Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Бутун оламнинг Ҳокими» доимо адолатли йўл тутади

«Бутун оламнинг Ҳокими» доимо адолатли йўл тутади

У суянган Қоям, Унинг ишлари комил, ҳамма йўллари адолатлидир. ҚОНУН. 32:4

ҚЎШИҚЛАР: 2, 11

1. Қай йўсин Иброҳим Яҳова адолатли эканига ишонганини кўрсатган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

«БУТУН оламнинг Ҳокими адолатли ишларни қилиши керак эмасми?!» (Ибт. 18:25) Иброҳим пайғамбар ушбу сўзларни айтиб, Яҳова Садўм ва Ғамўра шаҳарларига нисбатан мутлақ адолат ўрнатишига амин эканини кўрсатди. Иброҳим Халилуллоҳ Яҳова «гуноҳкор одам билан бирга гуноҳсизни йўқ қилиб», адолатсизларча йўл тутмаслигига ишонарди. Ҳа, Аллоҳ «асло бундай қилмаслигига» унинг ишончи комил эди. Бундан қарийб 400 йил ўтгач, Яҳова Мусога Ўзи ҳақида шундай сўзларни ёзишни айтганди: «У суянган Қоям, Унинг ишлари комил, ҳамма йўллари адолатлидир. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ, У ҳақ ва одилдир». (Қонун. 31:19; 32:4)

2. Нима учун Яҳова ноҳақлик қилишга қодир эмас, деб айта оламиз?

2 Нега Иброҳим Яҳова ҳамиша одил ҳукм чиқаришига ишонч билдира оларди? Боиси, Яҳова адолат ва ҳаққониятни намоён этишда энг аъло ўрнак кўрсатмоқда. «Адолат» ва «ҳаққоният» деб таржима қилинган ибронийча сўзлар Иброний Ёзувларда одатда бирга ишлатилади. Аслида, нима адолатлию нима ҳаққоний экани орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Яҳова адолатнинг юксак намунаси экан, У ҳамма вақт вазиятга адолат ила ёндашади. Боз устига, Унинг Каломида айтилганидек, У «солиҳлигу [«ҳаққониятни», ЯДТ] адолатни севади». (Заб. 32:5)

3. Бугунги дунёдаги адолатсизликка мисол келтиринг.

3 Яҳова ҳамиша одил эканини билиш самимий кишиларга тасалли бахш этади. Негаки, бу дунё адолатсизлик руҳи билан суғорилган ва бунинг дастидан одамлар гоҳида катта адолатсизликлар қурбонига айланишмоқда. Масалан, баъзилар адолатсизларча жазога ҳукм этилиб, қамоққа олинган. Айримлар эса содир этмаган жинояти учун ўнлаб йиллар мобайнида қамоқда ўтириб чиқишган. Уларнинг ишлари қайта кўриб чиқилганида далил сифатида ДНК таҳлили тақдим этилгандагина улардан баъзилари озод қилинишган. Тўғри, бундай адолатсиз судловлар умидсизликка ва ҳатто ғазабга сабаб бўла олади. Лекин масиҳийлар дош бериш янада қийинроқ бўлган адолатсизликнинг бошқа турига ҳам дуч келишлари мумкин.

ЖАМОАТДА

4. Қай тариқа масиҳийнинг имони синалиши мумкин?

4 Масиҳийлар жамоатдан ташқарида айрим адолатсизликларга дуч келишлари табиий. Бироқ жамоат ичида адолатсизликдек туюлган вазиятнинг гувоҳи бўлсак ё бунга ўзимиз дуч келсак, имонимиз синалиши мумкин. Жамоатда ёки имондошингиз билан муносабатингизда муайян ноҳақликка йўл қўйилди, деб ўйлаётган бўлсангиз, ўзингизни қандай тутасиз? Бу қоқинишингизга сабаб бўлишига йўл қўясизми?

5. Нега масиҳий жамоатда ноҳақликка дуч келса ёки адолатсизликнинг гувоҳи бўлса ҳайрон қолмаслиги керак?

5 Барчамиз номукаммал ва гуноҳ қилишга мойил бўлганимиз учун, адолатсизликка дуч келишимиз ё қайсидир имондошимизга нисбатан ўзимиз ноҳақлик қилиб қўйишимиз мумкинлигини тан оламиз. (1 Юҳан. 1:8) Гарчанд бундай вазиятлар кам учраса ҳам, адолатсизлик юз берганда садоқатли масиҳийлар ҳайрон қолишмайди ва қоқинишмайди. Чунки Яҳова Ўз Каломи орқали ҳатто имондошларимиз томонидан адолатсизликка дуч келганимизда бенуқсонлигимизни сақлашга кўмаклашадиган амалий маслаҳатлар берган. (Заб. 54:13–15)

6, 7. Бир биродар жамоатда қандай ноҳақликка дуч келди ва қайси фазилатлар унга масалани тўғри ҳал қилишга кўмаклашди?

