Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Доно қарорлар чиқаринг

Доно қарорлар чиқаринг

Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. ҲИК. 3:5

1, 2. Сиз қарорлар чиқаришни яхши кўрасизми ва қарорларингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

БИЗ ҳар куни кўп қарорлар чиқарамиз. Оддий қарорлар чиқаришга нисбатан қандай муносабатдасиз? Баъзилар ўзлари қарор чиқаришни истайди. Улар ўзимиз қарор чиқаришга ҳақлимиз деб, уларнинг ўрнига бошқаси қарор чиқаришини умуман исташмайди. Айримлар бўлса, муҳим қарорлар чиқаришдан қўрқишади. Яна шундай кишилар ҳам борки, улар қандайдир қўлланма ёки маслаҳатчиларга мурожаат қилиб, зарурий маслаҳатни олиш учун катта миқдорда пулларини ҳам аяшмайди.

2 Кўпчилигимиз баъзи қарорларни чиқаришга ҳақли эмасмиз. Бироқ ҳаётимизнинг кўп соҳаларида шахсий қарорлар чиқара олишимиздан хурсандмиз (Галат. 6:5). Шунга қарамай, чиқараётган қарорларимиз оқилона ёки фойдали бўлмаслиги мумкинлигини тан оламиз.

3. Қарорлар чиқаришда қандай йўл-йўриққа эгамиз, бироқ бизга нима қийинчилик туғдириши мумкин?

3 Яҳованинг хизматчилари сифатида, ҳаётимизда муҳим масалаларга тегишли аниқ йўл-йўриқларга эга эканимиздан бахтиёрмиз. Агар бундай йўл-йўриқларга риоя этсак, Яҳовага ёқадиган ва ўзимизга ҳам фойдали бўладиган қарорлар чиқара оламиз. Лекин Худонинг Каломида айтилмаган вазият ҳамда масалаларга дуч келишимиз мумкин. Шундай пайтларда нима қилсак бўлади? Масалан, Муқаддас Китобда ўғрилик қилмаслик керак дейилганини биламиз (Эфес. 4:28). Бироқ айримлар ўзига тегишли бўлмаган нарсани, агар бу нарса жуда қиммат бўлмаса ёки шунга муҳтож бўлишса, уни олишнинг ёмон жойи йўқ деб айтишади. Хўш, аниқ йўл-йўриқ бўлмаган вазиятларда қандай қилиб қарор чиқаришимиз мумкин? Бунда бизга нима ёрдам беради?

 АҚЛИ РАСОЛИК РУҲИГА ЭГА БЎЛИНГ

4. Қарор қабул қилишга нисбатан бизга қандай маслаҳат беришлари мумкин?

4 Муҳим қарор чиқармоқчи эканимизни айтсак, имондошларимиз ақл-идрок билан йўл тутишимиз керак деб маслаҳат беришлари мумкин. Бу албатта, яхши маслаҳат. Муқаддас Китобда бирон қарор чиқаришдан олдин шошмаслик кераклиги ҳақда шундай маслаҳат берилган: «Шошқалоқ камбағалликка учрайди» (Ҳик. 21:5). Бироқ, ақли расолик руҳини намоён этиш нимани англатади? Бу шунчаки вақт ажратиб, ушбу масала бўйича фикр юритишимиз ҳамда ақл-идрокни ишга солишимиз кераклигини билдирадими? Бу барча омиллар, яхши қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради, аммо ақли расолик руҳини намоён этиш учун буларнинг ўзи етарли эмас (Рим. 12:3; 1 Бутр. 4:7).

5. Нега мукаммал даражада ақли расо эмасмиз?

5 Ҳеч биримиз мукаммал даражада ақли расо бўлиб туғилмаганмиз. Нега? Биз гуноҳкор бўлиб дунёга келганимиз учун онгимизу танамиз мукаммалликдан анча йироқ (Заб. 50:7; Рим. 3:23). Боз устига, кўпчилигимиз Шайтон зеҳнини «кўр» қилиб қўйган кишилар қаторида бўлганмиз; ўшанда Яҳовани ва Унинг меъёрларини ҳали билмас эдик (2 Кор. 4:4; Титус. 3:3). Шу боис, чиқарган қароримизни тўғри ва оқилона деб ҳисоблаб, ҳатто бу қарор ҳақда кўп мулоҳаза юритган бўлсак ҳам, ўзимизни алдаган бўлишимиз мумкин (Ҳик. 14:12).

6. Ақли расо бўлишимизга нима ёрдам беради?

