Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кашшофлик хизмати Худога яқинлаштиради

Кашшофлик хизмати Худога яқинлаштиради

Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ! ЗАБ. 146:1

1, 2. а) Яқинимиз ҳақида ўйлаш ва гапириш қандай самаралар келтиради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

ЯҚИНИМИЗ ҳақида ўйлаш ва гапириш, у билан муносабатларимизни янада мустаҳкам қилади. Буни Яҳова Таоло билан муносабатларимизга ҳам қўлласак бўлади. Довуд чўпонлик қилиб юрган пайтлари юлдузли осмонни томоша қилиб, уларни ажойиб яратган Шахс ҳақида мулоҳаза юритарди. У шундай деб ёзган: «Қўлларинг ижоди бўлган осмонингга қарадим, Ўзинг жойлаштирган юлдузлару ойга боқдим. Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?! Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлайсан?!» (Заб. 8:4, 5) Ҳаворий Павлус, Яҳованинг рамзий Исроилга нисбатан нияти мўъжизавий тарзда амалга ошганини кўриб чиққач, шундай дегиси келган: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а!» (Рим. 11:17–26, 33).

2 Хизматда иштирок этаётиб, биз Яҳова ҳақида ўйлаймиз ва гапирамиз. Шу жараённинг ўзи ҳам, бизга яхши таъсир қилади. Тўла вақтли хизматчиларнинг аксарияти, илоҳий хизматда ғайратли бўлиш кўпгина баракалар келтиришини, жумладан Яҳовага бўлган севгиларини оширишини тан оладилар. Тўла вақтли хизматдамисиз ёки бу мақсад сари интиляпсизми, қуйидагини эътиборга олсангиз яхши бўларди: тўла вақтли хизмат қандай қилиб Яҳова билан муносабатларингизни мустаҳкамлай олади? Агар кашшоф бўлсангиз, ўзингизга шундай савол беринг: «Кўп баракаларга йўл очиб берадиган бу хизматда узоқ қолишимга нима ёрдам беради?» Ҳали кашшофликни бошламаган бўлсангиз, ўзингиздан: «Кашшофликни бошлашим учун қандай ўзгаришлар киритишим керак?» — деб сўранг. Ҳозир эса келинг, қандай қилиб тўла вақтли хизмат Худо билан бўлган муносабатларимизни янада мустаҳкамлаши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

 ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТ ВА ХУДО БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИМИЗ

3. Ваъзгўйликда Худо Шоҳлигининг баракалари ҳақида гапириш, бизга қандай фойда беради?

3 Худонинг Шоҳлиги келтирадиган баракалар ҳақида бошқаларга айтиб бериш, бизни Яҳова билан яқинлаштиради. Уйма-уй хизмат қилаётганингизда қайси оятлардан фойдаланишни ёқтирасиз? Эҳтимол, Забур 36:10, 11; Дониёр 2:44; Юҳанно 5:28, 29 ёки Ваҳий 21:3, 4 оятларни келтиришни яхши кўрарсиз? Ҳар сафар бу ваъдалар ҳақида бошқалар билан гаплашаётиб, сахий Худойимиз «яхши ва мукаммал ҳадяларнинг» Манбаи эканлигини ўзимизга эслатиб турамиз. Бу эса ўз навбатида бизни Унга яқинлаштиради (Ёқб. 1:17).

4. Одамларнинг ночор аҳволда бўлганини кузатиш қандай қилиб Яҳовага яхшиликлари учун миннатдор бўлишга ундайди?

4 Биз ваъз қилаётган одамларнинг қанчалик ночор ва тушкун аҳволда эканини кузатиб, ҳақиқатга бўлган миннатдорлигимиз янада ошади. Дунёдаги одамларнинг ҳаётда муваффақият ва бахтга эришиш учун бирон-бир ишончли йўл-йўриқлари йўқ. Аксарият инсонлар келажакка қўрқув билан қараб, умидсизланиб қолишган. Улар ҳаётдан мазмун топишга интилишади. Гарчи уларнинг кўпчилиги диндор бўлса-да, Муқаддас Китобдан унча кўп билимга эга эмаслар. Уларнинг аҳволи қадимда яшаган найнаволикларга ўхшайди (Юнус 4:11 ни ўқинг). Хизматда кўп вақт ўтказиб, биз ваъз қилаётган кишиларнинг ҳамда Яҳова халқининг аҳволи ўртасидаги фарқни яққол кўряпмиз (Ишаё 65:13). Шундай пайтда Яҳованинг барча яхшиликларини, айниқса У маънавий эҳтиёжларимизни қондираётганини ўзимизга эслатамиз. Ахир У барча инсонларни маънавий роҳатга ва ҳақиқий умидга эга бўлишга чорламоқда (Ваҳ. 22:17).

