Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Онгингиз учун курашда ғалаба қозонинг!

Онгингиз учун курашда ғалаба қозонинг!

СИЗ ҳужум остидасиз! Асосий душманингиз Шайтон сизга қарши ниҳоятда хавфли қуролни ишлатяпти. Қизиқ, бу нима экан? Бу — танангизга эмас, онгингизга ҳужум қилиш учун атайин яратилган қурол — тарғиботдир!

Ҳаворий Павлус Шайтоннинг тарғиботи жуда хавфли эканини билган, аммо унинг ҳамма имондошлари ҳам буни тушунишмаган. Масалан, Коринфдаги айрим масиҳийлар ҳақиқатда жуда мустаҳкаммиз ва ҳеч қачон йиқилмаймиз деб ўйлаб, афтидан, ўзларига ҳаддан ортиқ ишонишганди. (1 Кор. 10:12) Шунинг учун Павлус қуйидаги огоҳлантиришни берганди: «Аммо илон маккорлиги билан Момоҳавони йўлдан оздиргани каби, сизларнинг ҳам фикр-хаёлингиз бузилиб, Масиҳ сазовор бўлган самимият ва покликдан узоқлашиб қолманглар, деб қўрқяпман». (2 Кор. 11:3)

Павлуснинг сўзлари манманлик қанчалик хавфли эканини кўрсатмоқда. Агар онгингиз учун курашда ғалаба қозонишни истасангиз, Шайтоннинг тарғиботи туғдираётган хавфни аниқлаб, ўзингизни ундан ҳимоялашингиз керак.

ТАРҒИБОТ ҚАНЧАЛИК ХАВФЛИ?

Тарғибот бу нима? Мазкур матн таркибида бу сўз инсонларнинг фикрларию хатти-ҳаракатларини бошқариш учун нохолис ёки ёлғон маълумотдан фойдаланишни билдиради. Баъзилар тарғиботни «ёлғонлар, хатоликлар, маккорлик, ҳийла-найранг, онгни бошқариш, [ва] психологик уруш»га тенглаштириб, уни «одоб-ахлоқ доирасида бўлмаган, зарарли ҳамда адолатсиз усуллар» билан боғлашади. («Propaganda and Persuasion»)

Хўш, тарғибот қанчалик хавфли? У кўринмас, ҳидсиз, заҳарли газ каби онгимизга яширин тарзда таъсир қилиб, унга сингиб боради. Биз тарғиботни кўрмаслигимиз мумкин. Шунинг учун, хулқ-атвор бўйича мутахассис Ванс Пакард ҳам қуйидаги хулосага келди: «Кўпчилигимиз ўзимиз сезмаган ҳолда таъсир ва назорат остида бўламиз». Бир олимнинг фикрича, тарғибот таъсири остида «аёллару эркаклар осонликча ваҳший хатти-ҳаракатларга қўл уришган», масалан, «геноцид,.. уруш,.. ирқий мутаассиблик, диний чидамсизлик ва яна кўплаб ғайриинсоний ишлар»ни содир этишган. («Easily Led — A History of Propaganda»)

Агар оддий одамлар бизни ўз тарғиботи билан аврай олишса, унда Шайтон ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. У инсонларнинг феъл-атворини одамзод яратилганидан бери ўрганиб келяпти. Ҳозир «бутун дунё» унинг ҳукмида экан, у ўз ёлғонларини тарқатиш учун дунёнинг ҳар қандай қисмидан фойдаланиши мумкин. (1 Юҳан. 5:19; Юҳан. 8:44) Шайтон одамларнинг «зеҳнларини кўр қилишда» шунчалик устаси фаранг бўлиб кетганки, ҳозир у «бутун ер юзини йўлдан оздириб юрибди». (2 Кор. 4:4; Ваҳ. 12:9) Шундай экан, унинг тарғиботига қандай қарши тура оласиз?

МУДОФААНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАНГ

Тарғиботга қарши курашишимиз учун Исо мана шу оддий йўл-йўриқни берган: «Ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади». (Юҳан. 8:31, 32) Урушда аскар қаердан ишончли маълумот манбасини олишни билиши лозим, чунки душман уни авраш мақсадида ёлғонлар тарқатади. Хўш, сиз ишончли маълумотни қаердан олсангиз бўлади? Уни Яҳова тақдим этган. Муқаддас Калом саҳифаларидан Шайтоннинг тарғиботига қарши туриш учун сизга зарур бўлган ҳамма нарсани топишингиз мумкин. (2 Тим. 3:16, 17)