6 Бизнинг онгимизу танамиз мукаммалликдан анча йироқ бўлса ҳам, самовий Отамиз Яҳова ҳар томонлама мукаммалдир (Қонун. 32:4). У онгимизни ривожлантиришга ва ақли расо бўлишимизга имкон яратиб беряпти (2 Тимўтийга 1:7 ни ўқинг). Масиҳий эканмиз, фикр юритишимиз ва ҳаракатларимиз оқилона бўлишини истаймиз. Шунинг учун Яҳованинг фикрлаш тарзи, ҳис-туйғуси ҳамда ишларига тақлид қилиб, фикрларимизни назорат қилишимиз зарур.

7, 8. Босим ва муаммолар бўлишига қарамай, тўғри қарор чиқаришимиз мумкинлигини қайси мисол кўрсатяпти?

7 Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Баъзи мамлакатларда, муҳожир ота-оналар ишлаш ва пул топиш учун янги туғилган чақалоқларини она юртига, қариндошларига юборишади *. Мисол тариқасида, чет давлатда яшаб ўғил туққан бир аёлни олайлик. Ўша пайтда у, Муқаддас Китобни ўқиб маънан ўсаётган бўлади. Дўстлари, қариндошлари ҳамда эри унга босим ўтказиб, ўғлини бобоси билан бувисига бериб юборишни айтишади. Лекин у тадқиқ орқали, Яҳова болани катта қилиш масъулиятини ота-онага берганини билиб олади (Заб. 126:3; Эфес. 6:4). Бошқалар тўғри деб ўйлайдиган бундай одатни у ҳам бажариши керакми? У Муқаддас Китобдан билиб олганига мувофиқ йўл тутадими ёки танқидга ва моддий қийинчиликка чидаб яшайдими? Унинг ўрнида сиз нима қилган бўлардингиз?

8 Босим остида қолган бу аёл Яҳовага қалбини тўкиб солади ва Ундан йўл-йўриқ сўрайди. Унга Муқаддас Китобни ўрганишга ёрдам берган киши ва жамоатдаги имондошлар бу масалада Яҳованинг нуқтаи назарини тушунтириб беришади. Шунингдек у, ота-онасидан узоқда яшаш ўғлига ҳиссий жароҳат етказиши мумкинлигини англаб етади. Бу масала бўйича, Муқаддас Китоб асосида мулоҳаза юритиб, у ўғлини бериб юбориш нотўғри бўлади деган хулосага келади. Унинг эри жамоат аъзоларининг биргалашиб ёрдам бераётганини ва ўғли қанчалар хурсанд ҳамда соғлом эканини кўриб, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга  рози бўлади ва хотини билан йиғилишларга боришни бошлайди.

9, 10. Ақли расолик руҳини намоён этиш нимани англатади ва буни қандай қилишимиз мумкин?

9 Бу фақат биргина мисол, лекин у шуни кўрсатяптики, ақли расолик руҳи ўзимизнинг ёки бошқаларнинг фикри билан йўл тутишни англатмайди. Бизнинг номукаммал онгимизу қалбимизни жуда тез ёки секин юраётган соатга ўхшатса бўлади. Унга қараб йўл тутсак, жиддий муаммоларга дуч келишимиз мумкин (Ерм. 17:9). Бундай бўлмаслиги учун, Аллоҳнинг ишончли меъёрлари орқали онгимизни ва қалбимизни текшириб туришимиз зарур (Ишаё 55:8, 9 ни ўқинг) *.

10 Муқаддас Китобда доно бир маслаҳат бор: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди» (Ҳик. 3:5, 6). «Ўз ақл-идрокингга суянма», деган иборага эътибор қаратинг. Бу сўзлардан кейин эса «[Яҳовани] эътироф эт»,— деб айтиляпти. Чунки У, ақли расо бўлган ягона Шахсдир. Демак, бирон қарор чиқаришдан олдин, Худонинг нуқтаи назарини билиш учун Муқаддас Китобга мурожаат қилишимиз зарур. Сўнг шунга мувофиқ қарор чиқаришимиз даркор. Демак, ақли расолик руҳини намоён этиш, Яҳованинг фикрлаш тарзига тақлид қилишни англатади.

ЗЕҲНИНГИЗНИ ИШГА СОЛИНГ

11. Доно қарорлар чиқаришни қандай ўрганиб олиш мумкин?

