Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Камбағал бошланиш ва бой якун

Камбағал бошланиш ва бой якун

Мен кичкинагина Либерти (Индиана, АҚШ) шаҳридаги бир ҳужрада дунёга келганман. Мендан олдин бир акам ва иккита опам бор. Мендан кейин эса иккита укам ва синглим дунёга келди.

Мен мана шу ҳужрада туғилганман

МАКТАБДА ўқиганимда деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Бошидан охиригача ўша-ўша одамлар билан ўқидим. Шу боис, шаҳардаги кўплар таниш бўлган. Улар мени, мен эса уларни билар эдим.

Еттита фарзанднинг бири эдим ва ўсмирлигимданоқ ферма ишларида кўп нарсани ўргангандим

Либерти шаҳрининг атрофида кичик фермалар кўп эди ва улар асосан маккажўхори етиштириш билан шуғулланарди. Мен туғилганда отам маҳаллий фермалардан бирида ишлар эди. Ўсмирлигимда трактор ҳайдашни ва ферма билан боғлиқ оддий ишларни ўргандим.

Отамнинг ёшлигини кўрмаганман. Туғилганимда отам 56, онам эса 35 ёшда эди. Лекин отам озғин, соғлом, кучли ва меҳнаткаш киши эди. Биз болаларни ҳам буни қадрлашга ўргатган. У кўп пул топмас эди, аммо бошпанамиз, кийимимизу озиқ-овқатимиз бўлишига ғамхўрлик қиларди ва доим ёнимизда бўларди. Отам 93, онам эса 86 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Улар Яҳовага хизмат қилмаган. Жигарларимга келсак, укам 1970 йилларнинг бошидан бери садоқат ила оқсоқол сифатида хизмат қилиб келди. Ўшанда бу тадбир ташкил этилган эди.

ЁШЛИГИМ

Онам художўй инсон эди. У ҳар якшанба бизни баптистлар черковига олиб борарди. 12 ёшда бўлганимда илк бор учлик ҳақида эшитдим. Шунда ҳайрон бўлиб онамдан: «Қанақасига Исо бир вақтнинг ўзида ҳам Ўғил, ҳам Ота бўлиши мумкин?» — деб сўрадим. Жавоби ҳали ҳануз эсимда: «Ўғлим, бу жумбоқ. Биз буни тушуна олмаймиз». Чиндан ҳам, бу мен учун жумбоқ эди. Шунга қарамай, тахминан 14 ёшимда учлик номи билан уч марта сувга чўмдирилдим.

1952 йил, Армиядан олдин, 17 ёшлигим

Юқори синфда ўқиганимда профессионал боксчи бўлган дўстим мени ҳам бокс билан шуғулланишга ундади. Шу йўсин, бокс билан шуғулланишни бошладим ва «Олтин қўлқоплар» номли бокс ташкилотига аъзо бўлдим. Бу қўлимдан унча келмади ва бир нечта жангдан сўнг боксни ташладим. Кейинчалик АҚШ армиясига чақирилдим ва Германияга юборилдим. Хизмат давомида ҳамкорларим менда бошқариш қобилиятлари бор деб, ҳарбийлар академиясига юборишди. Улар ҳаётимни ҳарбий хизматга бағишлашимни исташарди. Мен эса буни хоҳламас эдим. Шунинг учун, икки йиллик хизматимни тугатгач, 1956 йили у ердан кетдим. Кўп ўтмай, умуман бошқа армияга қўшилдим.

1954–1956 йиллар АҚШ армиясида икки йил хизмат қилдим

ЯНГИ ҲАЁТНИНГ БОШЛАНИШИ

Яҳовани таниб-билишдан олдин ҳақиқий эркак қандай бўлиши кераклиги борасида нотўғри тасаввурга эга эдим. Чунки кинолар ва атрофдагилар менга қаттиқ таъсир қилган. Мен ҳақиқий эркаклар Муқаддас Китоб тўғрисида гаплашмайди, деб ўйлардим. Аммо ҳаётимни ўзгартириб юборган бир нарсани билиб олдим. Бир куни қизил кабриолетимда кетаётганимда иккита ёш қиз мени тўхтатди. Бу қизларни танир эдим. Улар поччамнинг сингиллари бўлиб Яҳованинг Шоҳидлари эди. Бундан олдин улардан «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларини олган эдим, лекин «Қўриқчи минораси»ни тушуниш қийин бўлганди. Бу сафар эса, уларнинг уйида бўлиб ўтадиган жамоат китоб тадқиқига таклиф этишди. У ерда Муқаддас Китобга асосланган фикрлар муҳокама қилинар эди. Мен бу ҳақда ўйлаб кўришимни айтдим. Қизлар табассум ила: «Ваъда берасизми?» — дейишди. «Ваъда бераман»,— деб айтдим.

