Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқат «тинчлик эмас, қилич» келтиради

Ҳақиқат «тинчлик эмас, қилич» келтиради

Мени дунёга тинчлик келтиргани келган деб ўйламанглар; мен тинчлик эмас, қилич келтирдим. МАТ. 10:34

ҚЎШИҚЛАР: 43, 24

1, 2. а) Ҳозир қандай тинчликдан баҳра оляпмиз? б) Нега ҳозир тамомила тинчликка эришиш имконсиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

БАРЧАМИЗ беташвиш ва тинч яшашни истаймиз. Яҳова бизга Ўз «тинчлигини» туҳфа қилгани учун бағоят миннатдормиз. Бу тинчлик бизни ташвишли ўй-фикрлару туйғулардан ҳимоя қилиб, қалбимизга хотиржамлик бахш этади. (Филип. 4:6, 7) Боз устига, ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимиз туфайли, Аллоҳ билан тинч муносабатларга эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. (Рим. 5:1)

2 Афсуски, Худо бутун ер юзида тинчлик ўрнатадиган вақт ҳали келмади. Ушбу ниҳоятда оғир пайтларда дунё низоларга тўла бўлиб, уришқоқлик руҳи ҳукм сурмоқда. (2 Тим. 3:1–4) Масиҳий эканмиз, Шайтонга ва у олға сураётган сохта таълимотларга қарши маънавий кураш олиб боришимиз лозим. (2 Кор. 10:4, 5) Аммо имонда бўлмаган қариндошларнинг босими бундан-да қийинроқ бўлиши мумкин. Бу туфайли эса тинчлигимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Баъзилар эътиқодимиз устидан кулиши, оиладаги келишмовчиликларда бизни айблаши ёки имонимиздан қайтмасак, биздан воз кечишларини айтиб қўрқитиши мумкин. Хўш, оиладаги қаршиликларга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Бунинг оқибатида келиб чиқадиган қийинчиликларни қандай енга оламиз?

ОИЛАДАГИ ҚАРШИЛИКЛАРГА ҚАНДАЙ НУҚТАИ НАЗАРДА БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

3, 4. а) Исонинг таълимотлари оиладаги муносабатларга қандай таъсир қилиши мумкин? б) Исога эргашиш, айниқса, қайси вазиятларда қийин кечади?

3 Исо ҳамма ҳам унинг таълимотларини қабул қилмаслигини, шунингдек, унинг издошлари қаршиликларга дуч келганда жасоратга муҳтож бўлишларини билган. Бундай қаршиликлар оила аъзолари ўртасидаги тинчликка таъсир қилиши мумкин эди. Исо шундай деган: «Мени дунёга тинчлик келтиргани келган деб ўйламанглар; мен тинчлик эмас, қилич келтирдим. Отани ўғлидан, онани қизидан, қайнанани келинидан айиргани келдим. Дарҳақиқат, одамнинг уйидагилари унга душман бўлишади». (Мат. 10:34–36)

4 Исонинг: «Мени дунёга тинчлик келтиргани келган деб ўйламанглар»,— деган сўзлари нимани англатади? У, тингловчилари унинг издоши бўлиш, баъзи кутилмаган вазиятларни туғдириши мумкинлигини билишларини истаган. Унинг хабари инсонлар ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин эди. Албатта, Исонинг нияти ўзаро муносабатларни бузиш эмас, хушхабарни эълон қилишдан иборат эди. (Юҳан. 18:37) Мабодо яқин дўстларингиз ёки оила аъзоларингиз ҳақиқатни қабул қилмаса, Исонинг таълимотларига астойдил амал қилиш қийин кечади.

5. Исонинг издошлари нималарни ўз бошларидан ўтказишади?

