Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда маънавийлигингизни сақлаб қолинг

Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда маънавийлигингизни сақлаб қолинг

Сўзларингни юрагимда асрайман. ЗАБ. 118:11

ҚЎШИҚЛАР: 6, 47

1–3. а) Шароитларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, нима қилишимиз шарт? б) Янги тилни ўрганаётганлар қандай ўзгача қийинчиликларга дуч келишяпти ва бу борада қандай саволлар туғиляпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

БУГУНГИ кунда минглаб Яҳованинг Шоҳидлари хушхабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» эълон қилиниши ҳақидаги башоратнинг амалга ошишида фаол иштирок этишяпти. (Ваҳ. 14:6) Сиз ўзга тилни ўрганаётган кишилар қаторидамисиз? Балки тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб ёки ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ўзга ҳудудда хизмат қилаётгандирсиз? Ё бўлмаса, она юртингизда ўзга тилда гапирадиган жамоатда хизмат қилиб, йиғилишларига қатнашни бошлагандирсиз?

2 Худонинг хизматчилари сифатида барчамиз ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг маънавийлигини биринчи ўринга қўйишимиз шарт. (Мат. 5:3) Аммо баъзида шунчалик банд бўламизки, ҳатто самарали шахсий тадқиқ ўтказиш осон кечмайди. Лекин ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилаётганлар бошқа қийинчиликларга ҳам дуч келишади.

3 Бундай ҳудудда хизмат қилаётганлар янги тилни ўрганиш билан бирга қалбларини қаттиқ маънавий озуқа билан мунтазам тўлдираётганларига ҳам амин бўлишлари керак. (1 Кор. 2:10) Улар жамоатда айтилаётган нарсаларни тўлиқ тушунишмаса, қай йўсин бунинг уддасидан чиқа олишади? Нега масиҳий ота-оналар Аллоҳнинг Каломи фарзандларининг қалбигача етиб бораётганига ишонч ҳосил қилишлари лозим?

МАЪНАВИЙЛИГИНГИЗ УЧУН ҚАНДАЙ ХАВФ БОР?

4. Маънавийлигимизга нима хавф туғдириши мумкин? Мисол келтиринг.

4 Ўзга тилда Худонинг Каломини тушунмаслик маънавийлигимизга ростдан ҳам хавф туғдириши мумкин. Мил. авв. 5 асрда Нахимиё Бобилдан қайтган айрим яҳудий болалар иброний тилини билишмаганидан хабар топиб, ташвишга тушганди. (Нахимиё 13:23, 24 ни ўқинг.) Бу болалар Аллоҳ Каломининг мазмунини тўлиқ тушунишмагани учун, уларнинг маънавийлиги сусайиб борарди. (Нахим. 8:2, 8)

5, 6. Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилаётган ота-оналарнинг баъзилари нимани пайқашган ва нега?

5 Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилаётган масиҳий ота-оналарнинг баъзилари фарзандларининг ҳақиқатга бўлган қизиқиши сўниб қолганини пайқашган. Бу болалар йиғилишларда айтилаётган маълумотни тўлиқ фаҳмлашмагани сабабли, маънавий фикрлар уларнинг қалбларигача етиб бормаган. Жанубий Америкадан Австралияга кўчиб ўтган Педро [1] қуйидагича фикр билдирди: «Маънавий мавзулар ҳақида суҳбатлашганда, ҳақиқат инсоннинг қалб тубигача етиб бориб, уни ҳаракатга ундаши лозим». (Луқо 24:32)

6 Ўзга тилда тадқиқ қилганимизда, бу маълумот бизда ўз она тилимизда ўқиганда пайдо бўладиган ҳис-туйғуларни уйғотмаслиги мумкин. Қолаверса, бошқа тилда яхши гаплаша олмаслик инсонни ҳам ақлан, ҳам маънан ҳолдан тойдириши эҳтимолдан йироқ эмас. Демак, ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилиш истагимизни алангалатиб турар эканмиз, маънавийлигимизни ҳам сақласак, оқилона бўларди. (Мат. 4:4)

УЛАР МАЪНАВИЙЛИГИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШДИ

7. Қай тарзда бобилликлар Дониёрни ўзларининг маданияти ва динига мослаштирмоқчи бўлишган?

