Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Эски ўзлигимизни ечиб ташлаб, ўзимиздан соқит қилайлик

Эски ўзлигимизни ечиб ташлаб, ўзимиздан соқит қилайлик

Эски ўзлигингизни ишлари билан ечиб ташланг. КОЛОС. 3:9

ҚЎШИҚЛАР: 52, 54

1, 2. Одамлар Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида қандай фикрда?

КЎП одамлар Яҳованинг халқи ажойиб фазилатларга эга эканини таъкидлашмоқда. Масалан, нацист Германиясидаги имондошларимиз тўғрисида Антон Гилл исмли бир муаллиф шундай ёзган: «Нацистлар Яҳованинг Шоҳидларига нисбатан кучли адоватни ҳис қилишган. [...] 1939 йилга келиб, улардан 6 000 таси [концлагерларда] бўлган». Муаллифнинг айтишича, гарчи Шоҳидлар шиддатли қувғинларга дуч келишган бўлса ҳам, улар «ишончли одамлар эканини кўрсатиб, хотиржамликни [босим остида тинчликни]» ҳамда «Худога садоқатни ва якдилликни» сақлай олишган.

2 Яқинда эса Жанубий Африкадаги одамлар Аллоҳнинг хизматчилари шунга ўхшаш гўзал фазилатларни намоён этаётганини пайқашди. Бир пайтлар бу ерда тана ранги турлича бўлган инсонларга, жумладан, Яҳованинг Шоҳидларига ҳам бирга йиғилишга рухсат беришмасди. Лекин 2011 йил 18 декабрь, якшанба куни Жанубий Африка ва қўшни мамлакатлардан турли ирққа мансуб 78 000 дан зиёд имондошларимиз Йоханнесбург шаҳридаги катта стадионда маънавий дастурдан баҳра олиш учун йиғилгани ажойиб манзара эди! Шу ерда йиғилганлар борасида стадион бошқарувчиларидан бири қуйидагича фикр билдирди: «Умримда биринчи бор бу стадионда ўзини яхши тутадиган одамларни кўряпман. Уларнинг ҳаммаси саранжом-саришта кийинган. Қолаверса, сизлар стадионни ҳам топ-тоза қилиб қўйдингизлар. Энг муҳими эса, сизлар, чиндан ҳам, турли ирқлардан иборат бир халқсизлар!

3. Биродарлигимиз бошқа ташкилотлардан нимаси билан ажралиб туради?

3 Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган инсонларнинг бундай шарҳлари умумжаҳон биродарлигимиз, ростдан ҳам, ўз турида ягона эканини кўрсатяпти. (1 Бутр. 5:9) Қизиқ, бизни бошқа ташкилотлардан нима шунчалик ажратиб туради? Биз Аллоҳнинг Каломи ва Унинг муқаддас руҳи ёрдамида «эски ўзлигингизни... ечиб ташланглар», деган маслаҳатга астойдил риоя этяпмиз. Шунинг баробарида, биз «янги ўзликни кийиб оляпмиз». (Колос. 3:9, 10)

4. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз ва нега?

4 Эски ўзликни ечиб ташлашнинг ўзи етарли эмас. Биз уни бутунлайин соқит қилишимиз керак. Мазкур мақолада қандай қилиб эски ўзлигимизни ечиб ташлашимиз мумкинлигини, нега бундай қилиш ниҳоятда муҳим эканини ва инсон ёмон ишларга қанчалик муккасидан кетганидан қатъи назар, ўзгаришнинг иложи борлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, анчадан бери ҳақиқатда бўлган инсонлар эски ўзлигини бутунлай соқит этиш учун нима қилишлари мумкинлигини ҳам муҳокама қиламиз. Нима учун бундай эслатмаларга муҳтожмиз? Афсуски, қачонлардир Яҳовага хизмат қилганларнинг айримлари хушёрликни йўқотиб, ўзларининг эски ҳаёт тарзига қайтишган. Шунинг учун, «ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин», деган огоҳлантиришга ҳар биримиз жиддий қарашимиз лозим. (1 Кор. 10:12)

«ЗИНО» БИЛАН БОҒЛИҚ ҲАР ҚАНДАЙ ЭҲТИРОСНИ «ЎЛДИРИНГЛАР»

5. а) Эски ўзликни ечиб ташлаш муҳимлигини мисол ёрдамида кўрсатинг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Колосаликларга 3:5–9 да эски ўзликка хос бўлган қайси ишлар санаб ўтилган?