5 Исо издошларини оила аъзоларининг қаршиликларига дош бера олиш учун тайёр туришга ундаган. (Мат. 10:38) Оила аъзолари уларни мазах қилганда, ҳатто улардан воз кечганда, Масиҳга муносиб эканликларини исботлаш учун, улар бардошли бўлишлари зарур. Аммо улар йўқотганидан кўпроғига эришишади. (Марк 10:29, 30 ни ўқиб беринг.)

6. Қариндошларимиз Яҳовага топинишимизга тўсқинлик қилса, нимани ёдда тутишимиз даркор?

6 Қариндошларимиз Яҳовага топинишимизга тўсқинлик қилса ҳам, биз уларга ўз меҳримизни кўрсатаверамиз. Аммо Яҳовага ҳамда Исога бўлган севгимиз биринчи ўринда туриши лозимлигини ёдда тутишимиз даркор. (Мат. 10:37) Лекин Шайтон оиламизга бўлган меҳр-муҳаббатимиздан бенуқсонлигимизни синдириш йўлида фойдаланмоқчи эканини тушунишимиз зарур. Келинг, баъзи қийин вазиятларни ҳамда уларни қандай енга олишимизни муҳокама қилайлик.

ИМОНДА БЎЛМАГАН ТУРМУШ ЎРТОҚ

7. Масиҳий эр ёки хотин имондош бўлмаган турмуш ўртоғига қандай муносабат кўрсатиши лозим?

7 Муқаддас Китобда турмуш қурганларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлади», деган огоҳлантириш бор. (1 Кор. 7:28) Агар умр йўлдошингиз имонда бўлмаса, никоҳда одатдагидан кўпроқ қийинчилик ва ташвишларга дуч келишингиз мумкин. Шунга қарамай, вазиятингизга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараш муҳим аҳамиятга эга. Турмуш ўртоғингиз Исонинг издоши бўлишни истамаётгани алоҳида яшашга ёки ажрашишга жиддий сабаб бўла олмайди. (1 Кор. 7:12–16) Гарчи имондош бўлмаган эр маънавий ишларда бошчилик қилмаса-да, оила боши бўлгани учун уни ҳурмат қилиш керак. Шу қаторда масиҳий эр ҳам имондош бўлмаган хотинига фидойи севги ва меҳр-муҳаббатни намоён этиши лозим. (Эфес. 5:22, 23, 28, 29)

8. Имонда бўлмаган турмуш ўртоғингиз маънавий фаолиятингизга чеклов қўймоқчи бўлса, ўзингизга қандай саволлар беришингиз керак?

8 Агар имонда бўлмаган турмуш ўртоғингиз маънавий фаолиятингизга чеклов қўймоқчи бўлса-чи? Масалан, имонда бўлмаган опамизнинг эри ҳафтанинг фақат муайян кунлари ваъзгўйликка боришни айтиши мумкин. Агар сиз ҳам шунга ўхшаш вазиятга дуч келаётган бўлсангиз, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Айни пайтда турмуш ўртоғим Худога хизмат қилишни тўхтатишимни талаб қиляптими? Агар “йўқ” деб жавоб берсам, айтганини қила оламанми?» Фаҳм-фаросатли бўлиш сизга никоҳдаги келишмовчиликлардан қочишга ёрдам беради. (Филип. 4:5)

9. Қандай қилиб масиҳийлар ўз фарзандларига имонда бўлмаган отаси ёки онасини ҳурмат қилишни ўргатиши керак?

9 Агар турмуш ўртоғингиз имондош бўлмаса, фарзандларни тарбиялаш айниқса қийин кечиши мумкин. Боз устига, уларга Муқаддас Китобдаги «ота-онангни ҳурмат қил», деган амрга бўйсунишни ўргатишингиз керак. (Эфес. 6:1–3) Аммо умр йўлдошингиз Муқаддас Китобдаги юқори меъёрларга амал қилмаса-чи? Уни ҳурмат қилиб, яхши ўрнак кўрсатинг. Диққатингизни унинг яхши фазилатларига қаратиб, миннатдорчилик билдиринг. Болаларингиз олдида турмуш ўртоғингизни ёмонламанг. Аксинча, Яҳовага хизмат қилиш ҳар кимнинг шахсий қарори эканини тушунтиринг. Фарзандларингизнинг яхши хулқ-атвори имондош бўлмаган умр йўлдошингизни ҳақиқатга жалб қилиши мумкин.

