Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Аллоҳнинг инояти учун миннатдор бўлганлар

Аллоҳнинг инояти учун миннатдор бўлганлар

Ҳаммамиз унинг иноятини доимо ўзимизда ҳис этардик. ЮҲАН. 1:16

ҚЎШИҚЛАР: 1, 13

1, 2. а) Исонинг узумзор эгаси ҳақидаги масалини тасвирлаб беринг. б) Қай йўсин бу ҳикояда сахийлик ва иноят каби фазилатлар намоён бўлган?

ТОНГ саҳарда узумзор эгаси узумзорига мардикорларни ёллаш учун бозорга борибди. У мардикорларга маълум миқдорда пул таклиф қилибди ва улар рози бўлишибди. Узумзор эгасига кўпроқ ишчилар керак эди, шу боис, у кун давомида қўшимча ишчиларни ёллаш учун бир неча марта бозорга борибди ва ҳатто кечга яқин ёлланган мардикорларга ҳам уларнинг қонуний ҳаққини беришга ваъда қилибди. Кеч тушганда эса, узумзор эгаси ишчиларни олдига чақириб, қанча соат ишлаганларидан қатъи назар, ҳар бирига тенг миқдорда пул берибди. Биринчи бўлиб ёлланганлар бу ҳақда билгач, нолий бошлашибди. Узумзор эгаси уларга жавобан шундай дебди: «Мен таклиф қилган пулга рози бўлмаганмидинглар? Ҳамма ишчиларимга истаганимча пул беришга ҳаққим йўқми? Ё сахийлигимни кўролмаяпсизларми?» (Мат. 20:1–15)

2 Исонинг бу масали бизга Муқаддас Китобда тез-тез тилга олинган Яҳованинг фазилатларидан бири — «Унинг инояти» ҳақида эслатяпти. [1] (2 Коринфликларга 6:1 ни ўқинг.) Атиги бир соат ишлаганлар тўлиқ миқдорда пулни олишга ҳақли бўлмаган, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо узумзор эгаси уларга ўз иноятини кўрсатган. Муқаддас Китобда «иноят» деб таржима қилинган сўз борасида бир илоҳиётшунос шундай фикр билдирди: «Бу сўз, инсон нолойиқ бўлса ҳам, унга бирон нарсани беғаразлик ва илтифот ила совға қилиш, деган маънони билдиради».

ЯҲОВАНИНГ САХИЙ ИНЪОМИ

3, 4. Нега ва қандай қилиб Яҳова бутун одамзодга Ўзининг иноятини кўрсатди?

3 Муқаддас Ёзувларда Аллоҳнинг инояти билан ато этилган «инъом» ҳақида айтилган. (Эфес. 3:7) Қизиқ, нима сабабдан ва қай йўсин Яҳова бу «инъомни» беради? Агарда Яҳованинг талабларини мукаммал тарзда бажара олганимизда, ҳаққоний равишда Унинг иноятига сазовор бўла олардик. Аммо афсуски, бу қўлимиздан келмайди. Шунинг учун ҳам, доно шоҳ Сулаймон қуйидагича деганди: «Бу дунёда ҳар доим солиҳлик қилиб, умуман гуноҳ қилмайдиган инсон йўқдир». (Воиз 7:20) Ҳаворий Павлус шунга ўхшаш фикрни айтиб: «Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган»,— деб таъкидлаган. Шунингдек, у: «Гуноҳнинг эвази — ўлим»,— деб айтган. (Рим. 3:23; 6:23а) Таассуфки, биз бунга лойиқмиз.

4 Бироқ Яҳова намоён этган иноятда Унинг гуноҳкор одамзодга бўлган севгиси ўзининг бетакрор ифодасини топган. У Ўзининг улкан туҳфаси бўлмиш «ягона Ўғлини» ер юзига юбориб, бизни деб ўлимга дучор бўлишига йўл қўйган. (Юҳан. 3:16) Шу сабабдан, ҳаворий Павлус ҳозир Исога «шон-шараф ва улуғворлик тожи кийдирилгани» ва «Аллоҳнинг инояти ҳар бир инсонга кўрсатилсин дея, у ўлимга рўбарў бўлган»и ҳақида ёзган. (Иброн. 2:9) Ҳа, «Худонинг инъоми... Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир». (Рим. 6:23б)

5, 6. а) Устимиздан гуноҳ ҳукм суришига йўл қўйсак оқибати қандай бўлади? б) Иноят ҳукм сурса-чи?