5 Агар кийимингиз кир бўлиб қолиб, эҳтимол, ундан ҳатто ёқимсиз ҳид келаётган бўлса, нима қиласиз? Сиз ифлосланган кийимни имкон қадар тезроқ ечиб ташлайсиз, шундай эмасми?! Шу каби, биз ҳам Худонинг шахсиятига зид бўлган одатларни ўзимиздан соқит қилиш амрига имилламасдан бўйсунишимиз керак. Павлус ўз замонасидаги масиҳийларга буларни ўзларидан соқит қилишлари кераклигини маслаҳат берганди ва биз бу йўл-йўриққа амал қилишни истаймиз. Келинг, Павлус санаб ўтган гуноҳли ишлардан иккитасини: зино ва ҳаром-харишликни кўриб чиқайлик. (Колосаликларга 3:5–9 ни ўқинг.)

6, 7. а) Павлуснинг сўзлари эски ўзликни ечиб ташлаш учун қатъий чоралар кўриш кераклигини қандай кўрсатяпти? б) Сакура қанақа ҳаёт кечирган ва бу ҳаёт тарзидан воз кечишга унга нима ёрдам берган?

6 Зино. Муқаддас Китобнинг асл нусхасидан «зино» деб таржима қилинган сўз қонуний никоҳда бўлмаган кишиларнинг жинсий алоқада бўлишини ҳамда гомосексуализмни англатади. Павлус масиҳийларга «тана аъзоларингиздаги зино» билан боғлиқ ҳар қандай эҳтиросни «ўлдиринглар», деб айтганди. Павлус шундай таърифловчи сўзлари билан бу каби ёмон истаклардан фориғ бўлиш учун қатъий чоралар кўриш кераклигини кўрсатган. Ҳа, гуноҳли ҳавас-эҳтиросларга қарши курашда ғалаба қозонса бўлади.

7 Келинг, япониялик Сакура * билан нималар юз берганини кўриб чиқайлик. Катта бўлгани сайин, у ёлғизлик ҳисси билан курашиб, кўнглидаги бўшлиқни тўлдиргиси келарди. Шунда у ёлғизликни енгиш учун 15 ёшидан бошлаб турли кишилар билан жинсий алоқа қиладиган бўлди. «Натижада мен учта аборт қилдирдим»,— дея уялиб тан олди Сакура. У шундай тушунтирди: «Аввалига, жинсий алоқа қилганимда, ўзимни хавфсиз ҳис қилиб, мен керакли ва севиклиман, деб ўйлардим. Лекин қанчалик кўп жинсий алоқада бўлсам, шунчалик ўзимни хавф остида ҳис қиладиган бўлдим». Бу ҳолат Сакуранинг 23 ёшигача давом этди. Ўшанда у Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлади. Олаётган билимлари Сакурага ёқарди ва у Яҳованинг ёрдами билан чуқур айбдорлик ҳамда уялиш туйғусини енгиб, зино қилмай қўйди. Ҳозир Сакура доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти ва у ўзини бошқа ёлғиз ҳис этмаяпти. У қуйидагича бўлишди: «Кундан-кунга Яҳованинг меҳрини ўзимда ҳис этаётганимдан бағоят бахтиёрман».

ЎЗИНГИЗНИ ҲАРОМ-ХАРИШ ИШЛАРДАН ТИЙИНГ

8. Қайси нарсалар бизни Худонинг назарида нопок қилиши мумкин?

