Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Саховатли инсонлар бахтлидир

Саховатли инсонлар бахтлидир

Беришнинг бахтиёрлиги. ҲАВОР. 20:35

ҚЎШИҚЛАР: 16, 14

1. Нега Яҳова сахий Худо деб айта оламиз?

ТАНГРИ ЯҲОВА яратишни бошлашдан аввал ёлғиз Ўзи мавжуд бўлса-да, фақат Ўзи ҳақида ўйламаган эди. Аксинча, У барча онгли мавжудотларга, яъни фаришталару одамларга ҳаёт инъомини ато этган. «Бахтиёр Тангри» Яҳовага яхши нарсаларни улашиш ёқади. (1 Тим. 1:11; Ёқб. 1:17) Биз ҳам бахтиёр бўлишимиз учун Худо бизни сахий бўлишга ўргатяпти. (Рим. 1:20)

2, 3. а) Нима учун сахийлик бизни бахтиёр қилади? б) Нимани кўриб чиқамиз?

2 Аллоҳ одамни Ўзига ўхшаш қилиб яратган. (Ибт. 1:27) Бу дегани, биз Ундаги фазилатларни акс эттира оламиз. Шунинг учун, бахтли бўлишни истасак, Яҳованинг ўрнагига эргашиб, ўзгаларга қизиқиш кўрсатишимиз ва саховат билан беришимиз лозим. (Филип. 2:3, 4; Ёқб. 1:5) Қизиқ, нега? Жавоби оддий, Яҳова меҳр ила бизни шу тарзда яратган. Номукаммал бўлишимизга қарамай, Яҳовага сахийликда тақлид қила оламиз.

3 Муқаддас Китобдан қандай қилиб саховатли бўла олишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Келинг, бу борада у ерда нима дейилганини яна бир бор ёдга олайлик. Сахийликни намоён этган ҳолда Худонинг марҳаматига сазовор бўлишимизга ва бу фазилатни ривожлантириш, У бизга топширган вазифани бажаришимизга қандай қўл келиши ҳақида сўз юритамиз. Сахийлик бахтиёрлигимиз билан қандай боғлиқ эканини ва нега уни ривожлантиришда тўхтамаслигимиз кераклигини кўриб чиқамиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ХУДОНИНГ МАРҲАМАТИГА САЗОВОР БЎЛИШ МУМКИН?

4, 5. Яҳова ҳамда Исо сахийлик борасида қандай ўрнак кўрсатишган?

4 Яҳова биз Унга тақлид қилишимизни хоҳлайди. Сахий эканимизни кўриб, У бахтиёр бўлади. (Эфес. 5:1) Тангри биз ҳам бахтли бўлишимизни исташи шубҳасиз! Чунки У бизни ажойиб тарзда яратган, ерни гўзал қилиб барпо этган ва унда бор нарса бизга завқ келтиради. (Заб. 104:24; 139:13–16) Шундай экан, бошқаларни бахтли қилишга ҳаракат қилганимизда, Худога шараф келтирамиз.

5 Қолаверса, сахийлик борасида мукаммал ўрнак кўрсатган Исога тақлид қиламиз. Унинг ўзи шундай деган: «Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». (Мат. 20:28) Ҳаворий Павлус ҳам масиҳийларни қуйидагича ундаган: «Исо Масиҳ каби фикр юритинглар. [...] У ўзини барча нарсадан маҳрум этиб, қул қиёфасига кирди». (Филип. 2:5, 7) Ҳар биримиз ўзимиздан: «Қандай қилиб Исонинг ибратига янада яхшироқ тақлид қила оламан?» — деб сўраб кўрсак оқилона бўларди. (1 Бутрус 2:21 ни ўқинг.)

6. Исо самариялик киши ҳақидаги мисол орқали бизни нимага ўргатмоқчи эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Яҳова биз Унинг ва Исонинг мукаммал ўрнагига тақлид қилсак қувонади. Бунинг учун бошқаларнинг фаровонлигини ўйлаб, уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш йўлларини изласак бўлади. Дарҳақиқат, Исо самариялик киши ҳақидаги мисолни айтиб бериб, издошлари ҳатто келиб чиқиши турлича бўлган одамларга ҳам ёрдам беришлари кераклигини аниқ кўрсатган. (Луқо 10:29–37 ни ўқинг.) Эсингиздами, Исо бу мисолни нима учун айтиб берган? Чунки яҳудий бўлган бир киши ундан: «Менинг яқиним ким?» — дея сўраган эди. Исонинг жавобига кўра, агар биз Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишни истасак, самариялик киши каби сахийлик кўрсатишимиз зарур.

