Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Маънавий инсон қандай бўлади?

Маънавий инсон қандай бўлади?

Сабр-бардош ва тасалли бахш этадиган Аллоҳ воситасида Исо Масиҳ каби фикр юритинглар. РИМ. 15:5

ҚЎШИҚЛАР: 5, 25

1, 2. а) Маънавийлик борасида кўпларнинг фикри қандай? б) Қайси учта муҳим саволни кўриб чиқамиз?

КАНАДАДАГИ бир опамиз қуйидагича бўлишди: «Маънавий инсон бўлишдан бахтиёрман ва бу менга кунда дуч келадиган муаммоларни муваффақият ила енгишга кўмаклашади». Бразилиядаги акамиз: «Турмуш қурганимизга 23 йил бўлди ва маънан кучли бўлишга ҳаракат қилганимиз учун биз бахтли ҳаёт кечиряпмиз»,— деди. Филиппиндаги биродаримиз эса шундай деб айтди: «Маънавий инсон бўлиш менга ички хотиржамликни сақлашга ва келиб чиқиши турлича бўлган имондошларим билан муносабатларимни яхшилашга кўмаклашяпти».

2 Шу каби изоҳлардан маънавийлик яхши деган хулосага келяпмиз. Демак, ўзимиздан: «Қандай қилиб мен маънавий инсон бўлишим мумкин ва юқорида айтилгандай кўпроқ фойда олишим мумкин?» — деб сўрасак яхши бўларди. Аммо бунга жавоб беришдан аввал, Муқаддас Китобда маънавийлик ёки маънан кучли одам ҳақида нима дейилганини англашимиз лозим. Ушбу мақолада учта муҳим саволни кўриб чиқамиз. 1) Маънавий инсон қандай бўлади? 2) Маънан кучли бўлишимизга кимларнинг намунаси қўл келади? 3) «Масиҳ каби фикр юритишга» интилиш маънавий инсон бўлишимизга қандай ёрдам беради?

МАЪНАВИЙ ИНСОН ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

3. Жисмоний ва маънавий инсон орасидаги фарқ Муқаддас Китобда қандай кўрсатилган?

3 Ҳаворий Павлус «жисмоний» ва «маънавий инсон» орасидаги фарқни кўрсатиш орқали маънавий инсон қандай бўлишини тушунишимизга кўмаклашяпти. (1 Коринфликларга 2:14–16 ни ўқинг, изоҳ.) Бу қандай фарқ экан? Жисмоний одам тўғрисида «Аллоҳнинг руҳига оид нарсаларни қабул қилмайди. У буни нодонлик деб ҳисоблагани учун, уни таниб-билишга қодир эмас», деб айтилган. Маънавий инсон эса «ҳамма нарсани баҳолай олади» ва «Масиҳ каби фикр юритади». Павлус бизни маънавий инсон бўлишга чорлаган. Хўш, улар орасида яна қандай фарқ бор?

4, 5. Жисмоний киши ҳақида нима деса бўлади?

4 Аввал жисмоний инсоннинг фикрлаш тарзига диққат қаратайлик. Бу дунё одам нуқул ўзини ўйлаш кераклигини олға суряпти. Павлус буни «ҳозиргача итоатсиз кимсаларга... таъсир етказаётган дунёнинг руҳияти» деб тасвирлаган. (Эфес. 2:2) Ушбу руҳият аксарият одамларни шунчаки тўдага эргашиш керак, деган нуқтаи назарга эга бўлишга мажбурлаяпти. Улар фақат тану жонини ўйлайди. Оқибатда уларнинг аксарияти ўз назарида нима тўғри бўлса шуни қиляпти ва Худонинг меъёрлари бўйича яшашга интилмаяпти. Жисмоний киши кўпинча фақат ўз мавқеи ва моддий нарсалар ёки ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисида ҳаддан ортиқ ташвишланади.

5 Жисмоний киши ҳақида яна нима деса бўлади? Ҳар қандай «тана ишлари»га берилган одамлар мазкур тоифага киради. (Галат. 5:19–21) Павлус Коринфликларга йўллаган биринчи мактубида жисмоний фикрлаш тарзига эга бўлганларга хос бир нечта ҳаракатни санаб ўтган. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади: бўлинишлар келтириб чиқариш, тарафкашлик қилиш, талаш-тортиш, бир-бирини маҳкамага етаклаш, бошчиликни назарга илмаслик ва егулик ҳамда ичкиликда очкўз бўлиш. Васваса пайдо бўлганда, жисмоний одам таслим бўлади. (Ҳик. 7:21, 22) Исонинг шогирди Яҳудо бундай киши борасида «Тангрининг муқаддас руҳига эга эмас», деган. (Яҳд. 18, 19)

6. Маънавий инсон ҳақида нима дейиш мумкин?

