Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қайғули кунлар келишидан олдин Яҳовага хизмат қилинг

Қайғули кунлар келишидан олдин Яҳовага хизмат қилинг

Яратганни ёдда тут. ВОИЗ 12:1

1, 2. а) Сулаймон илоҳий илҳом билан ёшларга қанақа маслаҳат ёзган? б) Нега Сулаймоннинг маслаҳати ёши 50 ларда ва каттароқ бўлган масиҳийларни қизиқтириши мумкин?

ШОҲ СУЛАЙМОН илоҳий илҳом билан ёшларга шундай дея мурожаат қилади: «Ёшлигингда, қайғули кунлар келишидан олдин Яратганни ёдда тут» (Воиз 12:1). «Қайғули кунлар» деганда у нимани назарда тутган? Сулаймон қариликдаги қийинчиликларни — қўллар қалтираши, оёқлар заифлашиши, тишлар камайиши, кўзларнинг нури кетиши, қулоқ оғирлашиши, сочлар оқариши ва белнинг қуввати кетишини шеърий услубда тасвирлаб берган. Ҳеч бир инсон, Яҳовага хизмат қилишни бошлаш учун, бундай аҳволга тушгунча кутиб ўтирмаслиги керак (Воиз 12:1–5 ни ўқинг).

2 Кўп масиҳийлар, ёши 50 ларга борган ёки каттароқ бўлишса-да, ҳанузгача бақувватлар. Сочлари оқарган бўлишига қарамай, уларнинг саломатлиги Сулаймон тасвирлаганидек заифлашмаган. Мана шундай кекса масиҳийлар: «Яратганни ёдда тут»,— деб ёшларга қарата айтилган илоҳий маслаҳатдан қандай фойда олишлари мумкин? Бу маслаҳатнинг моҳияти нимада?

3. Яратганни ёдда тутиш нимани ўз ичига олади?

 3 Кўп йиллардан бери Яҳовага хизмат қилаётган бўлсак ҳам, вақти-вақти билан Яратувчимизнинг нақадар Улуғ эканлиги ҳақида миннатдорлик ила мулоҳаза қилсак яхши бўларди. Ахир, ҳаёт — Аллоҳнинг бебаҳо инъомидир! У ҳамма нарсани шунчалик мураккаб яратганки, инсоннинг ақли бовар қилмайди. Биз ҳаётдан завқ олишимиз учун Яҳова ҳамма нарсани мўл-кўл ва хилма-хил қилиб яратган. Агар биз Яҳованинг ижодлари тўғрисида ўйласак, Унинг севгиси, донолиги ва қудрати учун қайта-қайта раҳматлар айтгимиз келади (Заб. 142:5). Аммо Яратганни ёдда тутиш, Унинг олдидаги бурчимизни унутмасликни ҳам ўз ичига олади. Мана шу нарсалар ҳақида фикр юритиш бизни, юрагимиз уриб турганча Яратувчимизга имкон қадар кўпроқ хизмат қилишга ундайди (Воиз 12:13).

КЕКСАЛИКДА ОЧИЛАДИГАН АЖОЙИБ ИМКОНИЯТЛАР

4. Катта тажрибага эга бўлган масиҳийлар ўзларига қандай савол бериши мумкин ва нега?

4 Агар сиз узоқ умр кўриб, катта тажриба орттирган бўлсангиз ўзингиздан: «Ҳануз белимда қувват бор экан, энди вақтимни нимага бағишласам бўлади?» — деб сўрарсиз. Етук масиҳий сифатида, сизда бошқаларда бўлмаган имкониятлар бор. Масалан, Яҳовадан ўрганган нарсаларни ёшлар билан баҳам кўришингиз мумкин. Ёки Худога хизмат қилаётганингизда юз берган қизиқарли воқеаларни сўзлаб бериб, бошқаларга далда берсангиз бўлади. Шоҳ Довуд бундай имкониятга эга бўлишни Худодан сўраган. У шундай деб ёзган: «Эй Худо, ёшлигимдан менга Сен таълим бергансан. [...] Сочларим оқариб, кексайганимда, мени тарк этмагин, эй Худо! Келгуси авлодларга кучинг ҳақида айтай, мендан кейин келадиганларга қудратинг ҳақида айтиб берай» (Заб. 70:17, 18).

