Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Эгамиз... ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин»

«Эгамиз... ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин»

Эгамизни ўзингнинг шодлигинг деб бил, кўнглингдаги орзуларингга У етказади. ЗАБ. 36:4

ҚЎШИҚЛАР: 11, 44

1. Ёшлигида инсон келажак тўғрисида қандай қарор чиқариши керак, аммо нега бу ҳақда ортиқча ташвишланишга ҳожат йўқ? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

СИЗ, ёшлар, саёҳатга чиқишдан олдин қаерга бормоқчи эканингизни режалаштириш оқилона эканига қўшиларсиз. Ҳаёт саёҳат сингаридир ва қаерга бормоқчи эканингизни режалаштиришнинг энг мақбул пайти — ёшлик чоғидир. Тўғри, режалар тузиш қийин бўлиши мумкин. Масалан, Хедер исмли синглимиз шундай деди: «Бу ваҳималидир. Зеро сиз қолган ҳаётингизни нимага бағишлаш қарори олдида турасиз». Лекин дадил бўлинг. Ахир Яҳова Ўз халқига шундай деб айтганди: «Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман». (Ишаё 41:10)

2. Яҳова келажак борасида оқилона режалар тузишингизни истаётганини қаердан биласиз?

2 Яҳова сизни келажак борасида оқилона режалар тузишга ундаяпти. (Воиз 12:1; Мат. 6:20) Чунки У бахтли бўлишингизни истайди. Аллоҳ яратган ажойиб манзаралар, товушлар ва таъмлар буни ошкор қилмоқда. Қолаверса, У биз учун қайғураётгани ва бизга энг зўр ҳаёт йўли тўғрисида таълим бераётгани ҳақида ҳам ўйлаб кўринг. Яҳова Унинг маслаҳатини рад этганларга шундай демоқда: «Мен хоҳламаган нарсаларни танладингиз.... Қулларим шод-хуррам бўлади, сизлар эса шармандаю шармисор бўласиз. Мана, қалблари шодликка тўлиб, Менинг қулларим қўшиқлар куйлайди». (Ишаё 65:12–14) Ҳа, Яҳованинг хизматчилари ҳаётда доно қарорлар чиқаришганида, У улуғланади. (Ҳик. 27:11)

СИЗНИ БАХТЛИ ҚИЛАДИГАН РЕЖАЛАР

3. Яҳова сизга нимани тавсия қилмоқда?

3 Яҳова сизга қандай режаларни тавсия қилмоқда? Худо одамларни улар Уни таниб-билиб ва Унга садоқат ила хизмат қилиб, бахтли яшашлари учун яратган. (Заб. 127:1; Мат. 5:3) Бу эса ҳайвонлар нима мақсадда яратилганидан кескин фарқ қилади. Зеро, улар фақатгина еб-ичиш ва насл қолдириш билан қаноатланишади. Яҳова ҳайвонларни қониқтирадиган нарсаларга эмас, бошқа мақсадларга интилишингизни ва шу йўсин бахт топишингизни хоҳлайди. Яратувчингиз — инсониятни «Ўз суратидай қилиб яратган» «севги... Худоси» ва «бахтиёр Тангридир». (2 Кор. 13:11; 1 Тим. 1:11; Ибт. 1:27) Агар севгига тўла Аллоҳимизга тақлид қилсангиз, бахтли бўласиз. «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта», деган илоҳий сўзлар ҳақиқат эканига ўзингиз ҳам қачондир амин бўлганмисиз? (Ҳавор. 20:35) Бу — инсон ҳаёти тўғрисидаги муҳим ҳақиқатдир. Шу боис, Яҳова сизнинг режаларингиз Унга ва бошқаларга севгини намоён этишга қаратилган бўлишини истайди. (Матто 22:36–39 ни ўқинг.)

4, 5. Исони нима бахтли қилган?