5. Бошқаларга маънан ёрдам бериш, муаммоларимизга нисбатан нуқтаи назаримизни қандай ўзгартиради?

5 Бошқаларга маънан ёрдам бериш, шахсий муаммоларимиз ҳақида ҳаддан ташқари қайғурмасликка ёрдам беради. Ота-онаси ажрашиб кетганида, Триша ҳам буни ўзида ҳис қилган. У доимий кашшоф бўлиб хизмат қиларди. У шундай деб бўлишди: «Бунинг дастидан мен ҳаётимда жуда кўп азият чекканман». Бир куни у ўзини ёмон ҳис қилиб, уйда қолмоқчи бўлган, лекин тадқиққа боришга қарор қилган. Триша, икки қиз ва бир бола билан тадқиқ ўтказарди. Уларнинг отаси оиласини ташлаб кетган, катта акалари эса уларни ҳақорат қиларди. Триша шундай деб бўлишди: «Уларнинг муаммоси олдида менинг қийинчилигим ёки бош оғриғим ҳеч нарса эмас. Тадқиқ пайтида уларнинг кўзларидан нур ёғилаётганини ва хурсандчиликдан қаҳ-қаҳ отиб кулишларини кўриб завқ оламан. Айниқса ўша кун, бу болалар мен учун Яҳованинг совғасидек бўлди».

6, 7. а) Муқаддас Китобдан таълим бериш қандай қилиб имонимизни мустаҳкам қилади? б) Қизиқувчилар илоҳий меъёрларни қўллаб ҳаётларини яхшилаганини кузатиш, қандай қилиб Худонинг донолиги учун миннатдорлигимизни оширади?

6 Муқаддас Китобдан таълим бериш, имонимизни мустаҳкам қилади. Ҳаворий Павлус ваъзига яраша йўл тутмаётган баъзи яҳудийлар ҳақида шундай деб ёзган: «Нега бошқаларга таълим бериб, ўзинг таълим олмайсан?» (Рим. 2:21). Бугунги кашшофлар улардан кескин фарқ қилишади! Кашшофларимиз бошқаларга ҳақиқатни ўргатиб, Муқаддас Китобдан таълим беришади ва бошқаларга қараганда уларда бундай тадқиқлар ўтказишнинг имкони кўпроқ бўлади. Бу вазифани яхши бажариш учун эса, улардан ҳар бир тадқиққа пухта тайёргарлик ва туғилган саволлар устидан изланиш ўтказиш талаб этилиши мумкин. Жэнин исмли бир кашшоф шундай деб тушунтирди: «Ҳар сафар бошқаларга ҳақиқатни ўргатаётганимда, бу билимлар юрагиму онгимда янада чуқурроқ илдиз отганини ҳис қиламан. Натижада имоним турғун ҳолатда эмас, балки ўсаётганини сезаман».

7 Қизиқувчилар илоҳий меъёрларни қўллаш орқали ҳаётлари яхшиланаётганини кузатиш, Аллоҳнинг донолиги учун миннатдорлигимизни оширади (Ишаё 48:17, 18). Бу эса бизни Худонинг меъёрларини ҳаётимизда янада кўпроқ қўллашга ундайди. Адрианна исмли бир кашшоф шундай деди: «Одамлар ўз донолигига  таяниб иш тутганида, ҳаётлари беҳудага кетади. Аммо улар Яҳованинг донолигига таянишни бошлашганида, самараси яққол намоён бўлади». Филл исмли биродаримиз ҳам шу сингари фикр билдирди. У шундай деди: «Ўзларининг кучлари билан ўзгаришга интилиб муваффақиятсизликка учраган инсонларни Яҳова қандай қилиб ўзгартирганини кўриб қойил қоламан».