5 Қай йўсин барчамизни ўз домига тортаётган гуноҳ ва ўлимни мерос қилиб олдик? Бу, Муқаддас Китобда қуйидагича тушунтирилган: «Битта одамнинг [Одаматонинг] айби туфайли ўлим бошқариб келди». Одаматонинг авлоди бўлганимиз боис, гуноҳ қилишга мойилмиз ва ўлимга гирифтормиз. (Рим. 5:12, 14, 17) Лекин бахтимизга, гуноҳ устимиздан ҳукмронлик қилишига йўл қўйиш-қўймаслик ўз қўлимиздадир. Қизиқ, бунинг қандай имкони бор? Борди-ю, Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишонсак, Яҳованинг инояти бизни бошқаришига йўл қўйган бўламиз. Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай ёзилган: «Гуноҳ кўп бўлган жойда, иноят ундан ҳам кўпроқ бўлган. Нима мақсадда? Гуноҳ билан ўлим ҳукмронлик қилганидек, Ҳазратимиз Исо Масиҳ ёрдамида абадий ҳаётга етаклайдиган одиллик орқали иноят ҳам ҳукм сурсин». (Рим. 5:20, 21)

6 Гарчанд осий банда бўлсак-да, гуноҳ бизни ўзига бўйсундиришига асло йўл қўймаслигимиз зарур. Модомики, гуноҳга қўл урсак, Яҳовадан албатта кечирим сўраймиз. Ҳаворий Павлус масиҳийларни шундай деб огоҳлантирганди: «Гуноҳ сизларни бошқармасин, сабаби сизлар Таврот қонунининг ҳукми остида эмас, аксинча, иноятнинг ҳукми остидасизлар». (Рим. 6:14) Шу боис, биз устимиздан иноят ҳукм суришини танладик. Бунинг натижаси-чи, қандай бўлди? Ҳаворий Павлус буни қуйидагича тушунтирган: «Аллоҳнинг инояти... имонсизликни ва дунёвий истакларни рад этиб, ҳозирги замонда ақли расо, одил ҳамда художўй бўлиб яшашга ўргатмоқда». (Титус. 2:11, 12)

ИНОЯТНИНГ «СЕРҚИРРАЛИГИ»

7, 8. Қайси маънода Яҳованинг инояти «серқирра»дир? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

7 Ҳаворий Бутрус шундай деб ёзганди: «Тангрининг серқирра иноятининг ибратли бошқарувчилари сифатида, Ундан олган инъомингизга яраша бир-бирингизга хизмат қилинглар». (1 Бутр. 4:10) Қизиқ, қайси маънода Яҳованинг инояти «серқирра»дир? Қандай қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар, Яҳова уларни енгишимиз учун нимага муҳтож бўлсак, ўшани беради. (1 Бутр. 1:6) Чиндан ҳам, ҳар бир қийинчилик пайтида Яҳова иноятини ўзгача йўл билан кўрсатади.

8 Дарҳақиқат, Яҳованинг инояти серқиррадир! Ҳаворий Юҳанно: «У иноятга тўла бўлгани учун, ҳаммамиз унинг иноятини доимо ўзимизда ҳис этардик»,— деб ёзган эди. (Юҳан. 1:16) Яҳованинг инояти серқирра бўлгани туфайли, биз кўплаб баракаларга эга бўляпмиз. Хўш, улардан баъзилари қандай?

9. Яҳованинг инояти нимага йўл очиб берди ва қай тарзда бу учун миннатдорлигимизни кўрсата оламиз?

9 Гуноҳларимизнинг кечирилиши. Агар тавба қилиб, гуноҳга бўлган мойиллигимиз билан курашишда давом этсак, Яҳованинг инояти туфайли гуноҳларимиз кечирилади. (1 Юҳанно 1:8, 9 ни ўқинг.) Аллоҳнинг раҳм-шафқати бизни миннатдор бўлишга ва Уни шарафлашга ундаши лозим. Ҳаворий Павлус мойланганларга қуйидагича айтган: «Худо бизларни зулмат ҳукмронлигидан халос этиб, севимли Ўғлининг шоҳлигига кўчирди. Ўғлининг тўлови орқали озод бўлдик, гуноҳларимиз кечирилди». (Колос. 1:13, 14) Гуноҳларимизнинг кечирилиши, шунингдек, яна бошқа кўпдан-кўп ажойиб баракаларга йўл очади.

10. Аллоҳнинг инояти туфайли қандай баракага эга бўлдик?

