Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ҳақиқат йўлингдан юрайин»

«Ҳақиқат йўлингдан юрайин»

Эй Яҳова, Ўз йўлинг ҳақида менга таълим бер, токи ҳақиқат йўлингдан юрайин. ЗАБ. 86:11

ҚЎШИҚЛАР: 26, 10

1–3. а) Муқаддас Китобдаги ҳақиқат борасида нималарни ҳис этишимиз лозим? Мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.) б) Ушбу мақолада қайси саволларга назар соламиз?

БУГУНГИ кунда харид қилинган буюмларни қайтариб бериш оддий ҳол бўлиб қолди. Тахминларга кўра, баъзи мамлакатларда харид қилинган буюмларнинг деярли 9 фоизи дўконга қайтарилади. Интернет орқали сотиб олинган буюмларнинг 30 фоиздан ошиқроғи қайтариб берилади. Эҳтимол, буюмлар эгалари кутгандай бўлмаслиги, камчилиги бор ёки шунчаки ёқмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун, уларни ё алмаштиришади ё қайтариб беришади.

2 Гарчи харид қилинган буюмларни қайтариш мумкин бўлса-да, Муқаддас Китобдаги «аниқ билим» бўлмиш ҳақиқатни «сотиб юборишни» ёки қайтаришни сира ҳам хоҳламаймиз. (Ҳикматлар 23:23 ни ўқинг; 1 Тим. 2:4) Ўтган мақолада билиб олганимиздай, ҳақиқатга эга бўлиш учун анча вақт сарфлаганмиз. Қолаверса, ҳақиқатни харид қилиш мақсадида эҳтимол, даромадли ишдан воз кечгандирмиз, ўзгалар билан муносабатларимизни ўзгартиргандирмиз, нуқтаи назаримизу хулқимизни янгилагандирмиз ёки Муқаддас Китобга зид бўлган урф-одатлардан бош тортгандирмиз. Бироқ эга бўлган баракаларимиз биз тўлаган баҳога қараганда анча афзалроқдир.

3 Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни оладиган бўлсак, ҳис-туйғуларимиз Исонинг масалидаги саёҳатчи савдогарникига ўхшайди. Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги ҳақиқат уни топган киши учун қанчалар қимматли эканини кўрсатиш мақсадида, Исо ўша савдогар қимматбаҳо марваридни қидиргани ва ниҳоят уни топгани ҳақида гапириб беради. Ўша марварид жуда қимматбаҳо бўлгани учун, савдогар «дарҳол бор-будини сотиб», уни харид қилади. (Мат. 13:45, 46) Шу сингари, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги ҳақиқатни ва Унинг Каломидаги бошқа барча бебаҳо ҳақиқатларни топганимизда, уларни ўта қадрлаб, эга бўлиш учун дарҳол қурбонликларга боришга тайёр бўламиз. Ҳақиқатни қадрлар эканмиз, уни ҳеч қачон «сотиб юбормаймиз». Минг афсуски, Худонинг айрим хизматчилари эга бўлган ҳақиқатни қадрламай, уни ҳатто сотиб юборишди. Илойим, биз ҳеч қачон бундай қилмайлик! Ҳақиқатни жуда ҳам қадрлаётганимизни кўрсатишни хоҳласак, уни ҳеч қачон сотиб юбормаслигимиз ва Муқаддас Китобдаги «ҳақиқат йўлида юринг» деган чорловга амал қилишимиз керак. (3 Юҳанно 2–4 ни ўқинг.) Ҳақиқат йўлида юриш, уни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишни ва унга мувофиқ яшашни ўз ичига олади. Келинг, қуйидаги саволларга назар солайлик: «Нега ва қай йўсин баъзилар ҳақиқатни “сотиб юбориши” мумкин? Бундай жиддий хатога қўл уришдан ўзимизни қай йўсин асрасак бўлади? Қандай қилиб “ҳақиқат йўлида юриш” қароримизда қатъий тура оламиз?»

НЕГА ВА ҚАЙ ЙЎСИН БАЪЗИЛАР ҲАҚИҚАТНИ «СОТИБ ЮБОРДИ»?