7. Қандай қилиб Тангри барча нарсани аъло тарзда бажараётганига амин эканимизни кўрсата оламиз? Тушунтиринг.

7 Масиҳийлар сахий бўлишига кўпгина сабаблар бор. Мисол учун, бу фазилат Шайтон Адан боғида кўтарган мунозарали масала билан боғлиқ. Қандай қилиб дейсизми? Шайтон Одамато билан Момоҳаво ва умуман олганда бутун инсоният фақат ўзларини ўйлаб, ўз манфаатларини Худога бўйсунишдан кўра устун қўйишса бахтлироқ бўлишади деб таъкидлаган. Момоҳаво Худо каби бўлиш илинжида худбинларча йўл тутган. Одамато эса Момоҳавонинг кўнглини топаман деб худбинлик қилган. (Ибт. 3:4–6) Улар қилган ишининг натижаси ҳеч кимга сир эмас. Ҳа, худбинлик бахт кушандаси бўлиб, унга умуман қарама-қаршидир. Сахий бўлсак, Тангри барча нарсани аъло тарзда бажараётганига амин эканимизни кўрсатамиз.

ХУДО ХАЛҚИГА ТОПШИРГАН ИШНИ БАЖАРИШ

8. Нега илк жуфтлик бошқалар ҳақида ўйлаши керак эди?

8 Гап шундаки, илк жуфтлик Адан боғида бўлганидаёқ Аллоҳ уларга бошқаларнинг манфаатини кўзлаш борасида йўл-йўриқлар берган. Яҳова Одамато билан Момоҳавони қутлаб, уларга серфарзанд бўлишни ва ер юзини тўлдириб, тобе қилишни буюрган (Ибт. 1:28) Парвардигори Олам Ўз ижодларининг фаровонлиги ҳақида шу қадар қайғурган бўлса, унда илк жуфтлик бўлажак фарзандларининг бахтиёрлиги ҳақида қанчалар қайғуриши керак эди-а?! Худо Одаматонинг авлоди ер юзини жаннатга айлантиришини хоҳлаган. Бу улкан лойиҳа амалга ошиши учун ўсиб бораётган оиланинг ҳамкорлик қилиши кутиларди.

9. Нима учун ер юзини жаннатга айлантириш хурсандчилик бахш этган бўларди?

9 Мукаммал инсонлар ер юзини жаннатга айлантириб, Яҳованинг иродасини амалга ошириш учун У билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари керак эди. Шу йўсин, улар Унинг фароғатига кира олишарди. (Иброн. 4:11) Бу лойиҳа қанчалик завқ бахш этиши мумкинлигини бир тасаввур қилинг! Улар фидойи бўлиб, бошқаларга ғамхўрлик қилганда, Яҳова уларга қут-баракалар ёғдириши мумкин эди.

10, 11. Қай йўсин ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш топшириғини бажара оламиз?

10 Бугунги кунда Яҳова Ўз халқига ваъзгўйлик ишини ва шогирд тайёрлашни топширган. Ушбу вазифани бажариш учун бошқаларнинг фаровонлиги борасида чин дилдан қайғуришимиз даркор. Бу ишни фақат тўғри ният ила, яъни Аллоҳга ва яқинимизга бўлган севги туфайли амалга ошира оламиз.

11 Милодий биринчи асрда Павлус ўзини ва айрим яқин ҳамкорларини «Тангрининг хизматдошларимиз» деб атаган. Боиси, улар Шоҳлик ҳақидаги ҳақиқат уруғини экиб, суғоришган эди. (1 Кор. 3:6, 9) Бугун ҳам биз вақтимиз, маблағимиз ва кучимизни воизлик ишига сахийлик ила сарфлаб «Тангрининг хизматдошлари» бўла оламиз. Нақадар улкан шараф!