10 Аллоҳ билан тинчликда бўлиш. Гуноҳкор бўлганимиз учун, туғилганимиздан бошлаб Худонинг душманларимиз. Лекин ҳаворий Павлус қуйидагича айтганди: «Душман бўла туриб, Ўғлининг ўлими орқали Тангри билан ярашдик». (Рим. 5:10) Бундай ярашиш орқали биз Яҳова билан тинчликда бўла оламиз. Ҳаворий Павлус ярашиш имтиёзини Яҳованинг инояти билан боғлаб, шундай деганди: «Имонимиз туфайли одил деб эълон қилинган эканмиз, Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали Аллоҳ билан тинчликда бўлайлик. Масиҳ орқали имонимиз ёрдамида ҳозир биз [Масиҳнинг мойланган биродарлари] эга бўлган иноятга йўл очилди. Шундай экан, Худонинг улуғворлигига эришиш умидидан қувонайлик». (Рим. 5:1, 2) Бу нақадар ажойиб барака, шундай эмасми?

Хушхабарни эшитиш шарафи (11- хатбоши)

11. Қандай қилиб мойланганлар «бошқа қўйларга» одил бўлишга ёрдам беришяпти?

11 Одил деб эълон қилиниш. Инсон зоти табиатан адолатсиз бўлади. Аммо Дониёр пайғамбар охирзамон ҳақида башорат қилиб, «донолар», яъни мойланганларнинг қолган қисми, «одамларни ҳақ йўлга солишади», деб айтганди. (Дониёр 12:3 ни ўқинг.) Қай йўсин мойланганлар бу ишни амалга оширишяпти? Улар ваъзгўйлик ва таълим иши орқали миллионлаб «бошқа қўйларга» Яҳованинг назарида одил бўлишга ёрдам беришяпти. (Юҳан. 10:16) Бу эса, Яҳованинг инояти туфайлигина имконлидир. Ҳаворий Павлус бу ҳақда қуйидагича ёзганди: «Аллоҳ уларни Исо Масиҳ берган тўлов асосида озодликка чиқариб, Ўзининг инояти билан одил деб эълон қиляпти. Бу, Тангрининг инъомидир». (Рим. 3:23, 24)

Ибодат туҳфаси (12- хатбоши)

12. Қай йўсин ибодат Аллоҳнинг инояти билан боғлиқ?

12 Ибодат орқали Аллоҳнинг тахтига яқинлашиш. Яҳова бизга иноятини кўрсатиб, ибодат орқали Ўзининг самодаги тахтига яқинлашиш имконини тақдим этяпти. Ҳаворий Павлус Яҳованинг тахтини «иноят тахти» деб атаб, бизни шу тахтга «жасорат билан» яқинлашишга таклиф қиляпти. (Иброн. 4:16б, изоҳ) «Масиҳ орқали биз жасорат билан сўзлаб, унга бўлган имонимиз туфайли Аллоҳга яқинлашиш» шарафига эга бўлдик. (Эфес. 3:12) Ростдан ҳам, Яҳовага ибодатда бемалол мурожаат қилиш — Унинг иноятидан далолатдир!

Керакли пайтда ёрдам олиш (13- хатбоши)

13. Қандай қилиб иноят «ёрдамга муҳтож бўлганимизда» кўмаклашади?

13 Керакли пайтда ёрдам олиш. Ҳаворий Павлус бизни «ёрдамга муҳтож бўлганимизда иноят ва раҳм-шафқат топиш учун», Яҳовага бемалол ибодатда мурожаат қилишга чорлаган. (Иброн. 4:16а) Синовлар ёки қийинчиликлар гирдобида қолганимизда, Яҳовадан мадад сўраб, Унга илтижо қилишимиз мумкин. Биз қанчалик нолойиқ бўлмайлик, Яҳова барибир ибодатимизга жавоб беради ва буни кўпинча имондошларимиз орқали қилади. «Шу сабабли, биз жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: “Яҳова менинг ёрдамчим; мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?”» (Иброн. 13:6)

14. Яҳованинг инояти туфайли биз яна қандай баракага эга бўлдик?

14 Юракларнинг таскин топиши. Яҳованинг инояти туфайли биз эга бўлган улкан баракалардан бири — эзилган юрагимизнинг таскин топишидир. (Заб. 50:19) Қувғинларни бошдан кечираётган Салоникадаги масиҳийларга ҳаворий Павлус қуйидагича ёзганди: «Ҳазратимиз Исо Масиҳ ва бизни севиб, Ўз инояти орқали абадий тасалли ҳамда ажойиб умид ато этган Отамиз Худо юракларингизга тасалли берсин ва ҳар қандай эзгу иш ҳамда сўзда қўллаб-қувватласин». (2 Салон. 2:16, 17) Чиндан ҳам, сахийлиги ва инояти туфайли Яҳова бизга ғамхўрлик қилиб, севгисини намоён этиб келаётганини билиш тасалли бахш этади!

15. Худонинг инояти туфайли биз қандай умидга эгамиз?

