Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муқаддас Китоб ва келажагингиз

Муқаддас Китоб ва келажагингиз

ТАССАВУР ҚИЛИНГ, кечаси қоронғи йўлак бўйлаб кетяпсиз. Гарчи қуёш аллақачон ботган бўлса-да, чорасиз эмассиз. Чунки қўлингизда яхши ёритадиган фонарь бор. Фонарни пастга қаратсангиз, олдингизда турган нарсаларни аниқ кўрасиз. Фонарни тўғрига қаратганингизда эса, унинг нурлари йўлингизни узоқ масофагача ёритади.

Қайсидир маънода Муқаддас Китоб ҳам мана шундай фонарга ўхшайди. Ўтган мақолаларда Худонинг Каломи олдимизда турган, яъни бу ўзгарувчан замонда ҳар куни дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиққан эдик. Аммо Муқаддас Китоб бундан-да кўпроқ нарсага қодир. У келажакка нур сочиб, бахт ва мамнуният келтирувчи йўлни топишимизга ҳамда шу йўл бўйлаб юришимизга ёрдам беради. (Забур 119:105) Қандай қилиб дейсизми?

Келинг, қай йўсин Муқаддас Китоб бизга келажакка умид бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик: 1) у мазмунли ҳаёт кечиришимизга, 2) Яратувчимиз билан абадий дўстлик ришталарини ривожлантиришимизга ёрдам беради.

1 МАЗМУНЛИ ҲАЁТ

Муқаддас Китоб шунчаки ўзини ўстириш учун мўлжалланган китоб эмас, балки муаммоларимизни ечиш учун ишончли маслаҳатлар манбаидир. Бу китоб фақат ўзимиз ҳақда ўйламасдан бошқаларга ҳам ғамхўрлик қилишга ўргатади. Шундагина ҳаётимиз мазмунга тўлади.

Мисол учун, Муқаддас Китобдаги «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта», деган принципни олайлик. (Ҳаворийлар 20:35) Эҳтимол, сиз моддий жиҳатдан кимгадир ёрдам бергандирсиз? Ёки кимдир дардини тўкиб солганида диққат билан тинглагандирсиз? Балки бировга ёрдам қўлини чўзиб, кайфиятини кўтарганингизда мамнуният ҳис қилгандирсиз?

Бировга ёрдам берганда эвазига ҳеч нарса кутмасак кўпроқ мамнуният топамиз. Бир муаллиф шундай деб таъкидлади: «Агар кимгадир беминнат яхшилик қилсак, бунинг эвазига бизга минг баробар кўпроқ қайтади. Бошқача бўлиши мумкин эмас». Айниқса, яхшилигимиз эвазига ҳеч нарса қайтара олмайдиган инсонларга ёрдам берсак, мукофотсиз қолмаслигимиз тайин. Ҳа, шу йўсин Яратувчимиз билан елкама-елка меҳнат қилган бўламиз. У бундай эзгу ишларимизни Унга берилган қарз деб ҳисоблайди. (Ҳикматлар 19:17) Худо ёрдамга муҳтож одамларга қилган яхшилигимизни жуда қадрлайди. Қолаверса, У ер юзидаги жаннатда абадий яшашдек порлоқ келажакни бизга ваъда қиляпти. Бундан-да юқорироқ мукофот борми?! (Забур 37:29; Луқо 14:12–14) *

Боз устига Муқаддас Китобда ҳақ Худо Яҳовага топиниб мазмунли ҳаёт кечиришимиз мумкинлиги ҳақида айтилган. Бу китобга кўра, Худо шон-шараф келтиришимизга ва Унга қулоқ солишимизга лойиқ. (Воиз 12:13; Ваҳий 4:11) Шундай йўл тутиб, Яратувчимизнинг қалбини қувонтира олишимизни ақлга сиғдира оласизми? У бизни: «Доно бўл, қалбимни қувонтир»,— деб ундамоқда. (Ҳикматлар 27:11) Бир ўйлаб кўринг: Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилиб доно қарорлар чиқарсак, меҳрибон Худойимизнинг қалбини қувонтирган бўламиз. У бизга ғамхўрлик қилади ва фойдамизни кўзлаб йўл-йўриқлар беради. (Ишаё 48:17, 18) Дарҳақиқат, Сарвари Оламга топиниб, Унинг қалбини қувонтириб яшашдай арзигулик мақсад йўқ!

2 ЯРАТУВЧИМИЗ БИЛАН ДЎСТЛИК

Муқаддас Китобда Яратувчимиз билан дўстона муносабатлар қуриш мумкинлиги ҳақида айтилган. У ерда: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб ёзилган. (Ёқуб 4:8) Баъзилар қодир Яратувчи билан дўст бўлиш имконсиз деб ўйлайди. Аммо Худонинг Каломида: «Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди. Зеро У ҳар биримизга яқиндир»,— дейилган. (Ҳаворийлар 17:27) Бу маслаҳатга қулоқ тутиб, Худонинг дўсти бўлсак, порлоқ келажакка замин яратамиз. Қандай қилиб дейсизми?

Масалан, қанча ҳаракат қилмайлик, ҳеч биримиз ашаддий душманимиз ўлимдан қочиб қутула олмаймиз. (1 Коринфликларга 15:26) Аммо Худо абадий Зотдир. У ҳеч қачон ўлмайди ва дўстлари ҳам абадий яшашини хоҳлайди. Забур 22:26 да: «Улар ҳаётдан тоабад мамнун бўлиб яшасин»,— деб ёзилган. Бу оддий, лекин чиройли сўзлардан Яҳованинг Унга талпинаётган инсонларга нисбатан қандай нияти борлиги яққол кўриняпти.

Худо билан тоабад дўст бўлиб қолиш учун нима қилишингиз керак? Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан У ҳақда билим олишга интилинг. (Юҳанно 17:3; 2 Тимўтийга 3:16) Муқаддас Китобни тушуниш учун Ундан ёрдам сўранг. Худо Ўз Каломи орқали бизни шундай деб ишонтирмоқда: агар Ундан астойдил донолик сўраб турсак, У албатта беради *. (Ёқуб 1:5) Ва ниҳоят билиб олганларингизни амалда қўлласангиз, Худонинг Каломи қадамларингиз учун «чироқ», йўлингизни «ёритадиган нур» бўлишига йўл қўйган бўласиз. (Забур 119:105)

^ абз. 8 Худо одамларга Жаннатда абадий яшашни ваъда қилаётгани борасида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли китобнинг 3- бобига қаранг.

^ абз. 13 Яҳованинг Шоҳидлари сизга Муқаддас Китобни бепул ўрганишни таклиф қилади. Бу эса Худонинг Каломини яхшироқ тушунишингизга ёрдам беради. Тадқиқ ҳақида кўпроқ маълумот олмоқчи бўлсангиз, jw.org сайтидаги «Муқаддас Китоб тадқиқи қандай ўтказилади?» номли видеони томоша қилинг. (АДАБИЁТЛАР > ВИДЕОЛАР сарлавҳаси остига қаранг.)

Худо абадий Зотдир. У дўстлари ҳам абадий яшашини хоҳлайди