4. Нима учун биринчи асрда баъзилар ҳақиқатни «сотиб юборди»?

4 Биринчи асрда, Исонинг таълимотларини аввалига жон деб қабул қилган баъзилар кейинчалик ҳақиқат йўлини тарк этди. Масалан, Исо мўъжизавий тарзда катта оломонни тўйдиргандан кейин, улар унинг ортидан Жалила денгизининг нариги томонигача боради. У ерда Исо уларни ўйга солиб қўйган қуйидаги сўзларни айтади: «Инсон Ўғлининг танасини емасангиз ва қонини ичмасангиз, ҳаётга эга бўлмайсиз». Бу нимани англатишини сўрашнинг ўрнига, улар: «Қандай бўлмағур гаплар! Уларни ким ҳам тинглай олади?» — деди. Охир-оқибат, «шогирдларидан кўпчилиги аввалги ишига қайтиб, унинг орқасидан бошқа юрмай қўйди». (Юҳан. 6:53–66)

5, 6. а) Нега бугунги кунда баъзилар ҳақиқатдан узоқлашган? б) Қандай қилиб инсон ҳақиқатдан аста-секин йироқлашиши мумкин?

5 Қайғулиси шундаки, бугун ҳам айримлар ҳақиқатни тарк этяпти. Эҳтимол, улар Муқаддас Китобдаги оятнинг тушунтирилиши ўзгаргани ёки таниқли биродаримизнинг иши ё сўзи туфайли қоқиниб қолган. Балки улар Муқаддас Китоб асосида олган маслаҳат ёхуд имондоши билан жиддий келишмовчилик туфайли ранжиган. Яна бошқалар эса муртадларга ёки таълимотларимизни нотўғри талқин қилаётган кишиларга қўшилган. Натижада айримлар Яҳова ҳамда жамоатдан аста-секин «узоқлашиб» кетган. (Иброн. 3:12–14) Бунинг ўрнига, улар имонини мустаҳкамлаб, ҳаворий Бутрус каби Исога ишонишда давом этишса яхши бўларди! Исо ҳаворийлардан: «Сизлар ҳам кетмоқчидирсиз?» — деб сўраганда, Бутрус шу заҳотиёқ шундай жавоб берган: «Ҳазрат, биз кимга ҳам борайлик? Ахир сизда абадий ҳаётнинг сўзлари бор-ку». (Юҳан. 6:67–69)

6 Баъзилар эса ҳатто ўзлари билмаган ҳолда ҳақиқатдан бора-бора йироқлашмоқда. Бундай кишиларни соҳилдан аста-секин йироқлашаётган қайиққа ўхшатиш мумкин. Муқаддас Китобда айтилишича, «узоқлашиб кетмаслик учун» эҳтиёт бўлишимиз даркор. (Иброн. 2:1) Одатда ҳақиқатдан узоқлашиб кетаётган киши бу жараённи сезмаслиги ҳам мумкин. Шу йўсин унинг Яҳова билан бўлган муносабатлари заифлашиб, хавф остида бўлиши ҳеч гап эмас. Хўш, қандай қилиб бунинг олдини олсак бўлади?

ҲАҚИҚАТНИ СОТИБ ЮБОРМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

7. Ҳақиқатни сотиб юбормаслик учун нима қилишимиз керак?

