Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Закариё кўрган ваҳийлар сизга қандай таъсир қилиши керак?

Закариё кўрган ваҳийлар сизга қандай таъсир қилиши керак?

Менга қайтинглар,.. шунда Мен ҳам сизларга қайтаман. ЗАКР. 1:2

ҚЎШИҚЛАР: 6, 20

1–3. а) Закариё башорат қила бошлаганида, Яҳованинг халқи орасида қандай муҳит ҳукм сураётганди? б) Нега Яҳова халқидан Унга қайтишини сўради?

УЧАЁТГАН ўрама битик, идиш ичидаги аёл ҳамда лайлакникига ўхшаган қанотлари билан парвоз этаётган иккита аёл — ушбу ҳаяжонли тасвирлар ҳақида Закариё китобидан ўқишимиз мумкин. (Закр. 5:1, 7–9) Қизиқ, нега Яҳова Ўз пайғамбарига бундай ҳайратда қолдирадиган ваҳийларни нозил қилди? Ўша пайтда яҳудийлар орасида қандай муҳит ҳукм сураётган эди? Закариёнинг мазкур ваҳийлари бугунги кунда бизга қандай таъсир қилиши керак?

2 Мил. авв. 537 йил Яҳованинг бағишланган халқи учун қувончли бўлган. 70 йиллик асирликдан сўнг, улар Бобилдан озод этилди. Улар ғайратга тўлиб, Қуддусда ҳақ топинишни тиклашга киришишди. Шундай қилиб, мил. авв. 536 йили маъбаднинг пойдевори қўйилди. Ўшанда халқ қувонганидан «шунчалик қаттиқ бақирардики, овозлари узоқдан ҳам эшитилиб турарди». (Эзра 3:10–13) Аммо тез орада қурилиш ишига қаршилик бошланди. Кўп қийинчиликларга дуч келгани учун одамлар тушкунликка тушиб, маъбад қурилишини ташлаб қўйишди ва диққатини ўз уйларини барпо этишга, далаларига ишлов беришга қаратишди. Пойдевор қўйилганидан 16 йил ўтган бўлса-да, маъбаднинг қурилиши ҳанузгача тўхтаб турганди. Худонинг халқи Яҳовага қайтиши ва шахсий истаклари пайидан бўлишни бас қилиши учун эслатмага муҳтож эди. Яҳова халқи Унга қайтишини, Ундан қўрқишини ва сидқидилдан топинишини истарди.

3 Халққа нима сабабли Бобилдан озод қилинганини эслатиш учун, Тангри мил. авв. 520 йили Ўз пайғамбари Закариёни юборди. Унинг исми «Яҳова эслади», деган маънога эга бўлиб, халқнинг ёдига муҳим ҳақиқатни солгани эҳтимолдан йироқ эмас. Гарчи улар Яҳованинг нажотбахш ишларини эсдан чиқарган бўлса-да, Худо уларни ҳечам унутмаганди. (Закариё 1:3, 4 ни ўқинг.) У халқини пок топинишни тиклашга кўмаклашишига меҳр ила ишонтирди, лекин шу билан бирга юзаки топинишга чидаб турмаслигини айтиб уларни қаттиқ огоҳлантирди. Келинг, Яҳова Закариёга нозил қилган олтинчи ва еттинчи ваҳийлар орқали қандай қилиб халқини ҳаракатга ундаганини кўриб чиқайлик. Қолаверса, биз улардан қандай сабоқ олишимизни билиб оламиз.

ЎҒРИЛИК ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

4. Закариё олтинчи ваҳийда нимани кўрган ва битикнинг иккала томонига ёзилгани нимаси билан аҳамиятли? (Очқич оятнинг юқорисидаги 1- расмга қаранг.)

4 Закариё китобининг 5- боби ноодатий ваҳий билан бошланади. (Закариё 5:1, 2 ни ўқинг.) Закариё узунлиги тахминан 9 метр, эни эса 4,5 метр келадиган осмонда учаётган ўрама битикни кўради. Битик очилган ҳолда ва ўқишга тайёр эди. Унинг иккала томонига ҳам ҳукм ёзилганди. (Закр. 5:3) Одатда, битикнинг фақат бир томонига ёзиларди, аммо бу битикнинг иккала тарафига ҳам ёзилгани унда ниҳоятда муҳим хабар борлигидан далолат берарди.