Фурсат пайдо бўлди дегунча фарзандларингизга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўргатинг (10- хатбошига қаранг.)

10. Қандай қилиб эътиқоди турлича бўлган оилада масиҳий ота-оналар фарзандларини ҳақиқатда тарбиялай олишади?

10 Баъзида имонда бўлмаган турмуш ўртоқлар фарзандлари бутпарастликка хос байрамларда иштирок этишини ҳамда сохта диний таълимотларни ўрганишини хоҳлайди. Баъзи эрлар масиҳий хотинлари фарзандларига Муқаддас Китобни ўргатишни тақиқлаб қўйиши мумкин. Вазият қандай бўлмасин, масиҳий она болаларига Муқаддас Китобдан қўлидан келганча таълим бера олади. (Ҳавор. 16:1; 2 Тим. 3:14, 15) Мисол учун, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган эр, хотини кичкина болалари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга ёки уларни йиғилишларга олиб боришга рухсат бермаслиги мумкин. Хотин эрининг бундай қарорини ҳурмат қилиш билан бирга, фурсат пайдо бўлди дегунча фарзандларига ўз эътиқоди ҳақида айтиб берса бўлади. Шу йўсин, у фарзандларига ахлоқий тарбия ҳамда Яҳова ҳақида билим бера олади. (Ҳавор. 4:19, 20) Албатта, ҳақ топиниш масаласида фарзандлар охир-оқибат ўзлари қарор чиқаришади. (Қонун. 30:19, 20) *

ҲАҚ ТОПИНИШГА ҚАРШИ БЎЛГАН ҚАРИНДОШЛАР

11. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қариндошларимиз билан орамизда қандай муаммо келиб чиқиши мумкин?

11 Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганимизни аввалига оила аъзоларимизга айтмасмиз. Имонимиз ўсгани сайин, эҳтимол, эътиқодларимиз ҳақида очиқчасига айтиш зарурлигини тушунамиз. (Марк 8:38) Агар қатъийлигингиз туфайли Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қариндошларингиз билан орангизда муаммо келиб чиқса, қуйидаги маслаҳатлар кўпгина келишмовчиликларнинг олдини олиб, Худога садоқатли қолишингизга ёрдам беради.

12. Нега имонда бўлмаган қариндошлар бизга қаршилик кўрсатиши мумкин ва қандай қилиб биз уларга ҳамдардлик кўрсатсак бўлади?

12 Имондош бўлмаган қариндошларга ҳамдардлик кўрсатинг. Биз Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўрганиб, хурсандчилик ҳис қилаётган бир пайтда, имонда бўлмаган қариндошларимиз бизни алданган ёки бирор мазҳабга аъзо бўлган, деб хато ўйлашлари мумкин. Байрамларни улар билан бирга нишонламай қўйганимиз учун энди бизни яхши кўрмайди, деган фикрга боришар. Масалага уларнинг нуқтаи назари билан қарашга интилсак ҳамда уларнинг ташвишларини тушуниш учун диққат билан тингласак ҳамдардликни намоён этган бўламиз. (Ҳик. 20:5) Ҳаворий Павлус хушхабарни «ҳар турли инсонлар»га етказиш учун уларни тушунишга интилган. Мана шундай ёндашув бизга ҳам асқатади. (1 Кор. 9:19–23)

13. Имонда бўлмаган қариндошларимизга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