11 Доно қарорлар чиқаришни ва уларга мувофиқ йўл тутишни ўрганиш осон кечмайди. Бу айниқса энди сувга чўмган ёки маънан ўсишни бошлаган кишиларга қийин кечиши мумкин. Аммо бунга эришса бўлади. Муқаддас Китобда бундай кишилар «чақалоқ» деб айтилган, чунки улар болаларга ўхшаб энди юришни ўрганишяпти. Болалар майда қадамлар ташлаб, тез-тез юришади ва шу йўсин юришни ўрганиб олишади. Доно қарорлар чиқаришни ўрганаётган кишиларни шу болаларга ўхшатса бўлади. Ҳаворий Павлус етук кишилар ҳақда:  «Зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган»,— деб айтган. «Ишга солиш» ҳамда «ўрганган» сўзлари остида доимий равишда ва қайта-қайта ҳаракат қилиш тушунилади. Янгилар айнан шундай йўл тутишлари даркор (Ибронийларга 5:13, 14 ни ўқинг).

Кундалик ҳаётимизда тўғри танловлар қилсак, зеҳнимизни ишга солган бўламиз (11- хатбошига қ.)

12. Доно қарорлар чиқариш қобилиятини қай йўсин ривожлантиришимиз мумкинлигини тушунтиринг.

12 Юқорида айтиб ўтилганидек, биз ҳар куни жиддий ёки оддий қарорлар чиқарамиз. Ўтказилган бир тадқиқотга кўра, ҳаракатларимизнинг 40 фоиздан ошиғи яхши ўйламасдан ва ўрнашиб қолган одатларимиз натижасида қилинади. Масалан, сиз ҳар куни эрталаб нима кийишни ҳал қилишингиз керак. Сиз бунга кичик нарса деб қарашингиз ва кўп ўйлаб ўтирмасдан бирорта кийимни танлашингиз мумкин, айниқса шошилиб турган бўлсангиз. Бироқ Яҳованинг хизматчиси сифатида қандай кийиниш борасида ўйлаб кўришингиз муҳим (2 Кор. 6:3, 4). Кийим сотиб олаётганингизда унинг услуби ҳамда қанчалик замонавий экани ҳақида ўйлашингиз мумкин, лекин унинг нархи ва сиполиги ҳақда нима деса бўлади? Ушбу масалаларда зеҳнимизни ишга солиш тўғри танлов қилишга кўмаклашади. Агар шундай йўл тутсак, бу бизга янада муҳим масалаларда тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради (Луқо 16:10; 1 Кор. 10:31).

ТЎҒРИ ЙЎЛ ТУТИШ ИСТАГИНГИЗНИ КУЧАЙТИРИНГ

13. Қароримизга мувофиқ яшаш учун бизга нима ёрдам беради?

13 Барчамиз биламизки, тўғри қарор чиқариш бошқа-ю, унга мувофиқ яшаш умуман бошқа нарса. Мисол учун, баъзилар тамаки чекишни ташлашни истайдилар, лекин истакнинг ўзи етарли эмас. Чиқарган қарорига мувофиқ яшаш учун улардан нима талаб қилинади? Баъзилар бунинг учун иродали бўлиш керак, дейишади. Инсон иродасини мушакка ўхшатса бўлади. Уни қанча машқ қилсак, у шунчалик кучли бўлади. Агар мушакларимизни тез-тез ишлатмасак, улар сусайиб боради. Хўш, истагимизни кучайтиришга ёки танлаган йўлимизда маҳкам туришга нима ёрдам беради? Биз Яҳованинг мададига таянишимиз зарур (Филиппиликларга 2:13 ни ўқинг).

14. Нима туфайли Павлус зиммасидаги ишни бажара олган?

14 Павлус буни ўз ҳаётий тажрибасидан биларди. У қайғуриб: «Яхшиликни хоҳлашга хоҳлайман-у, лекин қилмайман»,— деб айтган. Павлус нимани истаётганини ва нима қилиш кераклигини тушунарди, лекин баъзида унга нимадир халақит берарди. У шундай деб тан олган: «Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан. Тана аъзоларимда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб, тана аъзоларимдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти». Хўш, унинг вазияти чорасиз эдими? Йўқ, албатта. Павлус: «Аллоҳга шукрлар бўлсин, чунки У Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали мени қутқаради!» — деб айтган (Рим. 7:18, 22–25). Шунингдек у: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деган (Филип. 4:13).

15. Нега тўғри йўл тутишга қатъий қарор қилишимиз керак?

