Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳовага тўла жиддият билан хизмат қилиш

Яҳовага тўла жиддият билан хизмат қилиш

Яҳовага тўла жиддият билан хизмат қилиш

Нима жиддий эътиборга лойиқ бўлса... булар ҳақида фикр юритинглар. ФИЛИП. 4:8

1, 2. Кўплар ҳаётга жиддий қарамаётганига нима сабаб бўлмоқда ва бу борада қандай саволлар туғилмоқда?

 ДУНЁ инсоният тарихида энг мушкул ва фожиали даврларни бошдан кечираётган вақтда яшаяпмиз. Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлмаган кишиларга «ниҳоятда оғир вақтларни» енгиш имконсиздек туюлади (2 Тим. 3:1–5). Бундай инсонларнинг ёрдам берадиган кишиси бўлмагани учун, улар одатда муаммоларини бутунлайин ҳал эта олишмайди. Кўплар эса ҳаётдаги қийинчиликларни унутиш учун, ўйин-кулгининг янги-янги турларини излашади.

2 Ҳаётдаги турли қийинчиликларни енгиш учун, одамлар кўпинча кўнгилхушликларни биринчи ўринга қўйишади. Эҳтиёткорлик унутиб қўйилса, масиҳийлар ҳам ўзлари билмаган ҳолда шундай йўл тутадиган бўлиб қолишлари мумкин. Бундан қандай қилиб йироқлаша оламиз? Бу ҳамиша жиддий бўлиш керак деганими? Кўнгилхушлик қилиш ва масъулиятларимизни бажариш ўртасида мувозанатни қандай сақлай оламиз? Кўнгилхушликларга берилиб кетмасликка ҳамда ўта жиддий инсон бўлиб қолмаслигимизга Муқаддас Китобнинг қайси қонун-қоидалари ёрдам беради?

Кўнгилхушликни севадиган дунёда жиддий бўлиш

3, 4. Жиддий бўлишни қадрлашимизга қайси оятлар ёрдам беради?

3 Шуни айтиш керакки, ушбу дунёда «айш-ишратни кўпроқ севишади» (2 Тим. 3:4). Кўнгилхушлик қилишга кўп вақт сарфлаш Яҳова билан бўлган муносабатларимизга путур етказиши мумкин (Ҳик. 21:17). Беҳудага ҳаворий Павлус Тимўтийга ва Титусга ёзган мактубида жиддий бўлиш ҳақида маслаҳат бермаган. Ушбу маслаҳатга риоя қилиш бизга ҳам дунёнинг ҳаётга нисбатан юзаки нуқтаи назари билан курашишга ёрдам беради (1 Тимўтийга 2:1, 2; Титус 2:2–8 ўқинг).

4 Бундан юз йиллар аввал ҳазрати Сулаймон доимо кўнгилхушликлар ҳақида ўйлашдан кўра, жиддий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш афзал эканини ёзган эди (Воиз 3:4; 7:2–4). Чиндан ҳам, умр қисқа экан, нажот топиш учун «жон куйдириш» зарур (Луқо 13:24). Демак, ҳамма нарсага «жиддий эътибор» беришимиз даркор (Филип. 4:8, 9). Бу дегани, масиҳий сифатида ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига диққатли бўлишимиз керак.

5. Масиҳийлар ҳаётнинг қайси соҳасида жиддий бўлишлари керак?

5 Мисол учун, масиҳийлар Тангри Яҳовага ҳамда Исога тақлид қилиб, меҳнат қилишдек масъулиятларига жиддий қарашади (Юҳан. 5:17). Натижада, одамлар масиҳийларни меҳнатсевар ва ишончли кишилар деб мақтайди. Айниқса оила бошлари рўзғор тебратиш учун ишлашлари керак. Оиласини моддий томондан таъминламайдиган киши эса, Яҳовага бўлган «имонини инкор этган бўлади» (1 Тим. 5:8).