7 Дониёр ва унинг учта дўстини асирликка олиб кетишганида, бобилликлар уларга «бобил тили»ни ўргатиб, ўзларининг маданиятига мослаштирмоқчи бўлишган. Устига-устак, бу йигитларнинг таълим олишига масъул бўлган саройнинг бош мулозими уларга бобиллик исмлар қўйган. (Дон. 1:3–7) Дониёрга берилган исм бобилликлар сиғинган асосий худонинг исми Бэл билан ҳамоҳанг эди. Эҳтимол, бу орқали шоҳ Навухадназар Дониёрни бобилликлар худоси унинг Худоси Яҳовадан анча қудратлироқ эканига ишонтирмоқчи бўлган. (Дон. 4:5)

8. Ўзга юртда яшаганида маънавийликни сақлаб қолишга Дониёрга нима ёрдам берган?

8 Гарчи Дониёрга шоҳона егуликлардан тановул қилишни таклиф этишган бўлса-да, у бу тарзда «булғанишни хоҳламади». (Дон. 1:8) Дониёр «пайғамбарлар ёзиб қолдирган битикларни» она тилида ўқишни канда қилмагани боис, ўзга юртда яшаганида маънавийлигини сақлаб қолди. (Дон. 9:2) Шунинг учун, Бобилга келганидан чамаси 70 йилдан кейин ҳам у иброний исми билан танилган эди. (Дон. 5:13)

9. 118- санога кўра, Аллоҳнинг сўзлари сано бастакорига қандай таъсир қилган?

9 118- санонинг бастакори шоҳ саройидаги баъзи аъёнлар томонидан нафратли муносабатга дуч келган эди. Лекин бунга чидаш учун у Худонинг Каломидан куч топган ва бу унга бошқалардан ажралиб туришга ёрдам берган. (Заб. 118:23, 61) Ҳа, сано бастакори Аллоҳнинг сўзлари унинг қалбига қаттиқ таъсир қилишига йўл қўйган. (Забур 118:11, 46 ни ўқинг.)

МАЪНАВИЙЛИГИНГИЗНИ САҚЛАБ ҚОЛИНГ

10, 11. а) Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилар эканмиз, мақсадимиз нима бўлиши керак? б) Қай йўсин мақсадимизга эриша оламиз? Мисол келтиринг.

10 Маънавий ва дунёвий ишлар билан жуда банд бўлишимизга қарамай, ҳар биримиз шахсий тадқиқ ва оилавий топинишга вақт ажратишимиз даркор. (Эфес. 5:15, 16) Мақсадимиз шунчаки бир нечта саҳифани ўқиш ёки йиғилишларда қатнашиш учун шарҳлар тайёрлаш эмас, балки Аллоҳнинг Каломи қалбимизгача етиб боришига ва имонимизни мустаҳкамлашига йўл қўйишдир.

11 Бу мақсадга эришаман десак, тадқиқ қилганимизда бошқаларнинг эҳтиёжларини ёдда тутиш ва ўзимизнинг маънавий эҳтиёжларимиз ҳақида ўйлаш орасида мувозанатни сақлашимиз лозим. (Филип. 1:9, 10) Биз шуни тан олишимиз керакки, хизматга, йиғилишларга ёки нутққа тайёргарлик кўрганимизда, ўқиганларимизнинг ҳаммаси ҳам бизга тегишли бўлмаслиги мумкин. Келинг, буни бир мисолда кўриб чиқайлик. Гарчанд ошпаз таомларни дастурхонга тортишдан аввал уларни татиса-да, у татиб кўргани учунгина яшай олмайди. Агар ошпаз соғлом бўлиб қолишни истаса, ўзи учун тўйимли таомлар тайёрлаши керак бўлади. Шу сингари, биз ҳам қалбимизни шахсий эҳтиёжларимизни қондирадиган маънавий озуқа билан тўлдириш учун жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилишимиз зарур.

