Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади

Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади

Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади

Нега ёши 60 дан ошган аёл бутларга сиғинмай қўйган? Нима туфайли Синто руҳонийси маъбаддаги хизматини ташлаб, масиҳий бўлишга қарор қилган? Гўдаклигида асраб олинган ва кейин ўзини ташлаб кетилгандек ҳис қилган аёл салбий туйғулар билан қай йўсин курашган? Бу одамлар ўзлари ҳақида нималар деганини билиб олинг.

«Бундан буён бутларга сиғинмайман». (АБА ДАНСУ)

ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1938

МАМЛАКАТИ: БЕНИН

ЎТМИШДА: БУТЛАРГА СИҒИНГАН

ОЛДИНЛАРИ. Мен Со-Чахуви қишлоғида туғилганман. Бу жой кўл яқинидаги ботқоқ ҳудудда жойлашган. Қишлоқ аҳолиси балиқ овлаш, қуш, қорамол, эчки, қўй ва чўчқа боқиш билан шуғулланади. Бу қишлоқда йўллар бўлмагани боис, одамлар қайиқ ва каноэда ҳаракатланишади. Одатда уйларни ёғоч ва хашакдан, баъзида эса ғиштдан қуришади. Бу ердаги одамлар камбағал яшаса ҳам, жиноятчилик шаҳарларга қараганда камроқ.

Болалигимда дадам мен ва опамни бут-санамлар маъбадига жўнатди ва биз у ерда анъанавий дин асосларини ўрганардик. Катта бўлганимда йоруба халқи топинадиган бут — Одудувага (Одуа) сиғина бошладим. Мен бу маъбуд учун уй қурдим ва мунтазам равишда унга ямс (илдизмевали экин), пальма ёғи, шиллиқ қурт, жўжа, каптар ва бошқа жониворларни қурбонликка келтирардим. Деярли бор маблағимни мазкур қурбонликлар учун сарфлардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаганимда, Яҳова танҳо ҳақ Худо эканини ва топинишда бутлардан фойдаланишни маъқулламаслигини билдим. (Чиқиш 20:4, 5; 1 Коринфликларга 10:14) Шунда нима қилишим кераклигини англаб етдим: тасвирларни ташлаб юбориб, бутпарастлик билан боғлиқ ҳамма нарсадан қутулдим. Фолбинларга мурожаат қилмай қўйдим ва диний дафн маросимлару урф-одатларда қатнашмайдиган бўлдим.

Ўшанда ёшим 60 дан ошганди ва бундай ўзгаришлар қилиш осон эмасди. Дўстларим, қариндошларим ва қўшниларим менга қарши чиқиб, устимдан кулишарди. Аммо Яҳовадан тўғри йўл тута олишим учун ёрдам сўрардим. Ҳикматлар 18:10 даги сўзлар менга далда берарди: «Яҳованинг исми мустаҳкам қалъадир. Одил киши у ерга қочиб бориб, омон қолади».

Шунингдек, Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига бориш менга катта ёрдам берди. У ерда масиҳийлар орасидаги севгини кўрдим ва бу одамлар Муқаддас Китобдаги юқори ахлоқий меъёрлар бўйича яшаши мени лол қолдирди. Буларнинг бари Яҳова Шоҳидларининг дини ҳақиқий эканига бўлган ишончимни мустаҳкамлади.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?Муқаддас Китоб принципларини қўллаш фарзандларим билан бўлган муносабатларимни яхшилади. Қолаверса, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Олдинлари бор-будимни менга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган жонсиз бутларга сарфлардим. Ҳозир эса бизни барча муаммолардан батамом озод қиладиган Худога топиняпман. (Ваҳий 21:3, 4) Энди бутларга эмас, балки Тангри Яҳовага сиғинаётганимдан ниҳоятда хурсандман! У менга ҳақиқий хавфсизлик ва ҳимоя беряпти.