8 Ҳаром-харишлик. Муқаддас Китобнинг асл нусхасидан «ҳаром-харишлик ёки нопоклик» деб таржима қилинган сўз жинсий ахлоқсизликдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Нопокликка чекиш ёки беадаб ҳазил қилиш каби зарарли одатлар ҳам киради. (2 Кор. 7:1; Эфес. 5:3, 4) Бу, шунингдек, яширинча қилинадиган нопок ишларни, жумладан, шаҳвоний ҳирсни қўзғатувчи китоблар ўқишни ёки порнографияни томоша қилишни ҳам ўз ичига олади. Бу иллат мастурбация каби нопок одатни келтириб чиқариши мумкин. (Колос. 3:5) *

9. «Шаҳват»ни қўзғатиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

9 Порнографияни томоша қилишга одатланганлар «шаҳват»ни қўзғатишади, бунинг дастидан эса улар жинсий қарамликка мубтало бўлишади. Бир изланишга биноан, порнографияни кўришга қарам бўлган одамларда ичкиликбоз ва гиёҳвандникига ўхшаш белгилар кузатилади. Порнографияни томоша қилиш одати зарарли оқибатларга, хусусан, чуқур айбдорлик ҳисси, иш унумдорлиги пасайиши, бахтсиз оилавий ҳаёт, ажралиш ва ўз жонига қасд қилишга олиб келишининг ажабланарли жойи йўқ. Порнография балосидан қутулганининг йиллигини нишонлаган бир киши шундай деб ёзди: «Ниҳоят, ўзимга бўлган ҳурматни қайта тикладим».

10. Рибейро порнографияни кўриш одатини қандай енгди?

10 Кўплар порнография каби одатдан халос бўлиш учун зўр бериб курашмоқда. Лекин бразилиялик Рибейронинг мисоли кўрсатганидек, бу курашда ғалаба қозонса бўлади. Рибейро ўсмирлик чоғида уйидан кетди. Вақт ўтиб, у қоғоз қайта ишловчи корхонага ишга кирди. У ерда Рибейро порнографик материаллар билан тўқнашди. У қуйидагиларни айтиб берди: «Аста-секин мен қарам бўлиб қолдим. Ахлоқсизликка шунчалик берилдимки, порнографик видеоларни томоша қилиш учун мен билан яшаётган аёлнинг уйдан чиқиб кетишини кутиб ўтирардим». Бир куни ишда Рибейро қайта ишлаш учун олиб келинган бир тўда китоблар ичида «Оилавий бахтнинг сири» номли китобга кўзи тушиб қолди. Рибейро бу китобни олиб, ўқий бошлади. Билиб олганлари уни Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга ундади, аммо ёмон одатидан халос бўлиш учун унга кўп вақт керак бўлди. Ахийри унга нима ёрдам берди? У шундай деб тушунтирди: «Ибодат, Муқаддас Китобни ўрганиш ва унинг устида мулоҳаза юритиш Аллоҳнинг фазилатларига нисбатан миннатдорчилигимни шунчалик оширдики, Яҳовага бўлган севгим порнографияни кўришга бўлган истагимдан кучли чиқди». Худонинг Каломи ва Унинг муқаддас руҳи ёрдамида Рибейро эски ўзлигини ечиб ташлаб, сувга чўмди ва ҳозир у жамоат оқсоқоли бўлиб хизмат қиляпти.

11. Порнография балосидан халос бўлиш учун инсондан нима кутилади?

11 Аҳамият берган бўлсангиз, Рибейродан курашда ғолиб чиқиш учун Муқаддас Китобни ўрганишдан кўпроқ нарса кутиларди. Зеро, Муқаддас Китобдаги хабар қалбига етиб бориши учун вақт талаб қилинарди. Ибодат ва мулоҳаза туфайли унинг Худога бўлган севгиси порнографияга бўлган иштиёқидан устун чиқди. Ҳа, Яҳовага нисбатан кучли севгини ривожлантириш ва ёмонликдан нафратланиш — порнография балосидан халос бўлишнинг энг аъло йўлидир. (Забур 96:10 ни ўқинг.)