Сўз берганимдан бир оз афсусландим, аммо унинг устидан чиқишим керак, деб ўйладим. Шундай қилиб у ерга бордим. Энг кўпи мени болалар ҳайрон қолдирди. Чунки улар Муқаддас Китобни жуда зўр билар эди. Гарчи ҳар якшанба онам билан черковга борган бўлсам-да, Муқаддас Китобни яхши билмас эдим. Шунда Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлиб, ундан кўпроқ билим олишга бел боғладим. Илк билиб олган нарсаларимдан бири — Қодир Тангрининг исми Яҳова экани эди. Йиллар олдин ойимдан Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида сўраганимда, у шунчаки жавоб бериб: «Улар Яҳова исмли кекса кишига топинади»,— деган эди. Энди эса кўзларим очилганини ҳис этдим.

Мен маънан тез ўсдим, чунки ҳақиқатни топганимни билар эдим. Илк маротаба борган ўша йиғилишдан тўққиз ой ўтиб, 1957 йили мартда сувга чўмдим. Ҳаётга бўлган нуқтаи назарим ўзгарди. Муқаддас Китобдан ҳақиқий эркак қандай бўлиши кераклиги борасида билиб олганимдан хурсандман. Мисол учун, Исо мукаммал инсон эди. У ҳар қандай забардаст ва кучли кишидан анча қудратли эди, бироқ ҳеч қачон урушмаган. Аксинча, башорат қилинганидай, у «азоб-уқубат чекди». (Ишаё 53:2, 7) Исонинг ҳақиқий издоши «ҳамма билан мулойим» бўлиши лозимлигини билиб олдим. (2 Тим. 2:24)

1958 йили кашшофликни бошладим. Аммо кўп ўтмай, уни қисқа вақтга тўхтатишимга тўғри келди. Негаки, мени китоб тадқиқига таклиф қилган ёш қизлардан бири Глорияга уйланишга қарор қилган эдим. Бундан асло афсусланмайман. У ўшанда хазинам бўлган, ҳозир ҳам шундай. У мен учун энг қимматбаҳо «Хоуп олмоси»дан ҳам қадрлироқ. Унга уйланганимдан жуда бахтиёрман. Келинг, у ўзи ҳақида бир оз сўзлаб берсин.

«Мен 17 та фарзанднинг бириман. Онам Яҳованинг садоқатли хизматчиси эди. У 14 ёшлигимда оламдан ўтган. Ўшанда отам тадқиқ ўтишни бошлаган эди. Онамнинг вафотидан сўнг отам мактаб директоридан бир нарсани илтимос қилди. Гап шундаки, опам мактабни битиришига бир йил қолган эди. Опам ва мен мактабга кун ора келишимиз учун отам рухсат сўради. Шу йўсин, биримиз уйда бўлиб, уй ишларини қилишимиз, укаларимизга қарашимиз ва отам ишдан келгунча оиламиз учун овқат тайёрлаб қўйишимиз мумкин эди. Директор рози бўлди ва бу ҳол опам мактабни битиргунига қадар давом этди. Иккита оила биз билан тадқиқ ўтарди ва 11 тамиз Яҳованинг Шоҳиди бўлдик. Уятчанлигимга қарамай, доим ваъзгўйлик хизматида қатнашардим. Сэмюэл йиллар давомида бунда менга ёрдам берди».

Глория билан 1959 йили февралда турмуш қурдик. Биргаликда кашшофлик қилиб завқ олардик. Бош идорада хизмат қилишни истардик, шу боис, ўша йилнинг июль ойида Байтилда хизмат қилиш учун ариза тўлдирдик. Азиз биродаримиз Саймон Крейкер биз билан суҳбат ўтказди. Ўшанда у жуфтликлар Байтилга таклиф қилинмаслигини айтди. Байтилда хизмат қилиш истагини ҳеч қачон йўқотмаганмиз. Албатта, буни узоқ кутишимизга тўғри келди.

Бош идорага мактуб ёзиб, эҳтиёж катта бўлган жойга хизмат қилишга юборишларини сўрадик. Келган жавобга кўра, биргина танловимиз бор эди, яъни Пайн-Блаффда (Арканзас) хизмат қилиш. Ўша пайтлари Пайн-Блаффда иккита жамоат бор бўлиб, бирида оқ танли ваъзгўйлар, иккинчисида эса қора танли ваъзгўйлар хизмат қиларди. Биз қора танлилар хизмат қиладиган жамоатга тайинландик. У ерда тахминан 14 та ваъзгўй бор эди.

