Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қалбингизда Яҳовани билиш истаги бўлсин!

Қалбингизда Яҳовани билиш истаги бўлсин!

Қалбларига Мени билиш истагини соламан, улар Мени, Эгамиз, деб тан оладилар... Улар Менинг халқим. ЕРМ. 24:7

1, 2. Нега айримлар анжирга қизиқишади?

ЭНДИГИНА узилган ёки қуритилган анжирни яхши кўрасизми? Аксарият киши анжирни яхши кўргани туфайли, у кўп ерларда етиштирилади. Қадимги яҳудийлар ҳам анжирни хуш кўришган (Нох. 3:12; Луқо 13:6–9). Анжир кўпгина фойдали хусусиятларга эга. Айримларнинг айтишича, анжир юракка жуда фойдали экан.

2 Бир сафар Тангри Яҳова юракни анжир билан таққослаган. Аммо Аллоҳ том маънодаги анжирнинг фойдали хусусиятлари ҳақида гапирмаган. У мажозий маънода гапирган. Яҳованинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзлари бизнинг ва яқинларимизнинг қалбида нима борлигини аниқлашга ёрдам беради. Унинг сўзларини кўриб чиқаётиб, улар биз масиҳийлар учун нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўринг.

3. Еремиё китобининг 24- бобида ёзилган анжирлар нимани англатади?

3 Келинг, аввалига Худо Еремиё пайғамбар даврида анжир ҳақида нима деганини билиб олайлик. Мил. авв. 617- йилда Яҳудо халқининг маънавий аҳволи ёмон эди. Тангри келажакка оид битта ваҳий берган. Ваҳийда яхши ва ёмон анжирлар кўрсатилган эди (Еремиё 24:3 ни ўқинг) *. Ёмон анжирлар, шоҳ Зидқиёни ва унга ўхшаган бошқа кишиларни англатар эди. Улар шоҳ Навухадназар ҳамда унинг аскарлари томонидан ёмон муносабатга дуч келишган. Унда асирликка олиб кетилган Ҳизқиё, Дониёр ва унинг учта дўсти ҳамда кейинчалик асирликка олиб кетилган яҳудийларни нима билан таққослаш мумкин? Улар яхши анжирларга ўхшар эди. Уларнинг қолган қисми кейинчалик Қуддусни ҳамда маъбадни тиклаш учун ўз юртига қайтди (Ерм. 24:8–10; 25:11, 12; 29:10).

4. Яхши анжирлар борасида Аллоҳнинг айтган сўзлари қандай қилиб бизга далда бўла олади?

 4 Яхши анжирлар сифатида тасвирланган кишиларга Яҳова шундай деган: «Қалбларига Мени билиш истагини соламан, улар Мени, Эгамиз, деб тан оладилар... Улар Менинг халқим... бўлишади» (Ерм. 24:7). Бу мақоламизнинг очқич ояти бўлиб, руҳимизни кўтаради! Аллоҳимиз ҳар биримизнинг қалбимизга Уни билиш истагини солишга тайёр. Бу вазиятда «қалб» сўзи кишидаги мойиллик билан боғлиқ. Шубҳасизки, сиз ҳам бундай юракка эга бўлишни ва Худо халқининг бир қисми бўлишни истайсиз. Бунинг учун муайян қадамлар қўйиш лозим. Масалан, Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилиш ва билиб олганларни амалда қўллаш керак. Қолаверса, тавба қилиб, Худога қайтиш ва ҳаётимизни Унга бағишлаб, Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмиш талаб этилади (Мат. 28:19, 20; Ҳавор. 3:19). Сиз аллақачон ушбу қадамларни қўйган бўлсангиз керак. Ёки мунтазам равишда Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнаб, энди бу қадамларни қўймоқчимисиз?

5. Еремиёнинг қалб ҳақидаги гапирганлари асосан кимга қаратилган эди?

