Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Албатта ваъдангда тургин»

«Албатта ваъдангда тургин»

Яҳова олдида ичган қасамингни бажо келтир. МАТ. 5:33

ҚЎШИҚЛАР: 18, 7

1. а) Ҳакам бўлган Йифтоҳ ва Ханна ўртасида қандай ўхшашликлар бор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.) б) Ушбу мақолада қандай саволларга жавоб топамиз?

У КИШИ жасур йўлбошчи эди, у аёл эса — итоаткор хотин. У киши довюрак жангчи эди, у аёл эса — камтарин уй бекаси. Йифтоҳ исмли ҳакам ва Элқананинг хотини Ханна битта Худога топинишганди. Қизиқ, улар ўртасида яна қандай ўхшашликлар бор? Иккови ҳам Худога аҳд бериб, унга мувофиқ йўл тутишганди. Улар Яҳовага аҳд бермоқчи бўлган бугунги кундаги эркагу аёллар учун ажойиб ўрнакдир. Бироқ айрим муҳим саволлар юзага келмоқда: аҳд ўзи нима? Яҳовага аҳд бериш қанчалик жиддий? Йифтоҳ ҳамда Ханнадан қандай сабоқ олсак бўлади?

2, 3. а) Аҳд бу нима? б) Худога ваъда бериш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

2 Муқаддас Китобда тилга олинганидек, аҳд — Яҳовага бериладиган қатъий сўздир. Одам бирон-бир иш қилишга, ҳадя тақдим этишга, хизматнинг муайян турини бошлашга ёки маълум нарсалардан ўзини тийишга аҳд қилади. Аҳдлар инсоннинг ўз ихтиёри билан берилади. Шундай бўлса-да, улар Худонинг назарида муқаддас ва мажбурий ҳисобланади. Зеро, аҳд онт ичиб айтиладиган сўз — қасам билан тенг ҳисобланиб, бошқаларни бирор нарсани қилиш-қилмасликка ишонтириш учун берилади. (Ибт. 14:22, 23; Иброн. 6:16, 17) Яҳовага ваъда бериш муҳимлиги тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?

3 Тавротда шундай айтилган: «Агар бирорта эркак киши Эгамизга ваъда берган бўлса ёки бирор нарсадан ўзини тийишга қасам ичган бўлса, айтганларининг ҳаммасини бажарсин. У сўзидан қайтмасин». (Саҳ. 30:3) Кейинчалик Сулаймон қуйидаги сўзларни ёзишга илҳомлантирилганди: «Худога назр атаганингдан кейин уни бажаришни орқага сурмагин. У нодонларни ёқтирмайди. Албатта ваъдангда тургин». (Воиз 5:3) Исо ҳам ваъда бериш жиддий эканини таъкидлаб, шундай деганди: «Худди шундай қадимда яшаганларга: “Қасамни бузма. Яҳова олдида ичган қасамингни бажо келтир”,— деб айтилганини эшитгансизлар». (Мат. 5:33)

4. а) Худога ваъда бериш қанчалик жиддий? б) Йифтоҳ ва Ханна борасида нимани билиб оламиз?

4 Кўриниб турганидек, Яҳовага ваъда бериш ниҳоятда жиддий масаладир. Ваъдаларимизга бўлган муносабатимиз Яҳова билан дўстлигимизга таъсир қилади. Довуд шундай ёзганди: «Ким туриши мумкин Эгамизнинг муқаддас маконида? Ким чиқиши мумкин Унинг тепалигига?.. Сохта нарсаларга кўнгил қўймаганлар, ёлғондакам онт ичмаганлар». (Заб. 23:3, 4) Бу мақолада Йифтоҳ ва Ханна қандай ваъда беришганини ҳамда уни бажариш улар учун нечоғлик қийин бўлганини кўриб чиқамиз.

УЛАР ХУДОГА БЕРГАН ВАЪДАСИГА СОДИҚ ҚОЛИШДИ

5. Йифтоҳ қандай ваъда берганди ва натижаси қандай бўлди?