Топинишимизга жиддий бироқ қувонч билан ёндашиш

6. Яҳовага топинганда жиддий бўлишимиз кераклигини қаердан билиб оляпмиз?

6 Худованд Яҳова Унга ҳамиша тўғри тарзда топиниш муҳим деб ҳисоблайди. Масалан, исроилликлар Яҳовага топинишдан юз ўгиришганида, бу ёмон оқибатларга олиб келган (Ёшуа 23:12, 13). Милодий биринчи асрда ҳам Масиҳнинг издошлари ҳақ топинишни нотўғри таълимотлардан ва нуқтаи назарлардан ҳимоя қилишлари керак бўлган (2 Юҳан. 7–11; Ваҳ. 2:14–16). Ҳозирги кунда ҳам Масиҳнинг издошлари топинишга жиддий қарашади (1 Тим. 6:20).

7. Павлус хизматига қандай тайёргарлик кўрган?

7 Ваъзгўйлик хизматимиз қувонч манбаидир. Бироқ хизматда қувончни сақлаб қолиш учун уни қадрлаб, тайёргарлик кўриш лозим. Павлус ўрганаётган инсонларнинг кимлигини инобатга олганлиги ҳақида шундай ёзган: «Ҳеч бўлмаса айримларни қутқариб қолай деб, ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлдим. Буларнинг барини хушхабар учун, яъни уни бошқалар билан баҳам кўриш ниятида қиляпман» (1 Кор. 9:22, 23). Павлус одамларга маънан кўмаклашишдан баҳра олган ҳамда уни тинглаётганларнинг эҳтиёжларини қондириш учун жиддий фикр юритган. Шу йўсин уларга далда беришга ва Яҳовага топинишлари учун уларда истак уйғотишга муваффақ бўлган.

8. а) Хизматда одамларга таълим беришга муносабатимиз қандай бўлиши керак? б) Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш, хизматдан қувонч топишга қандай ҳисса қўшади?

8 Павлус учун хизмат қандай аҳамиятга эга бўлган? У Яҳовага ва ҳақиқат хабарини тинглаёганларга «қуллик» қилишга тайёр бўлган (Рим. 12:11; 1 Кор. 9:19). Биз ҳам одамларга Худонинг Каломидан таълим бериш масъулиятини олганимизда — Муқаддас Китоб тадқиқими, жамоат йиғилишларими ёки оилавий топиниш бўладими, ўрганаётган кишилар учун жавобгар эканимизни тушуняпмизми? Балки Муқаддас Китоб тадқиқини мунтазам ўтказишни оғир юк деб ҳисоблаётгандирмиз. Одатда шахсий ишларимиз ҳисобидан вақт ажратиб, уни бошқаларга ёрдам бериш учун сарфлашга даъват этиламиз. Ахир бундай қилиш Исонинг «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта», деган сўзларига мувофиқ эмасми?! (Ҳавор. 20:35). Одамларга нажот йўлидан юришни ўргатиш, ҳар қандай фаолиятдан кўра кўпроқ мамнуният келтиради.

9, 10. а) Жиддий бўлиш нима дегани? Тушунтиринг. б) Оқсоқоллар меҳрибон бўлишига ва имондошлари уларга бемалол мурожаат қилишига нима ёрдам беради?

9 Жиддий бўлиш, дам олмаслик ва одамлар билан вақтичоғлик қилмаслик керак, дегани эмас. Исо бу борада аъло ўрнак кўрсатган. У нафақат таълим берган, балки дам олишга ва бошқалар билан яхши муносабатлар қуришга вақт ажратган (Луқо 5:27–29; Юҳан. 12:1, 2). Жиддий бўлиш дегани, ҳамиша қовоғини солиб юришни ҳам англатмайди. Борди-ю Исо қаттиққўл, жуда жиддий инсон бўлганида, одамлар унга яқин йўламаган бўларди. Ҳатто болалар унинг олдида ўзларини эркин ҳис қилишган (Марк 10:13–16). Мувозанатли бўлишда Исога қандай тақлид қилсак бўлади?

