Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Душманингизни биласизми?

Душманингизни биласизми?

Биз унинг [Шайтоннинг] ҳийлаларидан бехабар эмасмиз-ку. 2 КОР. 2:11

ҚЎШИҚЛАР: 49, 27

1. Адан боғида Яҳова душманимиз ҳақида нималарни ошкор этган?

ОДАМАТО илонлар гапира олмаслигини билгани шубҳасиз. У Момоҳаво билан илон орқали бирон руҳий мавжудот гапирган деб тахмин қилган бўлиши мумкин. (Ибт. 3:1–6) Илк жуфтлик бу руҳий шахс ким экани ҳақида деярли ҳеч нарса билмаган. Шундай бўлса-да, Одамато меҳрибон самовий Отасидан онгли равишда юз ўгириб, Унинг иродасига қарши чиқишда ўша нотаниш кимсага қўшилган. (1 Тим. 2:14) Шу заҳотиёқ, Яҳова илк жуфтликни йўлдан оздирган бу душман ҳақида барчасини ошкор эта бошлаган ва кейинчалик у яксон этилишини ваъда қилган. Бироқ Яҳова шунингдек, илон орқали гапирган бу руҳий мавжудот художўй инсонларга муайян вақт ичида қарши чиқиши ҳақида огоҳлантирган. (Ибт. 3:15)

2, 3. Нима учун Масиҳнинг келишидан олдин душманимиз ҳақида кўп нарса аён этилмаган?

2 Яҳова Унга қарши исён кўтарган фариштанинг исмини ҳеч қачон айтмаган *. Илк исён кўтарилгандан тахминан 2 500 йил ўтганига қадар, Аллоҳ бу душманнинг номини ҳатто ошкор этмасликка қарор қилган. (Аюб 1:6) Ибронийча ёзувларнинг фақат учта китобида, яъни 1 Солномалар, Аюб ва Закариё китобида у Шайтон деб қаламга олинган. Унинг маъноси «душман». Нима учун Масиҳнинг келишидан олдин душманимиз ҳақида кўп нарса аён этилмаган?

3 Эҳтимол, Яҳова Шайтон ва унинг ишлари ҳақида Ибронийча ёзувларда жуда кўп нарсалар ёзилиб, унга ортиқча эътибор қаратишни хоҳламаган. Бу ёзувлар баён этилганининг асосий мақсади, одамлар Масиҳ ким эканини англаб, унга эргашишидан иборат эди. (Луқо 24:44; Галат. 3:24) Масиҳ пайдо бўлганда эса, Яҳова у ва шогирдлари орқали Шайтон ҳамда жинлар ҳақида ҳозир биз билган барча нарсани очиб берган *. Бу ўринли эди, чунки Яҳова Исо ва мойланган масиҳийлар орқали Шайтон ва унинг тарафдорларини барбод қилади. (Рим. 16:20; Ваҳ. 17:14; 20:10)

4. Нега Иблис борасида ҳаддан ташқари хавотирланмаслик даркор?

4 Ҳаворий Бутрус Шайтон Иблис ҳақида «шердай бўкириб» юрибди деб айтган, Юҳанно эса уни «илон» ва «аждаҳо» дея атаган. (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 12:9) Аммо Иблис борасида ҳаддан ташқари хавотирланмаслик даркор, чунки унинг кучи чегараланган. (Ёқуб 4:7 ни ўқинг.) Бизни Яҳова, Исо ва садоқатли фаришталар ҳимоя қилишмоқда. Уларнинг кўмаги билан душманимизга қарши тура оламиз. Шундай бўлса ҳам қуйидаги учта муҳим саволга жавоб топишимиз лозим: Шайтоннинг таъсири қанчалик кучли? Қандай қилиб у одамларга таъсир қилишга уриняпти? Унинг кучи нимада чегараланган? Ушбу саволларни муҳокама қилар эканмиз, қандай сабоқ олишимизни ҳам билиб оламиз.

ШАЙТОННИНГ ТАЪСИРИ ҚАНЧАЛИК КУЧЛИ?