4 Исо Масиҳ сиз, ёшлар, учун мукаммал ўрнак қолдирган. Шубҳасизки, у болалигида маза қилиб ўйнаб юрарди. Аллоҳнинг Каломида: «Кулишнинг ҳам,.. рақснинг ҳам ўз вақти бор»,— деб ёзилган. (Воиз 3:4) Бундан ташқари, Исо Муқаддас Ёзувларни ўрганиб, Яҳовага яқинлашган. У 12 ёшда бўлганида, маъбаддаги дин муаллимлари унинг «фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига лол қолишганди». (Луқо 2:42, 46, 47)

5 Исо бахтли бўлиб вояга етган. Қизиқ, уни нима бахтли қилган? Исо Аллоҳ ундан, бошқа нарсалар баробарида, «камбағалларга хушхабарни эълон қилиш»ини ва «кўрларга кўзлари очилишини ваъз этишини» ҳам истаганини билган. (Луқо 4:18) Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни қилиш Исони бахтли қилган. Забур 39:9 да унинг ҳис-туйғулари қуйидагича баён этилган: «Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан». Ҳа, Исо одамларга самовий Отаси ҳақида таълим беришдан завқ олган. (Луқо 10:21 ни ўқинг.) Бир марта Исо битта аёлга ҳақ топиниш ҳақида ўргатганидан кейин, шогирдларига қуйидагича айтган: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир». (Юҳан. 4:31–34) Худога ва бошқаларга севгини кўрсатиш Исони бахтли қилган. Бу сизни ҳам бахтли қилиши мумкин.

6. Нима учун келажак борасидаги режаларингизни тажрибали масиҳийлар билан муҳокама қилиш арзийди?

6 Кўплаб масиҳийлар ёшлигида кашшоф сифатида хизмат қилиб, хурсандчилик топишган. Улардан айримлари билан режаларингизни муҳокама қила оласизми? «Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади». (Ҳик. 15:22) Эҳтимол, бундай маънавий инсонлар тўла вақтли хизмат орқали ҳаётингиз мобайнида асқатадиган таълим олишингиз мумкинлиги ҳақида айтиб беришар. Масалан, Исо осмонда Отасидан кўп нарсани ўрганганидан кейин ҳам ўзининг ердаги хизмати давомида билим олишдан тўхтамаган. У хушхабар билан қалбларни забт этиш ва синовларда садоқатли қолишдан қувонч топган. (Ишаё 50:4 ни ўқинг; Иброн. 5:8; 12:2) Келинг, сизни бахтли қилиши мумкин бўлган тўла вақтли хизматнинг баъзи жиҳатларини кўриб чиқайлик.

НЕГА ШОГИРД ТАЙЁРЛАЁТГАНЛАР БАХТЛИ?

7. Нима учун кўплаб ёшлар шогирд тайёрлашни ёқтиришади?

7 Исо қуйидагича айтганди: «Боринглар,.. одамларга таълим бериб,.. шогирд тайёрланглар». (Мат. 28:19, 20) Агар шогирд тайёрлаш ишида қатнашишни режалаштирсангиз, сиз энг кўп хурсандчилик келтирадиган ва Аллоҳни шарафлайдиган касбни танлаган бўласиз. Ҳар қандай касб билан бўлганидек, бу касбнинг устаси бўлиш учун ҳам вақт талаб қилинади. 19 яшарлигида кашшофликни бошлаган Тимоти исмли биродаримиз яқинда шундай деди: «Мен Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишни яхши кўраман, сабаби шу йўсин Унга бўлган севгимни намоён эта оламан. Бошида менда Муқаддас Китоб тадқиқлари йўқ эди, аммо кейинчалик бошқа ҳудудга кўчганимда, бир ой ичида бир нечта тадқиқлар пайдо бўлди. Мен билан тадқиқ ўтаётганлардан бири Йиғилиш Залига келишни бошлади. Икки ой давомида Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабида * ўқиганимдан сўнг, мени янги жойга тайинлашди. У ерда 4 та тадқиқ бошладим. Мен одамларга таълим беришни ёқтираман, боиси шу орқали муқаддас руҳ уларни ўзгартираётганини кўра оламан». (1 Салон. 2:19)

8. Қай йўсин айрим ёш масиҳийлар шогирд тайёрлашда кўпроқ қатнашишга муваффақ бўлишди?