12, 13. Нега ўзга ҳудудда хизмат қилаётганларнинг аксарияти ўз она тилида мунтазам тадқиқ ўтказиш фойдали эканига амин бўлишди?

12 Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилаётганларнинг аксарияти «ўз она тилида» Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиш фойдали эканига амин бўлишди. (Ҳавор. 2:8) Ҳатто тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ҳам ўзга юртдаги хизматда мустаҳкам қолиш учун йиғилишларда олаётган маънавий билимлар билан кифояланиб қолмаслик кераклигини англаб етишди.

13 Тахминан 8 йилдан бери форс тилини ўрганаётган Алан исмли киши шундай деди: «Форс тилида йиғилишларга тайёргарлик кўрганимда, диққатимни тилга қаратишга мойилман. Шу пайт онгим кўпроқ ақлий фаолият билан банд бўлгани учун, мен ўқиётган маънавий фикрлар ҳар доим ҳам қалбимгача етиб бормайди. Шу сабабли, Муқаддас Китобни ва бошқа адабиётларни она тилимда тадқиқ қилишга мунтазам вақт ажратаман».

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИНГ ҚАЛБИНИ ЗАБТ ЭТИНГ

14. Ота-оналар нимага амин бўлишлари керак ва нима учун?

14 Масиҳий ота-оналар Аллоҳнинг Каломи аста-секин фарзандларининг онги ва қалбигача етиб бораётганига ишонч ҳосил қилишлари лозим. Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда 3 йилдан зиёд хизмат қилгандан кейин Серж ва унинг рафиқаси Мюриэль 17 яшар ўғлининг маънавий ишларга бўлган қизиқиши сусайганини пайқашди. Мюриэль қуйидагича айтиб берди: «Бошқа тилда ваъз қилиш ўғлимизга ёқмасди. Бундан олдин эса она тили — французчада ваъз қилиш унинг жону дили эди». Серж эса шундай деб бўлишди: «Бу вазият ўғлимизни маънавий ўсишдан тўхтатганини тушунганимизда, илгариги жамоатимизга қайтишга қарор қилдик».

Ҳақиқат фарзандларингизнинг қалбигача етиб бораётганига амин бўлинг (14-, 15- хатбошиларга қаранг.)

15. а) Қайси омиллар ота-оналарни фарзандларига тушунарли бўлган тилда гапирадиган жамоатга қайтишга ундаши мумкин? б) Қонунлар 6:5–7 да ота-оналар учун қандай маслаҳат бор?

15 Қайси омиллар ота-оналарни фарзандларига тушунарли бўлган тилда гапирадиган жамоатга қайтишга ундаши мумкин? Биринчидан, ота-оналар фарзандларида Яҳовага бўлган севгини ўстириш ва шу билан бирга ўзга тилни ўргатиш учун уларда етарлича вақт ҳамда манбалар борлигини аниқлашлари керак. Иккинчидан, улар фарзандларида маънавий ишларга ёки улар хизмат қилаётган ўзга ҳудудга бўлган қизиқиши сўниб бораётганини пайқашлари мумкин. Бундай вазиятларда масиҳий ота-оналар уларнинг фарзандлари ҳақиқатда маҳкам тура оладиган пайтгача уларга тушунарли бўлган тилда гапирадиган жамоатга қайтишни кўриб чиқишса бўлади. (Қонунлар 6:5–7 ни ўқинг.)

16, 17. Қай йўсин баъзи ота-оналар ўзга ҳудудда хизмат қилиб, фарзандларига маънавий таълим беришга муваффақ бўлишган?