10 Бир оқсоқол ҳақида биродаримиз шундай сўзларни айтган эди: «У ўзидан кўп нарсани талаб қилса-да, бошқалардан мукаммалликни кутмайди». Сиз ҳақда ҳам шундай деса бўладими? Ўзгалардан уларнинг қўлидан келадиган нарсаларни кутишнинг ёмон жойи йўқ. Масалан, ота-оналар фарзандининг ёши ва тажрибасини инобатга олиб, уларнинг олдига муайян мақсадлар қўйишади ва уларга эришишга кўмаклашишади. Худди шундай оқсоқоллар ҳам жамоат аъзоларини маънан ўсишга ундаб, бунга эришиш йўлларини ҳам кўрсатиб беришади. Бундан ташқари, оқсоқол ўзига нисбатан тўғри нуқтаи назарга эга бўлса, у меҳрибон бўлади ва имондошлари унга бемалол мурожаат қила олишади (Рим. 12:3). Бир опамиз қуйидаги фикрни айтганди: «Оқсоқол ҳар бир нарсани ҳазилга йўйишини хоҳламайман. Лекин ҳамиша жиддий бўлиб юрса ҳам, унга мурожаат қилиш мушкул бўлади». Бошқа опамизнинг айтишича, айрим оқсоқоллар «табиатан ўта жиддий бўлишгани учун жуда қўрқинчли кўринишади». Оқсоқоллар бахтиёр Тангрига топинаётган имондошларининг қувончини сўндиришни асло хоҳлашмайди (1 Тим. 1:11).

Масъулиятни зиммага олиш

11. Жамоатда «интилиш» нимани англатади?

11 Павлус жамоатдаги эркакларни кўпроқ масъулиятга эга бўлиш учун ўз устларидан ишлашга ундаганида, бу билан ҳеч кимни иззатталаблигини қондиришга ундамаган. Аксинча, у шундай ёзган: «Кимки нозир бўлишга интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади» (1 Тим. 3:1, 4). «Интилиш» дегани, масиҳийлар биродарларига хизмат қилиш мақсадида, зарурий фазилатларни ривожлантириш учун кучли истакка эга бўлишлари кераклигини англатади. Агар биродарнинг сувга чўмганига бир йил тўлган бўлса ва жамоат хизматкори бўлиш учун 1 Тимўтийга 3:8–13 даги талабларга етарли даражада мос келса, у тавсия этилиши мумкин. Эътибор бердингизми, 8- оятда аниқ қилиб «жамоат хизматкорлари ҳам жиддий» бўлиши даркор дейилган.

12, 13. Масъулиятга интилишнинг қандай йўллари бор?

12 Ёш бўлишингизга қарамай, сиз сувга чўмган, жиддий биродармисиз? Биласизми, хизмат қилишга интилишнинг бир нечта йўллари бор. Улардан бири воизлик хизматида тажриба орттиришдир. Сиз турли ёшдаги имондошларингиз билан ваъзгўйликка чиқяпсизми? Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш учун одамларни излаяпсизми? Жамоат учрашувларида тавсия этилганидек Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказсангиз, таълим бериш маҳоратингизни янада оширасиз. Бундан ташқари, Яҳованинг йўлларини ўрганаётган кишига нисбатан ҳамдард бўлишни ўрганасиз. Мабодо ўрганаётган киши ўзгаришлар қилиши лозимлигини пайқаб қолсангиз, Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини қўллаши учун сабр-тоқат ва хушмуомалалик билан ёрдам беришга одатланасиз.