«Кичиклигимдан Худони излардим». (СИНДЗИ САТО)

ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1951

МАМЛАКАТИ: ЯПОНИЯ

ЎТМИШДА: СИНТО РУҲОНИЙСИ

ОЛДИНЛАРИ.Мен Фукуока вилоятидаги кичик бир шаҳарчада катта бўлганман. Ота-онам художўй инсонлар бўлган. Улар кичиклигимдан синто дини ҳақида таълим беришган. Ҳали бола бўлганимда, нажот топиш ва қийналаётган одамларга ёрдам бериш тўғрисида ўйлардим. Бошланғич синфда таҳсил олган пайтларимда, бир сафар ўқитувчимиз бутун синфдан: «Катта бўлганингизда ким бўлмоқчисиз?» — деб сўраганди. Синфдошларимнинг мақсадлари аниқ бўлган. Масалан, улардан баъзилари олим бўлмоқчи эди. Мен эса Худога хизмат қилишни орзу қилаётганимни айтганман. Ўшанда бутун синф устимдан кулганди.

Мактабни битиргач, диний таълим олишга қарор қилдим. Ўқиш пайтларида бир синто руҳонийси бўш вақтларида қора муқовали қандайдир китобни ўқишини кўрардим. Бир куни у мендан: «Сато, бу қандай китоб эканини биласанми?» — деб сўради. Муқовасини кўрганим учун: «Муқаддас Китоб»,— деб жавоб бердим. Шунда у: «Синто руҳонийси бўлишни истаган инсон мана шу китобни ўқиб чиқиши керак»,— деб айтди.

Мен ўша заҳоти бориб, Муқаддас Китоб сотиб олдим. Уни китоб жавонидаги кўринарли жойга қўйдим ва яхши ҳолатда сақлашга ҳаракат қилардим. Мактабдаги таълим билан банд бўлганимдан бу китобни ўқишга вақт тополмасдим. Мактабни битиргач, бир маъбадда синто руҳонийси сифатида хизмат қилишни бошладим. Болаликдаги орзуйим амалга ошганди.

Афсуски, кўп ўтмай синто руҳонийси бўлиш мен кутган нарса эмаслигини тушундим. Аксарият руҳонийлар бошқаларга ғамхўрлик қилмасди ва меҳр кўрсатмасди. Уларнинг кўпи имонсиз эди. Ҳатто бош руҳонийлардан бири менга шундай деганди: «Агар бу хизматда муваффақиятли бўлишни истасанг, кўпроқ фалсафий нарсалар тўғрисида гапир. Имон ҳақида гапириш мумкин эмас».

Бундай гаплардан кейин синто динидан кўнглим қолди. Гарчи маъбадда руҳоний бўлиб хизмат қилишни давом эттирган бўлсам-да, бошқа динлар билан ҳам қизиқишни бошладим. Афсуски, уларнинг бирортасидан ҳам тайинли нарса тополмадим. Бу динлар ҳақида ўрганганим сайин, улардан кўнглим қоларди. Ҳеч бир динда ҳақиқат йўқ, деган хулосага келдим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.1988 йили бир буддавий кишини учратдим. У мени Муқаддас Китобни ўқиб чиқишга ундади. Бундан бир неча йил олдин синто руҳонийси ҳам мени шундай қилишга ундаганини эсладим. Бу маслаҳатга қулоқ солишга қарор қилдим. Муқаддас Китобни завқ билан ўқирдим. Баъзида уни туни билан ўтириб, қуёш чиққунча ўқирдим.

Ўқиганим сайин Муқаддас Китобдаги Худога ибодат қилишни хоҳладим. Матто 6:9–13 даги намунали ибодатни айтиб, биринчи марта ибодат қилдим. Ҳатто синто маъбадида хизматимни бажарганда ҳам, бу ибодатни ҳар икки соатда такрорлаб турардим.

Ўқиганларим борасида саволларим кўп эди. Вақт ўтгач, уйландим. Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдан таълим беришини билардим. Чунки илгари улар хотинимнинг олдига келишган. Шу сабабли, Яҳованинг Шоҳидларини қидиришни бошладим. Биттасини топганимда эса уни саволлар билан кўмиб ташладим. У ҳар бир саволимга Муқаддас Китобдан жавоб берганини кўриб қойил қолдим. У мен билан Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилишига ғамхўрлик қилди.

Кўп ўтмай Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнай бошладим. У ердаги баъзи Шоҳидларга илгари қўпол муносабатда бўлганим хаёлимга ҳам келмабди. Лекин шунда ҳам улар мени илиқ қарши олишарди.

Ўша учрашувларда эрлар оила аъзоларини севиб ардоқлаши Худо учун муҳим эканини билиб олдим. Унгача эса руҳонийлик хизматим билан шунчалик банд бўлганимдан хотиним ва иккита боламга эътибор қаратмасдим. Топиниш учун маъбадга келган одамларни диққат билан тингласам ҳам, хотинимни ҳеч қачон тингламаган эканман.

Тадқиқлар давомида Яҳова билан дўстлигимни мустаҳкамлаган кўп нарсаларни билиб олдим. Айниқса, Римликларга 10:13 даги қуйидаги сўзлар менга кучли таъсир қилди: «Яҳованинг исмини айтиб чақирган ҳар бир одам қутқарилади». Худони болалигимдан излардим ва охири Уни топдим.

Маъбадда ўзимни бегонадек ҳис қилишни бошладим. Аввалига синто динини ташласам, бошқалар нима деб ўйлади, дея хавотирлангандим. Лекин доим «Ҳақиқий Худони бошқа ердан топсам, бу ердан кетаман» деб юрардим. Шунга 1989 йилнинг баҳорида виждонимга қулоқ солишга қарор қилдим: маъбаддан кетиб, ўзимни Яҳованинг қўлига топширдим.

Маъбаддан кетиш осон бўлмади. Бош руҳонийлар мени уришиб, фикримдан қайтаришга ҳаракат қилишарди. Лекин қарорим ҳақида ота-онамга айтиш ундан-да қийин бўлди. Уларнинг уйига кетаётганимда юрагим оғриб, оёқларим мажолсизланиб қолди. Йўлда бир неча марта тўхтаб, Яҳовадан куч сўрадим.

Ота-онамнинг уйига етиб келганимда, бу мавзу ҳақида сўз очишга юрагим дов бермасди. Бир неча соат ўтди. Ва ниҳоят, отамга бор гапни айтиб беришга қарор қилдим. Мен отамга ҳақиқий Худони топганимни ва Унга хизмат қилиш учун синто динини ташлаётганимни айтдим. Бу у учун катта зарба бўлди. Бошқа қариндошлар ҳам уйимизга келиб, мени фикримдан қайтармоқчи бўлди. Оила аъзоларимни ранжитишни истамасдим, лекин шу билан бирга, Яҳовага хизмат қилиш тўғри қарор эканини билардим. Вақт ўтиб, қариндошларим қароримни ҳурмат қила бошлади.

Тўғри, маъбаддан кетгандим, аммо фикрлаш тарзимни ҳали ўзгартиришим керак эди. Руҳонийлик хизмати шахсиятимга чуқур сингиб кетганди. Аввалги ҳаётимни унутиш учун зўр бериб ҳаракат қилсам ҳам, атрофимдаги деярли ҳамма нарса ўтмишимни эслатиб турарди.

Иккита нарса бу таъсирдан қутулишимга ёрдам берди. Биринчидан, уйимни ахтариб, олдинги диним билан боғлиқ ҳамма буюмларни топдим. Кейин эса уларнинг барчасини: китоблар, расмлар ва ҳатто қимматбаҳо эсдалик буюмларини ёқиб юбордим. Иккинчидан, Шоҳидлар билан иложи борича кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қилардим. Уларнинг дўстона муносабати ва далдаси менга анча ёрдам берди. Бора-бора ўтмишдаги ҳаётимни унута бошладим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?Илгари хотиним ва болаларимга умуман эътибор қаратмасдим, шунга улар ўзини ёлғиз ҳис қиларди. Лекин эрлар учун берилган Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қилиб, улар билан кўпроқ вақт ўтказа бошладим ва натижада ўзаро жипслашдик. Вақт ўтиб, хотиним ҳам мен билан Яҳовага хизмат қила бошлади. Ҳозир хотиним иккаламиз, ўғлим, қизим ва унинг турмуш ўртоғи — барчамиз Яҳовага хизмат қиляпмиз.

Болалигимдан Худога хизмат қилиб, одамларга ёрдам бериш орзуйимни эсласам, шуни айта оламанки, у амалга ошди. Яҳовадан қанчалик миннатдор эканимни сўз билан таърифлашга тил ожиз.