ҚАҲРУ ҒАЗАБ, ҲАҚОРАТЛИ СЎЗЛАР ВА ЁЛҒОННИ СОҚИТ ҚИЛИНГ

12. Стивенга ғазаб ва ҳақоратли сўзлардан соқит бўлишга нима ёрдам берди?

12 Жиззаки инсонлар одатда ҳақоратли сўзларни гапириш орқали қаҳрини сочишади. Аниқ-равшанки, бундай хатти-ҳаракатлар оилавий бахтга ҳисса қўшмайди. Австралиялик Стивен исмли бир ота шундай деб бўлишди: «Мен кўп сўкинардим ва арзимас нарсага ҳам жаҳлим чиқарди. Рафиқам уйдан уч марта кетиб, алоҳида яшадик ва турмушимиз ажралиш арафасида эди». Бундан сўнг бу жуфтлик Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Стивен Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатга амал қилишни бошлагани қандай самара келтирди? У қуйидагича айтди: «Бизнинг оилавий ҳаётимиз анча яхшиланди. Яҳованинг ёрдами билан ҳозир мен ҳар нарсадан устун бўлган тинчлик ва хотиржамликка эгаман. Илгари эса мен белгиланган муддатга бориб портлайдиган бомба сингари сал нарсага тутаб кетардим». Бугунги кунда Стивен жамоат хизматкори, рафиқаси эса бир неча йилдан бери доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. Стивеннинг жамоатидаги оқсоқоллар қуйидагиларни пайқашди: «Стивен вазмин, меҳнатсевар ва камтарин биродар». Улар ҳатто Стивеннинг қачондир ғазабланганини эслай олишмайди ҳам. Стивен шахсияти ўзгарганини ўзининг ютуғи деб биладими? У шуни тан олди: «Агар шахсиятимни бутунлай янгилаш учун Яҳова тақдим этган кўмакни қабул қилмаганимда эди, ушбу ажойиб баракалардан ҳеч бирига эга бўлолмасдим».

13. Нима сабабдан ғазабланиш хавфли ва Муқаддас Китобда қандай огоҳлантириш мавжуд?

13 Муқаддас Китоб бизни ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни соқит қилиш тўғрисида бекорга огоҳлантирмаган. (Эфес. 4:31) Афсуски, бундай хатти-ҳаракатлар кўпинча зўравонликка йўл очади. Бу дунёда ғазабланиш оддий ҳол деб саналади, аммо у Яратувчимизга иснод келтиради. Аксарият одамларга янги ўзликни кийиб олишдан аввал ушбу ёмон одатларидан халос бўлишга тўғри келган. (Забур 36:8–11 ни ўқинг.)

14. Жаҳлдор инсон ювош бўлиб қолиши мумкинми?

14 Келинг, Австриядаги жамоатда оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Ханснинг мисолида тўхталиб ўтайлик. Ханснинг жамоатидаги оқсоқоллар кенгашининг раиси шундай деди: «Ханс сиз учратишни орзу қилган энг ювош одамлардан биридир». Аммо Ханс доим ҳам шундай ювош бўлмаган. У ўсмирлигида спиртли ичимликларни суиистеъмол қила бошлади ва оқибатда жаҳлдор инсонга айланди. Бир сафар мастлигида Ханс ғазаби қайнаб кетганидан ўзининг яхши кўрган қизини ўлдириб қўйди. Натижада, унга 20 йиллик қамоқ жазоси берилди. Бошида қамоқдаги ҳаёт Ханснинг шахсиятини ўзгартирмади. Бироқ вақт ўтиб, унинг онаси ўғлининг олдига қамоққа оқсоқолни юборди ва Ханс Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади. Ханс қуйидагича тушунтирди: «Мен учун эски ўзлигимни ечиб ташлаш қийин кечди. Менга Ишаё 55:7 да: “Бадкирдор йўлидан қайтсин” ва 1 Коринфликларга 6:11 да гуноҳли турмуш тарзини қолдирганлар ҳақида: “Айримларингиз ўтмишда шундай эдингизлар”,— деб айтилган сўзлар далда берди. Кўп йиллар мобайнида Яҳова менга янги ўзликни кийиб олишим учун муқаддас руҳи орқали сабр ила кўмаклашди». 17 ярим йиллик жазони ўтаб бўлгач, Ханс сувга чўмган масиҳий сифатида озодликка чиқди. У шундай деди: «Яҳованинг чексиз раҳм-шафқати ва кечиримлилиги учун Ундан миннатдорман».

