Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Маънавий жаннатни кенгайтириш иши

Маънавий жаннатни кенгайтириш иши

Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман. ИШАЁ 60:13

ҚЎШИҚЛАР: 28, 44

1, 2. Тавротдаги «оёғим тагидаги курси» сўзлари нимани билдиради?

ТАНГРИ ЯҲОВА ҳақли равишда: «Осмон Менинг тахтимдир, ер оёғим тагидаги курсидир»,— деб эълон қилган (Ишаё 66:1). «Оёғи тагидаги курси» борасида У шунингдек қуйидагича деган: «Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман» (Ишаё 60:13). Қизиқ, У буни қай йўсин амалга оширяпти? Биз Аллоҳнинг «оёғи тагидаги курсида» яшаяпмиз экан, бу биз учун нимани англатади?

2 «Оёғим тагидаги курси» сўзлари ер юзига ишора қилишдан ташқари, Тавротда мажозий маънога эга бўлиб, ўтмишдаги исроилликларнинг маъбадини билдиради (1 Сол. 28:2; Заб. 131:7). Ер юзидаги маъбад ҳақ топиниш маркази сифатида хизмат қиларди. Шу сабабли, маъбад Яҳованинг назарида чиндан ҳам кўркам эди ва Унинг оёқлари учун муайян жой бўлиб, шуҳрат келтирган.

3. Яҳованинг улуғ рамзий маъбади нимани билдиради ва у қачон пайдо бўлган?

3 Бугунги кунда ҳақ топиниш маркази, яъни том маънодаги маъбад ер юзида мавжуд эмас. Аксинча, у рамзий маъбад бўлиб, ҳар қандай бинодан ҳам аълороқ тарзда Яҳовага шуҳрат ёғдирмоқда. Ушбу ўзгача тадбир, Исо Масиҳнинг руҳонийлиги ва қурбонлиги орқали Худо билан ярашиш имконини бермоқда. У милодий 29 йили, Исо сувга чўмиб, Яҳованинг улуғ рамзий маъбадида Олий руҳоний сифатида мойланганида пайдо бўлган (Иброн. 9:11, 12).

4, 5. а) Забурнинг 98- саносига биноан, Яҳованинг топинувчилари нима қилишни жуда исташади? б) Ўзимизга қандай савол бериб кўрсак яхши бўларди?

4 Рамзий маъбад тадбирини қадрлаётганимизни, Яҳовага мақтовлар келтириб кўрсата оламиз. Ҳа, Унинг исмини бошқаларга танитиб, У меҳр ила тақдим этган тўлови учун исмини кўкларга кўтарамиз. Бугунги кунда, Яҳованинг саккиз миллиондан зиёд Шоҳиди Унинг исмига фаол тарзда шуҳрат келтираётганини билиш нақадар ҳаяжонли! Айрим диндор кишилар, ўлимидан кейин ер юзини тарк этиб, самога кўтарилгач, Худога шараф келтирамиз деган янглиш фикрга боришади. Лекин Яҳованинг Шоҳидлари, Уни ер юзида ва ҳозир улуғлаш кераклигини тушунишади.

5 Шундай йўл тутиб, Забур 98:1–3, 5 да (ўқинг) қаламга олинган Яҳованинг содиқ хизматчиларининг ўрнагига эргашган бўламиз. Ушбу оятларга биноан, Мусо, Ҳорун ва Шомуил ўз даврларида ҳақ топиниш учун кўзланган тадбирни тўла-тўкис қўллаб-қувватлашган (Заб. 98:6, 7). Мойланганларнинг қолган қисми, Исо билан бирга самода руҳонийлар сифатида хизмат қилишдан аввал, ҳозир ер юзидаги рамзий маъбаднинг ҳовлисида садоқат ила меҳнат қилишяпти. Миллионлаб «бошқа қўйлар» эса уларга ёрдам беришяпти (Юҳан. 10:16). Гарчи ушбу икки гуруҳ турли умидга эга бўлса-да, улар биргалашиб Аллоҳнинг «оёғи тагидаги курси» бўлмиш ер юзида Унга топинишмоқда. Аммо шахсан ўзимизга шундай савол бериб кўрсак яхши бўларди: «Яҳова пок топиниш учун кўзлаган тадбирни жон-жаҳдим билан қўллаб-қувватлаяпманми?»