8. Хизматда имондошлар билан ҳамкорлик қилиш, бизга қандай таъсир қилади?

8 Хизматда биродару опа-сингиллар билан ҳамкорлик қилиш, маънан етук бўлишимизга ҳисса қўшади (Ҳик. 13:20). Кўп кашшофлар аксарият вақтларини имондошлари билан бирга ўтказишади. Бу эса «бир-биримизнинг имонимиздан далда олиш» имконини яратади (Рим. 1:12; Ҳикматлар 27:17 ни ўқинг). Лиза исмли кашшоф кузатувлари билан бўлишиб, шундай деди: «Ишхонамда рақобат ва қаҳр-ғазаб руҳи ҳукм суради. Ҳар куни ғийбат ва ҳақоратли сўзларни эшитасиз. Ҳамма бир-биридан қолишмасликка ҳаракат қилади. Масиҳий бўлганингиз учун баъзида устингиздан кулишади ёки масхара қилишади. Аммо хизматда имондошлар билан ҳамкорлик қилиш чиндан ҳам далда ва куч бахш этади. Кун охирида чарчаб уйга қайтсам-да, кучга тўлганимни сезаман».

9. Турмуш ўртоғимиз билан кашшофлик қилиш, никоҳ янада мустаҳкам бўлишига қандай ҳисса қўшади?

9 Турмуш ўртоқларнинг биргаликда кашшофлик қилиши, никоҳни янада мустаҳкамлайди (Воиз 4:12). Эри билан биргаликда кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Мадлен шундай фикр билдирди: «Мен ва эрим хизматда кунимиз қандай ўтгани тўғрисида ёки Муқаддас Китобдан ўқиган оятларни хизматда қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида бўлишишга вақт ажратамиз. Йиллар давомида бирга кашшофлик қилиш, бизни янада бир-биримизга яқинлаштирди». Юқорида эслатиб ўтилган Триша  ҳам шу фикрга қўшилиб, шундай деди: «Мен ва эрим қарзга ботмасликка ҳаракат қиламиз, бу эса пул юзасидан жанжаллашишнинг олдини олади. Жадвалимиз битта бўлгани учун, бир-биримизнинг такрорий ташрифларимизга ва Муқаддас Китоб тадқиқларимизга борамиз. Буларнинг барчаси ҳиссий ва маънавий аҳволимизни тушунишга кўмаклашади».

10. Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, қандай қилиб Яҳовага бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди?

10 Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйсак, Яҳовага бўлган ишончимиз мустаҳкамланади, Унинг қўлини ўзимизда ҳис қиламиз ва ибодатларимизга жавоб беришини кўрамиз. Умуман олганда, барча Худонинг хизматчилари шундай йўл тутяпти ҳам. Аммо тўла вақтли хизматчилар, Яҳовага таяниш уларга кашшофлик хизматида қолишга кўмаклашаётганини ўзларида ҳис қилишади (Матто 6:30–34 ни ўқинг). Кашшоф ҳамда туман нозирининг ўринбосари сифатида хизмат қилаётган Керт, уйидан икки ярим соатлик узоқликда бўлган жамоатга ташриф буюришга таклиф қилинганди. Аммо ўша жамоатга бориш учун автомобилида фақатгина бир томонга етадиган бензин қолган эди. Кертнинг хотини ҳам кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Уларнинг пул олишига эса ҳали бир ҳафта бор эди. Керт шундай деди: «Аввалига бориш-бормаслик ҳақида кўп бош қотирдик». Лекин ибодат қилгач, улар берилган вазифани бажара олишларига амин бўлишди. Чунки улар Аллоҳнинг Ўзи уларга ғамхўрлик қилишига ишонишарди. Эндигина кетмоқчи бўлишганида, бир опамиз уларни чақириб, атаб қўйган совғасини берди. Буни қарангки, опамиз айнан қайтишларига етадиган пул берган экан. Керт шундай деди: «Қайта-қайта шунга ўхшаш вазиятларга дуч келганингиз сайин, Яҳованинг қўлини янада кўпроқ ҳис қилар экансиз».

