Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Халқларни Яҳовани таниб-билишга тайёрлаш

Халқларни Яҳовани таниб-билишга тайёрлаш

Вилоят ҳокими... Исонинг издоши бўлди. Чунки Яҳова ҳақида билган нарсалардан қойил қолганди. ҲАВОР. 13:12

1–3. Хушхабарни «барча халқларга» ваъз қилишда Исонинг шогирдлари қандай қийинчиликларга учраган?

ИСО МАСИҲ издошларига ўзгача бир вазифа топширган. У қуйидагича деган: «Боринглар, барча халқлардан... менга шогирд тайёрланглар». Улар буни бажаргани сайин, «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз» қилиниши керак эди (Мат. 24:14; 28:19).

2 Шогирдлар Исони ҳам, хушхабарни ҳам яхши кўришарди. Эҳтимол, улар берилган топшириқни қандай бажарар эканмиз, деб ҳайрон бўлишгандир. Ахир сон жиҳатдан улар жуда камчилик эдилар-ку. Бунинг устига, улар Худонинг Ўғли деб эълон қилаётган Исо ўлдирилган эди. Кўпларнинг назарида шогирдлар «ўқимаган, оддий одамлар» бўлган (Ҳавор. 4:13). Гап шундаки, нуфузли дин раҳбарлари илдизи қадимга бориб тақаладиган урф-одатлар бўйича таълим олиб келишган ва уларни тарғиб этишган. Шогирдлар эса бу таълимотларга қарама-қарши хабарни тарқатишган. Исонинг издошлари ўз она юрти Исроилда тан олинмаган бўлишса, буюк Рим империясининг бошқа жойларидаги одамлар уларни тинглашадими, деб ташвишланган бўлиши мумкин.

3 Устига-устак Исо, одамлар уларни ёмон кўриши, қувғин қилиши ва айримларини ўлдиришлари ҳақида издошларини огоҳлантирган эди (Луқо 21:16, 17). Улар хоинлик, сохта пайғамбарлар ва кўпайиб бораётган қонунсизликка қарши туришлари керак эди (Мат. 24:10–12). Ҳатто улар айтган хабарни яхши қабул қилишган тақдирда ҳам, уни «ернинг четларига қадар» қандай тарқата олишарди? (Ҳавор. 1:8). Бундай қийинчиликлар уларни саросимага солгандир.

4. Биринчи асрда ваъзгўйлик иши қандай самара келтирган?

4 Шогирдлар ташвиш тортишганига қарамай, хушхабарни фақат Қуддус ва Самарияда эмас, балки ўша замонда маълум бўлган бутун дунёда ваъз қилиш билан банд эдилар. Гарчи, шогирдлар қийинчиликларни бошдан кечиришса-да, 30 йил давомида хушхабар «фалак остида бор жонзотга ваъз қилинган» ва бутун дунё бўйлаб самара келтирган (Колос. 1:6, 23). Мисол учун, ҳаворий Павлус Кипр оролида айтганлари ва қилганлари туфайли римлик вилоят ҳокими Сергий Павлус «Исонинг издоши бўлди. Чунки Яҳова ҳақида билган нарсалардан қойил қолганди» (Ҳаворийлар 13:6–12 ни ўқинг).

5. а) Исо издошларини нимада ишонтирган? б) Биринчи асрдаги шароит ҳақида бир китобда нима деб ёзилган?

5 Исонинг издошлари ваъзгўйлик ишини ўз кучи билан бажара олмасликларини тушунишган. У шогирдларни, улар билан бирга бўлишида ва муқаддас руҳ уларга кўмаклашишида ишонтирган (Мат. 28:20). Қайсидир жиҳатдан ўша пайтда дунёда ҳукм сурган шароит, Шоҳлик хабари олға сурилиши учун қулайликлар яратган. Бир китобда тушунтирилганидай, масиҳийлар воизлик хизматини бошлашлари учун биринчи аср энг қулай пайт бўлган. Кейинроқ эса ўша масиҳийлар Худо уларга йўл тайёрлаб қўйганлигини тушуниб етишган («Evangelism in the Early Church»).

6. Бу ва кейинги мақолаларда нимани муҳокама қиламиз?

6 Биринчи асрда ваъзгўйлик иши кенг қулоч ёзиши учун Худо воқеаларни қандай йўналтиргани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Бироқ шуниси аниқки, Яҳова хушхабар ваъз этилишини истаган, Шайтон эса йўқ. Бу мақолада, тарихнинг бошқа даврларига қараганда, айнан биринчи асрда бўлган ва воизлик ишини осонлаштирган баъзи омилларни кўриб чиқамиз. Кейинги мақолада эса, замонамизда ернинг четларига қадар хушхабарни эълон қилишимизга кўмаклашаётган айрим нарсаларни муҳокама қиламиз.