АЛЛОҲНИНГ РАМЗИЙ МАЪБАДИДА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАНЛАРНИ АНИҚЛАШ

6, 7. Илк масиҳийлар орасида қанақа муаммо юзага келган ва асрлар ўтгач, нимада эҳтиёж пайдо бўлган?

6 Имонлилар жамоати барпо этилганидан бир аср ҳам ўтмай, каромат қилинган муртадлик ривожлана бошлаган (Ҳавор. 20:28–30; 2 Салон. 2:3, 4). Кейинчалик, Аллоҳнинг рамзий маъбадида кимлар чиндан хизмат қилаётганини аниқлаш тобора қийинлашиб борган. Фақат асрлар ўтгач, янги тайинланган Шоҳ Исо Масиҳ орқали Яҳова буни ошкор этадиган вақт келган.

7 Ниҳоят 1919 йилга келиб, Яҳова маъқул деб топган ва Унинг рамзий маъбадида хизмат қилган кишилар яққол кўрина бошлаган. Ўтаётган хизматлари Худога янада мақбул бўлиши учун, улар маънан тозаланган (Ишаё 4:2, 3; Мал. 3:1–4). Ўшанда, асрлар илгари ҳаворий Павлус унга берилган рўёда кўрганлари қисман амалга оша бошлаган.

8, 9. Павлус рўёда кўрган «жаннатнинг» учта томонини тушунтириб беринг.

8 Павлус кўрган рўё ҳақида 2 Коринфликларга 12:1–4 да (ўқинг) ёзилган. Павлуснинг рўёда кўрганлари ваҳийдай бўлган. У, ҳаворийнинг даврида мавжуд бўлган бирон нарса эмас, келажакдаги ҳодисадан иборат эди. Павлус «учинчи осмонга кўтарилганида», қайси «жаннатни» кўрган? Павлус айтган жаннат, ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам самовий томондан амалга ошиши керак бўлган маънога эга бўлиб, уларнинг бари келажакда бир вақтнинг ўзида бажарилиши лозим. У, ер юзида бўладиган том маънодаги жаннатни англатиши мумкин (Луқо 23:43). Бу шунингдек, бутун янги дунё бўйлаб ҳукм сурадиган маънавий жаннатни ифодалар. Қолаверса бу, Аллоҳнинг самодаги «жаннатида», яъни Унинг ҳузурида бўладиган баракаларни билдириши эҳтимолдан йироқ эмас (Ваҳ. 2:7).

9 Унда, нега Павлус «инсон учун гапириш рухсат этилмаган, таърифлаб бўлмайдиган сўзларни» эшитганини айтган? Ҳаворий, рўёда кўрган мўъжизавий нарсаларни ўша пайтда батафсил тушунтириб беришининг вақти ҳали келмаган эди. Бироқ ҳозирги кунда, Худонинг халқи орасида ҳукм сураётган баракаларни таърифлашнинг иложи бор!

10. Нега «маънавий жаннат» ва «рамзий маъбад» битта нарсани англатмайди?

10 «Маънавий жаннат» ташкилотимизда қўлланиладиган ибора бўлиб қолган. Бу, Худо ҳамда биродарларимиз билан тинч-тотув яшашимизга имкон бераётган, ноёб ва маънан бой муҳитдир. Шуниси аниқки, «маънавий жаннат» ва «рамзий маъбад» иборалари ўша-ўша нарса деган хулосага келмаслигимиз даркор. Зеро, рамзий маъбад Яҳова ҳақ топиниш учун кўзлаган тадбирдир. Маънавий жаннат эса, Аллоҳнинг марҳаматига кимлар сазовор эканини ва бугунги кунда Унинг рамзий маъбадида топинаётганини аниқлашга хизмат қилади (Мал. 3:18).