13 Мулойимлик ила гапиринг. Муқаддас Китобда: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин»,— деган ундов бор. (Колос. 4:6) Қариндошларимиз билан суҳбатлашаётганда илоҳий фазилатларни намоён эта олишимиз учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўрашимиз даркор. Биз уларнинг сохта диний ғоялари юзасидан баҳслашмаганимиз маъқул. Агар уларнинг хатти-ҳаракати ва гаплари бизга оғир ботса, ҳаворийларнинг ўрнагига эргашсак бўлади. Павлус шундай деб ёзганди: «Одамлар бизни ҳақорат қилишяпти, биз эса уларни дуо қиляпмиз, таъқиб қилишяпти, биз эса чидаяпмиз. Туҳмат қилишяпти, биз эса юмшоқлик билан жавоб беряпмиз». (1 Кор. 4:12, 13)

14. Намунали хулқ-атворимиз қандай самара келтиради?

14 Хулқ-атворингиз намунали бўлсин. Гарчи қаршилик кўрсатаётган қариндошларга мулойимлик билан гапириш фойда келтирса-да, намунали хулқ-атворимиз янада кўпроқ самара келтиради. (1 Бутрус 3:1, 2, 16 ни ўқинг.) Ўрнагингиз орқали қариндошларингизга Яҳованинг Шоҳидлари никоҳдан қувонч топишини, фарзандларига ғамхўрлик қилишини ва ахлоқан пок ҳамда мазмунли ҳаёт кечиришини кўрсатинг. Ҳатто қариндошларимиз ҳеч қачон ҳақиқатни қабул қилмаса ҳам, Яҳовага садоқатли қолиб, Уни мамнун қилишдан хурсандчилик топамиз.

15. Келишмовчиликларга сабаб бўладиган вазиятларга қандай тайёргарлик кўрсак бўлади?

15 Олдиндан тайёргарлик кўринг. Келишмовчиликларга сабаб бўладиган вазиятларни ҳамда уларни ҳал этиш йўлини ўйлаб қўйинг. (Ҳик. 12:16, 23) Австралиялик бир имондошимиз шундай дейди: «Қайнатам ҳақиқатга қаттиқ қаршилик кўрсатарди. Ҳол-аҳвол сўраш ниятида унга қўнғироқ қилишдан аввал, эрим иккимиз Яҳовага ибодат қилиб, қайнатамнинг жаҳли чиққанида мулойимлик билан жавоб беришимиз учун Ундан ёрдам сўрардик. Дўстона суҳбат олиб бориш учун гаплашадиган мавзуни олдиндан тайёрлаб қўярдик. Узоқ суҳбатлар дин ҳақидаги кучли баҳсга сабаб бўлмаслиги учун қанча вақт давомида суҳбатлашишни белгилаб олардик».

16. Қариндошларингизни ранжитиб қўйиш туйғусини қандай енга оласиз?

16 Имондош бўлмаган қариндошларингиз билан ҳаммаси силлиқ кечишини кутманг. Келишмовчилик юзага келса ўзингизни айбдор ҳис қилишингиз мумкин. Боиси, қариндошларингизни яхши кўрасиз ва уларни ранжитишни асло истамайсиз. Агар ўзингизни шундай ҳис қилсангиз, Яҳовага садоқатингизни оилангизга бўлган меҳрингиздан устун қўйишга жон куйдиринг. Бундай қатъийликни намоён этсангиз, қариндошларингиз Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилиш ҳаёт-мамот масаласи эканини кўришларига ҳисса қўшасиз. Қандай бўлмасин, уларни ҳақиқатни қабул қилишга мажбурлай олмайсиз. Ундан кўра, Яҳованинг йўлидан юриш сизга қандай фойда келтираётганини кўрсатинг. Чунки меҳрибон Худойимиз бизга танлаш имконини берганидек, уларга ҳам танлаш имкониятини тақдим этяпти. (Ишаё 48:17, 18)

ОИЛА АЪЗОИНГИЗ ЯҲОВАНИ ТАРК ЭТГАНИДА

17, 18. Оила аъзоингиз Яҳовани тарк этса, бунга қандай дош бера оласиз?

