Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Адолатга Яҳова каби қарайсизми?

Адолатга Яҳова каби қарайсизми?

Эгамизнинг номини улуғлайман!.. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ. ҚОНУН. 32:3, 4

ҚЎШИҚЛАР: 15, 51

1, 2. а) Навўт ва унинг ўғиллари қандай ноҳақликка дуч келишди? б) Мазкур мақолада қайси иккита фазилатни кўриб чиқамиз?

ҚУЙИДАГИ вазиятни тасаввур қилинг: бир ота ўлимга лойиқ жиноятда сохта айбланди. Бу унинг оила аъзоларига ва дўстларига ваҳима келтириб, зарба бўлди. Нега деганда, у ярамас гувоҳларнинг берган сохта кўрсатмалари асосида ҳукм қилинди. Ушбу бегуноҳ киши ва унинг ўғиллари қатл қилинганини кўрган адолатсевар одамларнинг юрак-бағри қон бўлди. Бу ўйлаб чиқарилган ҳикоя эмас. Мазкур воқеа Исроил шоҳи Ахаб ҳукмронлиги даврида яшаган Навўт исмли Яҳованинг содиқ хизматчиси билан юз берганди. (3 Шоҳ. 21:11–13; 4 Шоҳ. 9:26)

2 Ушбу мақолада нафақат Навўтнинг, балки нотўғри ҳукм чиқарган биринчи асрдаги садоқатли оқсоқолнинг мисолини ҳам таҳлил қиламиз. Муқаддас Китобдаги мазкур баёнотларни тадқиқ қилиб, адолатга Яҳова каби қарашда камтарлик муҳим эканини ўрганамиз. Шунингдек, жамоатда ноҳақликни кўрганимизда кечиришга тайёрлигимиз Яҳованинг адолатга нисбатан нуқтаи назарини қандай акс эттиришини билиб оламиз.

АДОЛАТНИНГ БУЗИЛИШИ

3, 4. Навўт қандай инсон эди ва нега у шоҳ Ахабга узумзорини сотмади?

3 Кўплаб исроилликлар шоҳ Ахаб ва унинг хотини ёвуз малика Изабелнинг ёмон ўрнагига эргашаётган бир пайтда Навўт Яҳовага садоқатли эди. Баалга топинган ўша одамлар Яҳовани ҳурмат қилишмасди ва Унинг меъёрларини менсишмасди. Навўт эса Яҳова билан муносабатларини ўз ҳаётидан ҳам кўпроқ қадрларди.

4 3 Шоҳлар 21:1–3 ни ўқинг. Ахаб Навўтга узумзорини сотиб олишни ва унинг ўрнига яхшироқ узумзорни беришни таклиф қилганида, Навўт буни рад этди. Нега? У бунинг сабабини ҳурмат ила тушунтириб, шундай деди: «Ота-боболаримдан қолган меросни сизга бермайман. Чунки Яҳова буни ман этган». (3 Шоҳ. 21:3, ЯДТ) Навўтнинг рад жавоби Исроил халқига берилган Яҳованинг Қонунига асосланган эди. Унга кўра, муайян қабилага тегишли меросни бир умрга сотиш ман этиларди. (Лев. 25:23; Саҳ. 36:7) Аниқ-равшанки, Навўт бу вазиятга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараган.

5. Эри Навўтнинг узумзорига эга бўлиши учун Изабел нима қилди?

5 Таассуфки, Навўт таклифни рад этгани сабабли, Ахаб ва унинг рафиқаси бир қанча қабиҳликларга қўл уришади. Эри узумзорга эга бўлиши учун, Изабел Навўтга қарши сохта гувоҳлик беришларини уюштиради. Бунинг оқибатида Навўтни ва унинг ўғилларини ўлдиришади. Яҳова ушбу даҳшатли адолатсизликка қандай муносабатда бўлди?

АЛЛОҲНИНГ ОДИЛ ҲУКМИ

6, 7. Яҳова адолатсевар эканини қандай кўрсатди ва нега бу Навўтнинг қариндошлари ва дўстларига тасалли бахш этди?