13 Азиз биродарлар, жамоатингизнинг кекса аъзоларига қўлингиздан келганича ёрдам беришга тайёр бўлинг. Шунингдек, Йиғилиш Залининг ташқарисини тоза ва саранжом-саришта сақланишига ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Қўлдан келганича ёрдамингизни аямасангиз, бу хизматга жиддий қарашингиздан далолат беради. Сиз ҳам Тимўтий сингари чин юракдан жамоатнинг эҳтиёжларини қондиришни ўрганиб оласиз (Филиппиликларга 2:19–22 ўқинг).

14. Ёш биродарларнинг жамоатда хизмат қилишга яроқлилиги қандай синалади?

14 Оқсоқоллар, «ёшлик эҳтиросларидан қочаётган» ҳамда «одиллик, имон, муҳаббат ва тинчлик» каби бошқа яхши фазилатларни ривожлантириш пайидан юрган ёш биродарларга вазифалар топшириш мумкинлигини билишади (2 Тим. 2:22). Жамоат ишларини топшириб, оқсоқоллар бундай биродарларни масъулиятни зиммасига олишга «яроқлилигини синашади». Шу йўсин, уларнинг «муваффақияти ҳаммага ошкор бўлади» (1 Тим. 3:10; 4:15).

Жамоат ва оилада жиддий бўлиш

15. Қандай қилиб 1 Тимўтийга 5:1, 2 га мувофиқ бошқаларнинг ҳурматини жойига қўйишимиз мумкин?

15 Жиддийлик, биродару опа-сингилларнинг ҳурматини жойига қўйишни ҳам ўз ичига олади. Павлус Тимўтийга бошқаларга ҳурмат кўрсатишни маслаҳат берган эди (1 Тимўтийга 5:1, 2 ўқинг). Ушбу маслаҳатга, айниқса ўзга жинсдаги киши билан муносабат қилганда риоя қилиш муҳим. Аёлларга, хусусан турмуш ўртоққа ҳурмат кўрсатишда Аюб пайғамбар тақлид қилишга арзигулик ўрнакдир. У аёлга маҳлиё бўлиб қарашга журъат этмаган (Аюб 31:1). Имондошларга жиддий муносабатда бўлиш, зинҳор улар билан ноз-карашма қилмаслик ёки ноқулай аҳволга солиб қўймасликни англатади. Айниқса турмуш қуриш ниятида учрашиб юрганлар бир-бирига ҳурмат кўрсатишлари муҳим. Масиҳий жиддий бўлса, у ҳеч қачон ўзга жинсдаги кишининг ҳис-туйғулари билан ўйнамайди (Ҳик. 12:22).

16. Дунёдан фарқли равишда, Муқаддас Китобга кўра эр ва оталарга қандай ўрин ажратилган?

16 Шунингдек, Аллоҳ ҳар биримизга берган оиладаги ўринга жиддий қарашимиз даркор. Шайтоннинг дунёси эрларнинг ҳамда оталарнинг ўрнини кулгига чиқаради. Пайдо бўлаётган ўйин-кулги турлари, эрлар ва оталарни масхара қилиш, уларга ҳурматсизлик кўрсатиш орқали уларни ерга уришга қаратилган. Муқаддас Китобга биноан эр кишига катта масъулият юкланган бўлиб, унга «хотиннинг боши» бўлиш вазифаси топширилган (Эфес. 5:23; 1 Кор. 11:3).

17. Оилавий топинишга қўшган ҳиссамиз масъулиятимизга жиддий қараётганимизни кўрсатиши мумкинлигини тушунтиринг.