5. Кекса масиҳийлар ўзлари ўрганган нарсаларни бошқалар билан қандай баҳам кўриши мумкин?

5 Йиллар давомида орттирган доноликни бошқалар билан қандай баҳам кўришингиз мумкин? Сиздан ёшроқ бўлган Худонинг хизматчиларини уйингизга таклиф этиб, улар билан далдали суҳбатлар қурсангиз бўладими? Ваъзгўйликда сиз билан ҳамкорлик қилишларини сўраб, Яҳовага хизмат қилиш сизга қандай қувонч бахш этишини уларга айтиб бера оласизми? Қадимда яшаган Элиху шундай деган эди: «Ёши улуғлар гапирсин, кўпни кўрганлар ақл ўргатсин» (Аюб 32:7). Ҳаворий Павлус кекса масиҳий аёлларни сўз ва ўрнаклари билан бошқаларга далда беришга чорлаган. У шундай деб ёзган: «Ёши улуғ аёллар... яхшиликка ўргатадиган кишилар бўлишсин» (Титус. 2:3).

БОШҚАЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ ИМКОНИЯТЛАРИНГИЗ

6. Нега ҳаётий тажрибага эга бўлган масиҳийларнинг жамоатда қадри азиз?

6 Агар сиз етук масиҳий бўлсангиз, сизда зўр имконият бор. Бундан 30 ёки 40 йил аввал билмаган нарсаларингизга энди ақлингиз етаётгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Сиз илоҳий меъёрларни ҳаётда моҳирона қўллай оласиз. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бошқаларга осонликча етказа олишингиз ҳам шубҳасиз. Агар оқсоқол бўлсангиз, хато қилиб қўйган биродарларга қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлигини биласиз (Галат. 6:1). Эҳтимол, сиз жамоат ишларини, анжуман бўлимларини ёки Йиғилиш Залларининг қурилишини назорат қилишни биларсиз. Ёки шифокорларга қонсиз амалиётнинг афзалликларини кўрсата оларсиз. Ҳатто яқинда ҳақиқатни билиб олган бўлсангиз ҳам, сизда бебаҳо ҳаётий тажриба бор. Мисол учун, фарзандлар катта қилган бўлсангиз, амалий доноликка эгасиз. Ёши улуғ масиҳийлар, биродару опа-сингилларга таълим бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳамда имонларини мустаҳкамлаш орқали Яҳованинг халқи учун далда манбаи бўла олишади (Аюб 12:12 ни ўқинг).

7. Кекса масиҳийлар ёшларга қанақа фойдали нарсаларни ўргатишлари мумкин?

7 Имкониятларингиздан қандай қилиб унумли фойдаланишингиз мумкин? Эҳтимол,  ёшларга Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашни ва ўтказишни ўргатарсиз. Агар опамиз бўлсангиз, ёш оналарни кичкина болаларига ғамхўрлик қилаётиб, хизматда фаолиятли бўлишга ундай оласизми? Агар акамиз бўлсангиз, ёш биродарларга нутқларни жўшқинлик ила сўзлашни ва хушхабарни самарали ваъз қилишни ўргата оласизми? Кекса акаю опаларимизнинг руҳини кўтариш учун уларни қандай қилиб йўқлаб бораётганингизни ёшларга кўрсата оласизми? Ҳатто илгаригидек бақувват бўлмасангиз ҳам, сиз ёшларга кўп нарсани ўргатиш имкониятига эгасиз. Муқаддас Китобда шундай сўзлар ёзилган: «Йигитнинг ғурури қувватида, оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир» (Ҳик. 20:29).

ЭҲТИЁЖ КАТТА БЎЛГАН ЖОЙЛАРДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

8. Ҳаворий Павлус кексайган чоғида нима қилган?