6 «Маънавий инсон» ҳақида нима дейиш мумкин? Бундай одам жисмоний инсондан фарқли равишда Худони яхши кўради. У «Аллоҳга тақлид қилинглар», деган сўзларга амал қилишга интилади. (Эфес. 5:1) Бу дегани, у турли масалалар бўйича Яҳованинг фикрлаш тарзига эга бўлиб, вазиятга Унинг нуқтаи назари билан қарайди. Аллоҳ у учун тирик Шахсдир. Маънавий одам жисмоний кишидан фарқли ўлароқ, Яҳованинг меъёрларига мувофиқ йўл тутишга жон куйдиради. (Заб. 119:33; 143:10) У тана ишларига диққат қаратмай, «муқаддас руҳ самараси»ни намоён этишга уринади. (Галат. 5:22, 23) Бундай киши ҳақида аниқроқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги мисол борасида ўйлаб кўринг: бизнесда муваффақият ила иш юритадиган кишини тадбиркор, маънавий нарсаларни ёки эътиқодини жуда қадрлайдиган кишини эса маънавий инсон, деб аташади.

7. Муқаддас Китобда маънавий инсон ҳақида нима дейилган?

7 Муқаддас Китобга биноан, маънавий нарсалар ҳақида фикр юритадиган одам жуда қадрлидир. Матто 5:3 да: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир»,— дейилган. Римликларга 8:6 да эса шундай ёзилган: «Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлим, маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш эса ҳаёт ва тинчлик келтиради». Маънавий нарсаларга эътиборимизни қаратиб, ҳозирнинг ўзида Аллоҳ билан тинч муносабатларга эга бўламиз ва кўнглимизда хотиржамлик ҳукм суради. Қолаверса, бу келажакда абадий ҳаётга етаклайди.

8. Нега маънан ўсишда давом этиш учун ҳаракат қилиш даркор?

8 Биз хавфли дунёда яшаяпмиз. Атрофимиздаги барча нарса фақат тана ишларини олға суряпти экан, маънан ўсишда давом этиш учун ҳаракат қилишимиз ўта муҳим. Агар инсон маънан сусайса, у ахлоқан бузилиб, бу дунёнинг «ҳавоси» уни барбод қилишига замин яратади. Бунинг олдини қандай қилиб олса бўлади? Қай йўсин биз маънан ўсишимиз мумкин?

ТАҚЛИД ҚИЛИШГА АРЗИЙДИГАН МИСОЛЛАР

9. а) Маънан ўсишимизга нима кўмаклашади? б) Қайси маънавий инсонларнинг ўрнагига эътибор қаратамиз?

9 Бола ота-онасини кузатиб, уларнинг яхши ўрнагига тақлид қилса, етук бўла олади. Шунга ўхшаб, биз ҳам маънан кучли кишиларни кузатиб, уларнинг намунасига эргашсак, маънавий тарафдан ўсишимиз мумкин. Фақат тана ишларини ўйлайдиганлар эса биз учун огоҳлантирувчи мисол сифатида хизмат қилади. (1 Кор. 3:1–4) Муқаддас Китобда ҳам яхши, ҳам ёмон мисоллар мавжуд. Биз маънан етук киши бўлишни хоҳлаётганимиз учун, келинг, тақлид қилишимизга арзийдиган бир нечта инсоннинг ўрнагига эътибор қаратайлик. Бу кишилар Ёқуб, Марям ва Исо.

Ёқубнинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади? (10- хатбошига қаранг.)

10. Ёқуб маънавий инсон эканини қандай кўрсатди?

10 Аввал Ёқубнинг мисолига диққат қаратайлик. Ёқуб билан бўлганидай кўпчилигимизга осон эмас. Ёқуб уни ўлдирмоқчи бўлган, тана ишларини ўйлайдиган акаси Эсовнинг муносабатига чидашига тўғри келган. Бундан ташқари, у қайта-қайта унинг меҳнатидан фойдаланмоқчи бўлган айёр қайнатаси билан тил топишган. Гарчи Ёқуб «жисмоний» одамлар орасида яшаган бўлса-да, маънавий эди. Иброҳимга берилган ваъдага у ишонган ва Яҳованинг ниятида ўзгача ўринга эга бўлганини тушуниб, оиласига ғамхўрлик қилган. (Ибт. 28:10–15) Ёқубнинг сўзларию ишлари у Аллоҳнинг меъёрларини билиб, уларни ёдида сақлаганини ошкор этмоқда. Мисол учун, Эсов унга хавф туғдиради деб ўйлаганда, Худога шундай деган: «Ўтиниб сўрайман... мени қутқаргин... Ахир Ўзинг: “Мен сенга барака ато этаман ва зурриётингни денгиз соҳилидаги қумдай сон-саноқсиз қиламан”,— деб айтган эдинг-ку». (Ибт. 32:6–12) У Яҳова унга ҳамда ота-боболарига берган ваъдаларга ишонган ва Унинг иродасию ниятига мувофиқ йўл тутишга интилган.

