Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари тиббий ёрдамни қабул қилишадими?

Яҳованинг Шоҳидлари тиббий ёрдамни қабул қилишадими?

Журналхонларнинг саволлари

Яҳованинг Шоҳидлари тиббий ёрдамни қабул қилишадими?

▪ Ҳазратимиз Исо шундай деганлар: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож» (Матто 9:12). Унинг сўзларидан кўриниб турганидек, Муқаддас Китобда тиббиёт ходимларидан ёрдам сўраб мурожаат қилишга ҳеч қандай қаршилик билдирилмаган. Шу сабабли, Яҳованинг Шоҳидлар даволаниш усулларидан фойдаланишдан бош тортишмайди. Улар ҳам барча одамлар қатори соғлигини яхшилаб, умрини узайтиришни истайдилар. Исонинг биринчи асрдаги издоши Луқо табиб бўлгани сингари, Яҳованинг Шоҳидлари орасида ҳам шифокорлари кам эмас (Колосаликларга 4:14).

Бироқ Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлган даволаниш усулларини қабул қилмайдилар. Масалан, улар қон қуйишга қаршилар. Чунки Аллоҳнинг Каломида ҳаётни сақлаб қолиш мақсадида қондан фойдаланиш қатъиян ман этилган (Ибтидо 9:4; Левилар 17:1–14; Ҳаворийлар 15:28, 29). Шунингдек ушбу китобда сеҳр-жоду билан боғлиқ бўлган даволаниш усуллари ҳамда муолажалар қораланади (Галатияликларга 5:19–21).

Кўпгина мутахассис шифокорлар фойдали ва шу билан бирга Муқаддас Китобга зид бўлмаган даволаниш усулларини тақдим этмоқдалар. Яҳова Шоҳидларининг аксарияти айнан шундай даволаниш усулларини афзал кўришади. Уларнинг бундай танлови, кўп ҳолларда Аллоҳнинг меъёрларига қарши бўлган муолажалардан кўра, сифатлироқ экани аниқланмоқда.

Албатта, даволаниш масаласида турлича фикрлар мавжуд. Аммо муайян муолажа кимгадир ёрдам берса, бошқасига фойда келтирмаслиги мумкин. Шунинг учун, баъзилар тўғри ташхис ва даволаниш усулини танлашдан олдин, бир неча мутахассисларга мурожаат қилишни афзал кўрар (Ҳикматлар 14:15).

Яҳованинг Шоҳидлари турлича даволаш усулларини танлаши мумкин. Агар уларнинг танлови Муқаддас Китобга зид келмаса, ҳар ким виждонига қараб йўл тутади (Римликларга 14:2–4). Лекин уларнинг ҳар бири таклиф қилинаётган муолажалар, Аллоҳнинг Каломига мувофиқ тарбияланган виждонига қарши эмаслигида амин бўлишлари керак (Галатияликларга 6:5; Ибронийларга 5:14).

Худонинг хизматчиси ҳар сафар қарор қабул қилаётганда, гўё чорраҳага яқинлашиб келаётган ҳайдовчи каби йўл тутиши керак. Агар у чорраҳани кесиб ўтаётганда, шунчаки олдинда кетаётган машинанинг орқасидан кетаверса, фалокатга учраш эҳтимоли бор. Мулоҳазакор ҳайдовчи аввал тезликни пасайтириб, ён атрофига қарайди, ана ундан кейингина чорраҳадан ўтади. Шу сингари Яҳованинг Шоҳидлари даволаш усулларини танлашда шошилмайдилар. Бундан ташқари, даволашнинг янги усуллари чиқса, сўраб-суриштирмай рози бўлмайдилар. Аксинча, қарор қабул қилишдан олдин, улар барча усулларини ўйлаб кўришади ҳамда бу борадаги Муқаддас Китоб меъёрларини тадқиқ қилишади.

Яҳованинг Шоҳидлари тиббиёт ходимларининг меҳнатини жуда қадрлайдилар. Боз устига, улар касалликлардан шифо топишга ёрдам бераётган бу инсонлардан миннатдорлар.