8 Ҳаворий Павлус кексайган чоғида Худога хизмат қилиш имкониятидан тўлақонли фойдаланган. Милодий 61 йили Рим шаҳридаги қамоқдан озод этилиш вақтига қадар, у кўп йиллар мобайнида воизлик фаолиятида оғир синовларни бошдан кечирган. Агар хоҳлаганида, у Римда қолиши мумкин эди (2 Кор. 11:23–27). Шубҳасизки, ўша катта шаҳарда биродарлар, Павлус ёнларида қолиб, уларга далда берганидан жуда миннатдор бўлишарди. Аммо Павлус, бошқа жойларда ҳам катта эҳтиёж борлигини тушунган. У Тимўтий билан Титусни ёнига олиб учинчи ваъзгўйлик сафарига йўл олган. Биргаликда улар Эфесга, сўнг Критга ва эҳтимол Македонияга боришган (1 Тим. 1:3; Титус. 1:5). Павлус Испанияга борганми ёки йўқми, билмаймиз, лекин у ўша ерга ҳам бормоқчи бўлган (Рим. 15:24, 28).

9. Бутрус қачон эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтган бўлиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

9 Ҳаворий Бутрус ҳам, эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтганида, ёши 50 дан ошган бўлиши мумкин. Нега бундай хулосага келдик? Сабаби, агар у Исо билан тенг ёки ундан сал каттароқ бўлганида, милодий 49 йили Қуддусда бошқа ҳаворийлар билан учрашган пайтда унинг ёши 50 ларда бўлиши керак эди (Ҳавор. 15:7). Ўша учрашувдан кейин Бутрус Бобил шаҳрига, шубҳасизки ўша ерда яшаган кўпгина яҳудийларга ваъз қилиш мақсадида кўчиб ўтган (Галат. 2:9). Тахминан милодий 62 йилда, Бутрус илоҳий илҳом билан иккинчи мактубини ёзган вақтда, у ўша ерда яшаётган эди (1 Бутр. 5:13). Ўзга юртда яшаш осон бўлмагандир, аммо Бутрус кекса ёшини деб, Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш қувончидан маҳрум бўлишни истамаган.

10, 11. Бирон ким кекса ёшида эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтгани ҳақида сўзлаб беринг.

10 Ҳозирги кунда ёши 50 ларда ва каттароқ бўлган кўпгина масиҳийлар, вазиятлари ўзгариб, Яҳовага хизмат қилишнинг янги имкониятлари пайдо бўлганини тушунишяпти. Айримлари эҳтиёж катта бўлган жойларга кўчиб ўтишган. Масалан, Роберт шундай дея ёзади: «Мен ва хотиним, олдимизда қандай имкониятлар очилганини тушунганимизда, тахминан 50 ёшда бўлганмиз. Ўшанда биргина ўғлимиз уйли-жойли бўлган, кекса ота-оналаримиз эса вафот этиб, бизга озгина мерос қолдиришган эди. Мен ҳисоблаб кўриб, уйимизни сотсак қарзимизни узишга ва биринчи пенсиямни олгунча яшаб туришга маблағимиз етади, дедим. Боливияда кўп одамлар Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлишаётганини, у ерда яшаш эса қиммат эмаслигини эшитдик. Хуллас, биз у ерга кўчиб ўтишга қарор қилдик. Янги жойга кўникиш осон бўлмади. Ҳамма нарса, биз яшаб ўрганган Шимолий Америкадаги каби эмасди. Лекин, ҳаракатларимиз яхши самара келтирди».

11 Роберт шундай давом этади: «Энди бутун ҳаётимиз жамоат ишлари билан банд бўлиб ўтяпти. Биз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилганлардан баъзилари сувга чўмди. Уларнинг орасидан битта оила, бир неча километр нарида жойлашган қишлоқда соддагина ҳаёт кечиряпти. Шунга қарамай, ўша оиланинг аъзолари ҳар ҳафта шаҳарда ўтадиган йиғилишларга машаққатли йўл юриб қатнашади.  Бу оиланинг маънан ўсаётганини ва катта ўғил кашшофлик хизматини бошлаганини кўриш биз учун қанчалик қувончли эканини тасаввур қила оласизми?»