5, 6. Нима учун одамларнинг бошқаруви инсоният энг кўп муҳтож бўлган ўзгаришларни қила олмайди?

5 Фаришталарнинг анчагинаси Шайтоннинг исёнига қўшилган. Тўфондан олдин Шайтон уларнинг баъзиларини аёллар билан жинсий муносабат қилишга ундаган. Муқаддас Китобда мажозий маънода ушбу аждаҳо самовий юлдузларнинг учдан бир қисмини сидириб ерга улоқтирилгани таърифланган. (Ибт. 6:1–4; Яҳд. 6; Ваҳ. 12:3, 4) Бу фаришталар Аллоҳнинг оиласини тарк этганда, Шайтон орқали бошқариладиган бўлишди. Лекин улар шунчаки қўзғолончилар тўдаси эмас. Шайтон Худонинг Шоҳлигига тақлид қилган ҳолда қалбаки ҳукумат барпо этиб, уни ўзи бошқаряпти. Ушбу кўзга кўринмас ҳукуматда Шайтон жинларни ташкиллаштириб, уларга бошқариш ҳокимиятини тақсимлаган ва бу дунёда ҳукм суриши учун ҳуқуқ берган. (Эфес. 6:12)

6 Шайтон бу ҳукумат орқали ер юзидаги барча ҳокимиятларни бошқаряпти. У Исога «дунёнинг барча шоҳликларини кўрсатгани» ҳамда унга: «Бу шоҳликларнинг устидан бутун ҳокимиятни ва уларнинг ҳашаматини сенга бераман. Зеро бу ҳокимият менга берилган ва мен уни кимга хоҳласам, шунга бераман»,— деб айтгани учун бунда шубҳамиз йўқ. (Луқо 4:5, 6) Шайтоннинг ёвуз таъсирига қарамай, кўпгина ҳукуматлар ўз фуқароларининг манфаати учун яхшиликлар қилади. Айрим бошқарувчилар одамларга чин дилдан ёрдам беришга интилади. Бироқ ҳеч бир ҳукумат ёки бошқарувчи инсоният энг кўп муҳтож бўлган ўзгаришларни қила олмайди. (Заб. 146:3, 4; Ваҳ. 12:12)

7. Шайтон ҳукумат, сохта дин ва тижоратни қай йўсин қўлламоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

7 Шайтон ва жинлар нафақат ҳукуматлар, балки сохта дин ҳамда тижорат воситасида ҳам «бутун ер юзини йўлдан оздиряпти». (Ваҳ. 12:9) Сохта дин орқали у Яҳова тўғрисида уйдирмалар тарқатяпти. Бунинг устига, Иблис иложи борича кўпроқ инсонлардан Худонинг исмини яширишга интиляпти. (Ерм. 23:26, 27) Оқибатда, Худога топиняпман деб ўйлаётган самимий одамлар алданиб, жинларга сиғинишяпти. (1 Кор. 10:20; 2 Кор. 11:13–15) Шайтон тижоратдан ҳам фойдаланиб, инсонларни йўлдан оздиряпти. Масалан, бу дунёда одатда кўпроқ пул ва мол-мулкка эга бўлиб, чинакам бахтга эришиш мумкин деган фикр сингдирилади. (Ҳик. 18:11) Бу ёлғонга ишонган кишилар ҳаётини Худога эмас, «бойлик» орттиришга сарфлайди. (Мат. 6:24) Уларнинг моддий нарсаларга бўлган севгиси ҳатто Аллоҳга бўлган севгисини бўғиб қўйиши ҳеч гап эмас. (Мат. 13:22; 1 Юҳан. 2:15, 16)

8, 9. a) Одамато, Момоҳаво ва исёнкор фаришталарнинг мисолидан қандай иккита сабоқ оляпмиз? б) Нега Шайтон бу дунёни бошқараётганини билиш биз учун фойдали?