15 Худога маъқул келиш учун тўғри йўл тутишга қарор қилишимиз ва тутган йўлимизда қатъий бўлишимиз даркор. Илёс пайғамбар Баалга сиғинувчиларга ва Худодан юз ўгирган исроилликларга Кармил тоғида шундай деган: «Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди-ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар» (3 Шоҳ. 18:21). Исроил ўғиллари фақат Яҳовага топиниш кераклигини билишарди. Лекин, улар «икки кеманинг учини тутиб юришарди», яъни ҳам Яҳовага, ҳам Баалга топинишга интилишарди. Ёшуа эса улардан  ажралиб турарди. Бир неча йиллар олдин у исроилликларга: «Агар Унга [Яҳовага] хизмат қилишни маъқул кўрмасангиз, кимга хизмат қилишингизни бугун танланг... Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз»,— деб айтган (Ёшуа 24:15). Бу қарори туфайли у қандай натижага эришган? Ёшуа ва у билан бўлганлар ваъда қилинган ерга, «сут ва асал оқиб ётган юртга» кириб баракаларга эга бўлишган (Ёшуа 5:6).

ДОНО ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИБ БАРАКАГА ЭГА БЎЛИНГ

16, 17. Худонинг иродасига ҳамоҳанг чиқарилган қарорлар қандай баракалар олиб келишини тушунтиринг.

16 Келинг, замонавий мисолни кўриб чиқайлик. Бу мисол, эндигина сувга чўмган уч фарзандли биродар ҳақида. Бир куни унинг ҳамкасби биргалашиб катта маош ва кўпгина имтиёз берадиган бошқа бир ташкилотга ишга киришни таклиф этибди. Биродаримиз бу ҳақда мулоҳаза юритиб, ибодат қилибди. Кейин у камроқ маош берадиган ўзининг ишида қолишни танлабди. Чунки ишхонасида бериладиган дам олиш кунлари йиғилишларга боришга ва оиласи билан хизматга чиқишга имкон яратарди. Агар у янги ишга киришга рози бўлганда, муайян вақт давомида бўш вақти бўлмаслиги мумкинлигини тушунарди. Сиз-чи, нима қилган бўлардингиз?

17 Маънавий баракалар билан катта маошни тарозида тортиб кўриб, биродаримиз янги ишни рад этди. Бу қароридан у афсусландими? Асло! Катта маошдан кўра, маънавий баракаларга эга бўлиш, у ва оиласи учун яхшироқ эканини ўзида ҳис қилди. Уларнинг 10 яшар тўнғич қизи ота-онасини, биродару опа-сингилларни ҳамда Яҳовани яхши кўришини айтганида улар роса қувонишди. Қизи ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўммоқчи эканини айтди. Яҳовага топинишни биринчи ўринга қўйиб ўрнак кўрсатган отасидан у қанчалар миннатдор бўлса керак!

Доно қарорлар чиқариб, Худонинг халқи орасида қувонч топинг (18- хатбошига қ.)

18. Нима учун ҳар куни доно қарорлар чиқаришимиз муҳим?

18 Мусо пайғамбар саҳрода исроилликларга йўлбошчилик қилгани каби, Исо Масиҳ ҳам Шайтоннинг дунёсида яшаётган Худонинг халқига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб келяпти. Яқинда Шайтоннинг дунёси йўқ қилинади. Ёшуа исроилликларни ваъда қилинган юртга олиб киргани каби, Исо ҳам ўзининг издошларини одил инсонларга ваъда берилган янги дунёга олиб киради (2 Бутр. 3:13). Ўша кун шиддат билан яқинлашиб келаётган экан, олдинги фикрлаш тарзимизга, эски одатларимизга ҳамда меъёру мақсадларимизга қайтишимиз оқилона бўлмасди. Ҳозир, бизга нисбатан Худонинг иродаси нимадан иборатлигини билишнинг айни пайтидир (Рим. 12:2; 2 Кор. 13:5). Ҳар куни чиқараётган қарорларингиз ва қилаётган танловларингиз, Худонинг абадий баракаларига лойиқ эканингизни намоён этсин! (Ибронийларга 10:38, 39 ни ўқинг)

^ 7- х.б. Болани бобоси ва бувисига беришнинг бошқа сабаби, уни қариндошу дўстларга кўрсатиш бўлиши мумкин.

^ 9- х.б. Ишаё 55:8, 9: «Эгамиз шундай демоқда: “Сизларнинг фикрингиз Меники эмас, Менинг йўлларим сизларники эмас. Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан шунчалик баланддир”».