Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Отлиқлар ва тож сизни ҳимоялайди

Отлиқлар ва тож сизни ҳимоялайди

Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади. ЗАКР. 6:15

ҚЎШИҚЛАР: 17, 16

1, 2. Закариё еттинчи ваҳийни кўрганда яҳудийларнинг вазияти қандай эди?

ЗАКАРИЁ пайғамбарга еттинчи ваҳий нозил бўлди ва энди у кўп нарсалар тўғрисида ўйлаши керак эди. Яҳова адолатсиз инсонларни қилмишлари учун жавобгарликка тортишни ваъда қилганди. Шубҳасизки, мазкур ваъда Закариёни қўллаб-қувватлаганди. Аммо ҳали ҳеч нарса ўзгармаганди. Ҳанузгача адолатсизлик ва ёвузлик ҳукм сурарди. Қолаверса, Қуддусда Яҳованинг маъбади қуриб битказилмаганди. Нега яҳудийлар зиммасидаги муқаддас вазифани ташлаб қўйишди? Наҳотки, улар она юртига ўз манфаатини кўзлаб қайтиб келишган бўлса?

2 Закариё Қуддусга қайтиб келганлар Яҳованинг топинувчилари эканини биларди. Боиси, ўша яҳудийлар осойишталикда яшаётган уйларини ва даромадли ишларини ташлаб келишганди, зеро, уларни «Худо руҳлантирган» эди. (Эзра 1:2, 3, 5) Улар ўзлари ўрганиб қолган юртни ташлаб, аксарияти ҳатто ўзи кўрмаган ерга кўчиб кетишга тайёр бўлишди. Агар яҳудийлар учун Яҳованинг маъбадини қайта қуриш муҳим бўлмаганида, улар тоғли ва ўнқир-чўнқир йўллар бўйлаб деярли 1 600 км машаққатли йўлни босиб ўтишмасди.

3, 4. Қайтиб келган яҳудийлар қандай тўсиқларга дуч келишди?

3 Уларнинг саёҳати нимага ўхшарди? Яҳудийлар йўл юрган сари, янги уйлари қандай бўлиши ҳақида кўп ўйлашгани шубҳасиздир. Улар Қуддус қачонлардир гўзал бир шаҳар бўлгани тўғрисида эшитишганди. Улар орасидаги ҳатто баъзи қариялар олдинги маъбаднинг ҳашаматини кўришганди. (Эзра 3:12) Борди-ю, сиз ҳам яҳудийлар билан саёҳат қилганингизда, янги уйингизга — Қуддусга илк бор кўзингиз тушганида нималарни ҳис қилардингиз? Қуддуснинг бузилиб ётган деворлари ўтлар билан қопланганини кўрганингизда тушкунликка тушармидингиз? Қуддуснинг бузилган деворларини ҳамда илгари дарвозаларию кузатув миноралари турган жойларни Бобилнинг мустаҳкам ва баланд деворлари билан солиштирган бўлмасмидингиз? Шунга қарамай, барча жасоратга тўлганди. Чунки улар она юрти томон узоқ йўл босиб келаётганда Яҳованинг нажотбахш қўлини кўришганди. Улар етиб келишлари биланоқ, аввал маъбад турган жойда қурбонгоҳ ўрнатишди ва ҳар куни Яҳовага атаб қурбонликлар келтира бошлашди. (Эзра 3:1, 2) Улар ғайратга тўлиб ишга киришишга тайёр эди ва бир қараганда ҳеч нима уларни тушкунликка тушира олмасди.

4 Маъбадни қуришдан ташқари, яҳудийлар ўз шаҳарларини ҳам қайтадан барпо этишлари керак эди. Қолаверса, улар уйларини тиклаши, далаларига экин экиши ва ўз оиласини боқиши зарур эди. (Эзра 2:70) Уларнинг олдида турган иш ниҳоятда катта эди. Аммо кутилмаганда кучли қаршиликка дуч келишди. Гарчи аввалига қатъий турган бўлишса-да, 15 йиллик адоват уларни тушкунликка туширди. (Эзра 4:1–4) Мил. авв. 522 йили Форс шоҳи Қуддусдаги қурилиш ишини тақиқлаб қўйгани улар учун қаттиқ зарба бўлди. Шаҳарнинг келажаги йўқдай кўринаётганди. (Эзра 4:21–24)

5. Ҳалқининг қўли бўшашиб қолганини кўргач Яҳова нима қилди?