5 Юқорида айтиб ўтилган қадамларнинг айримларини қўйдикми ёки ҳаммасиними, келинг, муносабат ва хулқ-атворимизга диққатли бўлайлик. Нима учун? Еремиё қалб борасида яна нималар деганини кўриб чиқиб, бу саволга жавоб топасиз. Еремиё китобининг айрим боблари Яҳудо атрофида яшаган халқлар ҳақида ёзилган. Аммо асосий эътибор, бешта шоҳ бошқарган пайтда яшаган Яҳудо халқига қаратилган (Ерм. 1:15, 16). Ҳа, Еремиёнинг сўзлари асосан Яҳовага бағишланган эркак, аёл ва болаларга қаратилган эди. Уларнинг ота-боболари ўз хоҳишлари билан Аллоҳнинг халқи бўлишган (Чиқ. 19:3–8). Еремиёнинг даврида халқ Аллоҳга бағишланган эканини яна бир бор тасдиқлаган. Буни улар қуйидаги сўзлар билан кўрсатишган: «Олдингга қайтяпмиз, ахир, Эгамиз Худо Сенсан» (Ерм. 3:22). Шундай бўлса-да, уларнинг қалби қандай ҳолатда эди?

ҚАЛБЛАРИНИ СУННАТ ҚИЛИШЛАРИ КЕРАК

6. Аллоҳнинг қалб борасидаги гапларига нима учун айниқса диққатли бўлишимиз лозим?

6 Бугунги кунда шифокорлар замонавий технология ёрдамида, юракнинг ҳолатини ва унинг фаолиятини назорат қила олишади. Яҳова эса Еремиё даврида бўлганидек, инсоннинг қалб ҳолатини ёки ички дунёсини кўра олади. Бу борада У малакали эканини қуйидаги сўзлар кўрсатяпти: «Қалб ўта алдамчи ва беқарордир. Ким уни англай олар экан? Мен Яҳова, ҳар бир одамга юрган йўлига, қилган ишига яраша тегишлисини бериш учун юрагини текшираман, ўй-фикрларини синайман» (Ерм. 17:9, 10, ЯДТ). «Юракни текшириш» деганда, 70 ёки 80 йил ичида тахминан уч миллиард марта урадиган том маънодаги юракни текширадиган тиббий кўрик тушунилмайди. Аксинча, Яҳова қалбни, яъни истакларни, фикрларни, мойилликни, муносабатни ва мақсадларни ўз ичига олган одамнинг ички дунёсини назарда тутган. Сизда ҳам шундай қалб бор. Аллоҳимиз уни текшира олади ва сиз ҳам қайсидир даражада буни қила оласиз.

7. Еремиё ўз давридаги аксарият яҳудийларнинг қалбини қандай тасвирлаган?

7 Бундай текширувга тайёргарлик кўраётиб, қуйидаги савол устидан мулоҳаза юритиб кўрсак бўлади: «Еремиёнинг давридаги яҳудийларнинг қалби қандай ҳолатда бўлган?» Жавоб бериш учун Еремиё қўллаган ўзгача иборани муҳокама қилайлик: «Исроил халқининг... юраги суннат қилинмаган». У Исроил эркакларидан талаб қилинган том маънодаги суннатни назарда тутмаган. Аксинча мана бундай деган: «Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, юраги эса суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман». Демак, ҳатто суннат қилинган яҳудий эркакларнинг «юраги... суннат қилинмаган» экан (Ерм. 9:25, 26). Бу нимани англатарди?

8, 9. Аксарият яҳудийлар юрагини нима қилиши керак эди?

 8 Аллоҳ яҳудийларни нима қилишга чорлаганига эътибор қаратсак, «юраги... суннат қилинмаган» дегани нимани англатишини тушуниб оламиз: «Эй Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси... юрагингизни суннат қилинг. Акс ҳолда, ёвуз қилмишингиз учун ғазабимни устингизга... ёғдираман». Уларнинг ёвуз қилмишлари қаердан чиққан? Уларнинг ичидан, яъни қалбидан чиққан (Марк 7:20–23 ни ўқинг). Ҳа, Еремиё орқали Худо яҳудийларнинг ёвуз қилмишларининг сабабини аниқлаган. Уларнинг қалби ўжар ва исёнкор эди. Қолаверса, уларнинг нияту фикри Яҳовага номаъқул бўлган (Еремиё 5:23; 7:24 ни ўқинг) *. Худо уларга шундай деган эди: «Ўзингизни Мен, Эгангизга, бағишланг, юрагингизни суннат қилинг» (Ерм. 4:4; 18:11, 12).