15. Ҳозирги кунда нима оддий ҳол бўлиб қолган, аммо Муқаддас Китобда бу борада нима дейилган?

15 Ҳақоратли сўзлардан ташқари, ёлғон гапириш одати ҳам эски ўзликка хос иллатлардан биридир. Масалан, солиқ тўламаслик ёки гуноҳли ишлари учун жавобгарликдан қочиш мақсадида ёлғон ишлатиш оддий ҳол бўлиб қолган. Яҳова эса «ёлғон гапирмайдиган Худо»дир. (Титус. 1:2) Шу боис, У хизматчиларига «ҳар бирингиз яқинингизга ҳақиқатни гапиринглар» ва «ёлғон гапирманглар», деб айтмоқда. (Эфес. 4:25; Колос. 3:9) Шундай экан, ҳатто уялганимизда ёки ўзимизни ноқулай ҳис қилганимизда ҳам, рост гапиришимиз керак. (Ҳик. 6:16–19)

ҚАЙ ЙЎСИН УЛАР ҒАЛАБА ҚОЗОНИШГАН

16. Қай тариқа эски ўзликни ечиб ташлашда муваффақиятга эришса бўлади?

16 Эски ўзликка хос иллатлардан ўз кучимиз билан халос бўла олмаймиз. Мазкур мақолада тилга олинган Сакура, Рибейро, Стивен ва Хансга ёмон одатларидан озод бўлиш учун қаттиқ курашишга тўғри келган. Улар Худонинг Каломи ва Унинг муқаддас руҳи онгию қалбларига таъсир қилишига йўл қўйиб, ғалаба қозонишган. (Луқо 11:13; Иброн. 4:12) Булар бизга ҳам таъсир қилишини истасак, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишимиз, унинг устида мулоҳаза юритишимиз ва Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатларга риоя этиш учун Ундан донолик ҳамда куч сўраб, мунтазам ибодат қилишимиз даркор. (Ёшуа 1:8; Заб. 118:97; 1 Салон. 5:17) Шунингдек, жамоат йиғилишларига тайёргарлик кўриб, уларда қатнашганимизда ҳам, Худонинг Каломи ва Унинг муқаддас руҳи бизга таъсир қилишига йўл қўйган бўламиз. (Иброн. 10:24, 25) Бундан ташқари, биз Аллоҳнинг халқига дунё бўйлаб турли йўллар билан тақдим этилаётган маънавий озуқадан унумли фойдаланишни истаймиз. (Луқо 12:42)

Қай тариқа эски ўзликни ечиб ташлашда муваффақиятга эришишимиз мумкин? (16- хатбошига қаранг.)

17. Келаси мақолада нима муҳокама қилинади?

17 Бу мақолада масиҳийлар ўзларидан соқит қилиши керак бўлган айрим ёмон одатларни кўриб чиқдик. Аммо бу, Аллоҳнинг марҳаматига эга бўлиш учун етарлими? Йўқ. Биз, шунингдек, янги ўзликни кийиб олиб, уни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим. Келаси мақолада буни қандай қилишимиз мумкинлигига эътибор қаратамиз.

^ абз. 7 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.