8 Айрим ёш масиҳийлар бошқа тилни ўрганишди. Мисол учун, Шимолий Америкадан бўлган Жейкоб шундай ёзди: «7 ёшлигимда кўп синфдошларим вьетнамлик эди. Мен уларга Яҳова ҳақида айтишни истардим, шунинг учун муайян вақтдан кейин уларнинг тилини ўрганишни режалаштирдим. Бу тилни асосан «Қўриқчи минораси» журналининг инглиз ва вьетнам тилидаги нашрларини солиштириш орқали ўргандим. Шунингдек, вьетнам тилида гапирадиган қўшни жамоатдан дўстлар орттирдим. 18 ёшда бўлганимда эса, кашшофлик қилишни бошладим. Кейинчалик Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабида таълим олдим. Ушбу таълим менга ҳозирги кашшофлик топшириғимни бажаришга ёрдам берди. Мен вьетнам тилида гапирадиган гуруҳда ягона оқсоқол бўлиб хизмат қиляпман. Кўп вьетнамликлар уларнинг тилини билишимдан ҳайрон қолишади. Улар мени уйларига таклиф қилишади ва одатда улар билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга муваффақ бўламан. Улардан айримлари сувга чўмишган». (Ҳаворийлар 2:7, 8 ни солиштиринг.)

9. Шогирд тайёрлаш иши сизга қандай ажойиб таълимни тақдим этади?

9 Шогирд тайёрлаш иши орқали сиз таълим олиб, фойдали кўникмаларга, мулоқот қилиш қобилиятига, дадилликка ва хушмуомалаликка ўрганасиз. (Ҳик. 21:5; 2 Тим. 2:24) Бу иш ниҳоятда қувончлидир, сабаби у ёрдамида имонингиз пойдевори бўлган Муқаддас Ёзувлардаги таълимотларни чуқурроқ билиб оласиз. Шунингдек, Яҳова билан яқиндан ҳамкорлик қилишни ўрганасиз. (1 Кор. 3:9)

10. Қай йўсин ҳатто одамлари хушхабарга бепарво бўлган ҳудудда ҳам шогирд тайёрлаш ишидан қувонч топишингиз мумкин?

10 Гарчи ҳудудингиздаги одамлардан камчилиги хушхабарни эшитишга мойил бўлса-да, сиз шогирд тайёрлаш ишидан қувонч топишингиз мумкин. Шогирд тайёрлаш — жамоавий ишдир. Зеро, бутун жамоат самимий инсонларни излайди. Охир-оқибат Масиҳнинг шогирди бўлган инсонни жамоатнинг атиги бир аъзоси топган бўлса ҳам, уни излашда барча биродару опа-сингиллар қатнашган ва улар бу хурсандчиликни биргаликда баҳам кўришлари мумкин. Масалан, Брэндон хушхабарни эшитишга мойил бўлмаган одамлар яшайдиган ҳудудда 9 йил кашшофлик қилган. У қуйидагича дейди: «Мен хушхабарни ваъз қилишни яхши кўраман, сабаби Яҳова мендан бундай қилишни сўраяпти. Мен кашшофликни мактабни битирганимдан кейин бошлаганман. Жамоатдаги ёш биродарларга далда беришдан ва уларнинг маънан ўсишини кузатишдан завқ оламан. Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабини тугатганимдан сўнг, мени янги жойга тайинлашди. Мен хизмат қилган ҳудудларда сувга чўмиш каби маънавий қадамни қўйган биттаям кишини топганим йўқ, аммо бошқалар топишди. Шогирд тайёрлаш ишида тўлиқ қатнашишни мақсад қилганимдан хурсандман». (Воиз 11:6)

РЕЖАЛАРИНГИЗ СИЗНИ ҚАЕРГА ЕТАКЛАЙДИ?

11. Муқаддас хизматнинг қайси тури кўплаб ёшларга завқ бахш этмоқда?

11 Яҳовага хизмат қилиш учун имкониятлар бисёр. Мисол учун, кўплаб ёшлар қурилишларда ихтиёрий хизматчи сифатида ёрдам беришяпти. Гап шундаки, ҳозир юзлаб янги Йиғилиш Залларига эҳтиёж бор. Уларни қуриш эса, Аллоҳни шарафлайдиган ва сизни бахтли қила оладиган муқаддас хизматдир. Муқаддас хизматнинг бошқа турларида бўлгани каби, бу хизмат турида ҳам имондошлар билан ҳамкорлик қилиш — хурсандчиликдир. Қолаверса, ташкилотимиздаги қурилиш ишлари орқали таълим оласиз, боиси бу сизни хавфсизлик чораларига риоя этишга, тиришқоқ ишчи бўлишга ва раҳбарликни зиммасига олганлар билан ҳамкорлик қилишга ўргатади.

Тўла вақтли хизматни бошлаганларни кўплаб баракалар кутмоқда (11–13- хатбошиларига қаранг.)

12. Қай йўсин кашшофлик хизмати бошқа имкониятларни очиб бериши мумкин?

12 Кевин исмли биродаримиз шундай бўлишди: «Кичкиналигимдан Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишни истагандим. Охири, 19 ёшга кирганимда, кашшофликни бошладим. Қурувчи бўлган биродарнинг қўлида ярим ставка ишлаб, ўзимни таъминлардим. Мен томларни, ойналарни ва эшикларни ўрнатишни ўргандим. Кейин довулдан жабр кўрганларга ёрдам бериш гуруҳи билан бирга икки йил мобайнида Йиғилиш Залларини ҳамда имондошларимизнинг уйларини қайта қуришда кўмаклашдим. Жанубий Африкада қурилишга эҳтиёж борлиги ҳақида эшитганимда эса, ариза тўлдирдим ва у ерга таклиф қилиндим. Бу ерда, Африкада, бир ҳафтада битта Йиғилиш Залини қуришни тугатаман ва кейин бошқасига ўтаман. Менинг қурилиш гуруҳим гуё бир оила кабидир: биз бирга яшаймиз, Муқаддас Китобни биргаликда ўрганамиз ва бирга меҳнат қиламиз. Боз устига, ҳар ҳафта маҳаллий биродарлар билан ваъз қилишдан завқланаман. Болалигимда тузган режаларим туфайли ҳаёлимга келмаган даражада бахтли бўлдим».

13. Қай тариқа Байтил хизмати ёшларни бахтли қилади?

13 Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш режаларига мувофиқ йўл тутган баъзилар бугунги кунда Байтилда хизмат қилишмоқда. Байтил хизмати — бахтли ҳаёт йўлидир, сабаби у ерда ҳамма нарса Яҳова учун қилинади. Байтил оиласи маънавий озуқани тақдим этишга ёрдамлашади. Дэстен исмли байтилчи қуйидагича айтиб берди: «9 ёшимда тўла вақтли хизматни мақсад қилганман ва мактабни битиргач, кашшофликни бошлаганман. Бир ярим йил ўтгандан сўнг, Байтилга таклиф қилиндим. У ерда мен босма машиналар билан ишлашни ва кейинчалик компьютерли программалаштиришни ўргандим. Байтилда дунё бўйлаб шогирд тайёрлаш иши қандай ривож топаётганини “биринчи қўлдан” эшитишдан завқ оламан. Байтилдаги хизматни жуда яхши кўраман, чунки у ерда бажараётган ишимиз одамларга Яҳовага яқинлашишга ёрдам беради».

КЕЛАЖАК БОРАСИДА ҚАНДАЙ РЕЖАЛАР ТУЗАСИЗ?

14. Қандай қилиб тўла вақтли хизматни бошлашни режалаштира оласиз?