5 Йифтоҳ оммонликлар Худонинг халқига ҳужум қилганида, уларга қарши жангга чиққан пайтда Яҳовага берган ваъдасига вафодор қолди. (Ҳак. 10:7–9) Ғалаба қозонишни жудаям истаган Йифтоҳ шундай ваъда берди: «Агар оммонликларни қўлимга топширсанг, жангдан ғалаба билан қайтганимда, эшигимдан менга пешвоз чиққан биринчи киши Яҳовага тегишли бўлади». Бунинг натижаси қандай бўлди? Оммонликлар тобе қилинди ва Йифтоҳ ғалаба қозониб қайтганида, уни кутиб олиш учун суюкли қизи чиқди. Энди унинг қизи «Яҳовага тегишли бўлиши» керак эди. (Ҳак. 11:30–34, ЯДТ) Йифтоҳнинг қизи учун бу нимани англатарди?

6. а) Худога берган аҳдни бажариш Йифтоҳ ва унинг қизи учун қанчалик қийин эди? б) Худога ваъда бериш тўғрисида Қонунлар 23:21, 23 ва Забур 14:4 да ёзилган сўзлар сизни нимаси билан таъсирлантирди?

6 Йифтоҳнинг қизи отаси берган ваъдани бажариш учун чодирда Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиши зарур эди. Йифтоҳ бу ваъдани ўйламасдан берганмиди? Йўқ, чунки Йифтоҳ, эҳтимол, уни кутиб олиш учун уйдан чиқадиганлар орасида қизи ҳам бўлишини яхши билган. Нима бўлса ҳам, ота ва қиз учун бу руҳан қийин вазият эди. Ахир бу катта қурбонлик эди-ку! Йифтоҳ қизини кўрганида, «қайғу-аламдан кийимларини йиртди» ва юрак-бағри қон бўлганини айтди. Унинг қизи эса: «Тоққа чиқиб, у ерда ёшлигим хазон бўлганидан қайғурай. Чунки мен энди ҳеч қачон турмушга чиқмайман»,— деди. Гап шундаки, Йифтоҳнинг битта ҳам ўғли йўқ эди. Бунинг устига, яккаю ягона қизи ҳеч қачон турмушга чиқа олмай, унга набиралар ҳам ҳадя этолмасди. Ундан бошқа ҳеч ким насл давомчиси ҳам, меросхўр ҳам бўла олмасди. Лекин бу энг муҳим масала эмасди. Йифтоҳ шундай айтди: «Мен Эгамизга қасам ичган эдим, энди сўзимни қайтиб ололмайман!». Қизи эса унга жавобан: «Зинҳор сўзингиздан қайтманг»,— деди. (Ҳак. 11:35–39) Худонинг ушбу садоқатли хизматчилари, ўз зарарига бўлса-да, Сарвари Оламга берган ахдида туришган ва уни бузиш ҳақида ҳатто ўйлашмаган. (Қонунлар 23:21, 23; Забур 14:4 ни ўқинг.)

7. а) Ханна нимани ваъда қилди ва нега? Бунинг натижаси қандай бўлди? б) Ханнанинг ваъдаси Шомуил учун нимани англатарди? (Изоҳга қаранг.)

7 Ханна ҳам Яҳовага берган аҳдини садоқат ила бажарганлардан бири эди. Ханна бефарзандлигидан ва унга тинмай озор беришганидан қаттиқ азоб чекиб, руҳан эзилганида Худога ваъда берди. (1 Шоҳ. 1:4–7, 10, 16) У қалбидагини Худога тўкиб солиб, қуйидагича аҳд қилди: «Эй, Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим, унинг бошига устара тегмасди». * (1 Шоҳ. 1:11) Ханнанинг илтижоси жавобсиз қолмади: у биринчи фарзандини — ўғилни дунёга келтирди. Ўшанда унинг боши осмонга етганди. Аммо шундай бўлса-да, у Худога берган аҳдини ёдидан чиқармади. Ханна ўғил фарзанд кўрганида: «Уни Эгамиздан тилаб олдим»,— деб айтди. (1 Шоҳ. 1:20)

8. а) Ханна учун берган аҳдини бажариш қанчалик қийин бўлган? б) Қай йўсин Забурнинг 60- саноси сизга Ханнанинг ўрнагини эслатяпти?

