Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Иброҳим — жасоратли киши

Иброҳим — жасоратли киши

Иброҳим — жасоратли киши

Иброҳим пайғамбар оиласи ва хизматкорлари Канъон юртига кетишга тайёргарлик кўришаётганига қараяпти (Ибтидо 12:1–5). Тирикчилиги унга боғлиқ бўлган ушбу катта гуруҳга қараб, Иброҳим ўзига катта масъулият юкланганини ҳис қиляпти. Хўш, бегона юртда уларнинг моддий эҳтиёжларини у қандай қондирар экан? Бу вазифасини кенг яйловли, ҳосилдор ерли, серсув ва гуллаб-яшнаган Ур шаҳрида бажарганидек, осонликча уддалай олармикан? Ўша янги юртда у касал бўлиб, ўлиб қолса-чи? Унинг оиласига ким ғамхўрлик қиларкин? Гарчи, бу саволлар Иброҳим алайҳиссаломни ташвишга солган бўлса-да, у қўрқувлар уни қўл-оёғидан боғлаб қўйишига йўл қўймади. Ҳа, у иккиланмай, Худонинг амрларига бўйсунишга қатъий қарор қилган, бу эса ҳақиқий жасоратнинг белгисидир.

ЖАСОРАТ ЎЗИ НИМА? Тортинчоқлик ва қўрқоқликнинг акси бўлган бу фазилат кучли, дадил ва мард бўлишни назарда тутади. Жасоратли бўлиш, ҳеч қачон қўрқувга берилмасликни англатмайди. Қайтанга, бундай инсон қўрқувларига қарамай Худодан олган жасорат билан йўл тутади.

ИБРОҲИМ ЖАСОРАТИНИ ҚАНДАЙ НАМОЁН ЭТГАН? Иброҳим бошқалардан ажралиб туришдан қўрқмасди. Иброҳим алайҳиссалом турли-туман худоларга ва бутларга сиғинган одамлар ичида ўсиб-улғайган. Аммо у бошқалар у ҳақда нима ўйлашларидан қўрқмаган ва билган тўғри нарсаларидан юз ўгирмаган. Аксинча, Иброҳим пайғамбар жасорат билан ўзгача йўл тутиб, ягона Аллоҳга — «Худойи Таоло» Яҳовага топинишни танлаган (Ибтидо 14:21, 22).

Иброҳим ҳақ Худога топинишни моддий манфаатларидан устун қўйган. Иброҳим Ур шаҳридаги фаровон ҳаётни қолдириб, саҳрога қараб кетган, сабаби Тангри Яҳова унинг моддий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилишига у бутунлайин умид боғлаган. Албатта, йиллар ўтган ва Иброҳим Ур шаҳридаги фаровон ҳаётни қолдирганлиги ҳақида ўйлагандир. Лекин Иброҳим пайғамбар энди Парвардигор Яҳова уни ва оиласини ҳамиша боқишига амин бўлган. Ҳаётида энг муҳим Зот бўлмиш Аллоҳ Яҳовага таяниб, Унинг амрларига бўйсуниш учун Иброҳим жасорат топарди.

УНДАН ҚАНДАЙ ЎРНАК ОЛИШИМИЗ МУМКИН? Биз, Иброҳим пайғамбардан ҳатто бошқалар бундай йўл тутишмаса ҳам, Тангри Яҳовага итоат қилиш учун жасоратни ривожлантиришда ўрнак олсак бўлади. Масалан, Муқаддас Китобда айтилганидек, Худованд Яҳовага эътиқод қилганимиз учун эҳтимол, дўстларимиз ёки қариндошларимиз яхши ниятлар билан бизга қаршилик кўрсатишади (Юҳанно 15:20). Агар биз Яҳова ҳақида билган нарсаларга ишонч ҳосил қилсак, эътиқодларимизни «камоли эҳтиром билан» баҳам кўрамиз (1 Бутрус 3:15).

Шунингдек, биз Худонинг ваъдасига, яъни Унга эътиқод қилганларга У ҳамиша ғамхўрлик қилишига ишонамиз. Бундай ишонч моддий нарсалардан кўра, маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйиш учун бизга жасорат ато этади (Матто 6:33). Буни амалда қўллаган бир оиланинг мисолини кўриб чиқайлик.

Иккита ёш ўғли бўлишига қарамай, Даг ва Беки Муқаддас Китобдаги хушхабарни баҳам кўриш учун эҳтиёж катта бўлган давлатга кўчмоқчи бўлишган. Қунт билан изланиш олиб бориб, чин дилдан ибодат қилгандан сўнг улар режаларига биноан йўл тутишга қарор қилишди. «Олдинда бизни нималар кутишидан бехабар бўлиб, кичкинтойларимизни олиб кўчиш учун жасорат керак эди»,— дейди Даг. «Кўчиб ўтиш тўғрисида ўйлаётганимизда, биз Иброҳим билан Соранинг мисолини муҳокама қилдик. Улар Яҳовага таянганлиги, У эса уларни ҳеч қачон ташлаб кетмаганлиги тўғрисида мулоҳаза юритиш, бизга чиндан ҳам ёрдам берди».