8 Одамато билан Момоҳаво ва исёнкор фаришталарнинг мисолидан камида иккита муҳим сабоқ оляпмиз. Биринчидан, фақат иккита томон бор ва биз биттасини танлашимиз зарур. Биз Яҳовага содиқ бўлиб қолишимиз ёки Шайтоннинг тўдасига қўшилишимиз мумкин. (Мат. 7:13) Иккинчидан, Шайтонга қўшилганлар кўрадиган фойда чекланган. Масалан, Одамато билан Момоҳаво ўзлари учун нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилиш имкониятига эга бўлди. Жинлар ҳам ер юзидаги ҳукуматларни муайян даражада бошқаради. (Ибт. 3:22) Аммо Шайтон таклиф қилиши мумкин бўлган нарсаларнинг фойдали томонларига қараганда, зарари доим кўпроқдир. (Аюб 21:7–17; Галат. 6:7, 8)

9 Нега Шайтон бу дунёни бошқараётганини билиш фойдали? Шу йўсин биз ҳозирги ҳукуматларга нисбатан тўғри нуқтаи назарга эга бўлиб, ваъзгўйлик ишини амалга ошира оламиз. Биламизки, Яҳова ҳукмрон ҳокимиятларни ҳурмат қилишимизни истайди. (1 Бутр. 2:17) Биз Унинг меъёрларига зид бўлмагандагина, ҳокимиятлар чиқарган қонунларга бўйсунишимизни кутади. (Рим. 13:1–4) Лекин биз бирон сиёсий партияни ёки бошқарувчини қўллаб-қувватламай, бетараф қолишимиз кераклигини ҳам биламиз. (Юҳан. 17:15, 16; 18:36) Биз Шайтон Худонинг исми ва обрўйи борасида нималар қилаётганини кўраётганимиз боис, бошқаларга Худо ҳақида ҳақиқатни айтиб бериш истагимиз кучаймоқда. Унинг исми билан аталишдан ва уни айтиб чақиришдан фахрланамиз. Ҳа, пул ва мол-дунёга бўлган севгига қараганда, Аллоҳга бўлган севги анча қадрлироқдир. (Ишаё 43:10; 1 Тим. 6:6–10)

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ШАЙТОН ОДАМЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛИШГА УРИНЯПТИ?

10–12. a) Шайтон фаришталарни йўлдан уриш учун қайси хўракни қўллаган? б) Кўп исёнкор фаришталарнинг ҳаракатидан нимани ўрганяпмиз?

10 Шайтон одамларга таъсир қилиш мақсадида самарали усулларни қўллаяпти. Мисол учун, у хўракдан фойдаланиб уларни қармоққа илинтиради. Қолаверса, уларни бўйсундириш ниятида қўрқитмоқчи бўлади.

11 Шайтон кўпгина фаришталарни хўракка илинтиришда қанчалар муваффақиятли бўлгани борасида мулоҳаза юритиб кўрайлик. Қармоққа илинтиришдан аввал, Шайтон уларни нима васваса қилиши мумкинлиги ҳақида кўп вақт ўйлагандир. Айрим фаришталар хўракка илиниб, аёллар билан жинсий муносабатда бўлишди. Улардан туғилган баҳайбат золим ўғил болалар эса бошқаларга зўравонлик қиларди. (Ибт. 6:1–4) Шайтон итоатсиз фаришталарни ахлоқсизлик қилиш васвасасига туширибгина қолмай, эҳтимол, барча инсонлар устидан бошқариш ҳокимиятига эга бўла олишларини ҳам ваъда қилган. Унинг мақсади ваъда қилинган зурриёт келишига тўсқинлик қилиш бўлгандир. (Ибт. 3:15) Аммо Яҳова бунга йўл қўймади. У Тўфон орқали Шайтон ва исёнкор фаришталарнинг ҳаракатларини пучга чиқарди.

Шайтон ахлоқсизлик, такаббурлик ва сеҳр-жоду орқали бизни қармоққа илинтирмоқчи (12-, 13- хатбошиларига қаранг.)