7 Ҳақиқат йўлидан оғмаслик учун, Яҳованинг барча сўзларини қабул қилиб, бўйсунишимиз лозим. Ҳақиқат ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиб, Муқаддас Китобдаги принциплар бўйича яшашимиз керак. Шоҳ Довуд Яҳовага ибодат қилиб: «Ҳақиқат йўлингдан юрайин»,— деган. (Заб. 86:11) Довуднинг қарори қатъий бўлган. Бизнинг ҳам Аллоҳнинг ҳақиқат йўлидан юриш қароримиз қатъий бўлиши даркор. Агар бундай қилмасак, ҳақиқат учун тўлаган нарсаларимиз ҳақида ўйлаб, ҳатто уларнинг баъзиларини яна қайтармоқчи бўлармиз. Бунинг ўрнига, ҳақиқатни қўлдан бой бериб қўймаслик учун жон куйдирамиз. Муқаддас Китобдаги қайси ҳақиқатларни қабул қилиш-қилмасликни танлай олмаслигимизни тушунамиз. Ҳа, «ҳақиқатни тўлиқ» қабул қилиб, унга риоя этамиз. (Юҳан. 16:13) Келинг, ҳақиқат учун тўлашимиз мумкин бўлган бешта нарсага диққат қаратайлик. Шундай қилиб, ортда қолиб кетган нарсалар бизни ўзига жалб қилишидан эҳтиёт бўла оламиз. (Мат. 6:19)

8. Қандай қилиб масиҳий вақтдан донолик ила фойдаланмаслиги туфайли ҳақиқатдан узоқлашиб кетиши мумкин? Мисол келтиринг.

8 Вақт. Ҳақиқатдан узоқлашиб кетишни истамасак, вақтимиздан донолик ила фойдаланишимиз керак. Агар эҳтиёт бўлмасак, ҳаддан зиёд вақтимизни дам олиш, ёқтирадиган машғулотлар, Интернетга ёки телевизор томоша қилишга кетказишимиз мумкин. Гарчи бу нарсалар ўз-ўзидан нотўғри бўлмаса-да, илгари шахсий тадқиқ ва бошқа маънавий ишларга сарфлаган вақтимизни уларга кўпроқ ажратадиган бўлиб қоламиз. Келинг, Омина * исмли имондошимиз билан нима юз берганига эътибор қаратайлик. Омина кичиклигидан отларни яхши кўрарди. Имкон туғилганидаёқ бориб от минарди. Кейинчалик, бутун вақти мана шу машғулотига кетаётгани учун у ўзини айбдор ҳис эта бошлади. Омина ўзгаришлар қилиб, бу машғулотига камроқ вақт ажратадиган бўлди. Қолаверса, у ўтмишда родео (спорт тури) ўйинларида қатнашган Кори Уэллс исмли имондошимизнинг мисолидан сабоқ олди *. Ҳозир Омина кўпроқ вақтини имондошларию дўстлари билан маънавий ишларга сарфлаб бахтиёрликни ҳис этмоқда. У Яҳовага янада яқинлашди ҳамда вақтидан донолик ила фойдаланаётганидан жуда хурсанд.

9. Қанақасига маънавий нарсаларга қараганда, моддий нарсалар муҳимроқ бўлиб қолиши мумкин?

9 Моддий нарсалар. Агар ҳақиқат йўлидан оғмасликни истасак, моддий нарсаларга нисбатан тўғри муносабатда бўлишимиз керак. Ҳақиқатни билиб олганимизда, Яҳовага хизмат қилиш моддий нарсаларга қараганда анча муҳимроқ эканини тушундик. Ҳақиқат учун улардан воз кечишга тайёр эдик. Вақт ўтгач эса, ўзгалар замонавий электрон мосламалару бошқа нарсаларни сотиб олишаётганини кўраётгандирмиз. Шунда ўзимизни ниманидир йўқотаётгандек ҳис эта бошлашимиз ҳеч гап эмас. Ўзимизда бор бўлган нарсадан қониқмаслигимиз ва кўпроқ диққатни Яҳовага хизмат қилишга эмас, моддий нарсаларга қаратадиган бўлиб қолишимиз мумкин. Қадимда Димас билан ҳам шундай воқеа юз берган. У «дунёнинг ишларига меҳр қўйиб», ҳаворий Павлус билан бирга ҳамкорлик қилишдан бош тортган. (2 Тим. 4:10) Қизиқ, нега Димас Павлусни ташлаб кетган? Эҳтимол, у Худога хизмат қилишга эмас, моддий нарсаларга меҳр қўйгандир ёки Павлус билан ҳамкорлик қилиш учун фидойилик ила йўл тутишни хоҳламагандир. Муқаддас Китобда бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган. Шунда аминмизки, моддий нарсаларга яна меҳримиз ошиб, ҳақиқатга бўлган севгимизни бўғиб қўйишини истамаймиз.