РИМ ТИНЧЛИГИНИНГ ФОЙДАСИ

7. Рим тинчлиги нима дегани ва у нега машҳур бўлган?

7 Биринчи асрда Рим дунёси масиҳийларга муайян фойда келтирган. Ўша давр Рим тинчлиги (Pax Romana) деб аталган. Улкан Рим империяси бўйлаб халқлар орасида барқарор муҳит таъминланган эди. Исо: «Урушлар бўлаётганини эшитасизлар»,— деб башорат қилганидай, баъзида жанглар юз бериб турарди (Мат. 24:6). Милодий 70 йили Рим қўшини Қуддусни вайрон қилган ва империянинг чегараларида майда тўқнашувлар содир бўлиб турган. Исо яшаганидан кейин тахминан 200 йил давомида Ўрта денгиз ҳудуди урушлардан ҳоли бўлган. Бир китобда қуйидагича ёзилган: «Инсоният тарихининг ҳеч бир даврида, оммавий тинчлик шунча узоқ вақт ҳукм сурмаган ва бу қадар кўп одамлар орасида хотиржамлик бўлмаган» («The Horizon Book of Ancient Rome»).

8. Илк масиҳийлар тинч муҳитдан қандай фойдаланишган?

8 Бу борада нуқтаи назарини билдириб, учинчи асрда яшаган Ориген исмли илоҳиётшунос шуларни ёзган: «Бутун дунё кўпгина шоҳликларга бўлинган бўлганида, бу Исонинг таълимотлари тарқалишига тўсқинлик қиларди,.. чунки ҳар ердаги одамлар ўз ҳарбий қўшинини ташкил этиб, мамлакатини ҳимоя қилиш учун курашишга мажбур бўлишарди... Демак, тинчликни ваъз қилиб, ҳатто душманларидан қасос олишга изн бермайдиган ушбу таълимот, халқлар аро муносабатлар ўзгармагунига ва сокин руҳ ҳукм сурадиган Исонинг ҳозир бўлиш даври келмагунига қадар, қандай қилиб самара келтириши мумкин эди?» Шоҳлик хабарчилари Рим дунёси томонидан қувғин қилинган, лекин улар тинчликсевар бўлишган ва афтидан, ўша даврдаги тинч муҳитдан қисман бўлса-да фойдаланишган (Римликларга 12:18–21 ни ўқинг).

САЁҲАТ ҚИЛИШНИНГ ҚУЛАЙЛИКЛАРИ

9, 10. Нега Рим империяси бўйлаб саёҳат қилиш шогирдлар учун нисбатан қулай бўлган?

9 Масиҳийлар римликлар барпо этган йўллар тизимидан кенг фойдаланишган. Бу соҳада хавфсизлик ва назоратни таъминлаш учун, Рим кучли ҳамда маҳоратли қўшинга эга бўлган. Ҳарбий кучлар тез ҳаракатлана олиши учун бундай йўллар зарур эди ва римликлар уларни қуришда моҳир бўлишган. Римлик муҳандислар, империянинг деярли барча жойларини бирлаштириб турадиган 80 000 километрдан ошиқ йўлларни қуришган. Ушбу йўллар ўрмон, саҳро ва тоғлар орқали ўтган эди.

10 Йўллар тизимидан ташқари римликлар 27 000 километрча кема қатновига яроқли дарё ва каналларни ҳам қўллашган. Уларнинг кемалари юзлаб бандаргоҳлар билан боғланган 900 га яқин денгиз йўлларидан ҳаракатланган. Шу боис, масиҳийлар бутун Рим империяси бўйлаб саёҳат қила олишган. Ўзига яраша муаммолар бўлган, аммо Павлус ва бошқалар мамлакатни кезиш учун сафарга чиқишганида паспорт ҳамда виза керак эмас эди. Қолаверса, муҳожирлик ва божхоналар ҳам бўлмаган. Жиноятчилар Римда қўлланилган жазодан қўрқишгани сабабли, йўллар нисбатан хавфсиз эди. Рим ҳарбий денгиз кучлари денгиз йўлларини қўриқлашгани учун, у орқали саёҳат қилиш ҳам бехатар бўлган. Павлус бир неча марта кема ҳалокатига учраб, денгизда хавф-хатарга дуч келган бўлса-да, бу қароқчилар туфайли содир бўлгани Муқаддас Китобда аниқлаштириб ёзилмаган (2 Кор. 11:25, 26).