ХОРИЖ ЗАБОН ҲУДУДЛАРДА ЭҲТИЁЖ

12, 13. Пенсияга чиққач, Яҳовага хизмат қилишнинг янги имкониятларидан фойдаланган бирон имондошимиз ҳақида сўзлаб беринг.

12 Хориж забон жамоат ва гуруҳлар, кекса биродару опаларимизнинг ўрнагидан катта фойда олишлари мумкин. Бундай ҳудудларда хизмат қилиш қувонч бахш этиши шубҳасиз. Масалан, Брайан шундай деб ёзади: «Мен 65 га кириб, Британия қонуни бўйича пенсия ёшига етганимда, хотиним билан бекорчи бўлиб қолдик. Болаларимиз уйли-жойли бўлган, биз эса Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш учун қизиқадиган одамларни деярли учратмай қўйдик. Ўшанда мен, маҳаллий университетда тадқиқотчи бўлиб ишлайдиган хитойлик бир йигитни учратдим. У менинг таклифим билан йиғилишга келди ва мен у билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим. Бир неча ҳафтадан сўнг у ўзи билан ишлайдиган хитойлик бир ўртоғини олиб келди. Орадан икки ҳафта ўтиб улар уч киши, сўнг эса тўрт киши бўлиб келишди».

13 «Ўша пайтга келиб, бешинчи хитойлик тадқиқотчи у билан Муқаддас Китобни ўрганишимизни илтимос қилди ва мен ичимда: “Ёшим 65 да бўлгани, Яҳованинг хизматидан ҳам пенсияга чиқишим кераклигини англатмайди”,— деб ўйладим. Шунда мен хотинимдан, хитой тилини ўрганишни хоҳлайдими, деб сўрадим. У менда икки йилга ёшроқ. Хуллас, биз аудио тасмага ёзилган тил ўрганиш курсларидан фойдаландик. Бу воқеадан сўнг ўн йил ўтди. Хорижий тилда ваъз қилганимиз туфайли биз ўзимизни ёшроқ ҳис этяпмиз. Ҳозирга қадар биз 112 нафар хитойликлар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказдик! Улардан аксарияти йиғилишларга қатнаяпти. Биттаси эса кашшоф бўлиб, биз билан ҳамкорлик қиляпти».

Шу ёшимда кўпроқ хизмат қила олмайман, деб ўйламанг (12-, 13- хатбошиларга қ.)

ҚИЛА ОЛГАН ИШИНГИЗДАН ЗАВҚЛАНИНГ

14. Ёши улуғ масиҳийларга нима қувонч бахш этиши мумкин ва Павлуснинг мисоли уларга қандай далда беради?

14 Гарчи ёши 50 ларга борган масиҳийларнинг аксариятида Яҳовага хизмат қилишнинг  янги имкониятлари бўлса-да, бундан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Улардан айримларининг соғлиги заиф, бошқалари эса кекса ота-оналарига ёки ғамхўрликка муҳтож бўлган фарзандларига қарашади. Агар сиз қўлингиздан келганича хизмат қилаётган бўлсангиз, Яҳова буни қадрлаётганини билиш сизга қувонч бахш этиши мумкин. Шундай экан, қила олмаган ишингиздан хафа бўлишдан кўра, қила олган ишингиздан завқланинг. Ҳаворий Павлуснинг мисолини олайлик. У бир неча йил давомида уй қамоғида бўлиб, ваъзгўйлик сафарларини давом эттира олмаган. Аммо ҳар сафар одамлар уни йўқлаб келишганида, Павлус Муқаддас Ёзувлар асосида суҳбатлар қуриб, уларнинг имонини мустаҳкамлар эди (Ҳавор. 28:16, 30).