Бошқаларга ҳақиқатни билишга кўмаклашиб қувончга тўласиз (12- хатбошига қаранг.)

12, 13. Шогирд тайёрлаш иши келтирадиган баракалар ҳақида нима дея оласиз?

12 Ваъзгўйликда ҳамда шогирд тайёрлаш ишида саховат ила вақтимизу кучимизни сарфлаб улкан қувонч топамиз. Бошқалар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш шарафига эга бўлганлар, бу жуда кўп барака келтираётгани ҳақида сизга айтиб бера олади. Муқаддас Китобни ўрганаётган киши маънан улғайиб, имони мустаҳкамланганда, ҳаётини ўзгартирганда ва хушхабарни баҳам кўришни бошлаганда ҳис этган хурсандчилигини кўриб, биз ҳам роса бахтиёр бўламиз. 70 та шогирди хизматда ажойиб воқеаларга дуч келгани учун «хурсанд бўлиб қайтишганда» Исо ҳам суюнган эди. (Луқо 10:17–21)

13 Бугунги кунда бутун дунёдаги ваъзгўйлар хушхабар одамларнинг ҳаётига ижобий таъсир қилаётганини кўриб қувонишади. Масалан, Анна исмли турмуш қурмаган ёш синглимиз хизматини кенгайтириш мақсадида Шарқий Европанинг ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудига кўчиб ўтди *. У шундай деб ёзди: «Бу ерда Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш имкониятлари жуда кўп, бу менга роса ёқяпти. Хизмат менга қувонч келтиряпти. Уйга қайтганимда ўзимга ҳаддан ортиқ диққат қаратишга вақт қолмайди. Мен тадқиқ ўтказаётган кишилар, уларнинг муаммолари ва ташвишлари ҳақида ўйлайман. Уларга далда ва ёрдам бериш йўлларини излайман. Чиндан ҳам: “Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта”». (Ҳавор. 20:35)

Хонадонларга ташриф буюриб, одамлар Шоҳлик хабарини эшитиши учун имкон берамиз (14- хатбошига қаранг.)

14. Агар унчалик самарали бўлмаган ҳудудда ваъз қилаётган бўлсак, қандай қилиб хизматдан қувонч топишимиз мумкин?

14 Ҳатто одам бизни тинглашни хоҳламаган тақдирда ҳам, унда хушхабарни эшитиш имкони бўлганидан хурсанд бўлишимиз мумкин. Топшириғимиз Ҳизқиё пайғамбарникига ўхшайди. Яҳова унга: «Сени тинглашадими ёки йўқми, Менинг сўзларимни уларга айт»,— деган. (Ҳиз. 2:7; Ишаё 43:10) Баъзилар биз ваъз қилаётган хабарни қадрламаса ҳам, Яҳова ҳаракатларимизни жуда қадрлайди. (Ибронийларга 6:10 ни ўқинг.) Бир ваъзгўй бу борада ажойиб нуқтаи назарга эга эканини намоён этди. Хизмати ҳақида у қуйидагиларни ёзди: «Биз хушхабар уруғини экиб, суғорамиз ва уни ўстирсин дея Яҳовага ибодат қиламиз». (1 Кор. 3:6)

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ БАХТГА ЭРИШАМИЗ?

15. Одамлар миннатдор бўлсагина сахий бўлишимиз керакми? Тушунтиринг.

15 Исо биз сахий бўлиб бахтга эришишимизни хоҳлаган. Кўп одамлар сахий кишиларга яхши муносабат кўрсатади. У шундай деб ундаган: «Бошқаларга бериб туринглар, шунда улар ҳам сизларга беришади: яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйнингизга солиб қўйишади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, улар ҳам сизларга шундай ўлчов билан ўлчаб беришади». (Луқо 6:38) Албатта, ҳамма ҳам биз кўрсатган сахийлик учун миннатдорчилик билдирмас, аммо бу, айримларини сахий бўлишга чорлаши мумкин. Шундай экан, одамлар миннатдор бўладими ёки йўқми, беришда давом этинг. Зеро, саховат ила қилган биргина ишингиз қанчалик кўп яхши натижа келтиришини билмайсиз-ку!

16. Сахий бўлишга бизни нима ундаши керак?

