Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Афсусланмасдан хизмат қилиш

Афсусланмасдан хизмат қилиш

Ортда қолган нарсаларни эсдан чиқариб, олдинга қараб зўр бериб чопяпман. ФИЛИП. 3:13

1–3. а) Афсусланиш нима ва у бизга қандай таъсир қилиши мумкин? б) Павлусдан, Худога пушаймонсиз хизмат қилиш борасида нимани ўргансак бўлади?

ОДАМЛАР тез-тез: «Эҳ, қанийди»,— деган сўзни ишлатишади. Бу, улар нимадандир афсусланишаётганидан далолат беради. «Афсусланиш» — қилган ёки қилинмаган бирон иш учун қайғуришни англатади. Барчамизда бирор ишни қилиб қўйиб, кейин эса уни тўғрилашни истаган пайтимиз бўлган. Сиз ҳам қилган бирор ишингиз учун афсусланасизми?

2 Баъзи одамлар ҳаётларида аянчли хатоларни, ҳатто жиддий гуноҳларни содир этишади. Айримлар ёмон ишларга қўл урган бўлишмаса-да, ҳаётларида тўғри қарорлар чиқаришганидан шубҳаланишади. Бошқа кишилар, ўтган қилмишларини ортда қолдиришга муваффақ бўлиб, ҳаётларини давом эттиришади. Баъзи бирлари эса ўтмишлари ҳақида «эҳ, қанийди», деб ўзларини койиб кун кечиришади (Заб. 50:3). Сиз-чи? Сиз Аллоҳга афсусланмасдан хизмат қилишни истайсизми? Биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган бирор ҳаётий мисол борми? Албатта бор ва у ҳам бўлса, Павлуснинг мисолидир.

3 Ҳаёти давомида Павлус оғир хатоларга йўл қўйган, лекин доно қарорлар ҳам чиқарган. У ўтмишидан чуқур афсусланган, аммо Худога самарали хизмат қилишга ўрганган. Келинг, унинг ўрнагидан нимани билиб олишимизни кўриб чиқайлик.

ПАВЛУСНИНГ ҚАЙҒУЛИ ЎТМИШИ

4. Ҳаворий Павлус ўтмишдаги қайси қилмишларидан афсусланган?

4 Ёш фарзий сифатида Павлус, кейинчалик афсусланган ишларни қилган. Масалан, у Масиҳнинг шогирдларига қарши шиддатли қувғинлар уюштирган. Муқаддас Китобга кўра, таъқиб қилувчилар Стефанни ўлдиришганидан сўнг, «Шоул [кейинчалик Павлус дея танилган] жамоатга зулм ўтказарди. У уйларга  бостириб кириб, эркагу аёлларни судраб чиқар ва қамоққа ташларди» (Ҳавор. 8:3). Альберт Барнз исмли илоҳиётшуноснинг айтишича, «зулм ўтказиш» деб таржима қилинган юнонча сўз, Шоул масиҳийлар жамоатига «йиртқич ҳайвон сингари» ғазаб ила ҳамла қилган деган маънони беради. Художўй яҳудий бўлган Павлус, масиҳийларни йўқ қилишни Аллоҳ олдидаги бурчи деб ҳисоблаган. Шу боис, у масиҳийларни шафқатсизларча таъқиб қилиб, «эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар», уларни ўлдириш истагида юрган (Ҳавор. 9:1, 2; 22:4) *.

5. Шоулни, Исонинг шогирдларини қувғин қилишдан нима тўхтатганини тушунтиринг.

5 Бир куни Шоул, Исонинг шогирдларини уйларидан ҳайдаб чиқариб, уларни Олий Кенгашда жазолаш учун Қуддусга судраб олиб бормоқчи бўлади. Лекин, имонлилар жамоатининг Боши бўлмиш Исо уни тўхтатиб қолади (Эфес. 5:23). Шоул Дамашққа кетаётганда, Исо унга қаршилик кўрсатади ва осмондан нур ёғилиб Шоул кўр бўлиб қолади. Кейин Исо, Шоулга Дамашққа бориб, йўл-йўриқ берилишини кутишни айтади. Сўнг нималар юз берганини, Муқаддас Китобдан билиб олса бўлади (Ҳавор. 9:3–22).

6, 7. Павлус жиддий хатолар қилганини тан олганини нимадан кўрса бўлади?