Шак-шубҳасизки, буюк тарғиботчи Шайтон буни билади. У ўзининг дунёсидан Муқаддас Китобни ўқишингизга ва тадқиқ қилишингизга халақит бериш мақсадида фойдаланади. Шу боис, унинг ҳийла-найрангларига лаққа тушманг! (Эфес. 6:11) Ҳақиқатнинг теранликларини «англаб етишга қобилиятли бўлинг». (Эфес. 3:18) Тўғри, бу сиздан анчагина ҳаракат талаб қилади. Лекин Ноам Хомский исмли муаллиф айтган оддий фактни ёдда тутинг: «Ҳеч ким ҳақиқатни онгингизга солиб қўймайди. Уни ўзингиз топишингиз керак». Демак, «Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганиш» орқали ҳақиқатни «ўзингиз топинг». (Ҳавор. 17:11)

Онгингиз учун курашда ғалаба қозониш учун, Шайтоннинг тарғиботи туғдираётган хавфни аниқлаб, ўзингизни ундан ҳимоялашингиз керак

Шайтон равшан фикрлашингизни ёки чуқур мулоҳаза қилишингизни истамайди. Нега? Чунки бир манбада айтилишича, «қачонки одамларга... танқидий фикрлашга халақит беришса», тарғибот «афтидан шунда юксак самара келтиради». («Media and Society in the Twentieth Century») Шу сабабли, эшитаётган нарсаларингизга ҳеч қачон бепарво бўлманг ва уларни кўр-кўрона қабул қилманг. (Ҳик. 14:15) Худо сизга туҳфа этган фикр юритиш қобилияти ва ақлингиздан ҳақиқатни ўзлаштириш мақсадида фойдаланинг. (Ҳик. 2:10–15; Рим. 12:1, 2)

ҲАМЖИҲАТЛИКНИ САҚЛАНГ

Ҳарбий раҳбарлар аскарларнинг ғайрати ва жанговар руҳини сўндириш учун тарғиботдан фойдаланишлари мумкин. Бу раҳбарлар душман аскарларини ўзаро урушишга ёки уларни алдаб, қўшиндан ажралишга ундаши мумкин. Айтишларича, германиялик генерал шуни тан олганки, Биринчи жаҳон урушида мағлубиятнинг сабабларидан бири — душман, худди илон қуённи авраганидек, ўз тарғиботи билан одамларни гипноз ҳолатига туширгани бўлди. Шайтон ҳам масиҳийлар орасида низолар келтириб чиқаришга ҳаракат қилиб ёки адолатсизлик ва хафагарчилик туфайли Яҳованинг ташкилотидан кетишга ундаб, улар ўртасидаги ҳамжиҳатликка раҳна солиш учун шу сингари ҳийлалардан фойдаланади.

Алданиб қолманг! Аллоҳнинг Каломи сизни йўналтиришига йўл қўйинг. Масалан, имондошларингиз билан ҳамжиҳатликни сақлаш масаласида Муқаддас Китоб бир-бирингизни «чин дилдан кечиришда» давом этишга ва баҳс-мунозараларни тезда ҳал қилишга ундайди. (Колос. 3:13, 14; Мат. 5:23, 24) Муқаддас Ёзувлар бизни жамоатдан ажралмаслик кераклиги тўғрисида қатъиян огоҳлантирмоқда. (Ҳик. 18:1) Шайтоннинг тарғиботига қарши мудофаангиз бор-йўқлигини текшириб кўринг. Қолаверса, ўзингиздан шундай сўранг: «Охирги марта бундай вазиятга тушганимда, фикрлаш тарзимни нима бошқарганди? Дунёнинг руҳими ёки Худонинг-ми?» (Галат. 5:16–26; Эфес. 2:2, 3)

ИШОНЧИНГИЗ СУСАЙИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

Йўлбошчисига нисбатан садоқати сусайган аскар яхши жанг қилолмайди. Шу боис, тарғиботчилар аскар ва қўмондон ўртасидаги ишонч кўпригини бузишга уринишади. Улар шундай тарғиб қилишлари мумкин: «Йўлбошчиларингизга ишонманглар!», «Улар сизни фалокатга етаклашига изн берманглар!» Боз устига, улар ҳужумларини кучайтириш учун ўша раҳбарларнинг хатоларини ўз фойдасига қўллашлари мумкин. Шайтон ҳам худди шундай йўл тутади. У Яҳова ўрнатган бошчиликка бўлган ишончингизни сусайтиришдан ҳечам чарчамайди.