16 Чинакам сахий бўлган киши бирон нима олиш эвазига яхшилик қилмайди. Исо бу борада қуйидагича деган: «Зиёфат қилганингизда, камбағал, майиб, чўлоқ ва кўрларни чақиринг. Шунда бахтиёр бўласиз. Боиси, улар сизни меҳмон қила олишмайди». (Луқо 14:13, 14) Шунингдек, Муқаддас Китобда: «Сахий инсон барака топади»,— деб ёзилган. Бундан ташқари: «Бечорага ёрдам қўлини чўзган инсон бахтлидир»,— деб айтилган оят ҳам бор. (Ҳик. 22:9; Заб. 41:1) Ҳа, бошқаларга беришимиз керак, зеро одамларга ёрдамлашиб бахтиёрликни ҳис этамиз.

17. Сахийлик ила беришнинг қайси турлари сизни бахтиёр қилади?

17 Павлус Исонинг: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деган сўзларини келтирганда, нафақат моддий нарсаларни баҳам кўришни, балки далда бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва муҳтожларга кўмаклашиш кераклигини ҳам назарда тутган. (Ҳавор. 20:31–35) Ҳам сўзи, ҳам ўрнаги билан бу ҳаворий вақт, куч, эътибор ва севгимизни сахийлик ила улашиш муҳимлигига ўргатган.

18. Тадқиқотчилар сахийлик масаласида қандай фикр билдиришмоқда?

18 Одамларнинг юриш-туриши борасида изланиш олиб борадиган тадқиқотчилар ҳам, бериш кишини бахтиёр қилишини тасдиқлашди. Бир мақолада шундай маълумот ёзилган: «Инсонлар савоб иш қилгач, кўпроқ бахт ҳис қилишганини айтишди». Тадқиқотчиларнинг фикрича, инсон яхшилик қилиб «одамларнинг асосий эҳтиёжларини қондиргани туфайли» ҳаётида «маъно ва мақсад борлигини ҳис этади». Шу боис, улар одатда одамлар эсон-омон бўлиб, бахт ҳис этишлари учун ўзгаларга ихтиёрий равишда ёрдам кўрсатишни тавсия қилишади. Бу натижалардан ҳайрон эмасмиз, чунки меҳрибон Парвардигоримиз Яҳова киши бошқаларга бериб турса бахтли бўлади деб айтган. (2 Тим. 3:16, 17)

САХИЙ БЎЛИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

19, 20. Нима сабабли сахий бўлишни истайсиз?

19 Атрофимизни нуқул ўзини ўйлайдиган инсонлар қамраб турса, сахий бўлиш қийин кечиши мумкин. Бироқ Исо иккита муҳим амр берган, яъни Яҳовани бутун қалб, жон, онг ва қувватимиз билан ҳамда яқинимизни ўзимизни севгандай севишимиз даркор. (Марк 12:28–31) Мазкур мақоладан билиб олганимиздай, ким Яҳовани севса, Унга тақлид қилади. Яҳова бошқаларга беряпти ва Исо ҳам худди шундай қиляпти. Уларнинг ундовига кўра биз ҳам шу тарзда йўл тутсак, чинакам бахтга эриша оламиз. Аллоҳимиз ва бошқа одамлар учун саховат ила қилишга интилаётган ишларимиз Унга шараф келтириб, ҳам ўзимиз, ҳам ўзгалар учун фойдали бўлади.

20 Шубҳасизки, сиз ҳозир ҳам бошқаларга ва айниқса, имондошларингизга ёрдам беришга ҳаракат қиляпсиз. (Галат. 6:10) Шундай йўл тутишда давом этсангиз, одамлар сизни қадрлаб, яхши кўради, натижада эса бахтли бўласиз! Ҳикматлар 11:25 да: «Сахий инсон равнақ топади, сув берганга сув берилади»,— деб ёзилган. Албаттаки, ҳаётимизу хизматимизнинг анчагина соҳасида турли йўллар билан чин дилдан бериб, меҳрибонлик ва сахийликни намоён этишимиз мумкин. Бунинг мукофоти буюк! Келаси мақолада бунинг бир нечта йўлини кўриб чиқамиз.

^ абз. 13 Исм ўзгартирилган.