10. Ҳақиқат йўлида юришда давом этишимиз учун қандай босимга қарши туришимиз керак?

10 Муносабатлар. Ҳақиқат йўлида юришда давом этишимиз учун, бошқаларнинг босими бизга таъсир қилмаслиги даркор. Ҳақиқатни билиб олганимизда, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган дўстларимизу қариндошларимиз билан бўлган муносабатларимиз ўзгарди. Баъзилари эътиқодимиз туфайли бизга қарши чиқади, айримлари эса аксинча. (1 Бутр. 4:4) Шубҳасизки, оила аъзоларимиз билан иложи борича яхши муносабатларни сақлаб, уларга меҳр ила муносабат қиламиз. Лекин уларнинг кўнглини оламан деб, Яҳованинг меъёрларига кўз юммаймиз. Уларга нисбатан меҳрибон бўлишда давом этамиз. Агар 1 Коринфликларга 15:33 даги огоҳлантириш сўзларини ёдимизда сақласак, Яҳовани яхши кўрадиган кишилар билангина дўст тутинамиз.

11. Қандай қилиб номуносиб фикрлаш тарзи ва хулқдан қочишимиз мумкин?

11 Номуносиб фикрлаш тарзи ва хулқ. Ҳақиқат йўлида юрадиганларнинг бари муқаддас бўлиши даркор. (Ишаё 35:8; 1 Бутрус 1:14–16 ни ўқинг.) Ҳақиқатни билиб олганимизда, барчамиз Муқаддас Китобдаги адолатли меъёрлар бўйича яшаш учун ҳаётимизга ўзгаришлар киритганмиз. Айримлар жиддий ўзгаришлар қилган. Қандай бўлмасин, тоза, муқаддас хулқимизни бу дунёдаги ахлоқсиз ишларга ҳеч қачон алишмаймиз. Ахлоқсиз бирор ишга қўл уриш васвасасига берилмасликка нима ёрдам бериши мумкин? Аввало, Яҳова биз муқаддас бўлишимиз учун қанчалик қимматбаҳо тўлов, яъни Ўғлининг ҳаётини бергани тўғрисида фикр юритиш лозим. (1 Бутр. 1:18, 19) Ҳа, Яҳованинг назарида пок бўлиб қолиш учун, Исонинг тўлов қурбонлиги қимматбаҳо эканини ёдда сақлашимиз керак.

12, 13. а) Нима учун байрамларга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарини унутмаслигимиз муҳим? б) Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?

12 Муқаддас Китобга зид урф-одатлар. Оила аъзоларимиз, ҳамкасбларимизу синфдошларимиз бирга байрам нишонлаш учун бизни таклиф қилиши мумкин. Хўш, Яҳова хуш кўрмайдиган урф-одат ва байрамларда қатнашиш босимига қай йўсин қарши тура оламиз? Бунинг учун Яҳова буларга нисбатан қандай нуқтаи назарда эканини ёдимизда сақлаш қўл келади. Адабиётларимизда муайян байрамларнинг келиб чиқиши ҳақида ёзилганларни такрорлаб туриш асқатади. Ушбу байрамларда нима учун иштирок этмаётганимизнинг Муқаддас Китобга асосланган сабабларини эслаб турсак, Раббимизга маъқул йўлдан юришда давом этаётганимизда амин бўламиз. (Эфес. 5:10) Яҳовага ҳамда Унинг ҳақиқат Каломига таяниш бизни «одамлардан қўрқишдан» асрайди. (Ҳик. 29:25)

13 Ҳақиқат йўлида юриш доимий жараён экан, абадулабад ундан оғмасликка умид қиламиз. Бу қарорда янада қатъий туришимизга нима ёрдам беради? Келинг, учта нарсага эътибор қаратайлик.