15. Нима учун биз кекса имондошларимизни жуда қадрлаймиз?

15 Кексаларнинг хизматини Яҳова жуда қадрлайди. Шоҳ Сулаймон, одамнинг соғлиги заифлашиб, қайғули кунлар келганида, Яҳовага хизмат қилиш қийин бўлишини таъкидлаб ўтган эди. Аммо Муқаддас Китобда, ёши улуғ масиҳийларнинг хизмати Яҳованинг назаридан четда қолмаслиги кўрсатилган (Луқо 21:2–4). Жамоатдагилар, кўп йиллардан бери ораларида хизмат қилиб келаётган художўй кишиларнинг ўрнагини ниҳоятда қадрлашади.

16. Кекса Анна қандай шарафли имкониятдан фойдалана олмаган, аммо у Худога топинишда нима қила олган?

16 Муқаддас Китобда, кекса ёшида Яҳовани улуғлаб юрган Анна исмли художўй бир аёл тўғрисида ёзилган. Исо туғилганда, бу аёл 84 ёшда эди. У Исонинг издоши бўлишга ва муқаддас руҳ билан мойланиб, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз этишдан завқланишга улгурмай ҳаётдан кўз юмган бўлса керак. Лекин Анна, қўлидан келганини қилишдан мамнун бўлган. «Анна маъбадни ҳеч тарк этмай,... туну кун муқаддас хизматни адо этарди» (Луқо 2:36, 37). Руҳоний ҳар куни эрталаб ва кечқурун хушбўй тутатқини тутатганда, Анна маъбад ҳовлисида йиғилган халқ билан биргаликда, эҳтимол ярим соат давомида ичида ибодат қилиб турган. У чақалоқ Исони кўриши билан, «Қуддуснинг қутқарилишини кутиб юрганларнинг барчасига бола ҳақида айта бошлаган» (Луқо 2:38).

17. Кекса ва ожиз имондошларимиз ҳақ топинишда иштирок эта олиши учун биз қандай ёрдам берсак бўлади?

17 Биз кекса ва ожиз масиҳийларга ёрдам беришга шай бўлишимиз керак. Улардан айримлари жамоат йиғилишларида ёки анжуманларда бўлишни жуда яхши кўришади, аммо камдан-кам бора олишади. Баъзи жойларда, жамоат аъзолари меҳр ила бундай кекса кишиларга йиғилиш дастурини телефон орқали тинглаш имкониятини яратиб беришади. Бошқа жойларда эса бунинг имкони бўлмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, йиғилишларга бора олмайдиган масиҳийлар ҳақ топинишни қўллаб-қувватлашда иштирок эта олишади. Масалан, уларнинг ибодати масиҳийлар жамоатининг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшади (Забур 91:14, 15 ни ўқинг).

18, 19. а) Ёши улуғ масиҳийлар бошқаларга қандай далда бера олишади? б) «Яратганни ёдда тут», деган маслаҳатга кимлар амал қилиши мумкин?

18 Ёши улуғ масиҳийлар бошқалар учун далда манбаи бўлишини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаётгандир. Мисол учун, Анна йиллар давомида садоқат ила маъбадга қатнаб юрган бўлса ҳам, асрлар ўтиб унинг мисолидан бошқалар далда олишини билмаган бўлиши мумкин. Аннанинг Яҳовага бўлган севгиси Муқаддас Китобда муҳрланиб қолган. Сизнинг ҳам Худога бўлган севгингиз имондошларингизнинг қалбларида муҳрланиб қолиши турган гап. Худонинг Каломида: «Оқарган сочлар — шарофат тожи, солиҳлик йўлида юрган унга эришади»,— деб бежизга айтилмаган (Ҳик. 16:31).

19 Яҳовага хизмат қилишда барчамизнинг имкониятимиз чегараланган. Шунга қарамасдан, ҳануз қувватингиз ва ғайратингиз бор экан, «қайғули кунлар келишидан олдин Яратганни ёдда тутишга» қарорингиз қатъий бўлсин! (Воиз 12:1).