Миннатдорлигингизни кўрсатинг, зеро Яҳова сахийдир
ЯҲОВА — сахий Аллоҳдир (Ёқб. 1:17). Ям-яшил Ер сайёрасини ўраб турган юлдузларга тўла бепоён осмон Яҳованинг ижоди бўлиб, Унинг сахийлигидан далолат беради (Заб. 64:13, 14; 146:7, 8; 148:3, 4).
Сано бастакори Парвардигордан ғоят миннатдор бўлган. Бу, уни Аллоҳнинг ишларини тараннум этадиган қўшиқ басталашга ундаган. Забурнинг 103- саносини ўқинг ва ёзувчининг ҳис-туйғуларига эътибор беринг. У қуйидагича деган: «Ҳаёт эканман, Эгамни тараннум этаман, бор эканман, Худойимга ҳамду сано куйлайман» (Заб. 103:33). Хўш, сизда ҳам шундай истак борми?
САХИЙЛИКНИНГ ОЛИЙ НАМУНАСИ
Яҳова, биз ҳам Унинг сахийлигига тақлид қилишимизни хоҳлайди. Қолаверса, ушбу фазилатни намоён этишимиз учун муайян сабабларни тақдим этади. Аллоҳ, ҳаворий Павлусни мана бу сўзларни ёзишига илҳомлантирган: «Бу замонда бой бўлганларга шундай буюр: улар кеккаймасинлар ҳамда бевафо бойликка эмас, балки завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этаётган Аллоҳга таянсинлар, яхшилик қилиб, эзгу ишлари билан бойисинлар, сахий бўлсинлар ва бор нарсаларини баҳам кўришга шай турсинлар, ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик учун, келажакка мустаҳкам пойдевор бўладиган ҳамда йўқ бўлмайдиган хазина тўплашсин» (1 Тим. 6:17–19).
Павлус Коринфдаги жамоатга иккинчи мактубини йўллаганида, беришга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлиш кераклигини таъкидлаган. У шундай деб ёзган: «Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади» (2 Кор. 9:7). Кейин эса, Павлус сахийлик ила бериш кимларга фойда келтириши ҳақида айтган, яъни олувчилар, чунки уларнинг эҳтиёжлари қондирилади ҳамда берувчилар, зеро уларга маънавий баракалар ёғдирилади (2 Кор. 9:11–14).
Павлус ушбу мактубнинг якунида Худонинг сахийлигини ошкор этувчи яққол далил келтириб: «Сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси учун Аллоҳга шукрлар бўлсин!» — деган (2 Кор. 9:15). Яҳованинг ҳадяси, Исо Масиҳ орқали одамзодга қилган барча яхшиликларини ўз ичига олади. Бу шунчалик юксакки, унинг қадр-қимматини сўз билан тўла ифодалашнинг иложи йўқ.
Яҳова ва Унинг Ўғли биз учун ҳалигача қилиб келаётган ҳамма ишларидан миннатдор эканимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Сахийликни намоён этишимизнинг бир йўли, имкон қадар ўз вақтимиз, кучимиз ва маблағимизни ҳақ топинишнинг олға сурилишига сарфлашдир (1 Сол. 22:14; 29:3–5; Луқо 21:1–4).