ТИЛНИНГ ФОЙДАСИ

Кодекс туфайли Муқаддас Ёзувлардаги керакли саҳифани топиш анча осон бўлган (12- хатбошига қ.)

11. Нима учун Масиҳнинг издошлари юнон тилидан фойдаланишган?

11 Умумий, яъни койне юнон тили имонлилар жамоатлари орасида яхши мулоқот ва бирликни таъминлашга ёрдам берган. Искандар Мақдуний турли ерларни босиб олгани туфайли юнон тили кенг қўлланилган. Натижада, Аллоҳнинг хизматчилари ҳар хил одамлар билан суҳбатлаша олишган. Бу эса хушхабар кенг ёйилишига ҳисса қўшган. Бундан ташқари, Мисрда яшаган яҳудийлар Тавротни юнон тилига таржима қилишган. Бу «Септуагинта» деб номланган таржима оммага яхши таниш бўлиб, Масиҳнинг илк издошлари ундан бемалол оятлар келтира олишган. Масиҳийлар юнон тилини хатлар ёзиш учун ҳам жуда қулай деб ҳисоблашган. Бу тил, маънавий масалаларни тушунтиришда қўл келадиган сўзлар ва ибораларга бой бўлган.

12. а) Кодекс бу нима ва битикка қараганда нега ундан фойдаланиш осонроқ бўлган? б) Қачон масиҳийлар кодексдан кенг кўламда фойдалана бошлашган?

12 Масиҳийлар хизматда Муқаддас Ёзувлардан қандай фойдаланишган? Ахир битиклар ихчам бўлмаган-ку. Уни аввал ўраш, кейин эса очиш керак эди ва одатда ёзувлари фақатгина бир томонида бўларди. Масалан, Матто баён этган хушхабарнинг ўзи билан битта битик тўларди. Бироқ кейин китобнинг илк шакли, яъни кодекс пайдо бўлди. У, бир-бирига бириктирилган саҳифалардан иборат эди. Ўқувчилар кодексни варақлаб, Муқаддас Ёзувлардаги керакли саҳифани осонгина топа олишарди. Масиҳийлар кодексни қачон қўллай бошлашгани аниқ эмас, бироқ бир китобда қуйидагилар ёзилган: «Иккинчи асрда масиҳийлар кодексдан кенг кўламда фойдаланишганига қараганда, у милодий юзинчи йилдан аввалроқ кашф этилган» («The Birth of the Codex»).

РИМ ҚОНУНИНИНГ ЁРДАМИ

13, 14. а) Рим фуқароси бўлгани Павлусга қандай фойда келтирган? б) Рим қонуни имонлиларга қандай наф келтирган?

13 Рим қонуни бутун империя бўйлаб амал қилган. Рим фуқаролигига эга бўлганлар бир қатор ҳуқуқ ва имтиёзлар билан таъминланган эди. Павлус ҳам бир неча бор Рим фуқароси эканидан фойдаланган. Масалан, Қуддусда уни қамчиламоқчи бўлишганида, Павлус юзбошидан: «Рим фуқаросини қамчилатишингиз қонунга мувофиқми? Бунинг устига мен ҳали ҳукм қилинмаган бўлсам?» — деб сўраган. Бу қонунга зид эди. Павлус туғилганидан бери Рим фуқароси эканини айтганида, «уни сўроққа тутмоқчи бўлган одамлар шартта ундан қўлини тортишди. Мингбоши эса унинг римлик эканини билиб олгач, уни [Павлусни] боғлагани учун қўрқиб кетди» (Ҳавор. 22:25–29).

14 Павлус Рим фуқароси бўлгани туфайли, Филиппи шаҳрида унга қонун асосида қандай муносабат кўрсатишганига таъсир қилган (Ҳавор. 16:35–40). Эфес шаҳрининг котиби ғазабга минган оломонни тинчлантиргач, уларга Рим қонунларини эслатиб ўтган (Ҳавор. 19:35–41). Павлус, Олий маҳкамада ҳукм этилишдек қонуний ҳуқуқини талаб қилгани, унга ўз эътиқодларини подшоҳ олдида ҳимоя қилиш имконини берган (Ҳавор. 25:8–12). Шу йўсин, Рим қонуни «хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштиришга» шароит яратган (Филип. 1:7).