11. Бугунги кунда маънавий жаннат билан боғлиқ қандай шарафга эгамиз?

11 Яҳова биз номукаммал инсонларга 1919 йилдан бошлаб, ер юзидаги маънавий жаннат гуллаб-яшнаши, мустаҳкамланиши ва кенгайиши учун У билан ҳамкорлик қилишимизга йўл қўяётганидан бошимиз кўкка етмоқда! Ушбу ғаройиб ишда сиз ҳам ҳисса қўшаётганингизни ҳис қиляпсизми? Яҳованинг «оёғи турган шу жойга» шуҳрат келтириб, У билан бирга ҳамкорлик қилишда давом этяпсизми?

ЯҲОВАНИНГ ТАШКИЛОТИ ЯНАДА КЎРКАМЛАШДИ!

12. Ишаё 60:17 даги сўзлар бажарилаётгани борасида барчамиз қандай аминликка эгамиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

12 Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми билан боғлиқ ғаройиб фаолиятнинг бошқача тус олиши Ишаё 60:17 да (ўқинг) башорат қилинган. Ёшлар ёки ҳақиқатни энди билиб олган инсонлар, ушбу ўзгаришнинг исботлари ҳақида ўқиётган ё ўзгалардан эшитаётган бўлиши мумкин. Бироқ буни шахсан ўзи бошдан кечирган биродару опа-сингиллар учун, бу катта шарафдир! Шубҳасизки, Яҳова ташкилотини тайинлаган Шоҳ орқали бошқараётганига ва йўл-йўриқ тақдим этаётганига уларнинг имони комил! Қолаверса улар, ишончи мустаҳкам пойдеворга асосланганини билишади. Биз ҳам худди шундай аминликка эгамиз. Уларнинг сидқидилдан айтган сўзларини эшитиш, имонингизга имон қўшиб, Яҳовага нисбатан аминлигингизни мустаҳкамлайди.

13. Забур 47:13–15 да ёзилганлар зиммамизга қандай масъулият юклаяпти?

13 Ҳақиқатни қанчадан бери билишимиздан қатъи назар, Яҳованинг ташкилоти тўғрисида ўзгаларга айтиб беришимиз лозим. Ушбу ёвуз, ахлоқсиз ва меҳрсиз дунёда шу каби маънавий жаннатнинг борлиги ҳақиқатан ҳам мўъжизадир! Яҳованинг ташкилоти ёки «Сион» амалга ошираётган ишларни ҳамда маънавий жаннат ҳақидаги ҳақиқатни «келгуси авлодларга» қувонч ила етказишимиз керак (Забур 47:13–15 ни ўқинг).

14, 15. Ташкилотда 1970 йилларда қандай ўзгаришлар юз берган ва бу қанақа фойда келтирган?

14 Йиллар оша, орамиздаги ёши улуғ имондошларимиз ташкилотда юз берган айрим ўзгаришларнинг шахсан гувоҳи бўлишган. Бу ўзгаришлар туфайли, Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми янада кўркамлашди. Улар, йиғилишларда оқсоқоллар кенгаши эмас, жамоат хизматкори, мамлакатларда Филиал қўмитаси эмас, Байтил нозири ҳамда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши эмас, Қўриқчи Минораси Жамиятининг президенти томонидан раҳбарлик олиб борилганини эслашади. Гарчи ўша фидойи биродарларнинг садоқатли ёрдамчилари бўлса-да, йиғилишларда, филиалларда ва Бош идорада ҳам қарорлар чиқариш масъулияти асосан битта кишига тушган эди. 1970 йилларда киритилган ўзгаришлар туфайли, назорат иши бир кишига эмас, балки оқсоқоллар гуруҳларига юкланадиган бўлди.

15 Хўш, ўша ўзгаришлар фойда келтирдими? Албатта ва бу, мантиқан тўғри. Нима учун? Боиси бу ўзгаришлар, Муқаддас Китобда ёзилганларни кенгроқ тушуна бошлаганимиз асосида киритилган. Бир кишининг таъсири олға сурилишининг ўрнига, Яҳова ато этган «ҳадялар сифатидаги инсонларнинг» ҳаммаси намоён этадиган фазилатлар ташкилотга фойда келтиради (Эфес. 4:8; Ҳик. 24:6).