17 Эр оилани моддий томондан таъминлайди. Аммо у маънавий томондан ғамхўрлик қилмаса, бу унга ақл ва донолик етишмаётганидан далолат беради (Амр. 6:6, 7). 1 Тимўтийга 3:4 да айтилганидай, агар сиз оила боши бўлсангиз ҳамда жамоатда қўшимча масъулиятларни эгаллашга интилаётган бўлсангиз, унда сиз «уйдагиларини яхши бошқара оладиган, тўла жиддият билан фарзандларини бўйсундира оладиган» киши бўлишингиз даркор. Шу ўринда ўзингиздан сўранг: «Оилавий топиниш мунтазам ўтказилиши учун вақт ажратяпманми?» Айрим художўй аёллар турмуш ўртоғидан маънавий ишларда бошчиликни зиммасига олишини илтимос қилиб сўрашади. Ҳар бир эр ўз вазифасига жиддий қараши керак. Албатта хотин ҳам, оилавий топиниш ташкил этилишида эрини қўллаб-қувватлаб, мунтазам ўтказилишида хўжайини билан ҳамкорлик қилиши даркор.

18. Болалар жиддий бўлишни қандай ўрганишлари мумкин?

18 Болалар ҳам ҳаётга жиддий қарашга даъват этилишади (Воиз 12:1). Ёшлар ишлашни ўрганишса бунинг зиёни бўлмайди. Масалан, ёши ва қобилиятига яраша уй ишларини бажаришлари мумкин (Марсия 3:27). Шоҳ Довуд болалигиданоқ яхши чўпон бўлишни ўрганган. Бундан ташқари, созандаликни ва куй басталашни ҳам биларди. Ушбу маҳорат келажакда Исроилнинг шоҳи бўлишига асқатди (1 Шоҳ. 16:11, 12, 18–21). Довуд болалигида ўйинқароқ бўлгани аниқ, аммо у кейинчалик Яҳовани шарафлашга хизмат қилган ажойиб маҳоратга эга бўлган. Чўпон бўлгани эса Исроил халқини сабр-тоқат билан бошқаришга ҳисса қўшган. Азиз ёшлар, Парвардигорга хизмат қилишингизга кўмаклашадиган ҳамда келажакда масъулиятларга тайёрлайдиган қобилиятларга эгамисиз?

Мувозанатли нуқтаи назар

19, 20. Ўзингизга ва топинишингизга нисбатан қандай нуқтаи назарни сақламоқчисиз?

19 Биз ўзимизга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарни сақлашга интилишимиз даркор, яъни ўзимизни ўта жиддий тутмаслигимиз лозим. Ҳеч биримиз «қонунпараст» бўлишни хоҳламаймиз (Воиз 7:16). Оз-моз қувноқ бўлиш уйда, ишда ёки имондошларимиз орасидаги тарангликни юмшатади. Оила аъзолар ҳам оиладек осуда маскан вайрон бўлмаслиги учун ҳаддан ортиқ танқид қилишдан эҳтиёт бўлишади. Жамоат аъзолари билан бирга вақт ўтказишни, улар билан суҳбатлашишдан мамнуният топишни ўргансак, таълим бериш услубимиз далда берадиган ва ижобий бўлади (2 Кор. 13:10; Эфес. 4:29).

20 Биз, Яҳова ҳамда Унинг қонунлари қадрланмайдиган дунёда яшаяпмиз. Яҳованинг халқи эса Унга итоаткор ва содиқ бўлишга жиддий қарайди. Аллоҳга «тўла жиддият» билан топинаётган халқнинг бир қисми бўлиш нақадар яхши! Келинглар, ҳаётимиз ва топинишимизга нисбатан жиддий муносабатни сақлаб қолайлик.

Илтимос, жавоб беринг

• Нега дунёнинг ҳаётга нисбатан юзаки нуқтаи назари билан курашишимиз лозим?

• Қандай қилиб хизматимизга жиддий, бироқ қувонч билан ёндашишимиз мумкин?

• Масъулиятни зиммага олишга нисбатан нуқтаи назаримиз, жиддий ёки жиддий эмаслигимизни қандай кўрсатади?

• Имондошларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш нега жиддий масала эканини тушунтиринг.

[Тадқиқ учун саволлар]

[12- саҳифадаги расмлар]

Эр оиласини моддий ва маънавий томондан таъминлаши керак