6 Келинг, Вилли Дильнинг мисолини кўриб чиқайлик. Диль биродаримиз 1931 йилдан бошлаб Берндаги (Швейцария) Байтилда садоқат ила хизмат қилиб келган. 1946 йили у Нью-Йоркдаги (АҚШ) Гилад мактабининг 8- синфида ўқиган. Мактабни битирганидан кейин эса, вақт ўтиб, Швейцарияда туман нозирлик хизматига тайинланган. У ўз таржимаи ҳолида шундай айтиб берди: «1949 йили май ойида мен уйланмоқчи эканим ҳақида Берндаги филиалга хабар бердим». Филиалнинг жавобига кўра, улар «фақат доимий кашшоф бўлиб хизмат қилиш»лари мумкин эди. Диль биродаримиз гапида давом этиб, қуйидагича деди: «Менга нутқлар билан чиқишни тақиқлаб қўйишди... Кўпчилик бизга четлатилганларга каби муносабатда бўлиб, саломлашмай қўйишди».

7 Диль биродаримиз бу вазиятда ўзини қандай тутди? У қуйидагича бўлишди: «Биз турмуш қуриш Муқаддас Китобга зид эмаслигини билардик, шунинг учун ибодат қилиб, Яҳовага таяндик». Охир-оқибат, никоҳга нисбатан янглиш бўлган ва адолатсизликка олиб келган нуқтаи назар тўғриланди ҳамда Диль биродаримизга илгариги шарафли вазифалари қайтадан топширилди. Унинг Яҳовага бўлган садоқати мукофотланди. * Ўзимизга шундай саволлар бериш оқилонадир: «Ноҳақликка дуч келганимда худди шундай маънавий нуқтаи назарни намоён этаманми? Умид-ла Яҳовани кутаманми ё масалани ўзим ҳал қилишга интиламанми?» (Ҳик. 11:2; Михо 7:7 ни ўқинг.)

8. Нега адолатсизликнинг қурбони бўлдим ёки қайсидир имондошга нисбатан ноҳақлик қилишди деб, адашишингиз мумкин?

8 Бошқа томондан, адолатсизликнинг қурбони бўлдим ёки қайсидир имондошга нисбатан ноҳақлик қилишди деб, адашишингиз мумкин. Эҳтимол, бунинг сабаби вазиятга номукаммал нуқтаи назар билан қараганимизда ёки барча тафсилотларни билмаганимиздадир. Қандай бўлмасин, яъни вазиятни тўғри ё хато тушунамизми, Яҳовага ибодат ила таяниб, Унга садоқатли қолсак, Эгамиздан жаҳлимиз чиқишидан ўзимизни асраган бўламиз. (Ҳикматлар 19:3 ни ўқинг.)

9. Ушбу ва кейинги мақолада қайси мисолларни кўриб чиқамиз?

9 Келинг, қадимда Яҳованинг халқи орасида рўй берган ноҳақликнинг учта мисолини мушоҳада қилайлик. Мазкур мақолада Иброҳимнинг эвараси бўлмиш Юсуф ва унинг акалари туфайли тортган азобларига тўхталиб ўтамиз. Келгуси мақолада эса Яҳованинг Исроил шоҳи Ахаб билан бўлган муносабатларини ҳамда Суриянинг Антиохия шаҳрида Бутрус билан юз берган воқеани муҳокама қиламиз. Бу мисолларни кўриб чиқиш чоғида маънавий нигоҳингизни ва Яҳова билан муносабатингизни сақлашга кўмаклашадиган сабоқларни изланг. Улар сизга, айниқса, адолатсизликка дуч келдим, деб ўйлаганингизда асқатиши мумкин.

ЮСУФ — АДОЛАТСИЗЛИК ҚУРБОНИ

10, 11. а) Юсуф қандай ноҳақликларга учради? б) Зиндонда Юсуфда қандай имкон туғилди?

10 Яҳованинг садоқатли хизматчиси Юсуф нафақат бегоналар, балки, энг оғриқлиси, туғишган акалари томонидан адолатсизликка дуч келди. Юсуф 17 ёшда бўлганида, акалари уни ўғирлаб, қулликка сотиб юборишди. У ўз хоҳишига қарши Мисрга олиб кетилди. (Ибт. 37:23–28; 42:21) Юсуф ўзга юртда бироз вақт ўтказгач, уни зўрлашга ҳаракат қилганликда ноҳақ айблаб, сўроқсиз зиндонга ташлашганди. (Ибт. 39:17–20) У тахминан 13 йил давомида қул ва маҳбус сифатида оғир синовни бошдан кечирди. Имондошимиз томонидан ноҳақликка дуч келганимизда, Юсуфнинг мисолидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?

11 Юсуфда у билан бирга зиндонда ўтирган маҳбусга вазиятини айтиб бериш имкони бор эди. Ўша маҳбус фиръавннинг собиқ соқийси эди. Юсуф ва соқий зиндонда бирга ўтирган пайтлари соқий туш кўради. Юсуф Худо ёрдамида бу тушни таъбирлаб, соқий фиръавннинг саройидаги аввалги вазифасига қайтишини айтади. Ўшанда Юсуфда биратўла ўз вазияти билан ҳам бўлишиш имкони туғилади. Биз Юсуфнинг ҳам айтган, ҳам айтмаган гапларидан қимматли сабоқлар олишимиз мумкин. (Ибт. 40:5–13)

12, 13. а) Қай йўсин Юсуфнинг соқийга айтган сўзлари у шунчаки вазиятга тан бермаганини кўрсатяпти? б) Юсуф соқий билан гаплашганида, унга қайси тафсилотларни айтмаганди?

12 Ибтидо 40:14, 15 ни ўқинг. Аҳамият берган бўлсангиз, Юсуф у билан нима юз берганини тасвирлаш учун «ўғирлаб келтирилганман» деган иборани қўллаган. Ҳа, у ноҳақликнинг қурбонига айлангани шубҳасиз. Юсуф унга қўйилган айбловда айбдор эмаслигини айтади. Шу боис, соқийдан фиръавнга у тўғрисида эслатиб қўйишини илтимос қилади. Нима мақсадда? У буни шундай тушунтиради: «Мени зиндондан чиқариб олсин».

13 Юсуфнинг сўзларидан у вазиятга тан берган, деб хулоса қилсак бўладими? Албаттаки йўқ. У кўплаб адолатсизликларнинг қурбони бўлганини яхши биларди. Соқий Юсуфга ёрдам бериши мумкин эди. Шунинг учун Юсуф унга барча тафсилотларни очиқ-ойдин тушунтирди. Шуниси эътиборлики, Муқаддас Ёзувларда Юсуф қачондир кимгадир, ҳатто фиръавнга уни ўз акалари ўғирлашганини айтгани тўғрисида ҳеч нарса ёзилмаган. Унинг акалари Мисрга келиб, Юсуф билан ярашганларида, фиръавн уларни илиқ қарши олиб, уларга Мисрда яшашни ва у ернинг «энг яхши ноз-неъматлари»ни тотишни таклиф этади. (Ибт. 45:16–20)

Салбий гап-сўзлар туфайли вазият назорат остидан чиқиб кетиши мумкин (14- хатбошига қаранг.)

14. Ҳатто жамоатда ноҳақликка дуч келганимизда, бизни ёмон гап-сўзларни айтишдан нима асрайди?

14 Борди-ю, масиҳий адолатсизликнинг қурбонига айландим деб ўйласа, ғийбат қилишдан эҳтиёт бўлиши керак. Тўғри, имондошимиз катта хатода айбдор бўлса, бу ҳақда оқсоқолларга айтиш ва улардан ёрдам излаш ўринлидир. (Лев. 5:1) Лекин аксарият вазиятларда жиддий хатога йўл қўйилмагани учун, келишмовчиликни ҳеч кимнинг, ҳатто оқсоқолларнинг иштирокисиз ҳал қилса бўлади. (Матто 5:23, 24; 18:15 ни ўқинг.) Келинг, садоқатни намоён этиб, бундай масалаларни Муқаддас Китобдаги принципларга асосланган ҳолда ечайлик! Айрим ҳолларда, аслида, ноҳақликнинг қурбони бўлмаганимизни англаб етишимиз мумкин. Бундай вазиятда имондошимизга туҳмат қилиб, вазиятни чигаллаштирмаганимиздан хурсанд бўламиз. Шуни ёдда сақлангки, ҳақ ё ноҳақ бўламизми, ёмон гап-сўзлар ҳеч қачон вазиятни яхши томонга ўзгартирмайди. Яҳовага ҳамда имондошларимизга бўлган садоқат бизни бундай хатодан асрайди. Сано бастакори «тўғри юриб, тўғри иш қилганлар» ҳақида қуйидагича ёзганди: «Бошқаларга бўҳтон қилмаганлар яшайди, биродарларига ёмонлик қилмаганлар яшайди, яқинларини ҳақорат қилмаганлар яшайди». (Заб. 14:2, 3; Ёқб. 3:5)

ЯҲОВА БИЛАН МУНОСАБАТИНГИЗ УСТУН ТУРСИН

15. Юсуф Яҳовага садоқатли қолгани учун қандай баракалар олган?