11. Кашшофлар қандай баракаларга эга бўлишмоқда?

11 Кашшофлар, Яҳованинг хизматида жон куйдириб, У билан яқинлашишга интилишаётгани сайин, барака улардан аримаётганини шахсан ўзларида ҳис қилишмоқда (Қонун. 28:2). Аммо бу хизматнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Ҳеч ким Одаматонинг исёни дастидан пайдо бўлаётган муаммолардан ҳимояланмаган. Гарчи баъзи кашшофлар хизматларини вақтинчалик қолдиришига тўғри келса-да, аксарият вазиятларда бу қийинчиликнинг олдини олиш ёки уни четлаб ўтишнинг имкони бўлади. Хўш, кашшофлар бу хизматдан узоқ вақт хурсандчилик топишлари учун нима қилишса бўлади?

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТДА ҚОЛИНГ

12, 13. а) Кашшофлар соат нормасини бажара олиш учун нима қилишлари зарур? б) Нима учун кунда Муқаддас Китобни ўқиш, шахсий тадқиқ ва мулоҳаза юритишни режалаштириш муҳим?

12 Аксарият кашшофлар жуда банд бўлишади. Ҳамма ишларга улгуришга қийин бўлганлиги сабабли, шахсий интизомга риоя қилиш, жуда муҳимдир (1 Кор. 14:33, 40). Агар кашшоф соат нормасини бажаришга қийналаётган бўлса, унда вақтдан қандай фойдаланаётгани ҳақида бир ўйлаб кўриши даркор (Эфес. 5:15, 16). Ўзидан шундай деб сўрасин: «Дам олишга қанча вақт сарфлаяпман? Интизомга қаттиқ риоя қилишга ҳаракат қиляпманми? Иш жадвалимга бирон ўзгариш кирита оламанми?» Шубҳасизки четдан қараганда бировнинг ҳаётига ўзгариш киритиш осон бўлиб кўриниши мумкин. Шундай экан, тўла вақтли хизматчиларнинг ўзлари кун тартибини қайта кўриб чиқиб, керакли ўзгаришларни киритишга ҳаракат қилишлари лозим.

13 Кашшоф кунда Муқаддас Китобни ўқиш, шахсий тадқиқ ва мулоҳаза юритишни ўзининг кун тартибига киритиши даркор. Бу эса ундан интизомли бўлишни талаб қилади. Шунда бу каби муҳим ишларга ажратилган вақтни унчалик аҳамиятли бўлмаган нарсалар эгаллаб олмайди (Филип. 1:10). Дейлик, кашшоф кун бўйи хизмат қилиб уйга қайтиб келди. Бу оқшомни у биринчи навбатда йиғилишларга тайёргарлик кўриш учун ажратган. Аммо у келган хатларни ўқишни бошлайди. Сўнг компьютерни ёқиб, электрон хатларни ўқишга тушади. Интернетга киргани учун, у бир сайтни очиб, сотиб олмоқчи бўлган нарсасининг  нархи тушган-тушмаганлигини аниқлай бошлайди. Қарасаки, икки соат вақти учиб кетди, у эса ҳалигача режалаштирган тайёргарликни кўра олмади. Хўш, муаммо нимада? Моҳир спортчи, кўзлаган мақсадга эришиш учун қандай овқатланаётганига жуда эътиборли бўлади. Шу сингари кашшофлар ҳам тўла вақтли хизматда узоқ қолишни исташса, шахсий тадқиқдек яхши одатларини қаттиқ ушлаб маънан озиқланишга ҳаракат қилишлари даркор (1 Тим. 4:16).

14, 15. а) Нега кашшофлар кўзларини оддий сақлашлари лозим? б) Кашшоф қийинчиликни бошдан кечираётган бўлса, нима қилиши керак?