6 Яҳова шу заҳоти Ахабнинг олдига Илёсни жўнатади. Ўшанда Илёс ҳаққоний равишда уни қотил ва ўғри деб ҳукм қилади. Бу вазиятда Яҳова қандай қарор чиқаради? Навўт ва ўғиллари билан бўлганидек, Ахаб, унинг хотинию ўғилларини ҳам ўлим кутарди. (3 Шоҳ. 21:17–25)

7 Навўтнинг оиласи ва дўстлари Ахабнинг ваҳшиёна ишлари сабабли юз берган қайғули йўқотишлардан ҳасрат чеккан бўлишса-да, Яҳова адолатсизликдан хабардор эканини ва тез орада унга чек қўйишини билишганидан маълум даражада тасалли топишгани шубҳасиз. Аммо уларнинг камтарлиги ва Яҳовага бўлган ишончи вазият кутилмаган тус олгани туфайли синалгани эҳтимолдан йироқ эмас.

8. Ахаб Яҳованинг ҳукмига қанақа муносабат билдирди ва натижаси қандай бўлди?

8 Ахаб Яҳова унга қарши ҳукм чиқарганини билгач, «қайғудан кийимларини йиртди, эгнига қанор илиб олди, рўза тутди, қанор кийиб ухлади, доимо ғамгин юрди». Ахаб тавба қилиб, мўмин бўлиб қолди. Натижада нима бўлди? Яҳова Ахабга яна бир илҳомлантирилган хабарни етказиш мақсадида унинг олдига қайтадан Илёсни юборди. Бу сафар Илёс Ахабга у тавба қилгани учун Яҳова башорат қилган кулфатни унинг ҳаётлигида келтирмаслигини айтиши керак эди. (3 Шоҳ. 21:27–29) «Одамларнинг қалбини... синагувчи» Яҳова Ахабга тавбасига яраша раҳм-шафқат кўрсатди. (Ҳик. 17:3)

КАМТАРЛИК — ҲИМОЯДИР

9. Нима учун камтарлик Навўтнинг оиласи ва дўстлари учун ҳимоя бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас?

9 Ахаб даҳшатли гуноҳ қилганини билган кишиларга Яҳованинг қарори қандай таъсир этди? Яҳова ҳукмини бекор қилгани Навўтнинг оиласи ва дўстларининг имонини синаган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, эҳтимол, камтарлик уларни ҳимоялаб, Аллоҳ ноҳақлик қилмаслигига амин бўлган ҳолда Унга садоқат ила топинишда давом этишга ундагандир. (Қонунлар 32:3, 4 ни ўқинг.) Навўт, унинг ўғиллари ва уларнинг оилалари Яҳова одил кишиларни тирилтирадиган пайтда мутлақ адолат ўрнатишини кўришади. (Аюб 14:14, 15; Юҳан. 5:28, 29) Қолаверса, камтарин инсон «ҳар бир ишни, ҳатто яширин қилинган ишларни ҳам, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, Худо ҳукм қилишини» ёдида сақлайди. (Воиз 12:14) Ҳа, ҳукм чиқараётганда Яҳова бизга номаълум бўлган омилларни инобатга олади. Шундай экан, камтарлик бегуноҳ одамларни маънавий ҳалокатдан асрайди.

10, 11. а) Қайси вазиятларда имонимиз синалиши мумкин? б) Қайси жиҳатлардан камтарлик бизни ҳимоя қилади?

10 Агар оқсоқолларнинг қарорини тушунмасангиз ёки, эҳтимол, бу қарор билан рози бўлмасангиз, қандай муносабат билдирасиз? Мисол учун, агар яқинингиз шарафли вазифаларидан маҳрум бўлса, қандай йўл тутасиз? Борди-ю, турмуш ўртоғингиз, ўғлингиз ё қизингиз, ё бўлмаса, яқин дўстингиз четлатилса ва сиз бу қарор билан рози бўлмасангиз, нима қиласиз? Ёхуд гуноҳкорга нисбатан адашиб раҳм қилинган, деб ҳисобласангиз-чи? Бундай вазиятлар Яҳовага ва Унинг ташкилий тузилмасига бўлган ишончимизни синаши мумкин. Мабодо бундай синовга дуч келсангиз, камтарлик сизни қандай ҳимоя қила олади? Келинг, бунинг иккита йўлини муҳокама қилайлик.

Агар оқсоқолларнинг қарори билан рози бўлмасангиз, қандай йўл тутасиз? (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

11 Биринчидан, камтарлик бизни ҳамма тафсилотларни билмаслигимизни тан олишга ундайди. Вазиятни қанчалик яхши билмайлик, фақатгина Яҳова одамнинг дилидагини кўра олади. (1 Шоҳ. 16:7) Ушбу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатни билиш бизни камтарин бўлишга, имкониятларимиз чегараланганини тан олишга ва вазиятга нисбатан нуқтаи назаримизни ўзгартиришга ундайди. Иккинчидан, камтарлик бизга Яҳова ҳар қандай ноҳақликни тўғрилашини кутаётганимизда итоаткор ва сабрли бўлишга кўмаклашади. Бу борада бир доно киши шундай ёзганди: «Худодан қўрқадиганларга ундан ҳам яхшироқ бўлади... Фосиқларга эса яхши бўлмайди, ҳаётлари соядай тез ўтиб кетади». (Воиз 8:12, 13) Шаксизки, камтарлик бизга ҳамда вазиятга алоқадор бошқа кишиларга фойда келтиради. (1 Бутрус 5:5 ни ўқинг.)

ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК ҚИЛИНГАНДА

12. Ҳозир қайси баёнотни кўриб чиқамиз ва нима учун?

12 Суриянинг Антиохия шаҳрида биринчи асрдаги масиҳийлар уларнинг камтарлиги ва кечиришга тайёрлиги синалган вазиятга юз тутишди. Келинг, бу баёнотни ўрганиб, у ёрдамида кечиримлиликка бўлган муносабатимизни текшириб кўрайлик. Бу баёнот кечиримлилик Яҳованинг адолатга бўлган нуқтаи назари билан қандай боғлиқ экани тўғрисидаги тушунчамизни чуқурлаштириши мумкин.

13, 14. Бутрусга қандай шарафли вазифалар ишониб топширилганди ва у қай тариқа жасоратни намоён этди?

13 Ҳаворий Бутрус оқсоқол эди ва масиҳийлар жамоатида уни яхши танишарди. Шунингдек, у Исонинг дўсти бўлган ва унга муҳим вазифалар ишониб топширилганди. (Мат. 16:19) Мисол учун, милодий 36 йили Бутрус Корнилий ва унинг оиласидагилар билан хушхабарни баҳам кўриш шарафига муяссар бўлганди. Корнилий суннат қилинмаган ўзга халқ вакили бўлгани учун, бу воқеа диққатга сазовор эди. У ва унинг оиласи муқаддас руҳга эга бўлишганида, Бутрус қуйидагиларни тан олганди: «Биз каби муқаддас руҳга эга бўлган бу кишиларнинг сувга чўмишига ким тўсқинлик қила олади?» (Ҳавор. 10:47)

14 Милодий 49 йили Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар масиҳийликни қабул қилган ўзга халқ вакилларининг суннат қилиниш масаласини кўриб чиқиш учун йиғилишганди. Ушбу учрашувда Бутрус жасорат ила гапириб, биродарларга бир неча йил аввал суннат қилинмаган ўзга халқ вакилларига муқаддас руҳ ёғдирилганини эслатиб ўтди. Бутруснинг гувоҳ сифатида берган кўрсатмалари биринчи асрдаги етакчи кенгашга қарор чиқаришда жуда асқатган. (Ҳавор. 15:6–11, 13, 14, 28, 29) Афтидан, ҳам яҳудий, ҳам ғайрияҳудий бўлган масиҳийлар Бутрус фактларни қўрқмасдан баён этганини юқори қадрлашган. Бундай маънан етук кишига ишониш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаган бўлса керак. (Иброн. 13:7)

15. Суриядаги Антиохияда Бутрус қандай хатога йўл қўйди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

15 Милодий 49 йилги учрашувдан кўп ўтмай, Бутрус Суриядаги Антиохияга боради. Ўша ердалигида у ўзга халқ вакилларидан бўлган биродарлари билан бемалол суҳбатлашади. Шунда улар Бутруснинг билимию тажрибасидан фойда олишгани турган гап. Лекин Бутрус тўсатдан улар билан бирга овқат емай қўйганида, улар қанчалик ҳайрон қолиб, ҳафсаласи пир бўлганини тасаввур қилинг! Бутруснинг бундай хатти-ҳаракати жамоатнинг бошқа яҳудий аъзоларига, ҳатто Барнабога ҳам, ёмон таъсир қилган. Жамоатнинг бўлинишига олиб келиши мумкин бўлган бундай хато қарор чиқаришга етук оқсоқолни нима ундади? Боз устига, оқсоқол сўзлари ёки ҳаракатлари билан дилимизни оғритганида, юқоридаги вазиятдан олган сабоғимиз бизга қандай ёрдам беради?