Масиҳийлар орасида ўғриликнинг ҳеч қандай турига ўрин йўқ (5–7- хатбошиларига қаранг.)

5, 6. Яҳова ўғриликка қандай қарайди?

5 Закариё 5:3, 4 ни ўқинг. Барча инсонлар хатти-ҳаракати учун Яҳовага ҳисобот беради. Бу айниқса Яҳованинг халқига тааллуқли, зеро, улар Унинг исми билан аталади. Аллоҳни севадиган кишилар ўғриликнинг ҳар қандай тури «Уни [Худони] бадном» қилиши мумкинлигини тушунишади. (Ҳик. 30:8, 9) Айримлар яхшилик йўлида ўғрилик қилишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, деб ўйлаши мумкин. Лекин нияти қанчалик яхши бўлмасин, ўғрилик қилган киши ўз очкўзлигини Яҳовадан, Унинг исмию қонунидан устун қўяётганини намоён этади.

6 Закариё 5:3, 4 даги «лаънат... ўғрининг уйига киради... ўша уйда бўлиб, уни... бутунлай вайрон қилади», дейилган сўзларга эътибор бердингизми? Ҳа, Яҳованинг ҳукми ижро этилишига ҳеч қандай сурма зулфинлару қулфлар тўсқинлик қилолмайди. Ҳукм Яҳованинг халқи орасидаги қилмишни фош этиш учун ҳар қандай яширин жойга суқилиб кира олади. Гарчи киши содир этган ўғриликни ҳокимиятдан, иш берувчилардан, оқсоқоллардан ёки ота-онасидан яшира олса ҳам, уни Худодан яшира олмайди. Боиси, У бирорта ўғрини фош этмай қўймайди. (Иброн. 4:13) Ҳамиша «ҳар нарсада» ҳалол бўлишга интилаётган инсонлар билан дўст бўлиш ниҳоятда завқ келтиради! (Иброн. 13:18)

7. Қандай қилиб учаётган ўрама битикнинг лаънатидан қутулишимиз мумкин?

7 Ўғриликнинг ҳар қандай тури Яҳовани ранжитади. Биз Яҳованинг юқори меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечиришни ҳамда Унинг исмини бадном қилмайдиган хулқ-атворни намоён этишни шараф деб биламиз. Шу йўсин, била туриб Унинг қонунини бузаётган кишилар сингари, Яҳованинг ҳукмига дучор бўлмаймиз.

ЯҲОВАГА БЕРГАН ВАЪДАМИЗГА КЎРА «ҲАР КУНИ» ҲАЁТ КЕЧИРИШ

8–10. а) Қасам бу нима? б) Зидқиё қандай қасамни бажармади?

8 Шунингдек, ўрама битикдаги хабарда Худонинг номи билан ёлғон қасам ичганлар учун огоҳлантириш бор эди. (Закр. 5:4) Қасам — айтган сўзнинг тўғрилигини тасдиқлаш ёки муайян бир нарсани қилиш ёхуд қилмаслик борасида берилган муҳим ваъда.

9 Яҳованинг исмини тилга олиб қасам ичиш жиддий масала. Сўнгги шоҳ Зидқиё Қуддусда тахтни эгаллаганида айнан шундай йўл тутганди. У Яҳованинг исмини тилга олиб, Бобил шоҳига садоқат ила хизмат қилишга қасам ичганди. Лекин Зидқиё ичган қасамини бажармади. Оқибатда Яҳова унга қуйидаги ҳукмни чиқарди: «Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, бундай шоҳ [Зидқиё] Бобилда жон беради. Гарчи Бобил шоҳи уни тахтга чиқарган бўлса-да, у Бобил шоҳи билан тузган сулҳни бузди, ичган қасамини менсимади». (Ҳиз. 17:16)

10 Шоҳ Зидқиё Аллоҳнинг исми билан қасам ичгани учун Унинг олдида шунга мувофиқ ҳаёт кечиришга бурчли эди. (2 Сол. 36:13) Аммо у Мисрга мурожаат қилиб, Бобилнинг бўйинтуруғидан халос этишини сўради, лекин бу ҳеч қандай фойда бермади. (Ҳиз. 17:11–15, 17, 18)

11, 12. а) Ҳаётда берган энг муҳим ваъдамиз қайси? б) Ўзимизни Яҳовага бағишлаганда берган ваъдамиз кундалик ҳаётимизга қандай таъсир қилиши керак?