14 Қандай қилиб тўла вақтли хизматчи бўлишни режалаштира оласиз? Бошқа нарсаларга қараганда, илоҳий фазилатлар сизга Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишда кўпроқ кўмаклашади. Шунинг учун, Аллоҳнинг Каломини пухта ўрганинг, унинг устида чуқур мулоҳаза юритинг ва жамоат йиғилишларида имонингизни намоён этишнинг йўлларини изланг. Мактаб йиллари хушхабарни ваъз қилиш учун талаб этиладиган тажриба ва маҳоратни орттира оласиз. Хушмуомалалик ила одамлардан фикрларини сўраш ва жавобларини тинглаш орқали уларга қизиқиш билдиришни ўрганинг. Шунингдек, жамоатдаги ишларда, жумладан, Йиғилиш Залини тозалаш ва таъмирлашда ёрдамингизни таклиф қилсангиз бўлади. Яҳова камтарлик ва тайёрлик руҳига эга бўлганлардан фойдаланишдан мамнундир. (Забур 109:3 ни ўқинг; Ҳавор. 6:1–3) Тимўтий «биродарлар орасида яхши ном қозонгани» учун ҳаворий Павлус уни тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматига таклиф этган. (Ҳавор. 16:1–5)

15. Ўзингизни таъминлаш учун қай йўсин тайёргарлик кўрсангиз бўлади?

15 Кўпинча тўла вақтли хизматчилар ўзларини таъминлаш учун пул топишлари керак. (Ҳавор. 18:2, 3) Эҳтимол, сиз ярим ставкали ишга киришингизга кўмаклашадиган қисқа ўқув курсида таълим олишни режалаштирарсиз. Режалар тузаётиб, туман нозирингиз ва ҳудудингиздаги кашшофлар билан маслаҳатлашинг. Улардан кашшофлар учун қайси иш тўғри келишини сўранг. Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Ишларингни Эгамизга топшир, шунда режаларинг мустаҳкам бўлади». (Ҳик. 16:3; 20:18)

16. Қай йўсин ёшлик чоғида Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш сизни келажакдаги бошқа вазифаларга тайёрлаши мумкин?

16 Яҳова сиз учун «мустаҳкам пойдевор бўладиган» бахтли келажак тилашига амин бўлишингиз мумкин. (1 Тимўтийга 6:18, 19 ни ўқинг.) Тўла вақтли хизмат туфайли сиз бундай хизматда қатнашаётганлар билан ҳамкорлик қилиб, масиҳий сифатида маънан улғаясиз. Кўплар Яҳовага ёшлик чоғида тўла вақтли хизмат қилиш бахтлироқ турмуш кечиришга ёрдамлашганига амин бўлишди. Одатда турмуш қуришдан олдин кашшоф бўлган ваъзгўйлар жуфтлик сифатида ҳам бу хизматни давом эттиришга муваффақ бўлишади. (Рим. 16:3, 4)

17, 18. Режалар тузиш қалбингиздаги истаклар билан қандай боғлиқ?

17 Режалар тузиш қалбингиздаги истаклар билан ҳам боғлиқдир. Забур 19:5 да: «Кўнглинг истаганини Эгамиз сенга инъом қилсин, ҳамма режаларингни рўёбга чиқарсин»,— деган сўзлар қаламга олинган. Шу боис, ҳаётингизни нимага бағишламоқчи эканингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Яҳова бизнинг замонамизда қандай ишни олиб бораётгани ва бу фаолиятда қандай ҳисса қўшишингиз мумкинлиги ҳақида фикр юритинг. Кейин эса Уни мамнун қиладиган режалар тузинг.

18 Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш сизга чуқур мамнуният бағишлайди, чунки бу — Аллоҳни улуғлайдиган ҳаёт йўлидир. Ҳа, «Эгамизни ўзингнинг шодлигинг деб бил, кўнглингдаги орзуларингга У етказади»! (Заб. 36:4)

^ 7- х.б. Ҳозирда Шоҳлик хабарчилари мактаби.