Марямнинг мисолидан қандай сабоқ олсак бўлади? (11- хатбошига қаранг.)

11. Марям маънавий инсон бўлганини қаердан биламиз?

11 Энди Марямнинг мисолига диққат қаратайлик. Нега Яҳова уни Исонинг онаси сифатида танлаган? Чунки у маънавий инсон бўлган. Буни қаердан биламиз? Бу, у қариндошлари Закариё билан Элисабетникига борганда, Яҳовани шарафлаб айтган ажойиб сўзларида акс этган. (Луқо 1:46–55 ни ўқинг.) Марямнинг гапларидан у Худонинг Каломини жуда яхши кўргани ва Ибронийча ёзувларни яхши билгани аён бўляпти. (Ибт. 30:13; 1 Шоҳ. 2:1–10; Мал. 3:12) Гарчи у Юсуф билан яқинда турмуш қурган бўлса-да, Исо туғилгунига қадар улар жинсий яқинликда бўлмаган. Бу нимани ошкор этяпти? Бундан уларнинг иккови учун Яҳованинг иродаси эҳтиёжларини қондиришдан кўра муҳимроқ экани кўринмоқда. (Мат. 1:25) Вақт ўтгач, Марям Исонинг ҳаётида нима муҳим эканини англаган ва унинг доно сўзларига эътибор қаратган. Қолаверса, у «гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб қўйган». (Луқо 2:51) У Масиҳга тегишли Худонинг нияти билан роса қизиққан. Марямнинг ўрнаги Аллоҳнинг иродасини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишимизга кўмаклашмоқда, шундай эмасми?!

12. а) Исо Отасига қай йўсин тақлид қилган? б) Биз Исодан қандай ибрат олсак бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

12 Яшаган барча инсонлар орасида маънавийликда энг аъло ўрнак кўрсатган ким? Албатта, бу Исо Масиҳ. Ҳаёти ва хизмати мобайнида у Отаси Яҳовага тақлид қилмоқчи эканини намоён этган. Исо Яҳова каби ўйлаган, ҳис этган ва йўл тутиб, Унинг иродасию меъёрларига мос ҳаёт кечирган. (Юҳан. 8:29; 14:9; 15:10) Масалан, Ишаё пайғамбар Яҳованинг меҳр-шафқати ҳақида айтганларини Марк Исонинг меҳр-шафқати тўғрисида Инжилда нима деб ёзгани билан солиштиринг. (Ишаё 63:9; Марк 6:34 ни ўқинг.) Биз ҳам ёрдамга муҳтож инсонларни учратганимизда, Исо каби меҳр-шафқатли бўла оламизми? Бундан ташқари, Исо хушхабарни ваъз қилиб, таълим бериш ишига ўзини бағишлаган. (Луқо 4:43) Шу каби фазилат ва хатти-ҳаракатлар маънавийликдан даракдир.

13, 14. а) Бугунги маънан етук инсонлардан қандай ўрнак олсак бўлади? б) Мисол келтиринг.

13 Муқаддас Китобдаги мисоллардан ташқари, бугун ҳам Масиҳ каби фикр юритаётган кўпдан-кўп маънан етук имондошларимиз бор. Эҳтимол, улар хизматда ғайратли эканини, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат ёки яна бошқа фазилатларни намоён этаётганини кўраётгандирсиз. Бундай имондошларимиз ҳам ушбу фазилатларни ривожлантиришга интилаётиб, биз каби заифликлару камчиликлар билан курашяпти. Бразилиядаги Рейчл исмли имондошимиз шундай деб бўлишди: «Бу дунёда урф бўлган кийим-кечакларни жуда яхши кўрардим. Бунинг оқибатида ибо билан кийинмай қўйдим. Аммо ҳақиқатни ўрганиб, маънавий инсон бўлиш учун кўп тер тўкдим. Ўзгаришлар қилиш осон кечмади, лекин ҳозир бахтлироқман ва ҳаёт мазмунини топдим».