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ЮРИШ ҚАРОРИДА ЯНАДА ҚАТЪИЙ ТУРИНГ

14. а) Қандай қилиб ҳақиқатни сотиб юбормаслик қарорида янада қатъий бўла оламиз? б) Нима сабабли донолик, таълим-тарбия ва заковатга эга бўлиш муҳим?

14 Биринчидан, Худонинг Каломидаги қимматбаҳо ҳақиқатларни тадқиқ қилиб, улар устида мулоҳаза юритишда давом этинг. Улар билан озиқланишга доим вақт ажратиб ҳақиқатни сотиб олинг. Шунда ҳақиқат учун миннатдорлигингизни ошириб, уни сотиб юбормаслик қарорингизни кучайтирасиз. Ҳақиқатни харид қилишдан ташқари, Ҳикматлар 23:23 га кўра «донолик, таълим-тарбия ва заковатни ҳам сотиб олишимиз» керак. Билимнинг ўзи етарли эмас. Ҳақиқат бўйича яшашимиз муҳим. Заковатли бўлсак, Яҳованинг барча сўзларига мувофиқ йўл тута оламиз. Донолик бизни эга бўлган билимга муносиб равишда ҳаракат қилишга ундайди. Вақти-вақти билан ҳақиқат туфайли таълим-тарбияга эга бўлиб, қандай ўзгаришлар қилишимиз кераклигини кўрамиз. Бундай йўл-йўриқни қабул қилишга доим тайёр бўлайлик. Зеро у кумушдан ҳам анча афзалроқдир. (Ҳик. 8:10)

15. Ҳақиқат камари бизни қандай ҳимоя қилади?

15 Иккинчидан, ҳар куни ҳақиқат бўйича яшаш қарорида қатъий бўлинг. «Белингизга ҳақиқат камарини боғланг». (Эфес. 6:14) Қадимда, аскар камар ёрдамида жанг давомида бели ва ички аъзоларини ҳимоя қила оларди. Бунинг учун у камарни белига маҳкам боғлаб олиши керак эди. Бўшроқ боғласа, у ёрдам бера олмас эди. Хўш, ҳақиқат камари бизни қандай ҳимоя қила олади? Агар ушбу камар белимизга доим маҳкам боғланган бўлса, у бизни ёмон йўлдан юришдан асраб, тўғри қарорлар чиқаришга кўмаклашади. Жиддий муаммога ёки нотўғри ишга қўл уриш васвасасига дуч келсак, Муқаддас Китобдаги ҳақиқат туфайли тўғри йўл тутиш қароримиз янада мустаҳкам бўлади. Аскар жангга камар боғламай боришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди, биз ҳам ҳақиқат камаримиз бўшаб қолишини ёки уни ечиб ташлашни истамаймиз. Аксинча, ҳақиқат бўйича яшаш учун бу камарни маҳкам боғлаб, қўлимиздан келганини қиламиз. Шунингдек, аскар камари ёрдамида қилични ҳам кўтариб юради. Келинг, бу, ҳақиқат йўлида юриш қароримиз билан қандай боғлиқ эканига назар солайлик.

16. Бошқаларга ҳақиқатни ўргатиш бу йўлдан оғмаслигимизга қандай ёрдам беради?

16 Учинчидан, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бошқаларга ўргатиш учун имкон борича кўпроқ ҳаракат қилинг. Шу йўсин, «Худонинг каломи» бўлмиш рамзий қилични маҳкам ушлаб оласиз. (Эфес. 6:17) Ҳар биримиз «ҳақиқат каломини тўғри етказиш» маҳоратимизни яхшилаш учун интилишимиз муҳим. (2 Тим. 2:15) Бошқаларга ҳақиқатни харид қилишга ва сохта таълимотларни рад этишга кўмаклашишда Муқаддас Китобдан фойдаланганимизда, Аллоҳнинг сўзлари онгимизу қалбимизга муҳрланиб қолади. Шундай қилиб, ҳақиқат йўлида юриш қароримизда янада мустаҳкам бўла оламиз.

17. Нима учун ҳақиқатни қадрлайсиз?

17 Ҳақиқат Яҳованинг қимматбаