Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик»

«Бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик»

Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик... ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик. ИБРОН. 10:24, 25

ҚЎШИҚЛАР: 53, 20

1. Нега ҳаворий Павлус иброний масиҳийларни бир-бирига янада кўпроқ далда беришга чорлаган?

НЕГА далда бериш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз лозим? Жавобини ҳаворий Павлус Ибронийларга йўллаган мактубдан топсак бўлади. Уларга қуйидагича ёзган: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик». (Иброн. 10:24, 25) Биродарлар нега Павлус бунга ундаётганини тушунишмагандир. Беш йил ўтар-ўтмас, сабаби аён бўлди. Улар Яҳованинг Қуддусга нисбатан ҳукм куни яқин эканини кўришди. Улар Исо айтганидай, ўша шаҳарни тарк этиш кераклигини тушунишди. (Ҳавор. 2:19, 20; Луқо 21:20–22) Бу кун мил. 70 йили, яъни римликлар Қуддусни вайрон қилганда келди.

2. Нима учун ҳозир бир-биримизга кўпроқ қизиқиш кўрсатишимиз лозим?

2 Бугунги кунда Яҳованинг «улуғ ва мудҳиш куни» яқин эканига ишонишимиз учун барча сабабларимиз бор. (Йўэл 2:11) Зафаниё пайғамбар шундай деган: «Яҳованинг улуғ куни яқин! Ўша кун яқин ва шиддат билан яқинлашиб келяпти!» (Заф. 1:14) Ушбу огоҳлантиришга ҳозир ҳам қулоқ солиш яхшидир. Яҳованинг куни яқин экан, Павлус: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик»,— деб маслаҳат берган. (Иброн. 10:24, изоҳ) Демак, биродару опа-сингилларимизга кўпроқ қизиқиш кўрсатсак, уларга керак бўлганда далда бера оламиз.

ДАЛДАГА КИМЛАР МУҲТОЖ?

3. Павлус далда бериш ҳақида нималар ёзган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 «Ғам-ташвиш одамнинг қалбини эзади, яхши сўз эса кўнглини кўтаради». (Ҳик. 12:25) Бу бизга ҳам тегишли. Нега деганда, барчамиз вақти-вақти билан далдага муҳтож бўламиз. Павлуснинг сўзларига кўра, бошқаларга далда бериш учун масъул бўлганлар ҳам далдага муҳтождир. Римдаги масиҳийларга у шундай деб ёзган: «Мустаҳкамланишингиз учун Худо ато этган инъом билан бўлишай, деб сизларни роса кўргим келяпти. Ёки тўғрисини айтганда, сизларнинг ҳамда менинг, яъни бир-биримизнинг имонимиздан далда олишимизни хоҳлайман». (Рим. 1:11, 12) Ҳа, ўзгаларга далда берган Павлус ҳам далдага муҳтож эди. (Римликларга 15:30–32 ни ўқинг.)

4, 5. Кимлар далдага муҳтож ва нима учун?

4 Фидойи ҳаёт кечираётганлар мақтовларга сазовордир. Булар қаторига содиқ кашшофлар киради. Кўплар кашшофлик қилиш ниятида катта қурбонликларга боради. Тўла вақтли махсус ваъзгўй, туман нозири ва унинг хотини ҳамда филиал ёки масофавий таржима офисида хизмат қилаётганлар ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Буларнинг ҳаммаси муқаддас хизматга кўпроқ вақт бағишлаш мақсадида нимадандир воз кечади. Шу боис, уларга далда беришимиз керак. Бундан ташқари, тўла вақтли хизматни давом эттирмоқчи бўлган-у, лекин баъзи сабабларга кўра буни қила олмаётган кўплар далдамизга муҳтож.

5 Яна кимлар далдага муҳтож? Бу фақат Ҳазратимизга тегишли киши билан турмуш қуриш огоҳлантиришига бўйсунаётган имондошларимиздир. (1 Кор. 7:39) Шунингдек, бетиним меҳнат қилаётган аёллар ҳам эрларидан руҳини кўтарадиган сўзларни эшитишга муҳтож. (Ҳик. 31:28, 31) Қолаверса, таъқиб қилинаётган ёки касал имондошларимизга ҳам далда бериш керак. (2 Салон. 1:3–5) Яҳова ҳамда Исо Масиҳ барча садоқатли хизматчиларга тасалли бахш этмоқда. (2 Салоникаликларга 2:16, 17 ни ўқинг.)

ОҚСОҚОЛЛАР ДАЛДА БЕРИШГА ИНТИЛАДИ

6. Ишаё 32:1, 2 га биноан оқсоқолларнинг аҳамияти қандай?

6 Ишаё 32:1, 2 ни ўқинг. Оғир замонда яшаётганимиз сабаб, ғамга ботишимиз ва руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Исо Масиҳ мойланган масиҳийлар ва бошқа қўйлар қаторидан бўлган садоқатли «беклар» орқали бизга далда бермоқда. Ушбу оқсоқоллар имонимиз устидан «хўжайинлик қилмайди», аксинча, улар қувонч келтирадиган хизматдошларимиздир. (2 Кор. 1:24)

7, 8. Қандай қилиб оқсоқоллар ҳам сўзда, ҳам амалда далда бахш эта олади?

7 Ҳаворий Павлус тақлид қилишимизга арзийдиган ўрнак кўрсатган. Салоникада қувғун қилинган масиҳийларга у шундай ёзган: «Биз сизларга шу қадар кўнгил боғлаган эдикки, фақат Аллоҳнинг хушхабарини эмас, балки ўз жонимизни ҳам беришга тайёр эдик, чунки биз сизларни севиб қолгандик». (1 Салон. 2:8)

8 Доим ҳам фақат сўзда далда беришнинг ўзи етарли эмас. Павлус Эфесдаги оқсоқолларга қуйидагиларни йўллаган: «Муҳтожларга ёрдам беришингиз кераклигини... Шунингдек, Ҳазратимиз Исонинг: “Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта”,— деган сўзларини унутмаслигингиз лозим». (Ҳавор. 20:35) Павлус: «Бор-йўғимни бажонидил сарфлайман, ҳатто ўзимни ҳам аямайман»,— деб айтибгина қолмай, буни амалда кўрсатган. (2 Кор. 12:15) Шу сингари, оқсоқоллар ҳам имондошларига нафақат сўзда далда ва тасалли бахш этиши, балки уларга самимий қизиқиш кўрсатиб, қўллаб-қувватлаши даркор. (1 Кор. 14:3)

9. Қай йўсин оқсоқоллар далда бахш этадиган тарзда маслаҳат беришлари мумкин?

9 Бир-биримизни мустаҳкамлаш маслаҳат беришни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Аммо шуни ҳам ёдда тутиш керакки, оқсоқоллар Муқаддас Китобда келтирилган мисолларга эргашган ҳолда маслаҳатни далда бахш этадиган тарзда беришлари лозим. Бу борада Исо аъло ўрнак кўрсатган. У ўлиб, тирилганидан кейин Кичик Осиёдаги айрим жамоатларга жиддий маслаҳатлар берган, бироқ у буни қандай қилганига диққат қаратинг. Исо Эфес, Пергам ва Тиатирадаги жамоатларга маслаҳат беришдан аввал, у ердагиларни мақтаб ўтган. (Ваҳ. 2:1–5, 12, 13, 18, 19) Лаодикиядаги жамоатга у қуйидагича айтган: «Менга азиз бўлган барчага танбеҳ бериб, тарбия қиламан. Шундай экан, ғайратли бўл ва тавба қил». (Ваҳ. 3:19) Оқсоқоллар маслаҳат бериш керак бўлганда, Исодан ўрнак олишса, нур устига аъло нур бўлади.

ДАЛДА БЕРИШ ФАҚАТГИНА ОҚСОҚОЛЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ЭМАС

Ота-оналар, болангизни бошқаларга далда беришга ўргатяпсизми? (10- хатбошига қаранг.)

10. Қандай қилиб ҳаммамиз бир-биримизни мустаҳкамлай оламиз?

10 Бошқаларга далда бериш фақатгина оқсоқолларнинг масъулияти эмас. Павлус барча масиҳийларни «тингловчиларга фойда келтириш учун, зарур бўлганда уларни мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни» гапиришга ундаган. (Эфес. 4:29) Ҳар биримиз бошқаларга нима «зарур» экани ҳақида фикр юритишимиз лозим. Павлус иброний масиҳийларга шундай маслаҳат берган: «Бўшашган қўлларингизни, мажолсизланган тиззаларингизни бақувват қилинглар. Оқсаган оёқларингиз чиқиб кетмасин, аксинча соғайсин, дея оёқларингиз учун текис йўл ҳозирланглар». (Иброн. 12:12, 13) Ҳаммамиз, жумладан, ёшлар ҳам далдали сўзларни айтиб, бир-биримизни мустаҳкамлай оламиз.

11. Депрессияга тушган Мартага нима ёрдам берди?

11 Марта * исмли имондошимиз бир пайт депрессияга тушган эди. У шундай деб бўлишди: «Бир куни далда беришини сўраб Яҳовага ибодат қилган эдим. Сўнг менга меҳр ва ҳамдардлик кўрсатган ёши улуғ опамизни учратиб қолдим. Ўша пайтда айнан шунга муҳтож эдим. Опамиз ҳам меникидай қийинчиликни бошдан кечирганини айтди. Мен ёлғиз эмаслигимни тушундим». Эҳтимол, ўша опамиз Мартага айтган сўзлари яхши таъсир қилиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмагандир.

12, 13. Филиппиликларга 2:1–4 даги маслаҳатга қандай амал қилсак бўлади?