Чет давлатдаги ҳаётлари тўғрисида сўз юритиб, Даг: «Биз улкан баракаларга эга бўлдик»,— дейди. Сўнг, давом этиб, шундай дейди: «Бу ердаги ҳаётимиз анча соддалашгани туфайли, биз кунимизни биргаликда ўтказардик — ваъзгўйликка чиқардик, бир-биримиз билан мулоқот қилардик ва ўғилчаларимиз билан ўйин ўйнардик. Бу эркинлик туйғусини бир сўз билан ифодалаш қийин».

Албатта, бундай кескин ўзгаришларни ҳамма ҳам қила олмайди. Бироқ, ҳар биримиз Иброҳим алайҳиссаломдан ўрнак олиб, Худога топинишни биринчи ўринга қўйишимиз ва У бизни қўллаб-қувватлашига ишонишимиз мумкин. Бундай йўл тутиб эса, эътиборимизни Муқаддас Китобдаги мана бу сўзларга қаратган бўламиз: «Жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: “Яҳова менинг ёрдамчим; мен қўрқмайман”» (Ибронийларга 13:5, 6).

[7- саҳифадаги матн парчаси]

Худо берган жасорат билан инсон қўрқувларга қарамасдан ҳаракат қилади

[8- саҳифадаги рамка ва расм]

Художўй аёл ва севикли рафиқа

Сора жуда ҳам имонли кишининг хотини бўлган. Лекин бу художўй аёлнинг ўзи ҳам зўр ўрнак кўрсатган. Муқаддас Китобда художўй аёллар учун ибрат тариқасида бу хотиннинг исми уч марта тилга олинган (Ишаё 51:1, 2; Ибронийларга 11:11; 1 Бутрус 3:3–6). Гарчи ушбу эътиборга лойиқ аёл ҳақида Муқаддас Ёзувларда кўп маълумот берилмаган бўлса-да, бу бизнинг хаёлимизда унинг чиройли тасвирини яратади.

Мисол учун, Иброҳим Сорага Худонинг Ур шаҳрини тарк этиш амрини айтганида, унинг бунга қандай муносабат кўрсатганини бир ўйлаб кўринг. Уни қаерга ва нима учун жўнаб кетишаётгани қизиқтирганми? У моддий эҳтиёжлари ҳақида ташвишланганми? У қолдириб кетаётган дўстлари, оила аъзолари билан энди қачон учрашиш имкони бўлади, умуман олганда уларни яна кўрармиканман, деб қайғурганми? Шубҳасиз, бундай кечинмалар унинг хаёлидан ўтган. Шунга қарамасдан, у Яҳова унга итоакорлиги учун барака беришига умид қилиб, тайёрлик ила йўлга чиққан (Ҳаворийлар 7:2, 3).

Худонинг итоаткор хизматчиси бўлишдан ташқари, Сора яна зўр хотин ҳам бўлган. Сора рўзғорни тебратиш бўйича эри билан рақобатчилик қилмаган, аксинча, уни чин юракдан ҳурмат қилиб, оилани бошқаришида меҳр ила қўллаб-қувватлаган. Шундай йўл тутиб, у ўзини гўзал фазилатлар билан безатган (1 Бутрус 3:1–6).

Бугун ҳам хотинлар бундай хусусиятларга эга бўлишлари мумкинми? «Соранинг ўрнагидан мен эримга бемалол гапиришим ва нуқтаи назаримни ифодалашим мумкинлигини ўргандим»,— дейди турмуш қуриб 30 йилдан бери бахтли умр кечираётган Жилл исмли аёл. «Айни пайтда,— деб давом этади у — эрим оила боши бўлгани учун сўнгги қарорни у чиқаради. Менинг вазифам эса бу қарорни амалга оширишдир».

Эҳтимол, Соранинг ўрнагидан яна шуни ўрганишимиз мумкин: Сора жуда ҳам гўзал аёл бўлган, лекин ташқи чиройи уни мағрур қилиб қўйишига йўл қўймаган (Ибтидо 12:10–13). Аксинча, у турмушларининг қувончли ва қайғули дамларида ҳазрати Иброҳимни камтарлик ила қўллаб-қувватларди. Дарҳақиқат, Иброҳим билан Сора садоқатли, камтарин ва меҳрибон жуфтлик бўлган ҳамда бир-биридан барака кўришган.