11 Яҳова бизнинг ваъдаларимизни ҳам эшитади. У ваъдаларимизга жиддий қарайди, агар биз Яҳовани мамнун қилишни истасак, сўзимизда туришимиз даркор. (Заб. 75:12) Ваъдаларимиз ичида энг муҳими — ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда берган ваъдамиз. Ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда, нима бўлишидан қатъи назар, Унга хизмат қилишга ваъда берганмиз.

12 Қай йўсин Яҳовага берган ваъдамизни бажара оламиз? «Ҳар куни» катта ё кичик синовларга дуч келамиз. Бу синовларни енгиб, Яҳова билан муносабатларимиз қанчалик мустаҳкам эканини кўрсатамиз. (Заб. 60:9) Мисол учун, ишхонада ёки мактабда кимдир биз билан ноз-карашма қилса, қандай йўл тутамиз? Унинг эътиборини рад этиб, Яҳовага итоатли бўлишни истаётганимизни кўрсатамизми? (Ҳик. 23:26) Агар оилада ёлғиз ўзимиз Яҳовага хизмат қилаётган бўлсак-чи? Масиҳийларга хос фазилатларни ривожлантиришда Яҳовадан ёрдам сўраймизми? Ҳар куни меҳрибон Отамиз Яҳовага ибодатда яқинлашамизми? Унинг халқига қўшилиш шарафини бергани ҳамда бизни яхши кўргани учун миннатдорчилик билдирамизми? Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқишга вақт ажратамизми? Аслида буларни бажаришга ваъда бермаганмизми? Мазкур масалаларда итоаткорлигимиз намоён бўлади. Топинишда фаол бўлсак, бу Яҳовага бўлган севгимизни ва ўзимизни чиндан ҳам Унга бағишлаганимизни ошкор этади. Топинишимиз юзаки эмас, балки ҳаёт тарзимизга айланиши керак. Ваъдамизни бажариш ўз фойдамизга хизмат қилади. Садоқатимиз эса бахтли келажакка етаклайди. (Қонун. 10:12, 13)

13. Закариёнинг олтинчи ваҳийсидан қандай сабоқ олсак бўлади?

13 Закариёга нозил этилган олтинчи ваҳий Яҳовани яхши кўрадиган инсонлар ўғриликнинг ҳар қандай туридан ёки сохта қасам ичишдан қочишлари муҳим эканини кўришимизга ёрдам берди. Яҳудийлар хато қилган бўлса-да, Яҳованинг улардан кўнгли қолмади. Сабаби, У атрофдаги душманлар уларга қандай босим ўтказганини тушунарди. Яҳова берган ваъдалари устидан чиқиб, бизга ўрнак кўрсатяпти. У бизга ҳам ваъдаларимизни бажаришга мадад беради. Худо яқинда бутун ер юзидаги ёвузликка чек қўйиш ҳақида умид бериб, бизга ёрдам тақдим этяпти. Закариёга нозил этилган кейинги ваҳий ушбу умид пучга чиқмаслигини кафолатлайди.

ЯҲОВА ЁВУЗЛИККА ЧЕК ҚЎЯДИ

14, 15. а) Еттинчи ваҳийда Закариё нимани кўради? (Очқич оятнинг юқорисидаги 2- расмга қаранг.) б) Идишдаги аёл нимани билдиради ва нега фаришта уни идишга тиқиб қўйди?

14 Закариё учаётган ўрама битикни кўрганидан сўнг, фаришта унга «қара-чи», деб айтади. Қизиқ, Закариёга нозил этилган еттинчи ваҳий нимани билдиради? Энди у келаётган бир идишни кўради. (Закариё 5:5–8 ни ўқинг.) Ушбу ўртача катталикдаги идишнинг «қўрғошиндан ясалган қопқоғи» бор эди. Қопқоқ очилганида Закариё унинг ичида «бир аёл ўтирганини» кўрди. Фаришта идишдаги аёл ёвузлик эканини тушунтирди. Аёл чиқишга уринганини кўрганда Закариё қўрқиб кетганини бир тасаввур қилинг-а! Лекин фаришта чаққонлик билан аёлни идишга қайтариб тиқди-да, оғзини оғир қўрғошин қопқоқ билан ёпди. Бу нимани англатади?