ЯҲУДИЙЛАР ТАРҚАЛИБ КЕТГАНИНИНГ ҲИССАСИ

15. Биринчи асрда кўп яҳудийлар қаерда яшаган?

15 Биринчи асрда яҳудийлар бутун Рим империяси бўйлаб тарқалиб кетгани, масиҳийларнинг ваъзгўйлик ишини муайян маънода осонлаштирган. Юз йиллар илгари оссурияликлар, кейин эса бобилликлар яҳудийларни она юртидан сургун қилишган. Мил. авв. бешинчи асрда яҳудийлар Форс империясининг 127 та вилоятида яшаган (Эст. 9:30). Исо ер юзида бўлганида яҳудийлар Юнонистон, Кичик Осиё ва Месопотамияда бўлгани каби, Миср ва Шимолий Африканинг бошқа жойларида ҳам истиқомат қилишган. Ҳисоб-китобларга кўра, Рим империясида яшаган 60 000 000 аҳолининг ҳар 14 тасидан 1 таси яҳудий бўлган. Яҳудийлар кўчган тақдирда ҳам, ўз динини бирга олиб кетишган (Мат. 23:15).

16, 17. а) Яҳудийлар шунчалик тарқалиб кетишгани, ўзга халқ вакилларига қандай фойда келтирган? б) Исонинг издошлари яҳудийларнинг қайси одатларига тақлид қилишади?

16 Яҳудийлар шунчалик тарқалиб кетишгани туфайли, ўзга халқ вакиллари Таврот ҳақида яхши билишган. Улар танҳо ҳақ Худо борлиги ва Унинг хизматчилари юқори одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиши кераклигидан хабардор эдилар. Бундан ташқари, Тавротда Масиҳга тегишли кўплаб башоратлар борлигини билишарди (Луқо 24:44). Яҳудийлар ҳам, масиҳийлар ҳам Таврот Аллоҳ томонидан илҳомлантирилган Калом эканини тушунишган. Бунинг ёрдамида Павлус, қалблари одилликка мойил бўлган кишилар билан умумийликни топа олган. Шунинг учун, ҳаворий ўзининг одатига кўра яҳудийларнинг ибодатхонасига бориб, одамлар билан Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қиларди (Ҳаворийлар 17:1, 2 ни ўқинг).

17 Топиниш, яҳудийлар учун одатий ҳол бўлган. Улар мунтазам равишда ибодатхоналарда ёки очиқ ҳавода биргаликда йиғилиб туришган. Улар қўшиқлар куйлашган, ибодат қилиб, Муқаддас Ёзувлар асосида музокаралар ўтказишган. Бугунги кунда, масиҳийлар ҳам жамоат учрашувларида шу тартибга амал қилишади.

ЯҲОВА УЧУН ИМКОНСИЗ НАРСА ЙЎҚ!

18, 19. а) Қандай қилиб биринчи асрдаги шароитлар ўша даврдаги масиҳийларга ёрдам берган? б) Ушбу мақолада муҳокама қилинганлар туфайли Яҳовага нисбатан нималарни ҳис қиляпсиз?

18 Дарҳақиқат, бир қатор диққатга сазовор шароитлар хушхабарни ваъз қилиш иши муваффақиятли бўлишига ҳисса қўшган. Рим тинчлиги, саёҳат қилиш нисбатан хавфсиз бўлгани, халқаро тил, Рим қонуни ва яҳудийларнинг мамлакат бўйлаб тарқалиб кетгани, Исонинг шогирдларига Худо топширган воизлик фаолиятини бажаришларига ёрдам берган.

19 Исо ер юзига келишидан деярли 400 йил аввал яшаган юнон файласуфи Платон шундай фикр билдирган: «Биз учун яратувчини ҳамда бутун коинотнинг отасини кашф қилмоқ қийин вазифа ва ҳатто уни топган тақдирда ҳам ҳар бир кишига у ҳақида айтиб беришнинг иложи йўқ». Бироқ Исо: «Бу одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ»,— деб таъкидлаган (Луқо 18:27). Бутун борлиқнинг Яратувчиси, одамлар уни топишларини ва таниб-билишларини истайди. Қолаверса, устозимизнинг ўзи шогирдларига: «Барча халқлардан... менга шогирд тайёрланглар»,— дея айтган (Мат. 28:19). Тангри Яҳованинг кўмаги билан бу топшириқни бажара оламиз. Кейинги мақолада эса, бизнинг кунимизда бу қандай амалга оширилаётганини билиб оламиз.