Сиз ўзингизни қандай ҳимоя қила оласиз? Бошқаларнинг камчиликларига қарамай, Яҳованинг ташкилотида қолишга ва У ўрнатган бошчиликни қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилинг. (1 Салон. 5:12, 13) Муртадларнинг ёхуд бошқа фирибгарларнинг ҳалокатли ҳужумлари билан тўқнашганингизда, гарчи уларнинг айбловлари бир қарашда ҳақиқатдек кўринса ҳам, «фикрларингиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўйманг». (2 Салон. 2:2; Титус. 1:10) Ёш Тимўтийга берилган маслаҳатга амал қилинг. Ҳақиқатга чирмашиб олинг ва уни қаердан билиб олганингизни ёдда сақланг. (2 Тим. 3:14, 15) Сўзсизки, Яҳова салкам юз йил давомида бизни ҳаёт йўлидан етаклаш мақсадида қўллаётган воситачига ишонишингиз учун етарлича исботлар бор. (Мат. 24:45–47; Иброн. 13:7, 17)

ҚЎРҚИТИШ УСУЛЛАРИ СИЗНИ СУСАЙТИРИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

Шайтоннинг тарғиботи ҳар доим ҳам кўзга яққол ташланмаслигини ёдда тутинг. Баъзида у «тарғиботнинг энг қадимий кўринишларидан бири» — қўрқитиш усулларидан фойдаланади. («Easily Led —A History of Propaganda») Мисол учун, оссурияликлар «тарғиботни қўллаш баробарида қўрқитиш усулидан ҳам фойдаланиб», душманлари устидан зулм ўтказишган, деб ёзганди Филип Тейлор исмли британиялик профессор. Шайтон сизни ўз назоратига олиш ва Яҳовага хизмат қилишни тўхтатишингиз учун одамлардан, қувғинлардан, ўлимдан ёки бошқа нарсалардан қўрқиш ҳиссини ишлатади. (Ишаё 8:12; Ерм. 42:11; Иброн. 2:15)

Шайтон ғайратингизни сўндириш ва садоқатингизга путур етказиш учун қўрқувдан фойдаланишига изн берманг. Исо шундай деганди: «Сизни ўлдиришдан бошқа нарсага қурби етмайдиган одамлардан қўрқманглар». (Луқо 12:4) Яҳова сизни ҳимоя қилишига, «инсонларникидан устун турган куч» беришига ва сизни қўрқитиб, бўйсундиришга қаратилган таҳдидларга қарши туришга кўмаклашишига мутлақ амин бўлинг. (2 Кор. 4:7–9; 1 Бутр. 3:14)

Тўғри, ғайратингизни сўндирадиган вазиятларга юз тутишингиз мумкин. Шундай пайтларда Яҳованинг Ёшуага айтган далдали сўзларини эсланг: «Дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг Худо, сен билан бирга бўламан». (Ёшуа 1:9) Агарда ваҳимага тушсангиз, дарҳол ибодатда Яҳовага ҳамма ғам-ташвишларингиз ҳақида айтинг. «Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилишига» амин бўлишингиз мумкин. Шунда Шайтоннинг барча тарғиботларига қарши туриш учун куч оласиз. (Филип. 4:6, 7, 13)

Оссурияликлар номидан келган мулозим Худонинг халқига қарши қўллаган тарғибот ёдингиздами? У гўёки шундай деганди: «Сизни Оссуриядан ҳеч нима ҳимоя қила олмайди. Ҳатто Худойингиз Яҳова сизларга ҳеч нарса қилиб беролмайди». У безбетларча шундай деди: «Яҳованинг Ўзи бизга бу юртни вайрон қилишни буюрди». Аммо Яҳова бунга жавобан нима деди? «Оссурия шоҳининг қуллари Мени ҳақоратлаб айтган сўзлардан қўрқма». (4 Шоҳ. 18:22–25; 19:6) Кейин Яҳова фариштасини юборди ва у 185 000 та оссурияликни бир кечанинг ўзида йўқ қилди. (4 Шоҳ. 19:35)

ДОНО БЎЛИБ, ҲАМИША ЯҲОВАГА ҚУЛОҚ СОЛИНГ

Бирон-бир инсон уни алдашаётганини, аммо у буни тушунмаётгани ҳақидаги фильмни ҳеч кўрганмисиз? Ўшанда хаёлингиздан: «Ишонма! Улар сени алдашяпти!» — деган фикр ўтганми? Ундай бўлса, фаришталар ҳам сизга шу каби сўзларни айтиб: «Шайтоннинг ёлғонларига лаққа тушиб қолма!» — дея ҳайқиришаётганини тасаввур қилинг.

Хуллас, Шайтоннинг тарғиботини тингламанг. (Ҳик. 26:24, 25) Аксинча, Яҳовага қулоқ тутинг ва ҳар ишингизда Унга таянинг. (Ҳик. 3:5–7) Яҳованинг: «Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир»,— деган севгига тўла чорловига мувофиқ йўл тутинг. (Ҳик. 27:11) Ўшанда онгингиз учун курашда ғалаба қозонасиз!