14 Филиппиндаги Райлен бошқа қийинчиликка дуч келди. У олий маълумотли бўлиш ва ҳаётида муваффақиятга эришиш пайида эди. Опамиз қуйидагиларни айтди: «Маънавий мақсадларим сўна бошлади. Бироқ ҳаётимда ниманидир, ишимдан ҳам анча муҳимроқ бўлган нарсани йўқотаётгандай эдим. Охири, Яҳовага хизмат қилишга бўлган нуқтаи назаримни қайта кўриб чиқдим». Ўшандан бери Райлен Матто 6:33, 34 да келтирилган Яҳованинг ваъдасига ишониб яшамоқда. У: «Яҳова менга ғамхўрлик қилишига аминман!» — деди. Балки жамоатингизда ҳам бунга ўхшаш мисоллар бордир. Улар Масиҳга эргашиб садоқатли бўлиб келишмоқда. Улардан ўрнак олсак яхши бўларди, шундай эмасми?! (1 Кор. 11:1; 2 Салон. 3:7)

«МАСИҲ КАБИ ФИКР ЮРИТИНГ»

15, 16. а) Масиҳ каби бўлиш учун нима қилишимиз керак? б) «Масиҳ каби фикр юритишни» истасак қандай йўл тутсак бўлади?

15 Ҳар биримиз Масиҳга қандай тақлид қила оламиз? Муқаддас Китобда «Масиҳ каби фикр юритиш» ҳақида айтилган. (1 Кор. 2:16) Римликларга 15:5 да эса «Исо Масиҳ каби фикр юритинглар», дейилган. Шу сабабли, Масиҳ каби бўлиш учун унинг фикрлаш тарзини ва шахсиятини мукаммал билишимиз лозим. Қолаверса, унинг изидан юришимиз зарур. Исо бутун фикр-хаёлини Аллоҳ билан бўлган муносабатларига қаратган эди. Демак, Исога ўхшасак, Яҳовага ўхшаган бўламиз. Шу боис, Исо қандай фикр юритганини билиб олиш муҳим.

16 Бунга қай йўсин эриша оламиз? Исонинг шогирдлари унинг мўъжизаларини кўришган, нутқларини эшитишган, турли одамлар билан қандай муомала қилганини ва илоҳий принципларга қай йўсин амал қилганини кузатишган. Улар: «Унинг... ҳамма ишларига бизлар гувоҳмиз»,— дейишган. (Ҳавор. 10:39) Тўғри, биз буларни ўз кўзимиз билан кўра олмаймиз. Бироқ Яҳова бизга меҳр ила берган Инжилни тадқиқ қилганимизда кўз олдимизда Исонинг шахсияти гавдаланади. Муқаддас Ёзувлардаги Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно китобларини ўқиб, улар устида мулоҳаза қилсак, Исо каби фикр юрита оламиз. Шунда «унинг изидан оғмай юришимиз» ва «у каби фикр юритишга тайёр бўлишимиз» мумкин. (1 Бутр. 2:21; 4:1)

17. Масиҳ каби фикр юритиш бизга қандай ёрдам беради?

17 Масиҳ каби фикр юритишга ўрганиш бизга қандай ёрдам беради? Жисмоний танамиз мустаҳкам бўлиши учун фойдали озиқ-овқатни еганимиздай, маънан кучли бўлиш ниятида Масиҳнинг фикрлаш тарзи билан онгимизни тўлдиришимиз лозим. Шу йўсин, ҳар қандай вазиятда Масиҳ каби йўл тутишни ўрганамиз. Бу эса, пок виждонга ва Худонинг марҳаматига эга бўлишимиз учун тўғри қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади. Шу каби фойдали томонлар «Ҳазрати Исо Масиҳнинг феъл-атворига тақлид қилишга» яхши асос экани турган гап. (Рим. 13:14)

18. Маънавий инсон қандай бўлиши ҳақида нималарни билиб олдингиз?

18 Мана, маънавий инсон қандай бўлиши кераклигини билиб олдик. Шунингдек, маънавий одамларнинг мисолларини кўриб чиқдик. «Масиҳ каби фикр юритиш» бизга маънан етук бўлишимизга қандай ёрдам беришини ҳам муҳокама қилдик. Бироқ маънавийлик билан боғлиқ яна бошқа нарсаларни кўриб чиқишимиз даркор. Масалан, қанчалик маънан етук эканимизни текшириб кўришимиз керак. Маънан ўсиш учун қандай йўл тутсак бўлади? Маънавийлигимиз кундалик ҳаётимизга қандай таъсир қилади? Келаси мақолада мазкур саволларнинг жавобларини билиб оламиз.