9 Еремиёнинг давридаги яҳудийлар ва ҳатто Мусонинг замондошлари ҳам қалбини суннат қилиши лозим эди (Қонун. 10:16; 30:6). «Юрагингизни суннат қилинг» деган сўзларга яҳудийлар қандай амал қилиши мумкин эди? Улар Яҳованинг амрларига эътиборсиз бўлишга олиб келадиган ҳар қандай фикрлардан, истаклардан ёки ниятлардан халос бўлиши керак эди (Ҳавор. 7:51).

РАМЗИЙ ҚАЛБИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ

10. Довуд қалбини қай йўсин текширган ва биз унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

10 Худойимиз қалбимизни текшириш қобилиятини берганидан жуда миннатдормиз. Яҳовага хизмат қилаётган халқ эканмиз, қалбимиз ҳақида ташвишланишимиз керакми? Тўғри, жамоатдагиларнинг аксарияти Яҳовага садоқат ила хизмат қилиб, пок хулқ-атворга эга. Улар ёмон анжир бўлиб қолишмаяпти. Аммо Довуднинг Яҳовага айтган мана бу сўзларини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим: «Текшириб кўр мени, эй Эгам, юрагимни бил, синаб кўр мени, ташвишларимни бил. Билгин-чи, менинг бирон қабиҳлигим бормикан?» (Заб. 16:3; 138:23, 24).

11, 12. а) Нега ҳар биримиз ўз қалбимизни текширишимиз керак? б) Яҳова нима қилишини кутмаслик керак?

11 Яҳова ҳар биримиз Унга маъқул бўлишимизни ва шундайлигича қолишимизни истайди. Одил кишилар борасида Еремиё шундай сўзларни айтган: «Эй Сарвари Олам, сен солиҳ кишини синайсан, одамнинг дилини, ўй-хаёлини биласан» (Ерм. 20:12). Сарвари Олам одил кишиларнинг қалбини текширар экан, наҳотки биз ўзимизни виждонан текшириб турмасак? (Забур 10:5 ни ўқинг). Шундай йўл тутсак, қалбимиз тубидаги тўғрилашимиз керак бўлган муносабат, мақсад ёки туйғуларни кўра оламиз. Дейлик, қандайдир нарса юрагимизнинг сезгирлигини камайтираётган бўлса, унда юрагимизни суннат қилишимиз, яъни ўша нарсани йўқ қилишимиз керак. Агар сиз қалбингизни текшириш муҳим эканини тушунсангиз, у ҳолда нимага эътибор қаратишингиз керак? Керакли чораларни қандай кўришингиз мумкин? (Ерм. 4:4).

12 Битта нарсани аниқ айтиш мумкин: Яҳова куч ишлатиб бизни ўзгартиришини кутмаслик керак. У, яхши анжирлар билан таққосланган кишиларнинг қалбларига Уни билиш истагини солиши ҳақида айтган. Яҳова  куч ишлатиб уларнинг қалбини ўзгартираман, деб айтмаган. Бундай кишиларда Худони билиш истаги бўлиши керак. У ҳолда бизда ҳам шундай истак бўлиши керак эмасми?!

Қалбни текшириб, ундаги нотўғри истакларни тўғрилаб турсак, баракаларга эга бўламиз

13, 14. Масиҳийнинг қалби ўзига қандай хавф туғдириши мумкин?

13 Ҳазрати Исо айтгандай, «ёмон ниятлар, қотиллик, зинокорлик, фоҳишабозлик, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва куфрона сўзлар юракдан чиқади» (Мат.15:19). Мисол учун, агар биродарнинг сезгирлигини йўқотган юраги уни турмуш ўртоғига хиёнат қилишга ёки зино қилишга ундаса ва у тавба қилмаса, у Аллоҳнинг марҳаматидан бутунлай маҳрум бўлади. Лекин киши бундай қилмишларга қўл урмаса ҳам, эътимол у қалбида шундай нотўғри истак илдиз отишига йўл қўйиши мумкин (Матто 5:27, 28 ни ўқинг). Ана шу вазиятда қалбни текшириб кўриш фойдали бўлади. Юрагингизни диққат билан ўрганиб чиққач, Тангри қоралайдиган ва қалбдан суғуриб ташлаш керак бўлган яширин истак, яъни ўзга жингсдаги кишига нисбатан ноўрин туйғулар борлигини пайқадингизми?

14 Эҳтимол биродар том маънода «қотиллик» қилмоқчи эмасдир, аммо дилида биродарига нисбатан гина сақлаб юрса, имондошидан нафратланиб қолиши мумкин (Лев. 19:17). Хўш, қалбидаги бундай ҳиссиётларни суғуриб ташлашга ҳаракат қиладими? (Мат. 5:21, 22).

15, 16. а) Масиҳийларнинг қалби қанақасига «суннат қилинмаган» бўлиши мумкин? Мисол келтиринг. б) Яҳова «юраги суннат қилинмаган»ларни нима учун хуш кўрмайди?

15 Яхшиямки, аксарият масиҳийларнинг қалбида бундай муаммо йўқ. Бироқ, Исо «ёмон ниятлар» ҳақида гапирган эди. Бундай нуқтаи назар ёки муносабат ҳаётнинг кўпгина соҳасига таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Масалан, киши оиласига бўлган садоқат борасида нотўғри нуқтаи назарга эга бўлиши мумкин. Айтайлик масиҳий «охирзамон» одамлари каби бўлмай, ўз яқинларига меҳрини оширишни истайди (2 Тим. 3:1, 3). Натижада, бу туйғуни намоён этишда мувозанатсиз бўлиб қолади. Кўпчилик «қон сувдан қуюқроқ бўлади», дейишади. Бундайлар оила аъзоларига биронтаси қарши бўлиб қолса, ҳимоя қилиши ёки тарафини олиши мумкин. Динанинг акаларини айнан шунақа кучли туйғулар бошқарган (Ибт. 34:13, 25–30). Абсаломнинг қалбидаги туйғулар, ўгай акаси Омнўнни ўлдиришига сабаб бўлди (2 Шоҳ. 13:1–30). Бу воқеанинг ортида «ёмон ниятлар» турган эди, деса бўладими?

16 Тўғри, бугунги кунда Худонинг хизматчилари қотиллик қилишмайди. Шундай бўлса-да, яқинларидан бирига имондоши ҳурматсизлик кўрсатса ёки шундай туюлса гина сақлаб юришадими? Улар бундай имондошлариникига на меҳмонга боришади на меҳмончиликка чақиришади (Иброн. 13:1, 2).  Кучли салбий туйғулар ва меҳмондўстлик йўқолиши, ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу севги етишмаслигидан далолат беради ва буни оқлаб бўлмайди. Дарҳақиқат, қалбларни Текширувчи «суннат қилинмаган» қалбнинг ҳолатини кўра олади (Ерм. 9:25, 26). Шунинг учун: «Юрагингизни суннат қилинг», деган Яҳованинг чорловини эсда тутинг (Ерм. 4:4).

ЯҲОВАНИ БИЛАДИГАН ҚАЛБГА ЭГА БЎЛИНГ ВА УНИ АСРАНГ

17. Яҳовадан қўрқиш қандай қилиб сезгир қалбга эга бўлишимизга кўмаклашади?