16. Бутрусга фикрини ўзгартиришга нима ёрдам берди ва бу хусусда қайси саволлар юзага келмоқда?

16 Галатияликларга 2:11–14 ни ўқинг. Бутрус одамлардан қўрқиш тузоғига тушиб қолганди. (Ҳик. 29:25) У бу масалага доир Яҳованинг нуқтаи назарини билганига қарамай, Қуддусдаги жамоатнинг суннат қилинган яҳудий аъзоларининг фикридан қўрққанди. Милодий 49 йили Қуддусдаги йиғилишда бўлган ҳаворий Павлус Антиохияда Бутрусга қарши гапириб, унинг иккиюзламачилигини фош этди. (Ҳавор. 15:12; Галат. 2:13) Хўш, Бутруснинг хатоси ўзга халқлардан бўлган масиҳийларга таъсир этган экан, улар бу адолатсизликка қандай муносабат билдиришди? Улар бундан қоқинишдими? Бутрус-чи, хатосини деб шарафли вазифаларидан маҳрум бўлдими?

КЕЧИРИМЛИ БЎЛИНГ

17. Бутрус Яҳованинг кечиримлилигидан қандай фойда олган?

17 Шак-шубҳасизки, Бутрус Павлуснинг маслаҳатини камтарлик ила қабул қилган. Муқаддас Ёзувларнинг ҳеч бир жойида Бутрус вазифаларидан маҳрум бўлгани ҳақида ёзилмаган. Кейинчалик у Муқаддас Китобнинг қисмига айланган иккита мактубни ёзишга илҳомлантирилган. Эътиборлиси шуки, Бутрус ўзининг иккинчи мактубида Павлусни «азиз биродаримиз» деб тилга оляпти. (2 Бутр. 3:15) Тўғри, Бутруснинг хато қарори жамоатдаги ўзга халқ вакилларига оғриқ келтирган бўлиши мумкин. Аммо жамоатнинг боши бўлмиш Исо ундан фойдаланишда давом этганди. (Эфес. 1:22) Шу тариқа жамоатнинг аъзолари кечиримлиликни намоён этиб, Исога ва Яҳовага тақлид қила олишарди. Ўшанда ҳеч ким номукаммал инсоннинг хатоси дастидан қоқинмаган, деб умид қиламиз.

18. Қайси вазиятларда Яҳованинг адолатга нисбатан нуқтаи назарини акс эттира оламиз?

18 Биринчи асрда бўлганидек, бугунги кунда ҳам масиҳийлар жамоатида мукаммал оқсоқоллар йўқ, зеро «барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». (Ёқб. 3:2) Буни тан олишимиз осон бўлиши мумкин, лекин биродарнинг номукаммаллиги шахсан бизга таъсир қилганида бу қийин кечади. Бундай вазиятда Яҳованинг адолатга нисбатан нуқтаи назарини акс эттирамизми? Масалан, оқсоқол ўз фикрини ўтказиш учун бирон нарсага шама қилса, қандай йўл тутасиз? Агар оқсоқол ўйламай сизни ранжитадиган ёки дилингизни оғритадиган бирон нарса деса, бу сизни қоқинтиришига йўл қўясизми? Биродар оқсоқол бўлишга бошқа лойиқ эмас, деб тезда хулоса чиқармай, жамоатнинг боши бўлмиш Исони сабр ила кутасизми? Биродарнинг кўп йиллик садоқатли хизмати тўғрисида фикр юритиб, шу йўсин каттароқ расмни кўришга интиласизми? Борди-ю, сизга қарши гуноҳ қилган биродар оқсоқол бўлиб хизмат қилишда давом этса ёки ҳатто унга қўшимча вазифалар топширилса, у билан бирга қувонасизми? Сизнинг кечиришга тайёрлигингиз Яҳованинг адолатга нисбатан нуқтаи назарини акс эттиради. (Матто 6:14, 15 ни ўқинг.)

19. Нима қилишга қатъий қарор қилишимиз керак?

19 Адолатсевар инсонлар Шайтон ва унинг ёвуз дунёси дастидан одамларнинг бошига тушаётган барча адолатсизликлар таг-томири билан бартараф қилинадиган кунни орзиқиб кутишмоқда. (Ишаё 65:17) Унгача эса, келинг, камчиликларимизни тан олиб ва бизга қарши гуноҳ қилганларни чин дилдан кечириб, Яҳованинг адолатга нисбатан нуқтаи назарини акс эттиришга қатъий қарор қилайлик!