14 Муваффақиятли кашшоф оддий ҳаёт кечиришга интилади. Исо ҳам шогирдларини кўзни оддий сақлашга ундаган (Мат. 6:22, изоҳ). Бу борада унинг ўзи яхши ўрнак кўрсатиб, хизматини тўлиқ бажаришида ҳеч нарса уни чалғитишига йўл қўймаган. Шу боис Исо шундай деган: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг эса турар жойи ҳам йўқ» (Мат. 8:20). Исонинг ўрнагига эргашишни истаётган кашшоф шуни ёдда тутиши керакки, қанча кўп нарсаси бўлса, шунча кўп уларга қараш, тузатиш ва алмаштириш учун вақт ажратишига тўғри келади.

15 Кашшофлар хизматдаги ютуқларга ўз кучлари билан эришмаганини тушунадилар. Аксинча улар Худонинг меҳр-инояти туфайли мана шундай шарафли хизматга сазовор бўлишганини тан олишади. Шундай экан, бу хизматда узоқ қолиш учун, уларнинг ҳар бири Яҳовага таяниши лозим (Филип. 4:13). Қийинчилик ва муаммолар бўлиб туради (Заб. 33:20). Агар бундай пайтда улар шарафли хизматни тўхтатиб қўймасдан, Яҳовадан йўл-йўриқ излашга интилишса, Унинг мададини ҳис этишади (Забур 36:5 ни ўқинг). Худонинг севги ила бераётган ёрдамини кўриб, улар ғамхўр самовий Оталарига янада яқинлашган бўладилар (Ишаё 41:10).

КАШШОФЛАР САФИГА ҚЎШИЛИНГ

16. Агар кашшофликни бошлашни истаётган бўлсангиз, нима қилишингиз мумкин?

16 Сиз ҳам тўла вақтли хизматчилар каби кўп баракаларга эга бўлишни истасангиз, хоҳишингизни Яҳовага билдиринг (1 Юҳан. 5:14, 15). Кашшоф бўлиб хизмат қилаётганларга ҳам бу ҳақда айтиб беринг. Кашшофликни бошлаш учун олдингизга аниқ мақсадлар қўйинг. Кейт ва Эрика ҳам худди шундай қилишди. Улар турмуш қургач, дастлаб ишга кўп вақт сарфлашарди. Кўп ўтмай улар уй ва янги машина сотиб олишди. Улар қуйидагича фикр билдиришди: «Бу нарсалар бизга бахт келтиради деб ўйлагандик, афсуски бунинг акси бўлиб чиқди». Кейт ишдан бўшагач, кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилишни бошлади. У шундай деди: «Кашшофлик хизмати ваъзгўйликдан кўп қувонч топишимга ҳисса қўшди». Эр-хотинлар, оддий ҳаёт кечираётган ва кашшофлик хизматидан хурсандчилик топаётган бир жуфтлик билан дўстлашиб қолишди. Хўш, Кейт билан Эрика нима қилишди? Улар шундай дейишди: «Биз мақсадларимизни қоғозга ёзиб, холодильникка ёпиштириб қўйдик». Қанчадир вақт ўтиб, ушбу эр-хотин кашшофлик хизматини бошлашга муваффақ бўлди.

17. Кашшоф бўлишингиз учун нега кун тартибингизга ёки ҳаёт тарзингизга ўзгаришлар киритсангиз оқилона бўлади?

17 Сиз ҳам кашшофлар сафига қўшилишни истайсизми? Агар бу хизмат турини бошлашга тайёр эмаслигингизни ҳис қилсангиз, хизматда ғайрат кўрсатишга ҳаракат қилиб, Яҳовага яқинлашишга жон куйдиринг. Ибодат ила мулоҳаза юритгач, кун тартибингизга ёки ҳаёт тарзингизга керакли ўзгаришлар киритинг. Эҳтимол бу, кашшофлик хизматини бошлашингизга ёрдам берар. Гарчи кашшофлик хизмати кўп қурбонликни талаб қилса-да, ундан топган хурсандчилик минг карра кўпроқ бўлади. Шоҳлик манфаатларини ўзингизникидан устун қўйиб, янада кўпроқ мамнуният топасиз (Мат. 6:33). Бошқаларга беришнинг бахтиёрлигини ўзингизда ҳис қилишингиз мумкин. Боз устига бу сизга кўпроқ Яҳова ҳақида ўйлашга ва гапиришга имконият яратиб беради. Натижада Унга бўлган севгингиз ошиб, қалбига қувонч бахш этасиз.