15 Юсуфнинг Яҳова билан бўлган муносабатларидан яна бир муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Юсуф ўзининг 13 йиллик оғир синови пайтида вазиятларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараганини кўрсатган. (Ибт. 45:5–8) У бундай аҳволи учун ҳеч қачон Яҳовани айбламаган. Гарчи Юсуф бошдан кечирган адолатсизликларни унутмаган бўлса-да, улар унинг жаҳлини чиқаришига йўл қўймаган. Муҳими шундаки, Юсуф бошқаларнинг номукаммаллиги ва нотўғри хатти-ҳаракатлари уни Яҳовадан ажратишига изн бермаган. Юсуф садоқатли бўлгани учун адолатни ўрнатишда ҳамда унга ва оиласига барака ёғдиришда Яҳованинг қўлини кўра олган.

16. Нега жамоатда ноҳақликка учраганимизда Яҳовага янада яқинлашишимиз лозим?

16 Шу сингари биз ҳам Яҳова билан муносабатларимизни қадрлаб, асрашимиз керак. Имондошларимизнинг камчиликлари биз севган ва топинаётган Худойимиздан жудо қилишига асло йўл қўймаслигимиз даркор. (Рим. 8:38, 39) Мабодо имондошимиз томонидан адолатсизликка дуч келсак ҳам, келинг, Юсуф каби Яҳованинг нуқтаи назарига эга бўлишга интилиб, Унга янада яқинлашайлик. Вазиятни тўғрилаш учун Муқаддас Китобда ёзилганларга амал этиб, қўлимиздан келганини қилгандан кейин, Яҳова вазиятни ўз вақтида ва керакли тарзда ҳал этишига ишонган ҳолда масалани Унинг қўлига топширишимиз керак.

«БУТУН ОЛАМНИНГ ҲОКИМИ»ГА ИШОНИНГ

17. «Бутун оламнинг Ҳокими»га ишонаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

17 Ушбу дунёда яшар эканмиз, адолатсизликларга учрашимиз табиий. Камдан-кам вазиятларда сиз ўзингиз ёки сиз таниган бошқа кимдир жамоатда ноҳақликка дуч келиши ёки адолатсиздек туюлган вазиятнинг гувоҳи бўлиши мумкин. Булар сизни қоқинтиришига йўл қўйманг. (Заб. 118:165) Биз Аллоҳнинг содиқ хизматчилари сифатида чин дилдан ибодат қилиб, Унга таянамиз. Шу билан бирга, ҳамма тафсилотларни билмаслигимиз мумкинлигини камтарлик ила тан оламиз. Муаммонинг сабаби вазиятга номукаммал нуқтаи назар билан қараганимиз ҳам бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Биз ҳам Юсуф каби салбий гап-сўзлардан қочишни истаймиз, зеро биламизки, улар вазиятни ёмонлаштиради, холос. Шундай экан, келинг, вазиятни ўз қўлимизга олмай, садоқатни кўрсатишда ҳамда Яҳова вазиятни тўғрилашини сабр ила кутишда қатъий бўлайлик. Бундай йўл тутиш, шаксизки, Юсуф билан бўлганидек, Яҳованинг марҳаматию баракасига эриштиради. Ростдан ҳам, «бутун оламнинг Ҳокими» Яҳова доимо адолатли йўл тутишига амин бўлишимиз мумкин, чунки Унинг «ҳамма йўллари адолатлидир». (Ибт. 18:25; Қонун. 32:4)

18. Навбатдаги мақолада нимани таҳлил қиламиз?

18 Навбатдаги мақолада қадимда Яҳованинг халқи орасида рўй берган адолатсизликнинг яна иккита мисолини таҳлил қиламиз. Мазкур баёнотларни кўриб чиқиб, камтарлик ва кечиришга тайёр бўлиш Яҳованинг адолатга бўлган нуқтаи назари билан қандай боғлиқ эканини ўрганамиз.

^ 7- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг 1991 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) «Яҳова — мен умид боғлаган Худойимдир» деб номланган биродаримиз Вилли Диль ҳақидаги таржимаи ҳолга қаранг.