12 Хўш, бундан нимани ўрганяпмиз? Ахлоқсизлик ёки такаббурлик қармоғига илиниш хавфини сира ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз зарур. Шайтонга қўшилган фаришталарни оладиган бўлсак, улар бундан аввал Худонинг ҳузурида жуда кўп йиллар хизмат қилишган. Ҳа, ҳатто шундай яхши муҳитда ҳам уларнинг кўпи қалбида ёмон истаклар томир отиб, ўсиб чиқишига йўл қўйган. Шу сингари, биз ҳам Худо ташкилотининг ер юзидаги қисмида кўп йиллар хизмат қилаётгандирмиз. Бироқ ҳатто ушбу маънавий пок муҳитда ҳам, нопок истаклар ниш уриб чиқиши мумкин. (1 Кор. 10:12) Қалбимизни доим текшириб туриш, ахлоқсиз фикрлардан қочиш ва мағрурликдан халос бўлиш нақадар муҳим, шундай эмасми?! (Галат. 5:26; Колосаликларга 3:5 ни ўқинг.)

13. Шайтоннинг яна бир унумли хўраги қандай ва биз ундан қай йўсин йироқлаша оламиз?

13 Шайтоннинг яна бир унумли хўраги сеҳр-жоду. Бугунги кунда у нафақат сохта дин, балки ўйин-кулги индустрияси орқали ҳам одамларда жинларга нисбатан қизиқиш уйғотяпти. Масалан, кино, электрон ўйинлар ва ҳордиқ чиқаришнинг бошқа усуллари воситасида сеҳр-жоду қизиқарли қилиб кўрсатилади. Қандай қилиб тузоққа тушишдан эҳтиёт бўлишимиз мумкин? Аллоҳнинг ташкилоти маъқул ва номаъқул кўнгилхушликларнинг рўйхатини тақдим этади деб ўйламаслигимиз керак. Ҳар биримиз Худонинг меъёрларига мувофиқ тарзда ўз виждонимизни тарбиялашимиз лозим. (Иброн. 5:14) Шу билан бирга, ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида: «Севгингиз иккиюзламачиликдан холи бўлсин»,— деб айтган маслаҳатга амал қилсак, доно йўл тутган бўламиз. (Рим. 12:9) Ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Мен танлаган ўйин-кулгилар иккиюзламачи эканимни кўрсатмаяптими? Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ёки мен такрорий ташриф қиладиган киши мен танлаган кўнгилхушликни кўрса, ваъз қилаётганларимни ўзим ҳам амалда қўллаётганимга ишонадими?» Сўзимиз ва ҳаракатларимиз қанчалик кўп уйғун бўлса, Шайтоннинг тузоқларига тушиш хавфи ҳам шунчалик камаяди. (1 Юҳан. 3:18)

Шайтон тақиқлар, тенгдошларнинг босими ва оила аъзоларининг қаршилиги орқали бизни қўрқитмоқчи (14- хатбошига қаранг.)

14. Шайтон бизни қандай қўрқитмоқчи ва биз буни қай йўсин енга оламиз?

14 Шайтон шунингдек, Яҳовага садоқатсиз бўлиб қолишимизни истаб бизни қўрқитмоқчи. Мисол учун, у ҳукуматлардан фойдаланиб ваъзгўйлик ишимизни тақиқлаб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, унинг таъсири остида ҳамкасбларимиз ёки мактабдошларимиз Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрлар бўйича яшаётганимиз учун бизни масхара қилишлари ҳеч гап эмас. (1 Бутр. 4:4) Қолаверса, йиғилишларга бормаслигимиз учун, яхши ниятлар ила йўл тутадиган оила аъзоларимизга ҳам у таъсир ўтказиши мумкин. (Мат. 10:36) Қанақасига буларни енга оламиз? Аввало, бундай тўғридан-тўғри ҳужумлардан ҳайрон бўлмаслигимиз даркор. Негаки Шайтон биз билан жанг қиляпти. (Ваҳ. 2:10; 12:17) Шунингдек, буларнинг ортида муҳим бир масала турганини унутмаслигимиз керак, яъни Шайтон биз Яҳовага фақат осон бўлгандагина хизмат қилишимизни таъкидлаган. Унинг айтишича, қийинчиликларга дуч келсак, Аллоҳдан юз ўгирамиз. (Аюб 1:9–11; 2:4, 5) Дарҳақиқат, Шайтоннинг таъкидлови ёлғон эканини исботлаш учун, Яҳова бизга куч беришини сўрашимиз зарур. Унутмангки, У бизни асло тарк этмайди. (Иброн. 13:5)

ШАЙТОННИНГ КУЧИ НИМАДА ЧЕГАРАЛАНГАН?