5 Яҳова халқи нимага муҳтож эканини биларди. Тангри Закариёга сўнгги ваҳийни нозил қилиб, яҳудийларни Ўз севгисига ва уларнинг шу пайтгача қилган жамики ишлари учун миннатдор эканига, шунингдек, Унинг ишини бажаришга қайтишса, уларни албатта ҳимоя қилишига ишонтирди. Маъбаднинг қурилиши борасида Яҳова шундай ваъда берди: «Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади». (Закр. 6:15)

ФАРИШТАЛАР ҚЎШИНИ

6. а) Закариёнинг ваҳийси нима билан бошланади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Нега отларнинг ранги турлича?

6 Закариё кўрган сўнгги саккизинчи ваҳий аввалгиларига қараганда имонни янада мустаҳкамлайди. (Закариё 6:1–3 ни ўқинг.) Шундай саҳнани кўз олдингизга келтиринг: иккита мис тоғнинг ўртасидан тўртта арава чиқиб келяпти. Улар гўё жангга шайлангандай шиддат ила олдинга ошиқяпти. Араваларга қўшилган отларнинг ранги турлича бўлгани сабабли, бирини бошқасидан фарқлаш қийин эмас. Шу он Закариё: «Булар нима?» — деб сўради. (Закр. 6:4) Бу ваҳийнинг бизга алоқаси бўлгани учун биз ҳам буни билишни истаймиз.

Тангри Яҳова ҳозир ҳам фаришталар орқали Ўз халқини ҳимоя қилиб, қўллаб-қувватлаяпти

7, 8. а) Иккита тоғ нимани билдиради? б) Нега бу тоғлар мисдан эди?

7 Муқаддас Китобда тоғ баъзида шоҳликни ёки ҳукуматни билдиради. Закариё кўрган тоғлар Дониёрнинг башоратида тасвирланган иккита тоққа ўхшаб кетади. Биринчи тоғ Яҳованинг коинотдаги мангу бошқарувини, иккинчиси эса Исонинг назорати остидаги Масиҳий Шоҳликни англатади. (Дон. 2:35, 45) Исо 1914 йилнинг кузида тахтга ўтирганида, мазкур иккита тоғ бирлашди ва ўшандан буён Худонинг ер юзидаги иродасини бажаришда муҳим роль ўйнамоқда.

8 Нега бу тоғлар мисдан эди? Мис ҳам худди олтин каби қадр-қимматга эга. Яҳова ушбу ярқироқ металлдан муқаддас чодир қурилишида, кейинчалик эса Қуддусдаги маъбад барпо этилишида ишлатишга амр берган. (Чиқ. 27:1–3; 3 Шоҳ. 7:13–16) Рамзий иккита тоғнинг мисдан бўлгани Яҳованинг ҳукмдорлиги ҳамда Масиҳий Шоҳлик юқори сифатли эканига урғу беради. У инсониятга барқарорлик келтириб, баракалар ёғдиради.

9. Араваларга минган отлиқлар ким ва уларга қандай топшириқ берилган?

9 Келинг, энди аравалар ҳақида гаплашамиз. Унинг отлиқлари нимани билдиради? Араваларга минган отлиқлар фаришталарни, эҳтимол, фаришталар гуруҳини ёки қўшинини англатади. (Закариё 6:5–8 ни ўқинг.) Улар махсус топшириқни бажариш учун бутун ер юзининг Рабби ҳузуридан чиқиб келишяпти. Қизиқ, уларга қандай топшириқ берилган? Улар муайян ҳудудни назорат қилиб, Яҳованинг халқини ҳимоялаш, асосан шимолдаги юрт — Бобилдан ҳимоя қилиш учун юборилганди. Яҳова ушбу ваҳий орқали халқини энди ҳеч қачон Бобилда қул бўлмаслигига ишонтирган. Закариёнинг даврида маъбадни қураётган кишиларга бу қанчалик тасалли берганини бир тасаввур қилинг! Улар душманлари халақит беришини ўйлаб ташвишланмаса ҳам бўларди.

10. Закариёнинг аравалару отлиқлар ҳақидаги башорати бугунги кунда Аллоҳнинг халқини нимага ишонтиряпти?

10 Закариёнинг замонида бўлганидай, бугунги кунда ҳам Яҳова Ўз халқини ҳимоялашда фаришталаридан фойдаланмоқда. (Мал. 3:6; Иброн. 1:7, 14) Яҳованинг халқи 1919 йили рамзий асирликдан — Буюк Бобилдан озод қилинганидан буён ҳақ топиниш аёвсиз қаршиликларга қарамай гуллаб-яшнамоқда. (Ваҳ. 18:4) Фаришталар Яҳованинг ташкилотини ҳимоя қилаётган экан, Яҳованинг халқи яна қачондир сохта дин томонидан асир қилиб олинади, деб қўрқмасак ҳам бўлади. (Заб. 33:8) Аксинча, бундан кейин ҳам Аллоҳнинг хизматчилари маънан гуллаб-яшнашига амин бўлишимиз мумкин. Закариёнинг ваҳийси устида мулоҳаза юритсак, иккита тоғнинг соясида бехатар эканимиздан асло шубҳамиз қолмайди.