ИРҚЧИЛИК ДАСТИДАН ПАЙДО БЎЛГАН ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

Нима учун Яҳова Шоҳидларининг жамоатларида ирқчилик бўлган, деб қизиқаётгандирсиз. Бунинг жавоби оддий: бошқа чора йўқ эди. Баъзи жойларда турли ирқ вакиллари бирга бўлиши қонунан тақиқланган эди ва бу чиндан ҳам хавфли ва жиддий масала эди. Кўп жойларда биродарларимиз икки хил ирқ вакиллари топиниш учун бирга йиғилишидан қўрқарди. Бунга асосли сабаблар бор эди. Масалан, Йиғилиш зали бузиб ташланиши мумкин эди. Баъзида шундай ҳам бўлган. Қора танли ваъзгўй оқ танли одамлар яшайдиган ҳудудда хизмат қилса, уни ҳибсга олишарди ва дўппослашлари мумкин эди. Шу сабабли, ваъзгўйлик ишини давом эттира олиш мақсадида, вазият яхши томонга ўзгаришига умид қилиб, қонунларга бўйсунардик.

Хизматимизнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор эди. Қора танлилар яшайдиган ҳудудда хизмат қилганда, айрим пайтлари билмасдан оқ танли киши яшайдиган уйга дуч келардик. Шунда тезда қарор чиқаришимиз керак эди: Муқаддас Китобга асосланган қисқача муқаддимани айтамизми ёки узр сўраб, кетамизми. Ҳа, ўша пайтлари шундай вазиятлар бўлиб турарди.

Албатта, ўзимизни таъминлаш учун ишлар эдик. Кўп ишларимизда кунига асосан уч доллар тўлашар эди. Глория бир нечта уйни тозаларди. Бир жойда у ишларини ярим кун ичида тугата олиши учун унга ёрдамлашишимга рухсат беришди. Бизга тушлик беришарди ва кетишдан олдин Глория икковимиз бирга овқатланардик. Глория ҳар ҳафта бир оиланикига бориб, нарсаларини дазмоллаб берарди. Мен эса боғда ишлардим, ойналарни ювардим ва ҳоказо юмушларни бажарардим. Бир сафар оқ танли оиланинг уйида ойна ювган эдик — Глория ичидан, мен эса сиртидан ювгандим. Бунга бутун кун кетди, шунинг учун бизга овқат беришганди. Глория уйнинг ичида, лекин оиладан алоҳида, мен бўлсам ташқарида гаражда овқатландим. Мен қарши эмасдим. Овқат жуда мазали эди. Ўзи ўша оила ёмон эмасди, фақатгина атрофдаги одамларнинг фикрлаш тарзига берилганди. Бир марта бензоколонкада тўхтаганимиз эсимда. Бакимизни тўлдириб бўлгач, оқ танли ходимдан Глория ҳожатхонага кириб чиқса бўладими, деб сўрадим. У бўлса жаҳл билан: «У ёпиқ»,— деди.

ХОТИРАДАН ЎЧМАС ЯХШИЛИКЛАР

Имондошларимиз билан ажойиб вақт ўтказардик ва хизматимизни жуда яхши кўрардик. Илк бор Пайн-Блаффга келганимизда, жамоат хизматкори бўлган биродаримизникида яшадик. Унинг хотини имондошимиз эмас эди ва Глория у билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Мен эса бу жуфтликнинг қизи ва куёви билан тадқиқ бошладим. Ўша биродарнинг хотини ва қизи Яҳовага хизмат қилишга қарор қилиб, сувга чўмди.

Оқ танли ваъзгўйлар бор бўлган жамоатда ҳам қадрдон дўстлар орттирдик. Улар бизни кечки овқатга таклиф қиларди, лекин биз фақатгина қоронғи тушганда борардик. Ирқчиликни ва зўравонликни олға сурадиган «Ку-клукс-клан» ташкилоти ўша пайтда авж олганди. Хеллоуин кечасида бу ташкилот аъзолари киядиган ўзгача кийимни фахр ила кийиб олган бир киши уйининг олдида ўтиргани ҳали ҳам эсимда. Аммо бу каби вазиятлар имондошларимизни меҳрибонлик кўрсатишдан тўхтатмас эди. Бир сафар ёзда, анжуманга боришимиз учун пул керак эди. Шунда биродаримиз «Форд 1950» русмли машинамизни сотиб олишга рози бўлди. Орадан бир ой ўтди ва бир куни жазирама иссиқда уйма-уй хизмат қилиб, Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиб ҳолдан тойган эдик. Уйга қайтганимизда эса, бизни совға кутиб турган экан. Машинамиз уйимизнинг олдида турган эди! Унинг ойнасида эса: «Машинангизни ҳадя сифатида қайтариб беряпман. Биродарингиз»,— деган хат бор эди.

Яна бир яхшилик менга қаттиқ таъсир қилди. 1962 йили мени Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурига Нью-Йоркдаги Саут-Лансингга таклиф қилишган эди. У ерда жамоат оқсоқолларига, туман ва минтақа нозирларига бир ой давомида таълим берилар эди. Мени таклиф қилишганда ишсиз эдим ва пулимиз кам эди. Аммо Пайн-Блаффдаги телефон компанияси ишга қабул қилиш учун мен билан суҳбат ўтказган эди. Агар мени ишга олишганида, бу компанияда ишлаган биринчи қора танли киши бўлар эдим. Ниҳоят, улар мени ишга олишмоқчи эканини айтишди. Нима қилишни билмай қолдим. Нью-Йоркка бориш учун пулим йўқ эди. Мен ишга кириб, таклифни рад этиш борасида жиддий ўйлай бошладим. Байтилга хат ёзмоқчи бўлиб турганимда юз берган бир воқеани ҳеч қачон унутмайман.

Турмуш ўртоғи имондошимиз бўлмаган жамоатимиздаги бир опамиз эрта тонгда эшикни тақиллатди ва қўлимга конвертни тутқазди. Унинг ичи тўла пул эди. Нью-Йоркка бора олишимга етарлича пул бўлиши учун ўша опамиз фарзандлари билан саҳар пахта даласига бориб, бегона ўтларни юлган экан. У: «Мактабга боринг ва иложи борича кўпроқ нарсани ўрганинг. Кейин келиб бизга ўргатинг»,— деди. Сўнг телефон компаниясидан ишни беш ҳафтадан кейин бошласам майлими, деб сўрадим. Улар аниқ қилиб: «Йўқ»,— дейишди. Лекин бу муҳим эмас эди. Мен қарор чиқариб бўлган эдим. Ўша ишга кирмаганимдан жуда хурсандман.

Глория ҳам Пайн-Блаффда ўтказган пайтларимиз билан бўлишмоқчи: «Ҳудудимизни жуда яхши кўрар эдим. 15 тадан 20 тагача Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказардим. Эрталабдан уйма-уй хизмат қилардик, кейин эса, баъзида кечки пайт ўн биргача Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказардик. Хизматимиз қувончга тўла эди. Мен жуда бахтиёр эдим. Шуни айтишим керакки, вазифамизни ўзгартиришни ва туман нозирлик хизматида қатнашишни унча истамаган эдим, лекин Яҳованинг Ўз нияти бўлган экан». Ҳа, У ният қилгандай бўлди.

КЎЧМА НОЗИРЛИК ХИЗМАТИ

Пайн-Блаффда кашшофлик қилаётганимизда махсус кашшоф бўлишга ариза тўлдирдик. Умидимиз катта эди, чунки вилоят нозиримиз Техасдаги жамоатда махсус кашшофлар сифатида ёрдам беришимизни истарди. Бу фикр бизга ёқди. Биз ташкилотдан жавобни узоқ кутдик, аммо почта қутимиз доим бўш бўларди. Ниҳоят, жавоб келди: бизни кўчма нозирлик хизматига тайинлашган экан! Бу 1965 йили январда бўлди. Ҳозир АҚШдаги Филиал қўмитасининг раиси бўлмиш Лион Уивер ҳам ўша вақтда туман нозири этиб тайинланди.

Туман нозири бўлиб хизмат қилишдан хавотирланардим. Вилоят нозири бўлган Жеймс Томпсон бу хизматдаги қобилиятларимни бир йил ёки ундан сал камроқ вақт олдин кузатган эди. У маҳоратли туман нозири бўлиш учун керакли қобилиятларни санаб ўтиб, яхшиланишим керак бўлган соҳаларни меҳр ила тушунтирди. Туман нозирлик хизматининг бошиданоқ унинг маслаҳатлари ўринли эканини тушундим. Мени тайинлашгач, биродар Томпсон биз ҳамкорлик қилган биринчи вилоят нозири бўлди. Бу садоқатли, маънавий биродаримиздан кўп нарсаларни ўргандим.