17 Оила аъзоларингиздан бири жамоатдан четлатилса ёки жамоат билан алоқани узса, қалбингизга қилич санчилгандай бўлади. Бундай оғриққа қандай дош бера оласиз?

18 Маънавий ишлар билан банд бўлинг. Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, жамоат учрашувларига тайёргарлик кўриш, уларга қатнаш, ваъзгўйликда иштирок этиш ва ниҳоят дош бера олишингиз учун ибодат қилиш орқали имонингизни мустаҳкамланг. (Яҳд. 20, 21) Буларнинг барига риоя этишингизга қарамай, барибир оғриқ ҳис қилаётган бўлсангиз-чи? Асло таслим бўлманг! Маънавий ишлар билан банд бўлиб, ўй-фикрлару туйғуларингизни назорат қила оласиз. Келинг, 72- санонинг бастакори бошдан кечирганларини кўриб чиқайлик. У нотўғри нуқтаи назарни ривожлантириб, қаттиқ изтиробга тушган. Аммо Худонинг муқаддас масканига кириб, фикрлаш тарзини ўзгартира олди. (Заб. 72:16, 17) Яҳовага садоқат ила хизмат қилиш сизга ҳам бунинг уддасидан чиқишга ёрдам беради.

19. Яҳова ўрнатган тартибни ҳурмат қилаётганингизни қандай кўрсата оласиз?

19 Яҳова ўрнатган тартибга ҳурмат кўрсатинг. Гарчи ўрнатилган тартибга риоя қилиш оғриқли бўлса-да, бу барчага, шу жумладан, гуноҳ қилган кишига доим фойда келтиради. (Ибронийларга 12:11 ни ўқинг.) Мисол учун, Яҳова бизга тавба қилмаган кишилар билан «мулоқот қилманглар», деб амр бермоқда. (1 Кор. 5:11–13) Қанчалик оғриқли бўлмасин, жамоатдан четлатилган оила аъзоимиз билан телефон, СМСлар, мактублар, электрон хатлар ёки ижтимоий тармоқлар каби мулоқот қилиш усулларидан қочамиз.

20. Қандай умидни йўқотмаслигимиз керак?

20 Умидни йўқотманг. Севги «ҳар нарсага умид қилади», шунингдек, Яҳовани тарк этган киши бир кун эмас бир кун қайтиб келишига ишонади. (1 Кор. 13:7) Агар оила аъзоингиз яхши томонга ўзгараётганини кўрсангиз, у Муқаддас Китобдан куч топа олиши ва Яҳованинг «Менга қайтинг», деган таклифини қабул қилиши учун ибодат қилинг. (Ишаё 44:22)

21. Исонинг издоши бўлганингиз учун оила аъзоларингиз сизга қарши чиқаётган бўлса, нима қилишингиз керак?

21 Исо, агар бирор инсонни ундан устун қўйсак, унга муносиб бўла олмаслигимизни айтган. Лекин у шогирдлари оиласидаги босимга қарамасдан жасоратли бўлиб, унга садоқатни сақлай олишига амин эди. Шундай экан, Исонинг издоши бўлганингиз учун оила аъзоларингиз сизга қаршилик кўрсатаётган бўлса, Яҳовага таянинг. Бу қийинчиликларни муваффақият билан енгиш учун Ундан ёрдам сўранг. (Ишаё 41:10, 13) Яҳова ҳамда Исо сиздан мамнун эканини ва садоқатни сақлай олганингиз учун улар сизни тақдирлашини билишдан қувонч топинг.

^ абз. 10 Эътиқоди турлича бўлган оилада фарзандларни тарбиялаш ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, «Қўриқчи минораси» журналининг 2002 йил 15 август сонидаги (рус) «Ўқувчиларнинг саволлари» номли туркумга қаранг.