«Худди ҳаётимда нимадир етишмаётгандай эди». (ЛИНЕТТ ХОКТИНГ)

ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1958

МАМЛАКАТИ: ЖАНУБИЙ АФРИКА

ЎТМИШДА: ЎЗИНИ ТАШЛАБ КЕТИЛГАНДЕК ҲИС ҚИЛАРДИ

ОЛДИНЛАРИ. Мен кончилар шаҳарчаси Жермистонда туғилганман. У ерда асосан ўртаҳол одамлар яшайди ва жиноятчилик ҳам унча кўп эмас. Ота-онам «Боламизга ғамхўрлик қила олмаймиз» деб ўйлаб, мени бошқа оилага бериб юборган. 14 кунлик гўдак бўлганимда бир меҳрибон жуфтлик мени асраб олди ва улар ота-онам бўлишди. Кейинчалик бор ҳақиқатни билганимда ўзимни ташлаб кетилгандек ҳис қилдим. Ўгай ота-онам олдида гўёки бегонадек эдим ва улар мени унчалик тушунмаслигини сезардим.

16 ёшлигимда барларга бора бошладим ва у ерда дўстларим билан жонли мусиқа тинглаб, рақсга тушардим. 17 ёшимда чекишни бошладим. Тамаки рекламаларидаги моделлар каби хушбичим кўринишни истардим. Ёшим 19 да бўлганида Йоханнесбургда иш топдим ва шу заҳоти ёмон тўдага илакишиб қолдим. Кўп ўтмай сўкинадиган бўлдим, тамакига берилиб кетдим, дам олиш кунлари эса спиртли ичимликларни суиистеъмол қилардим.

Шунга қарамай, жисмонан фаол ҳаёт кечирардим. Мунтазам равишда аэробика, сквош (тенниснинг бир тури) ва аёллар футболи билан шуғулланардим. Қолаверса, турли компьютер компанияларида ишлаб, мансаб пиллапоясидан юқорилаб борардим. Натижада, мўмайгина даромад топардим ва атрофдагилар мени муваффақиятли деб ҳисобларди. Лекин ўзимни бахтсиз ҳис қилардим ва ҳаётим маъносиз эди. Худди ҳаётимда нимадир етишмаётгандай эди.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.Муқаддас Китобни ўргана бошлаганимда Яҳова севги Худоси эканини билиб олдим. Қолаверса, У Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни бериб, Ўз севгисини кўрсатганини билдим. Каломни Худо шахсан бизга ёзган мактубга ўхшатса бўлади ва у орқали Яҳова бизга йўл-йўриқ беради. (Ишаё 48:17, 18) Яҳованинг меҳрга тўла кўрсатмаларидан фойда олиш учун, ҳаётимда катта ўзгаришлар қилишим кераклигини англаб етдим.

Масалан, эски дўстларим билан алоқани узишим лозим эди. Ҳикматлар 13:20 даги сўзлар менга кучли таъсир қилди. У ерда шундай дейилган: «Доно билан юрган доно бўлади, нодонга шерик бўлган эса азият чекади». Бу принцип мени эски дўстларимни ташлаб, Яҳованинг Шоҳидлари орасидан янги дўстлар орттиришга ундади.

Энг қийини чекишни ташлаш бўлди. Бу одатга қарам бўлиб қолгандим. Аста-секин ундан қутулдим, лекин бошқа қийинчиликка дуч келдим: чекишни ташлаб, тахминан 13 килога семириб кетдим! Бунинг дастидан ўзимга бўлган ҳурматни йўқотдим ва ортиқча вазндан қутулиш учун деярли 10 йил керак бўлди. Бироқ чекишни ташлаб, тўғри иш қилганимни билардим. Яҳовага қайта-қайта ибодат қилардим ва У мени қўллаб-қувватларди.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?Ҳозир соғлиғим анча яхшиланди. Шунингдек, ҳаётимдан мамнунман: иш, мавқе ва бойлик келтирадиган алдамчи бахт кетидан қувмаяпман. Аксинча, Муқаддас Китоб ҳақиқатларини бошқалар билан бўлишишдан қувонч топяпман. Натижада, учта собиқ ҳамкасбим ва эрим мен билан бирга Яҳовага хизмат қилишяпти. Қолаверса, мени асраб олган ота-онам вафот этишидан олдин, уларга жаннатда тирилиш бўлиши ҳақидаги ваъдани айтишга улгурдим.

Яҳова билан дўстона муносабатларим ўзимни ташлаб кетилгандай ҳис қилмаслигимга кўмаклашди. У туфайли умумжаҳон оиламизнинг аъзоси бўлдим. Уларнинг орасидан ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар топдим. (Марк 10:29, 30)

[12- саҳифадаги расмлар]

Яҳова Шоҳидларининг орасида севгини ҳис қилдим

[13- саҳифадаги расмлар]

Мен қачонлардир бориб сиғинган Синто маъбади