Садоқатли маънавий биродарларнинг ёрдамини қадрлайман

Ўша пайтлари туман нозирларига унча кўп таълим берилмас эди. Мен бир ҳафта давомида туман нозирининг жамоатга қилган ташрифини кузатдим. Кейин эса у менинг ташрифимни кузатди. У таклифлар ва йўл-йўриқлар берди. Аммо кейин мустақил бўлдик. Ўшанда Глория: «У ҳозир кетиши шартми?» — дегани ёдимда. Вақт ўтиб, мен муҳим бир нарсани тушундим. Агар йўл қўйиб берсангиз, доим сизга ёрдам бера оладиган яхши биродарлар бўлади. Кўчма нозирлик хизматида Жеймс Браун ва Байтилда Фред Раск исмли тажрибали биродарларнинг ёрдамини қадрлайман.

Ўша пайтлари ирқчилик авжига чиққанди. Бир сафар биз ташриф буюрган Теннесси шаҳрида «Ку-клукс-клан» ташкилоти марш ўтказганди. Бир куни хизматдан сўнг овқатланишга кафега кирган эдик. Ҳожатхонага борганимда бадани ирқчилик татуировкалари билан тўлган баджаҳл киши орқамдан келди. Мендан ва ўша кишидан анча гавдалироқ бўлган оқ танли биродаримиз ҳам кирди. «Биродар Хёрд, тинчликми?» — деб сўради у. Кафенинг бошқа ходими ҳатто ҳожатхонадан фойдаланмай чиқиб кетди. Йиллар давомида шуни англадимки, ирқчиликнинг асосий сабаби инсон танасининг ранги эмас, балки гуноҳ, яъни барчамизга Одаматодан ўтган гуноҳдир. Яна шуни тушундимки, танасининг ранги қандай бўлишидан қатъи назар, имондошингиз керак бўлса сиз учун ўлишга ҳам тайёр.

БОЙ ЯКУН

Биз 12 йил туман ва 21 йил вилоят нозирлик хизматида бўлдик. Бу мукофотларга ва далдали воқеаларга бой йиллар эди. Аммо бизни яна бир мукофот кутаётган эди. 1997 йил августда орзуимиз ушалди. Илк бор ариза топширганимиздан қарийб 38 йил ўтиб, бизни АҚШдаги Байтилга таклиф қилишди. Кейинги ойдан Байтил хизматини бошладик. Байтилдаги масъулиятли биродарлар вақтинчалик ёрдам беришимни истайди, деб ўйлагандим. Лекин бундай бўлмади.

Глория унга уйланганимда хазинам эди ва ҳозир ҳам шундай

Бошида Хизмат бўлимига тайинландим. Бу ерда жуда кўп нарсани ўргандим. Биродарлар мамлакат бўйлаб оқсоқоллар кенгаши ва туман нозирларидан келган мураккаб ҳамда нозик саволларни кўриб чиқарди. Улар менга таълим бераётиб, сабрли ва ёрдам беришга тайёр бўлишганидан миннатдорман. Агар мени яна шу вазифага тайинлашганда, ҳалигача улардан кўп нарсани ўрганишим керак деб ўйлайман.

Глория ва мен Байтилни жуда яхши кўрамиз. Биз эрта турардик ва бу одатимиз Байтилда ҳам асқатмоқда. Бир йил ўтар-ўтмас Етакчи кенгашнинг Хизмат қўмитасида ёрдамчи сифатида хизмат қила бошладим. 1999 йили Етакчи кенгаш аъзоси этиб тайинландим. Бу вазифамда кўп нарсани ўргандим. Лекин энг асосийси, жамоатнинг боши қандайдир одам эмас, балки Исо Масиҳ эканини тушундим.

1999 йилдан бери Етакчи кенгашда хизмат қилиш шарафига эгаман

Ҳаётимга назар солиб, баъзида ўзимни Амос пайғамбардай ҳис этаман. Яҳова бечораларнинг овқати ҳисобланган шикамора-анжирларини тилиб юрган оддийгина чўпонга эътибор қаратди. Худо уни пайғамбар сифатида тайинлади ва бу вазифасида унга кўп барака берди. (Амос 7:14, 15, изоҳ) Шунга ўхшаб Яҳова менга — Индиананинг Либерти шаҳридан бўлган камбағал фермернинг ўғлига — мўл-кўл баракалар ёғдирди. Уларнинг ҳатто саноғига ета олмайман. (Ҳик. 10:22) Гарчи ҳаётим моддий тарафдан камбағал бошланган бўлса-да, ҳозир тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ маънан бой бўлдим.