва Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилиш керак.

Нигериялик Алекс ва Итохан, турмуш қурганларига 20 йилдан ҳам ошиб қолган. Алекс шундай дейди: «Шуни тушуниб етдимки, Муқаддас Китобдаги меъёрларни қўллаш орқали никоҳда учрайдиган барча қийинчиликларни енгса бўлар экан». Хотини эса мана нима деди: «Биз биргаликда мунтазам равишда ибодат қилиш қанчалик муҳим эканини ҳамда самимий севги ва ўзаро сабр-тоқатли бўлиш борасидаги Муқаддас Китобнинг маслаҳатларига амал қилишни ўрганяпмиз. Бугунги кунда, энди турмуш қурганимиздагига қараганда, муаммоларимиз анчагина камайган».

Аллоҳнинг Каломидаги амалий маслаҳатлар сизнинг ҳам оилангизга қандай қилиб ёрдам бериши ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлармидингиз? Унда, Яҳованинг Шоҳидлари билан биргаликда «Муқаддас Китоб таълимотлари» *, номли китобнинг 14- бобини муҳокама қилишни таклиф этамиз.

[Изоҳлар]

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган.

[4- саҳифадаги расм]

Бир-биримизга вақт ажратяпмизми?

[5- саҳифадаги расм]

Олишдан кўра беришга интиляпманми?

[6- саҳифадаги расм]

Тушунмовчиликни биринчи бўлиб ҳал қилишга уриняпманми?

[7- саҳифадаги расм]

Қарор чиқаришдан аввал рафиқамнинг фикрини билишга интиляпманми?

[9- саҳифадаги расм]

Турмуш ўртоғимнинг яхши томонларига эътибор беряпманми?