16 Бошқа томондан, айрим ота-оналар ўзга тилда гапирадиган жамоат ёки гуруҳнинг йиғилишларига бораётган фарзандларига уларнинг она тилида таълим беришнинг йўлларини ҳам топишган. Масалан, Чарльз исмли ота 13, 12 ва 9 яшар қизлари билан лингала тилида гапирадиган гуруҳга қатнайди. У шундай деб бўлишди: «Биз болаларимиз билан тадқиқ ва оилавий топинишни она тилимизда ўтказишга қарор қилганмиз. Лекин қизларимиз лингала тилини ўрганишлари ва шу билан бирга бироз ўйин-кулги қилишлари учун бу тилда машқлар қилиб, ўйинлар ўйнаймиз».

Маҳаллий тилни ўрганишга ва шу тилдаги йиғилишларда иштирок этишга ҳаракат қилинг (16-, 17- хатбошиларга қаранг.)

17 Қизлари 5 ва 8 яшар бўлган Кевин исмли ота ўзга тилда ўтказиладиган йиғилишларда қизлари охиригача тушунмаган маълумотнинг ўрнини қоплаш учун чоралар кўрди. У қуйидагича айтиб берди: «Мен ва рафиқам қизларимиз билан уларнинг она тили — французчада шахсий тадқиқ ўтказамиз. Қолаверса, биз ойда бир марта француз тилидаги йиғилишларга боришни мақсад қилдик ва она тилимизда ўтказиладиган анжуманларга бориш учун таътил оладиган бўлдик».

18. а) Қай йўсин Римликларга 15:1, 2 даги принцип сизга фарзандларингиз учун нима фойдалироқ эканини аниқлашга ёрдам беради? б) Бошқа ота-оналар қандай маслаҳатлар беришди? (Изоҳга қаранг.)

18 Албатта, ҳар бир оила фарзандларининг маънавийлиги учун нима фойдалироқ бўлишини ўзи ҳал қилади. [2] (Галат. 6:5) Юқорида тилга олинган Мюриэль ўзи ва эри ўғлининг маънавий манфаати учун қурбонликларга боришларига тўғри келганини ҳикоя қилди. (Римликларга 15:1, 2 ни ўқинг.) Серж ўшанда улар тўғри қарор чиқаришганига аминдир. У қуйидагича фикр билдирди: «Француз жамоатига қайтганимиздан кейин ўғлимиз маънан ўсиб, сувга чўмди. Ҳозир у доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. У ҳатто ўзга тилда гапирадиган гуруҳга қайтиш ҳақида ўйлаяпти!»

АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ ҚАЛБИНГИЗНИ ЗАБТ ЭТИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИНГ

19, 20. Худонинг Каломига бўлган севгимизни қандай кўрсата оламиз?

19 «Ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлишлари» учун Яҳова Ўзининг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб юзлаб тилларда чиқишига севги ила ғамхўрлик қилган. (1 Тим. 2:4) У биладики, одамлар ўзларининг маънавий эҳтиёжларини яхшироқ қондира олишлари учун Унинг фикрларини ўзларининг қалб тилида ўқишлари керак.

20 Шароитларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар биримиз қалбимизни қаттиқ маънавий озуқа билан тўлдиришга қарор қилишимиз даркор. Муқаддас Ёзувларни қалбимизнинг тилида мунтазам тадқиқ қилсак, ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг маънавийлигини сақлаб, Худонинг сўзларини ҳақиқатдан ҳам қадрлаётганимизни кўрсатамиз. (Заб. 118:11)

^ [1] (5- хатбоши) Исмлар ўзгартирилган.

^ [2] (18- хатбоши) Оилангизга ёрдам бера оладиган Муқаддас Китобдаги принципларни муҳокама қилиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2002 йил 15 октябрь сонида (рус) чиққан «Ўзга мамлакатда фарзандларни тарбиялаш. Ҳаракатлар мукофотланади» номли мақолага қаранг.