8 Шомуил кўкракдан ажратилиши биланоқ, эҳтимол, уч ёшида ёки ундан сал ошганида, Ханна Худога аҳд қилганидек йўл тутди. У ҳатто бошқача йўл тутиш ҳақида ўйламаган ҳам. Ханна Шомуил билан Шилўдаги муқаддас чодирга, олий руҳоний Элах олдига бориб, шундай деди: «Мен мана шу бола учун Эгамга илтижо қилган эдим, Эгам тилагимни бажо қилди. Шунинг учун уни Эгамга бағишладим, умр бўйи Унга аталган бўлсин, дедим». (1 Шоҳ. 1:24–28) «Шомуил... Эгамизнинг ҳузурида ўсиб-улғайди». (1 Шоҳ. 2:21) Лекин бу Ханна учун нимани англатарди? У жажжи боласини жудаям яхши кўрарди, энди эса фарзанди билан ҳар куни вақт ўтказа олмасди. Ханна боласини қучоқлашни, у билан ўйнашни, уни тарбиялашни, хуллас, севувчи она ўсаётган кичкинтойи билан ўтказадиган барча ширин дамларни орзиқиб кутган бўлса керак. Лекин нима бўлишидан қатъи назар, Ханна Худога аҳд берганидан ҳечам афсусланмаганди. Унинг қалби Яҳова ила шод бўлганди. (1 Шоҳ. 2:1, 2; Забур 60:2, 6, 9 ни ўқинг.)

Яҳовага берган аҳдларингизда турибсизми?

9. Қайси саволларга жавоб оламиз?

9 Худога ваъда бериш нечоғлик жиддий эканини кўриб чиққан эканмиз, келинг, энди қуйидаги саволларни муҳокама қилайлик: масиҳийлар сифатида биз қандай ваъдалар берамиз? Берган ваъдаларимизда қанчалик қатъий туришимиз лозим?

БАҒИШЛОВ ВАЪДАНГИЗ

Бағишлов ваъдаси (10- хатбошига қаранг.)

10. Масиҳий ҳаётида берадиган энг муҳим ваъдалардан бири қайси ва бу ундан нимани талаб этади?

10 Масиҳий ҳаётини Яҳовага бағишлаганида, энг муҳим ваъдалардан бирини беради. Нега дейсизми? Сабаби, у шахсан ибодат қилганида, нима бўлган тақдирда ҳам, Яҳовага абадий хизмат қилишга аҳд беради. Шу йўсин, Исонинг сўзлари билан айтганда, масиҳий «ўзидан кечади», яъни Худонинг хоҳиш-иродасини ҳаётида ҳамма нарсадан устун қўйишга ваъда қилади. (Мат. 16:24) Ўша кундан бошлаб у «Яҳовага тегишли» бўлади. (Рим. 14:8) Бағишлов ваъдасини берган ҳар ким сано бастакори каби бу ваъдага жиддий қараши керак. Зеро, у Худога берган ваъдалари ҳақида шуларни ёзганди: «Эгамга нима билан қайтарай Менга қилган барча яхшиликлари учун? Эгамиз халқининг кўзи олдида Унга берган онтимни адо этаман». (Заб. 115:3, 5)

11. Сувга чўмган кунингизда нималар юз берган?

11 Сиз Яҳовага ҳаётингизни бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмдингизми? Агар шундай бўлса, мақтовга сазоворсиз! Эсингиздами, гувоҳлар олдида сувга чўмган куни сиздан Яҳовага ҳаётингизни бағишлаган-бағишламаганингизни ҳамда «ўзингизни бағишлаб сувга чўмиш билан, Худонинг муқаддас руҳи ила бошқариладиган Яҳованинг Шоҳидлари ташкилотига аъзо бўлаётганингизни» тушуниш-тушунмаслигингизни сўрашганди. Ушбу саволларга «Ҳа» деб жавоб бериб, сиз ўзингизни Яҳовага буткул бахш этганингизни омма олдида эълон қилдингиз ва Унинг бағишланган хизматчиси сифатида сувга чўмишга тайёр эканингизни кўрсатдингиз. Шубҳасиз, ўшанда Яҳовани ниҳоятда хушнуд этгансиз!