17 Айтайлик қалбингизни текшириб кўрганингизда, Яҳованинг йўл-йўриқларига тезда итоат қилмаётганингизни сезиб қолдингиз. Эҳтимол қалбингиз қайсидир маънода «суннат қилинмаган»дир? Балки бошқалар сиз ҳақингизда қандай фикрда бўлишдан ташвишланаётгандирсиз? Машҳур бўлиш ёки бойиш истаги пайдо бўлгандир? Эҳтимол ўзингизда ўжарлик ёки ўзиникида туриб олиш мойиллиги борлигини пайқагандирсиз? Бу сиз билан биринчи марта бўлмаётгандир (Ерм. 7:24; 11:8). Еремиё ўз давридаги бевафо яҳудийларнинг қалб ҳолатини назарда тутиб шундай деган эди: «Бу одамлар ўжар ва исёнкордир». У шунингдек қуйидагини ҳам қўшиб қўйган: «Улар ичларида ҳеч қачон айтмайдилар: “Эгамиз Худодан қўрқайлик, У ўз вақтида ёмғир ёғдиради-ку”» (Ерм. 5:23, 24). Агар Яҳовадан қўрқсак, яъни Уни ҳурмат қилсак, қалбимиздаги ҳар қандай ёмонликни суғуриб ташлаймиз. Бундай қўрқув ҳар биримизга Худонинг истагини яхшироқ сезадиган қалбга эга бўлишга кўмаклашади.

18. Янги аҳдга кирганганларга Яҳова қандай ваъда берган?

18 Яҳова билан қанча кўп ҳамкорлик қилсак, У қалбимизга Уни билиши истагини солади. Янги аҳдга кирган мойланганларга У шундай ваъда берган: «Мен қонунимни одамларнинг ичига солиб қўяман, қонунимни юрак лавҳаларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар. Шундан кейин одамлар бир-бирига: “Эгамизни таниб-билинг”, деб айтмайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман”» (Ерм. 31:31–34) *.

19. Масиҳийларни қанақа ажойиб келажак кутмоқда?

19 Биз Яҳованинг ваъдаси амалга ошишини кутяпмиз. Барчамизда Яҳовани билиш истаги бўлиши лозим ҳамда Унинг халқига қўшилишимиз керак. Бироқ Исонинг тўлов қурбонлиги асосида гуноҳларимиз кечирилсагина, биз Яҳовани абадий билиш имкониятига эга бўламиз. Гуноҳларимиз кечирилар экан, биз ҳам бошқаларни кечиришимиз керак, ҳатто буни қилиш қийин бўлса ҳам. Агар бошқалардан ғазабланиб ёки нафратланиб юрган бўлсак, бундай фазилатларни ўзимиздан соқит қилишга интилайлик. Бу билан нафақат Яҳовага хизмат қилмоқчи эканингизни, балки Уни яхшироқ билмоқчи эканингизни кўрсатган бўласиз. Шунда сиз қуйидаги оятда айтилган кишиларга ўхшайдиган бўласиз. Улар ҳақида Яҳова мана нима деган: «Мени излайсизлар ва бутун қалбингиз билан излаганингиз учун, топасизлар. Сизларга Ўзимни топиш имкониятини очиб бераман» (Ерм. 29:13, 14, ЯДТ).

^ 3- х.б. Еремиё 24:3: «Эгамиз мендан: “Еремиё, нимани кўряпсан?”— деб сўради. “Анжирларни”,— деб жавоб бердим мен. “Яхши анжирлар ниҳоятда яхши экан, ёмонлари эса еб бўлмайдиган даражада ириб кетган экан”».

^ 8- х.б. Еремиё 5:23: «Аммо бу одамлар ўжар ва исёнкордир, улар йўлдан озиб, Мени тарк этдилар. Аммо улар итоат қилишни ҳам, қулоқ солишни ҳам хоҳламадилар».

Еремиё 7:24: «Ёвуз юракларининг ўжарликларини қилдилар. Олдинга юрмай, орқага кетдилар».

^ 18- х.б. Янги аҳд мавзуси «Қўриқчи минораси»нинг 2012- йил 15- январь сони 26–30- саҳ. муҳокама қилинган.