15 Ваҳийнинг ушбу парчаси Яҳова Ўз халқи орасидаги ҳеч қандай ёвузликка тоқат қилмаслигига урғу беряпти. Борди-ю, Яҳова бирор ёмонликни кўрса, уни дарҳол бартараф этади. (1 Кор. 5:13) Фаришта идишнинг оғзини оғир қўрғошин қопқоқ билан ёпгани бунинг яққол исботидир.

Яҳова ҳақ топинишни пок сақлашга жон куйдиряпти (16–18- хатбошиларига қаранг.)

16. а) Закариё кўрган идиш билан кейин нима содир бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги 3- расмга қаранг.) б) Аёллар идишни олиб қаерга учиб кетишди?

16 Навбатдаги кўринишда лайлакникига ўхшаган бақувват қанотлари бор иккита аёл пайдо бўлади. (Закариё 5:9–11 ни ўқинг.) Бу аёллар идишдаги аёлдан батамом фарқ қиларди! Улар кучли қанотларини ёзиб, ёвузлик солинган идишни кўтаришди-да, учиб кетишди. Уни қаерга олиб кетишди экан? Улар уни Шинар диёрига, яъни Бобилга олиб кетишди. Хўш, нега айнан Бобилга?

17, 18. а) Нега ёвузликни жойлаштиришга Шинар диёри мос эди? б) Ёвузликка нисбатан муносабатимиз қандай бўлиши керак?

17 Закариё яшаган даврдаги яҳудийлар учун ёвузликни жойлаштиришга Шинар диёри мос эди. Чунки Закариё ва унинг замондошлари Бобил ёвузлик макони эканига амин эдилар. Ушбу нопок ва бутпарастликка берилган шаҳарда яшаш ҳамда унинг руҳига қарши туриш учун улар ҳар куни курашишлари зарур эди. Юқоридаги ваҳий Яҳова ҳақ топинишни пок сақлашига уларни ишонтирган.

18 Шунингдек, мазкур ваҳий яҳудийларга улар топинишда покликни сақлашга бурчли эканини эслатган. Яҳованинг халқи ёвузлик уларнинг орасига суқилиб киришига ва макон қуришига йўл қўймаслиги лозим. Яҳова бизни пок ташкилотига жалб қилиб, бизга Ўз севгисини ва ҳимоясини тақдим этяпти. Ҳар биримиз Унинг ташкилотини пок сақлашга ўз ҳиссамизни қўшишга бурчлимиз. Ҳа, маънавий жаннатимизда ёвузликка асло ўрин йўқ!

ПОК ХАЛҚ ЯҲОВАНИ ШАРАФЛАЙДИ

19. Закариёнинг ҳаяжонли ваҳийлари биз учун нимани англатади?

19 Закариё кўрган олтинчи ва еттинчи ваҳийлар нопок йўлдан қайтмаётган кишиларга қаттиқ огоҳлантириш сифатида хизмат қилиб, Яҳова қабиҳликларга чидаб турмаслигини эслатяпти. Ўз навбатида, Худога топинаётганлар ҳам ёвузликдан ич-ичидан нафратланишлари даркор. Ваҳийдаги воқеалар самовий Отамиз бизни севишига аминлик бахш этяпти. Агар Аллоҳнинг марҳаматига эришишга, Унинг ҳимояси остида бўлишга жон куйдирсак, ўлимга олиб борадиган лаънатга дучор бўлмаймиз. Аксинча, Яҳова хурсандчилик ила бизга баракасини ёғдиради. Ёвузликка тўла дунёда покликни сақлашга уринсак, бу албатта ўз самарасини кўрсатади. Яҳованинг кўмаги билан муваффақиятга эриша олишимизга шубҳаланмасак ҳам бўлади! Одамлар худобехабар бўлиб кетган бир пайтда, ҳақ топиниш ғалаба қозонишига қандай амин бўла оламиз? Буюк мусибат яқинлашиб келаётган экан, Яҳова Ўз ташкилотини ҳимоя қилишига бизни нима ишонтиради? Бу саволларга навбатдаги мақолада жавоб топамиз.