15 Абадий яшаш умидига эга бўлиш. Гуноҳкор бўлганимиз учун ўзимиздан-ўзимиз умидга эга бўла олмаймиз. (Забур 48:8, 9 ни ўқинг.) Лекин Яҳова бизга ажойиб бир умид беряпти. Хўш, бу қандай умид экан? Исо: «Отамнинг иродаси — Ўғилни кўриб, унга ишонган ҳар ким мангу ҳаётга ноил бўлишидан иборат»,— деб айтганди. (Юҳан. 6:40) Ҳа, абадий яшаш умиди — совға ва Аллоҳ иноятининг ёрқин ифодасидир! Шубҳасизки, ҳаворий Павлус буни қадрлаган, шунинг учун у: «Ҳар турли инсонларга нажот келтирувчи Аллоҳнинг инояти ошкор бўлди»,— деб таъкидлаган. (Титус. 2:11)

АЛЛОҲНИНГ ИНОЯТИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛМАНГ!

16. Қандай қилиб илк масиҳийлардан айримлари Аллоҳнинг иноятини суиистеъмол қилишган?

16 Яҳованинг инояти туфайли кўплаб баракаларга эришган бўлсак-да, У ҳамма хатти-ҳаракатларимизни ҳам маъқуллайверади, деб ўйламаслигимиз даркор. Баъзи илк масиҳийлар «Аллоҳнинг иноятидан ахлоқсиз хулқни оқлаш ниятида» фойдаланишган. (Яҳд. 4) Ушбу садоқатсиз масиҳийлар гуноҳ қилсак ҳам, Яҳова кечираверади, деб ўйлаган бўлишса керак. Энг ёмони шундаки, улар биродарларини ҳам тўғри йўлдан оздириб, бундай жирканч ишларида шерик бўлишга ундашган. Ҳатто бугунги кунда бундай ишларга қўл урганлар «иноят руҳини... ҳақоратлаган» бўлишади. (Иброн. 10:29)

17. Бутрус қандай маслаҳат берган?

17 Бугунги кунда баъзи масиҳийлар Шайтоннинг тузоғига илиниб: «Худонинг иноятини суиистеъмол қилса бўлади ва гуноҳга қўл урсам ҳам, Худо мени барибир кечиради»,— деб ўйлашади. Тўғри, Яҳова тавба қилган гуноҳкорларни кечиришга тайёр. Аммо-лекин, У биздан гуноҳ қилиш мойиллигига қарши кураш олиб боришимизни кутади. Яҳова Бутрусни шундай сўзларни ёзишга илҳомлантирган: «Азизларим, буларни олдиндан билар экансиз, бу ўзбошимча одамлар сизларни ўзларининг хато йўлига оғдирмасликлари ва натижада барқарорлигингизни йўқотмаслик учун эҳтиёт бўлинглар. Аксинча, Ҳазратимизу Нажоткоримиз Исо Масиҳ тўғрисида билимингиз ошиб, унинг инояти сизларда янада кўпайсин. Унга ҳозир ва абадулабад шон-шараф бўлсин». (2 Бутр. 3:17, 18)

ИНОЯТ ОРТИДА МАСЪУЛИЯТ ТУРАДИ

18. Яҳова бизга иноятини намоён этгани учун, нима қилишга бурчлимиз?

18 Биз Яҳованинг инояти учун беҳад миннатдормиз. Шундай экан, Яҳова берган совғаларни Уни шарафлаш ва бошқаларга кўмаклашишда қўллаш ўринли бўлади. Зеро, бу бизнинг бурчимиздир. Хўш, қандай қилиб бу туҳфалардан фойдаланишимиз мумкин? Бу саволга жавобни ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзларидан топа оламиз: «Бизга кўрсатилган иноят асосида турли инъомларга эгамиз: кимки... хизмат қилиш инъомига эга бўлса, хизмат қилсин, таълим бериш инъомига эга бўлса, таълим берсин. Ёхуд насиҳат қилиш инъомига эга бўлса, насиҳат қилсин,.. раҳм-шафқат кўрсатиш инъомига эга бўлса, қувонч билан раҳм-шафқат кўрсатсин». (Рим. 12:6–8) Яҳова бизга иноятини намоён этгани учун, биз хизматда фаол бўлишга, бошқаларга Муқаддас Китобдан таълим беришга, имондошларимизга далда беришга ва бизни хафа қилган ҳар кимни кечиришга бурчлимиз.

19. Кейинги мақоладан қайси масъулият тўғрисида билиб оламиз?

19 Яҳованинг иноятидан баҳраманд бўлган эканмиз, бу бизга «Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш учун» жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилишга туртки бўлиши керак. (Ҳавор. 20:24) Бу масъулият тўғрисида эса кейинги мақоладан батафсил билиб оламиз.

^ [1] (2- хатбоши) «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми»даги луғатда келтирилган «Иноят» сўзига қаранг.