12. а) Ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади? б) Бутруснинг айтишича, қандай фазилатларга эга бўлишимиз лозим?

12 Лекин сувга чўмиш — бу фақат бошланишидир, сабаби биз кейин ҳам Худога садоқат ила хизмат қилиб, бағишловимизга мувофиқ яшашни истаймиз. Бинобарин, ўзимизга қуйидаги саволларни бериб кўрсак бўлади: «Сувга чўмганимдан бери маънавийлигим қанчалик ўсди? Яҳовага бажонидил хизмат қилишда давом этяпманми? (Колос. 3:23) Тез-тез ибодат қилиб турибманми? Аллоҳнинг Каломини ҳар куни ўқияпманми? Йиғилишларга мунтазам қатнаяпманми? Ваъзгўйликда иложи борича кўпроқ иштирок этяпманми? Ёки бу маънавий ишларда озгина оқсаяпманми?» Ҳаворий Бутруснинг тушунтиришича, агарда имонимизни билим, сабр-бардош ва художўйлик билан тўлдирсак, ўзимизни хизматда фаолиятсиз бўлиб қолишдан асраган бўламиз. (2 Бутрус 1:5–8 ни ўқинг.)

13. Ўзини Худога бағишлаб, сувга чўмган масиҳий нимани англаши керак?

13 Худога берган аҳдимиздан қайтиб, бағишлов ваъдасини бекор қилишнинг имкони йўқ. Борди-ю, одам Яҳовага хизмат қилишдан ва масиҳий ҳаёт тарзини кечиришдан чарчаган бўлса, у: «Аслида, ҳеч қачон Худога бағишланмагандим ва сувга чўмганим бекор қилинди»,— деб айта олмайди. * Зотан, бундай киши ўзини Худога бутунлайин бағишланган инсон сифатида тақдим этганди. У содир этиши мумкин бўлган ҳар қандай жиддий гуноҳи учун Яҳова ҳамда жамоат олдида жавобгардир. (Рим. 14:12) Илойим, биз ҳақимизда ҳеч қачон «илк муҳаббатингдан совидинг», деб айтишмасин. Аксинча, Исо биз тўғримизда шундай сўзларни айтишини истаймиз: «Мен сенинг ишларингни, севгингни, имонингни, хизматингни, сабр-бардошингни ҳамда охирги ишларинг аввалгидан ҳам кўпроқ эканини биламан». (Ваҳ. 2:4, 19) Келинг, ғайрат ила бағишлов ваъдамизга мувофиқ ҳаёт кечиришда давом этиб, Яҳовани қувонтирайлик.

НИКОҲ АҲДИНГИЗ

Никоҳ аҳди (14- хатбошига қаранг.)

14. Қайси аҳд инсон ҳаётида берадиган энг муҳим ваъдалардан иккинчиси ҳисобланади ва нега?

14 Инсон ҳаётида берадиган энг муҳим ваъдалардан иккинчиси — никоҳ аҳдидир. Нега дейсизми? Чунки никоҳ муқаддасдир. Келин-куёв Худо ва гувоҳлар олдида бир-бирига ваъда беришади. Улар турмуш қуришганида, одатда бир-бирини севишга, ғамхўрлик қилишга ва ҳурмат қилишга сўз бериб, буни «Худо бирлаштирган никоҳда бир умр» қилишга ваъда этишади. Бошқа жуфтликлар худди шундай сўзларни айтишмаса-да, барибир Худо олдида аҳд қилишади. Кейин турмуш ўртоқлар эр-хотин деб эълон қилинишади ва уларнинг иттифоқи умрбод бўлиши кутилади. (Ибт. 2:24; 1 Кор. 7:39) Шу боис, Исонинг таъбири билан айтганда, «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмаслиги» керак: на эр, на хотин, на яна бирон ким бундай қилишга ҳақли. Демак, агар оила қураётган жуфтликнинг турмуши ўхшамай қолса, улар хоҳлаган пайтда ажрашса бўлади, деб ўйламасликлари лозим. (Марк 10:9)

15. Нега масиҳийлар дунёдаги одамларнинг никоҳга нисбатан енгил-елпи қарашларини ўзлаштириб олмасликлари керак?

15 Шаксизки, никоҳ ҳеч қачон мукаммал бўлмаган. Зеро, никоҳ қураётганларнинг иккаласи ҳам осий бандадир. Шу сабабдан бўлса керак, Муқаддас Китобда вақти-вақти билан турмуш қурганларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлади» дейилган. (1 Кор. 7:28) Минг афсуски, дунёдаги кўплаб одамлар никоҳга енгил-елпи қарашади. Муносабатлар таранглашганда, улар дарҳол таслим бўлиб, умр йўлдошини ташлаб кетишади. Аммо бу масиҳийларга тўғри келмайди. Никоҳ аҳдини бузиш Аллоҳга ёлғон гапириш билан баробардир, Аллоҳ эса ёлғончилардан нафратланади. (Лев. 19:12; Ҳик. 6:16–19) Ҳаворий Павлус шундай ёзганди: «Хотинингиз борми? Озод бўлиш йўлини изламанг». (1 Кор. 7:27) Ажралиш учун бевафолик қилганлардан ҳам Яҳова нафратланишини билгани учун, Павлус юқоридаги сўзларни айта олган. (Мал. 2:13–16)

16. Муқаддас Китобда ажралиш ва алоҳида яшаш тўғрисида нима дейилган?

16 Исо ўргатганидек, айбсиз эр ё хотин бевафолик қилган умр йўлдошини кечира олмаслиги никоҳ аҳдини бузиш учун Муқаддас Китобга асосланган ягона сабаб бўла олади. (Мат. 19:9; Иброн. 13:4) Турмуш ўртоқдан алоҳида яшаш ҳақида-чи, нима деса бўлади? Муқаддас Китобда бу масала бўйича ҳам аниқ жавоб бор. (1 Коринфликларга 7:10, 11 ни ўқинг.) Аллоҳнинг Каломига кўра, турмуш ўртоқларнинг алоҳида яшаши учун сабаб йўқ. Бироқ айрим турмуш қурган масиҳийлар маълум бир вазиятларни алоҳида яшаш учун сабаб, деб билишади. Бунга зўравон ёки муртад турмуш ўртоқлардан бири эр ё хотинининг ҳаётига ёки маънавий соғлигига жиддий хавф туғдириши мисол бўла олади. *

17. Қай йўсин масиҳий жуфтлик турмушини абадий иттифоққа айлантириши мумкин?

17 Турмуш қурганлар оқсоқоллардан оилавий муаммолар борасида маслаҳат сўрашганида, оқсоқоллар улардан яқин орада «Ҳақиқий севги — бу нима?» номли видеони кўришган-кўришмаганини ҳамда «Оилангиз бахтли бўла олади» рисоласини ўқиб чиқишган-чиқишмаганини сўрашса, яхши бўларди. Нима учун? Боиси, ушбу маънавий қурол-аслаҳаларда кўпларга турмушни мустаҳкамлашга кўмаклашган илоҳий принципларга эътибор қаратилган. Бир жуфтлик қуйидагича бўлишди: «Бу рисолани ўрганишни бошлаганимиздан бери никоҳимиз ҳар қачонгидан ҳам бахтли бўлди». Бир аёл ажралиш ёқасида турган 22 йиллик турмуши ҳақида гапириб, шуларни айтди: «Биз икковимиз ҳам сувга чўмганмиз, аммо ҳиссан икки қирғоқ сингари ажралган эдик. Бу видео биз учун айни муддао бўлди! Ҳозир жуфтлик сифатида анча жипслашганмиз». Сиз ҳам турмуш қурганмисиз? Агар шундай бўлса, нима бўлган тақдирда ҳам, никоҳингизда Яҳованинг принципларини қўлланг. Бу сизга никоҳ аҳдингизга мувофиқ бахтли ҳаёт кечиришга ёрдамлашади!

ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ АҲДИ

18, 19. а) Кўпчилик масиҳий ота-оналар нима қилишди? б) Тўла вақтли махсус хизматчилар ҳақида нима деса бўлади?

18 Йифтоҳ ва Ханна ўртасида яна қандай ўхшашликлар борлигини пайқадингизми? Гап шундаки, ҳар бирининг алоҳида берган аҳди туфайли Йифтоҳнинг қизи ва Ханнанинг ўғли муқаддас чодирдаги махсус, муқаддас хизмат учун бағишланишганди. Бу улар буёғига ғоятда мазмунли ҳаёт тарзини кечиришларини англатарди. Бугунги кунда ҳам кўплаб масиҳий ота-оналар фарзандларини тўла вақтли хизматни бошлашга ва хизматни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишга ундашмоқда. Бундай йўл тутган ота-оналарни ва уларнинг фарзандларини астойдил мақтаса арзийди. (Ҳак. 11:40; Заб. 109:3)

Тўла вақтли махсус хизматчиларнинг ваъдаси (19- хатбошига қаранг.)

19 Ҳозирда тўла вақтли махсус хизматдаги Яҳова Шоҳидларининг умумжаҳон жамоаси қарийб 67 000 кишидан иборат. Улардан баъзилари Байтилда, қурилиш ёки туман нозирлик хизматида, яна бошқалари махсус кашшофлар, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ёки илоҳий мактабларда муаллимлар бўлиб, айримлари эса Анжуман Заллари ё илоҳий мактаблар ўтказиладиган биноларда хизмат қилишяпти. Уларнинг ҳаммаси «Итоаткор бўлиш ва содда ҳаёт кечириш аҳди»ни ичиб, Шоҳлик манфаатларини олға суришда уларга бериладиган ҳар қандай топшириқни бажаришга, содда ҳаёт кечиришга ҳамда рухсатсиз дунёвий ишда ишламасликка ваъда беришади. Бу хизматда одамлар эмас, уларнинг топшириқлари махсус деб ҳисобланади. Ушбу ваъзгўйлар тўла вақтли махсус хизматда қатнашган муддат давомида берган аҳдларига мувофиқ камтарона ҳаёт кечириш муҳимлигини тушунишади.

20. Биз «ҳар куни» нима қилишимиз керак ва нега?

20 Бу мақолада муҳокама қилинган аҳдлардан нечтасини Худога бергансиз: биттасиними, иккитасиними ёки учаласиними? Албаттаки, сиз берган аҳдингизга бепарво қарамаслик лозимлигини тушунасиз. (Ҳик. 20:25) Яҳовага берган ваъдангиз устидан чиқмасангиз ва аҳдингизни бузсангиз, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. (Воиз 5:5) Келинг, биз ҳам сано бастакорининг: «Сенга [Яҳовага] ҳар доим ҳамду сано куйлайман, берган онтимни ҳар куни адо этаман»,— деган сўзларига мувофиқ йўл тутайлик. (Заб. 60:9)

^ 7- х.б. Ханнанинг ваъдасига кўра, унинг фарзанди умрбод назр қилинган бўлиши лозим эди. Бу, назр қилинган киши ҳаётини Яҳовага бағишлаши ҳамда муқаддас хизмат учун ажратилган бўлиши кераклигини англатарди. (Саҳ. 6:2, 5, 8)

^ 13- х.б. Инсон сувга чўмишга тайёр бўлишидан олдин оқсоқоллар кўплаб омилларни инобатга олишгани учун, инсоннинг сувга чўмгани бекор қилинган вазиятлар жуда кам учрайди.

^ 16- х.б. «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобнинг 219–221- саҳифаларига қаранг.