11. Нима учун Худонинг халқига ҳужум қилинишидан қўрқмасак бўлади?

11 Тез орада Шайтон дунёсининг сиёсий кучлари Худонинг халқини йўқ қилиш мақсадида бирлашади. (Ҳиз. 38:2, 10–12; Дон. 11:40, 44, 45; Ваҳ. 19:19) Ҳизқиёнинг башоратида бу кучлар худди ер юзини қоплаётган булутдай тасвирланганини кўришимиз мумкин. Улар отларга миниб, ғазабга тўлганча Худонинг халқига ҳужум қилиш учун бостириб келмоқда. (Ҳиз. 38:15, 16) * Хўш, бу бизни қўрқувга солиши керакми? Асло! Ахир Яҳованинг қўшини биз томонда-ку! Буюк мусибат пайтида Яҳованинг қўшинидаги аскарлар, яъни фаришталар келиб, Худонинг халқини ҳимоя қилади ва Унинг ҳукмдорлигига қарши чиқаётганларни қириб ташлайди. (2 Салон. 1:7, 8) Бу ниҳоятда ўзгача кун бўлади! Яҳованинг самодаги қўшинига ким қўмондон бўлади?

ЯҲОВА РУҲОНИЙНИ ШОҲ ЭТИБ ТАЙИНЛАДИ

12, 13. а) Закариёга қандай топшириқ берилди? б) Ниҳол исмли киши Исо Масиҳ эканини қаердан биламиз?

12 Закариё саккизта ваҳийни фақат ўзи кўрган. Энди эса у Худонинг маъбадини қайта тиклаётганларга далда берувчи башоратда ўзи иштирок этади. (Закариё 6:9–12 ни ўқинг.) Закариёга Бобилдан эндигина келган 3 киши — Халдай, Товиё ва Ёдаёдан хайр-эҳсон қилинган кумуш билан олтинни олиб, ҳашаматли тож ясаш буюрилади. (Закр. 6:11) Қизиқ, мазкур тож Довуднинг авлодидан бўлган Яҳудо ҳокими Зарубабелга аталганми? Йўқ. Яҳова пайғамбарга тожни олий руҳоний Ёшуанинг бошига кийдиришни айтади. Буни кузатиб турганлар ҳайрон қолишгани шубҳасиздир.

13 Олий руҳоний Ёшуага тож кийдирилиши унинг шоҳ бўлганини англатадими? Йўқ, Ёшуа Довуднинг шоҳлик сулоласидан бўлмагани сабабли шоҳ бўла олмасди. Унга тож кийдирилиши башоратли маънога эга бўлиб, келажакда абадий шоҳ ва руҳоний пайдо бўлишига ишора қиларди. Шоҳ бўлган Олий руҳонийнинг исми Ниҳолдир. Муқаддас Ёзувлар аниқ кўрсатяптики, ушбу Ниҳол Исо Масиҳ. (Ишаё 11:1; Мат. 2:23, изоҳ)

14. Шоҳ ва Олий руҳоний сифатида Исо қандай ишни амалга оширмоқда?

14 Ҳам Шоҳ, ҳам Олий руҳоний вазифасини бажариб, Исо Яҳованинг самовий қўшинига қўмондонлик қилмоқда. Ушбу адоватга тўла дунёда Худонинг халқи биргаликда ва хавфсизликда яшаши учун у жон куйдириб меҳнат қилмоқда. (Ерм. 23:5, 6) Яқин келажакда Масиҳ Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш ва Унинг халқини ҳимоялаш мақсадида халқлар устидан ғалаба қозонади. (Ваҳ. 17:12–14; 19:11, 14, 15) Ҳукмни ижро этишдан аввал Ниҳол улкан бир ишни ниҳоясига етказиши лозим.

У МАЪБАД ҚУРАДИ

15, 16. а) Қай йўсин бугунги кунда Худонинг халқи қайта тикланиб тозаланди ва ким томонидан? б) Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви қандай натижа келтиради?

15 Шоҳ ва Олий руҳоний бўлишдан ташқари, Исога Яҳованинг маъбадини қуриш топширилганди. (Закариё 6:13 ни ўқинг.) Бугунги кунда ушбу қурилиш иши ҳақ топинувчиларни 1919 йили Буюк Бобилдан озод қилинганини ҳамда масиҳийлар жамоатини қайта тикланганини ўз ичига олади. Қолаверса, Исо буюк рамзий маъбаднинг ердаги ҳовлисида ишларни бошқариш учун «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлади. (Мат. 24:45) Боз устига, Исо Худонинг халқини тозалаш ва уларга Яҳовага маъқул тарзда хизмат қилишда ёрдам бериш билан банд. (Мал. 3:1–3)

16 Минг йиллик бошқаруви пайтида Исо ва унинг 144 000 та ворисдоши бўлмиш шоҳ ҳамда руҳонийлар садоқатли инсонларга мукаммалликка эришишга ёрдам беришади. Бу иш поёнига етганда, тозаланган курраи заминда фақатгина Яҳованинг ҳақиқий топинувчилари қолади. Ҳа, ўшанда ҳақ топиниш тўлиқ қайта тикланади.

ҚУРИЛИШ ИШИДА ИШТИРОК ЭТИНГ

17. Яҳова яҳудийларга қандай ваъда берди ва бу уларга қандай таъсир қилди?

17 Закариё айтган хабар ўша пайтдаги яҳудийларга қандай таъсир қилган? Яҳова уларга маъбад қурилишини битказиш учун кўмаклашишни ва ҳимоя беришни ваъда қилганди. Бу эса уларнинг тушкун кўнгилларига умид бахш этгани шубҳасиз. Аммо озчилик шунча кўп ишни қандай амалга ошира олади? Закариёнинг кейинги сўзлари уларнинг ҳар қандай қўрқув ва шубҳаларини бартараф этди. Халдай, Товиё ҳамда Ёдаё каби садоқатли кишиларнинг қўллаб-қувватлашидан ташқари, Худо кўпчилик одамлар келишини ва Унинг маъбадини қуришда иштирок этишини айтади. (Закариё 6:15 ни ўқинг.) Худонинг мададига амин бўлган яҳудийлар тезда ишга киришишди ва тақиққа қарамай, қурилишни давом эттиришди. Кўп ўтмай, Яҳова тоғдай тўсиқ бўлган расмий тақиқни олиб ташлади ва мил. авв. 515 йили маъбад қуриб битказилди. (Эзра 6:22; Закр. 4:6, 7) Яҳованинг мазкур сўзлари бугунги кунда янада кенгроқ аҳамиятга эга.

Яҳова Унга кўрсатган севгимизни ҳеч қачон унутмайди (18-, 19- хатбошиларига қаранг.)

18. Қандай қилиб Закариё 6:15 даги сўзлар ҳозирги кунда амалга ошмоқда?

18 Бугунги кунда миллионлаб одамлар ҳақ топинишга қўшилиб, сидқидилдан ўз «бойликлари», жумладан, вақти, кучи ва маблағларини сарфлаб, Яҳованинг буюк рамзий маъбадини қўллаб-қувватламоқда. (Ҳик. 3:9) Қай йўсин Яҳова бу ишда кўрсатаётган садоқатимизни қадрлашига амин бўла оламиз? Закариё Халдай, Товиё ҳамда Ёдаё келтирган кумуш ва олтиндан ясаган тожни эсга олинг. Бу тож уларнинг ҳақ топиниш учун келтирган хайр-эҳсонларининг «ёдгорлиги» ёки эслатмаси сифатида хизмат қилган. (Закр. 6:14) Шунга ўхшаб, Яҳова ҳеч қачон бизнинг меҳнатимизни ва севгимизни унутмайди. (Иброн. 6:10) Улар абадулабад Яҳованинг хотирасида муҳрланиб қолади.

19. Закариёнинг ваҳийлари бугунги кунда бизга қандай таъсир қилиши керак?

19 Ушбу охирги кунларда ҳақ топиниш йўлида амалга ошган ишлар Яҳова берган барака ҳамда Масиҳ бошқарувининг яққол исботидир. Биз мана шундай мустаҳкам, ишончли ва абадий ташкилотнинг бир қисмимиз. Яҳованинг пок топинишга нисбатан мақсади албатта амалга ошади. Яҳованинг халқи орасидаги ўрнингизни қадрланг ва «Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солинг». Шунда Шоҳ ва Олий руҳонийнинг ҳамда араваларга минган самовий отлиқларнинг ҳимояси остида бўласиз. Ҳақ топинишни қўллаб-қувватлашда қўлингиздан келганича кўпроқ қатнашинг. Шундай қилсангиз, Яҳованинг қўшини сизни омон сақлашига ва ушбу замонанинг охирида ҳамда абадулабад ҳимоя қилишига ишончингиз комил бўлади.

^ абз. 11 Бу ҳақда кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2015 йил 15 май сонидаги 29–30- саҳ. «Ўқувчиларнинг саволлари» номли туркумга қаранг.