15. Шайтон бизни истамаган бирон ишни қилишимизга мажбурлай оладими? Тушунтиринг.

15 Шайтон одамларни ўзлари истамаган бирон ишни қилишга мажбурлай олмайди. (Ёқб. 1:14) Аксарият кишилар Шайтон тарафида эканлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Бироқ ҳақиқатни билгач, ҳар бир инсон кимга хизмат қилишини танлаши керак бўлади. (Ҳавор. 3:17; 17:30) Агар Аллоҳнинг иродасини бажаришни афзал топсак, Шайтон бенуқсонлигимизга ҳеч қандай путур етказа олмайди. (Аюб 2:3; 27:5)

16, 17. a) Шайтон ва жинлар қила олмайдиган яна қандай нарсалар бор? б) Нега овоз чиқариб ибодат қилишдан қўрқмасак бўлади?

16 Шайтон ва жинлар қила олмайдиган яна бошқа нарсалар ҳам бор. Масалан, Муқаддас Китобда улар онгимизу қалбимизда нима борлигини билишга қодир эканлиги ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Фақат Яҳова ҳамда Исо буни қила олади. (1 Шоҳ. 16:7; Марк 2:8) Суҳбатлашсак ёки овоз чиқариб ибодат қилсак-чи? Иблис ёки жинлар буни эшитиб, ундан бизга қарши фойдаланади деб қўрқишимиз керакми? Жавоби аниқ: йўқ. Қизиқ, нега? Биз Яҳованинг хизматида қилаётган яхши ишларимизни Иблис кўриб қолишидан қўрқибгина ўзимизни бундан тиймаймиз-ку. Демак, Иблис бизни эшитиб қолади деб, овоз чиқариб ибодат қилишдан ҳам қўрқмаслигимиз лозим. Муқаддас Китобда ҳам Худонинг кўпгина хизматчилари овоз чиқариб ибодат қилгани ҳақида ёзилган. Аммо улар Иблис ибодатларини эшитиб қолади, деб қўрққанига ҳатто ишора ҳам қилинмаган. (3 Шоҳ. 8:22, 23; Юҳан. 11:41, 42; Ҳавор. 4:23, 24) Агар Худонинг иродасига мувофиқ гапириш ва йўл тутиш учун қўлимиздан келганини қилсак, Иблис бизни абадий ҳаётдан маҳрум қиладиган ишни қилишга мажбурлай олмаслигига ишонсак бўлади. Чунки Яҳова бунга асло йўл қўймайди. (Забур 34:7 ни ўқинг.)

17 Тўғри, душманимизни билишимиз керак, аммо ундан қўрқмаслигимиз лозим. Яҳованинг кўмаги билан ҳатто номукаммал инсонлар ҳам Шайтон устидан ғалаба қозонган. (1 Юҳан. 2:14) Агар унга қарши турсак, у биздан қочади. (Ёқб. 4:7; 1 Бутр. 5:9) Шайтон айниқса ёшларни ўз нишонига олган. Хўш, улар қандай қилиб Иблисга қарши тура олишади? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

^ абз. 2 Муқаддас Китобда айрим фаришталарнинг исми ёзилган. (Ҳак. 13:18; Дон. 8:16; Луқо 1:19; Ваҳ. 12:7) Яҳова ҳар бир юлдузга ном берган экан (Заб. 147:4), барча фаришталарга, жумладан, Шайтон бўлиб қолган шахсга ҳам исм берган деб хулоса қилишимиз мумкин.

^ абз. 3 Ибронийча ёзувларда «Шайтон» сўзи фақат 18, аммо Юнонча ёзувларда 30 мартадан ортиқ учрайди.