12 Павлус Филиппидаги жамоат аъзоларига қуйидагича маслаҳат берган: «Агар Масиҳнинг издоши сифатида бир-бирингизга далда берсангиз, севги ила тасалли бахш этсангиз, бир-бирингизнинг ғамингизни чекиб, меҳрибонлик ва раҳмдилликка эга бўлсангиз, қувончимга қувонч қўшиб, фикрлаш ва севгида бирликни сақлайсизлар. Шундай қилиб, якдил ва ҳамфикр бўласизлар. Ҳеч нарсани иззатталаблик ёки манманлик билан қилмай, аксинча, камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар. Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филип. 2:1–4)

13 Ҳа, ҳаммамиз бошқаларга ёрдам бериш йўлларини қидиришимиз керак. Биродару опа-сингилларимизга далда беришни истасак, уларга севги ила тасалли бахш этишимиз, бир-биримизнинг ғамимизни чекишимиз ҳамда меҳрибонлик ва раҳмдиллик кўрсатишимиз мумкин.

ДАЛДА МАНБАИ

14. Нима далда манбаи бўлиши мумкин?

14 Биз кўмаклашган инсонлар садоқатли бўлиб қолаётгани ҳақида эшитганимизда далда оламиз. Ҳаворий Юҳанно шундай ёзган: «Болаларимнинг ҳақиқат йўлида юраётганини эшитиш, мен учун катта бахт». (3 Юҳан. 4) Кўпгина кашшофлар, улар бир неча йил олдин ҳақиқатга келишга ёрдам берган кишилар садоқат ила хизмат қилаётгани ва эҳтимол, кашшоф экани ҳақида билиб, далда олишади. Руҳи тушган кашшофга аввалги қувончини эслатиш, далда манбаига айланиши мумкин.

15. Садоқат ила хизмат қилаётганларга қай йўсин далда берса бўлади?

15 Кўпгина туман нозирларининг айтишича, улар хотинлари билан жамоатга ташриф буюрганда, уларга миннатдорчилик билдирилган қисқа хатлар беришса, далда олишар экан. Оқсоқол, тўла вақтли махсус ваъзгўй, кашшоф ва байтилчилар ҳам садоқатли хизмати учун миннатдорчилик сўзларини эшитганда, далда олишади.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ БАРЧАМИЗ ДАЛДА БЕРИШИМИЗ МУМКИН?

16. Қандай оддий нарсалар бошқаларга далда бериши мумкин?

16 Гапга чечан бўлмаганим туфайли бошқаларга далда бера олмайман, деб айтиш хато бўларди. Далда манбаи бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Масалан, саломлашганда илиқ табассум қилинг. Киши жавобан табассум қилмаса, балки, муаммоси бордир ва уни тингласангиз у тасалли олиши мумкин. (Ёқб. 1:19)

17. Битта ёш биродаримизга нима далда бахш этган?

17 Генри исмли ёш биродар яқин қариндошлари, жумладан, оқсоқол бўлган отаси ҳам ҳақиқатдан кетганида роса қайғуга ботган. Туман нозири Генрини қаҳвага таклиф қилиб, ичини тўкиб солиши учун имкон берганидан у далда олган. Генри, садоқатли бўлиб қолсагина оила аъзолари ҳақиқатга қайтишига кўмаклаша олишини тушунган. У шунингдек, Забурнинг 46- саносини, Зафаниё 3:17 ва Марк 10:29, 30- оятларини ўқиб куч топган.

Барчамиз бир-биримизни мустаҳкамлаб, далда бера оламиз (18- хатбошига қаранг.)

18. а) Шоҳ Сулаймон далда ҳақида нима деб ёзган? б) Ҳаворий Павлус қандай маслаҳат берган?

18 Марта ва Генрининг мисоллари, тасаллига муҳтож бўлганимизда биродар ёки опа-сингиллар биз учун далда манбаига айланиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шоҳ Сулаймон қуйидагича ёзган: «Ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши! Порлоқ кўзлар қалбни қувонтиради, яхши хабар суякларни иликка тўлдиради». (Ҳик. 15:23, 30) Тушкун аҳволда бўлган одамга «Қўриқчи минораси»даги ёки сайтимиздаги бирон маълумотни ўқиб бериш мумкин. Зеро, бу уни мустаҳкамлайди. Павлус ҳамду сано қўшиқларимизни бирга куйлаш далда бахш этишини таъкидлаган. У шундай деган: «Худога ҳамдлар айтиб, бир-бирингизга санолару ёқимли маънавий қўшиқлар билан далда ва таълим беринглар. Яҳовани юрагингизда тараннум этинглар». (Колос. 3:16; Ҳавор. 16:25)

19. Нима сабабли бир-биримизга янада кўпроқ далда беришимиз даркор?

19 Яҳованинг куни тобора яқинлашаётгани сайин бир-биримизга янада кўпроқ далда беришимиз даркор. (Иброн. 10:25) Павлус: «Ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»,— деб айтган маслаҳатига риоя этсак, бахтиёр бўламиз. (1 Салон. 5:11)

^ абз. 11 Исмлар ўзгартирилган.