6 Павлус масиҳий бўлганидан сўнг, унинг қадриятлари ўзгарди. У масиҳийларнинг шафқатсиз душманидан, уларнинг ғайратли ҳимоячисига айланди. Шундай бўлса-да, Павлус ўзи ҳақида кейинчалик қуйидагиларни айтган: «Албатта сизлар, яҳудий динида бўлганимда қандай йўл тутганимни, Аллоҳнинг жамоатини шиддат билан таъқиб этиб, тўзғитиб юрганимни эшитгансизлар» (Галат. 1:13). Вақт ўтиб, коринфликларга, филиппиликларга ва Тимўтийга хат ёзганида, у яна ўзининг қайғули ўтмишини эслатиб ўтган (1 Коринфликларга 15:9 ни ўқинг; Филип. 3:6; 1 Тим. 1:13). Павлус бундай ишларни қилганидан уялган, лекин у ўзини ҳеч қачон бу ишларни қилмагандек тутмаган. У жиддий хатоларга йўл қўйганини тан олган (Ҳавор. 26:9–11).

7 Илоҳиётшунос Фредерик Фаррарнинг ёзишича, Павлус масиҳийларни қаттиқ қувғин қилгани ҳақида ўйлаганимизда, бошқалар уни қанчалик танқид қилишганини ва у роса қайғурганини тушуна оламиз. Павлус турли жамоатларга борганда, илк бор уни кўрган биродарлар, эҳтимол шундай дейишгандир: «Ҳа, ўша Павлус сиз экансиз-да! Сиз, бизларни шиддат билан таъқиб қилган кишилардан бирисиз!» (Ҳавор. 9:21).

8. Павлус, Яҳованинг ва Исонинг унга нисбатан намоён этган раҳм-шафқати ҳамда севгиси туфайли нималарни ҳис қилган ва бундан биз қандай сабоқ олсак бўлади?

8 Бироқ Павлус фақатгина Худонинг инояти туфайли хизматини бажара олишини тушунган. У Муқаддас Китобнинг бошқа ёзувчиларига қараганда, ўзининг 14 та мактубида Худонинг раҳм-шафқат фазилатини тахминан 90 марта эслатиб ўтган (1 Коринфликларга 15:10 ни ўқинг). Павлус унга раҳм-шафқат кўрсатилганини беҳад қадрлаган ва Аллоҳнинг иноятига бўлган миннатдорчилигини кўрсатишни истаган. Шунинг учун, у барча ҳаворийлардан фарқли равишда «кўпроқ меҳнат қилган». Павлуснинг мисолидан нимани ўргансак бўлади? Агар Исонинг қурбонлигига ишониб, гуноҳларимизни тан олсак ва нотўғри ишларни қилмасак, Яҳова бизнинг жиддий гуноҳларимизни ҳам кечиришга тайёр бўлади.  Шундай экан, гуноҳим шу қадар оғирки, Исонинг тўлов қурбонлиги орқали кечирилмайди, деб ўйлаётган бўлсангиз, Павлуснинг мисолини эсланг (1 Тимўтийга 1:15, 16 ни ўқинг). Павлус Масиҳни ҳатто қаттиқ таъқиб қилганига қарамай, Исо уни севгани ва у учун ўзини фидо қилгани ҳақида ёзган (Галат. 2:20; Ҳавор. 9:5). Дарҳақиқат, Павлус қай йўсин ҳеч нимадан афсусланмасдан хизмат қилиш кераклигини билиб олган. Хўш, ўзингизга қандай хулоса чиқардингиз?

Павлус афсусланмасдан қандай хизмат қилишни билиб олган

СИЗ ҲАМ НИМАДАНДИР АФСУСЛАНЯПСИЗМИ?

9, 10. а) Нима сабабдан баъзи масиҳийлар афсусланишади? б) Нега ўтмишдаги хатолар дастидан ташвишланиб юриш яхши эмас?

9 Қачонлардир қилган ишингиздан афсусланасизми? Қадрли вақт ҳамда кучингиз нотўғри нарсаларга кетганидан пушаймон бўласизми? Оқибатда бошқаларга зарар келтирган биронта иш қилганмисиз? Балки бошқа сабабларга кўра, ёмон ҳиссиётларни бошдан кечираётгандирсиз. Агар шундай бўлса, нима қилишингиз керак?

10 Кўп одамлар доимо ташвишланиб юришади. Улар, қилган хатоларини қайта-қайта ўйлаб, қайғуришади ва безовта бўлишади. Биронта муаммони ўйлайвериб, уни ҳал этиш мумкинми? Асло! Тасаввур қилинг, сиз соатлаб арғимчоқда учиб бор кучингизни сарфлаяпсиз, лекин жойингиздан ҳеч қаерга силжимаяпсиз. Худди шундай, ташвишланиб юришнинг ўрнига, муаммони ечиш учун қўлингиздан келганини қилинг. Кимнидир ранжитган бўлсангиз, яхши муносабатни тиклаш учун ундан кечирим сўрашингиз мумкин. Нега бундай хатога йўл қўйганингиз ҳақида ўйланг ва уни бошқа такрорламасликка ҳаракат қилинг. Эҳтимол, шунда хатоларингизнинг оқибатларини енгиб ўтиш осонроқ кечар. Аммо ўтмишда қилган хатолар дастидан ташвишланиб юриш, сизга ёрдам бермайди. Боз устига бу, Худога ғайрат ила хизмат қилишингизга тўсқинлик туғдиради!

11. а) Қандай қилиб Яҳованинг раҳм-шафқати ва меҳр-иноятига эга бўлишимиз мумкин? б) Хотиржамликка эришишимиз учун, қайси эслатмага амал қилишимиз даркор?

 11 Айримлар ўтмишдаги хатолари дастидан шунчалик қаттиқ сиқилишадики, ўзларини Худонинг назарида арзимас деб ҳис қилишади. Улар жиддий ёки кўп хато қилганман, деб ўзларини Аллоҳнинг раҳм-шафқатига нолойиқ ҳисоблашади. Ўтмишда қандай хато қилишганидан қатъи назар, улар тавба қилишлари, ўзгаришлари ҳамда кечирим сўрашлари мумкин (Ҳавор. 3:19). Яҳова раҳм-шафқати ва меҳр-иноятини кўпчиликка кўрсатганидек, бундай инсонларга ҳам намоён эта олади. Яҳова камтарин, ростгўй ва чин дилдан тавба қилганларга марҳаматлидир. Масалан: «Бошимга тупроғу кул сочиб, тавба қилдим»,— деб айтган Аюбни Худо кечирган (Аюб 42:6). Барчамиз хотиржамликка эга бўлишимиз учун, қуйидаги муҳим эслатмага амал қилишимиз керак: «Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади» (Ҳик. 28:13; Ёқб. 5:14–16). Шундай қилиб, Худонинг олдида гуноҳларимизни тан олиб, бизни кечиришини сўрайлик ва қилмишимизни тўғрилашга қадамлар қўяйлик (2 Кор. 7:10, 11). Агар шундай йўл тутсак, «юраги кечиримга бой» Шахснинг раҳм-шафқатидан баҳра оламиз (Ишаё 55:7).

12. а) Виждон азобидан қутулишга Довуднинг мисоли бизга қандай ёрдам беради? б) Қайси маънода Яҳова афсусланади ва буни билиш бизга қандай кўмаклашади? (рамкага қ.)

12 Худо бизга ёрдам беришида ибодат муҳим ўринни эгаллайди. Довуд ибодатда чуқур ҳис-туйғуларини ажойиб тарзда ифода этганини Забурда ўқишимиз мумкин (Забур 31:1–5 ни ўқинг). У қилган гуноҳини тан олмагани сабабли, виждон азобига дучор бўлган. Довуд жисмонан ва ақлан қайғуриб, оқибатда қувончини йўқотган. Худонинг олдида гуноҳини тан олгани учунгина, у кечиримга ва тинчликка эга бўлган. Яҳова Довуднинг ибодатига жавоб берган ва ҳаёти давомида уни қўллаб-қувватлаган. Сиз ҳам чин дилдан ибодат қилсангиз, Яҳова илтижоларингизга эътибор қаратишига амин бўлишингиз мумкин. Агар ўтмишдаги хатолар сизни ташвишлантираётган бўлса, уларни тўғрилашга қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг ҳамда Яҳова сизни кечиришига ишонинг (Заб. 85:5).

КЕЛАЖАККА БОҚИБ ЯШАНГ

13, 14. а) Диққатимизни нимага қаратишимиз керак? б) Қайси саволлар ўз ҳаётимизни таҳлил қилишга ёрдам беради?

13 Ҳаётни ўтмишга қараб тушунса бўлади, лекин фақат келажакка боқибгина яшаш мумкин, деб айтишади. Шундай экан, ўтмишимиз ҳақида ташвишланиб юрмасдан, диққатимизни ҳозирги пайтга ва келажакка қаратишимиз даркор.  Ўзингиздан сўранг: «Ҳозир чиқараётган қароримдан, йиллар ўтиб афсусланаманми? Бирон ишни бошқача қилиш истагим бўладими? Худога содиқ хизмат қилаётганим учун келажакда ҳеч нимадан афсусланмайманми?»

14 Буюк қайғу яқинлашиб келаётган экан, ўзимизга шундай саволлар берсак оқилона бўлади: «Худога кўпроқ хизмат қила оламанми? Имконим бўлса-да, нега кашшофлик қилмаяпман? Жамоат хизматкори бўлиб хизмат қилишимга нима халақит беряпти? Янги ўзликни кийиб олиш учун астойдил ҳаракат қиляпманми? Яҳова мени Ўзининг янги дунёсида кўришни истайдими?» Бундай саволлар устидан шунчаки ташвишланишнинг ўрнига, биз улар ёрдамида ўзимизни таҳлил қилиб, Яҳовага ғайрат ила хизмат қилаётганимизга амин бўлайлик. Шу билан бирга, ҳозир, келажакда афсусланмайдиган қарорларни чиқарайлик (2 Тим. 2:15).

МУҚАДДАС ХИЗМАТНИ АДО ЭТАЁТГАНИНГИЗДАН АФСУСЛАНМАНГ

15, 16. а) Кўп инсонлар Худонинг хизматини биринчи ўринга қўйиш учун қандай фидойиликларга боришяпти? б) Аллоҳнинг хизматига кўпроқ вақт ажратаётганингиздан нега афсусланмаслигингиз керак?

15 Яҳовага тўла вақт хизмат қилаётган фидойи инсонлар ҳақида нима деса бўлади? Эҳтимол, сиз ҳам юқори мартаба ёки даромадли ишдан воз кечиб, ҳаёт тарзингизни соддалаштиргандирсиз ва кўпроқ вақтингизни Худонинг хизматига бағишлагандирсиз. Ёхуд сиз байтилчи, тўла вақтли махсус ваъзгўй, кўчма нозир бўлиш ёки халқаро қурилиш ишида қатнашиш учун турмуш қурмасликка ёки турмуш қурсангиз ҳам, бола кўрмасликка қарор қилгандирсиз. Яҳовага хизмат қилиб ёшингиз ўтиб қолганида, мазкур қарорларни чиқарганингиздан афсусланишингиз керакми? Сиз қилган қурбонликлар кераксиз ёки беҳуда бўлган, деб ҳисоблашингиз ўринлими? Асло!

16 Ушбу қарорларни чиқаришга, Яҳовага бўлган севгингиз ҳамда Унга хизмат қилишни истаган инсонларга ёрдам бериш хоҳишингиз ундаган. Ҳаётим бошқача бўлганида яхшироқ яшардим, деб ўйламаслигингиз керак. Кечирган ҳаётингиз тўғри эканини билиш, сизга мамнуният бахш этади. Яҳовага хизмат қилишга бор кучингизни бағишлаганингиздан бахтиёр бўлишингиз мумкин. Фидокорона ҳаёт кечирганингизни У эсдан чиқармайди. «Ҳақиқий ҳаёт» бўлганида, Худо тасаввур қилганингиздан ҳам кўпроқ баракалар билан сизни мукофотлайди! (Заб. 144:16; 1 Тим. 6:19).

ҚАЙ ЙЎСИН АФСУСЛАНМАСДАН ХИЗМАТ ҚИЛСА БЎЛАДИ?

17, 18. а) Афсусланмасдан Худога хизмат қилиш учун Павлусга нима кўмаклашган? б) Павлуснинг мисолига қандай тақлид қила оласиз?

17 Павлусга афсусланмасдан Худога хизмат қилиш учун нима ёрдам берган? У ўтмиши дастидан ташвишланиб юрмасдан, мукофотга эришиш учун кўп меҳнат қилгани ҳақида айтган (Филиппиликларга 3:13, 14 ни ўқинг). Павлус, яҳудий динида бўлганида қилган нотўғри ишлари учун сиқилиб юрмаган. Бунинг ўрнига, у бор кучини содиқ қолишга сарфлаган, чунки шу йўсин абадий ҳаёт мукофотига эга бўлиши мумкин эди.

18 Павлуснинг айтганларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Ўтмишда қилинган ва биз ўзгартира олмайдиган нарсаларни ўйлаб азобланиб юришдан кўра, келажакка боқиб яшашимиз керак. Ўтмишдаги хатоларни бутунлай унута олмасак-да, ушбу хатоларни деб ўзимизни койимаслигимиз даркор. Ўтмишни ортда қолдиришга интилиб, жон-жаҳдимиз билан Тангрига хизмат қилиб, ажойиб келажакка кўз тикиб яшайлик!

^ 4- х.б. Муқаддас Китобда, Павлус таъқиб қилганлар орасида аёллар бўлганлиги кўп маротаба айтилган. Бу, ҳозирги кундагидек биринчи асрда ҳам ваъзгўйлик хизматида кўпгина аёллар қатнашганини кўрсатиб турибди (Заб. 67:12).