Яҳова ҳар жойдаги инсонларга, улар ниҳоятда муҳтож бўлган йўл-йўриқни етказмоқда (16-, 17- хатбошиларига қ.)

16, 17. Сўнгги йилларда қилинган қайси ўзгаришлардан сиз айниқса таъсирландингиз ва нима учун?

16 Бундан ташқари, адабиётларнинг кўриниши, таркиби ва тарқатиш усулларида бўлган сўнгги ўзгаришларни айтмайсизми?! Амалий, таъсирчан ва ажойиб адабиётларни ваъзгўйлик хизматида таклиф этиш ниҳоятда завқли! Устига-устак, замонавий техника ёрдамида jw.org веб-сайтини қўллаб, ҳақиқат ёйилишига ҳисса қўшяпмиз. Шу йўсин, Яҳова ҳар жойдаги инсонларга, улар жуда муҳтож бўлган йўл-йўриқ етказилишини хоҳлашини акс эттиряпмиз.

17 Оилавий топиниш ўтказишга ёки шахсий тадқиқ учун кўпроқ вақт ажратишга имкон берган ўзгаришлар донолик ила қилинганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Шунингдек, анжуман дастурлари ўзгача тус олаётганини ўта қадрлаймиз. Кўпинча, улар йилдан-йилга яхшиланаётганини кузатамиз. Шубҳасизки, ташкилотимизда уюштирилган анчагина мактабларда таълим олиш имкониятлари кенгайганидан суюняпмиз! Ушбу ўзгаришларнинг барчасида Тангри Яҳованинг иштироки борлиги аниқ! Ҳа, Яҳова борган сари ташкилотининг ва ҳозирнинг ўзида биз баҳра олаётган маънавий жаннатнинг чиройига чирой қўшиб келяпти.

МАЪНАВИЙ ЖАННАТНИ КЕНГАЙТИРИШДА СИЗНИНГ ҲИССАНГИЗ

18, 19. Қандай қилиб маънавий жаннат янада гўзал бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин?

18 Яҳова, маънавий жаннат янада гўзал бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишга ижозат бергани биз учун катта шараф! Буни, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиб, кўпроқ шогирд орттириш фаолиятида ғайрат ила қатнашиш билан амалга оширяпмиз. Ҳар сафар кимгадир ўзини Яҳовага бағишлашига ёрдам бераётиб, маънавий жаннатнинг чегараларини кенгайтириш ишида меҳнат қилган бўламиз (Ишаё 26:15; 54:2).

19 Шу билан бир қаторда, ўз фазилатларимизни кундан-кунга янгилаб борсак, маънавий жаннатни жозибадор қиламиз. Бу орқали, ташқаридагилар учун ушбу жаннат янада мафтункор бўлади. Одатда, бошқа одамларни Муқаддас Китоб таълимотларидан кўра кўпроқ, ҳалоллигимиз ва мулойим хулқ-атворимиз ташкилотга, Худога ҳамда Исога жалб қилади.

Маънавий жаннатнинг чегараларини кенгайтиришга сиз ҳам ҳисса қўша оласиз (18-, 19- хатбошиларига қ.)

20. Ҳикматлар 14:35 га биноан нимани жуда хоҳлашимиз керак?

20 Бугунги кунда, гўзал маънавий жаннатни кўриш Яҳова ҳамда Исони жуда хушнуд этмоқда! Ҳозир уни гўзаллаштириш учун хизмат қилишдан завқ олаётганимиз, келажакда ер юзидаги том маънодаги жаннатда меҳнат қилиб оладиган роҳатнинг заррачаси, холос. Келинг, Ҳикматлар 14:35 да ёзилган мана шу сўзларни ёдимизда тутайлик: «Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир». Ҳа, доим фаҳм-фаросат ила йўл тутиб, маънавий жаннат чиройли бўлиши учун жон-жаҳдимиз билан меҳнат қилсак арзийди!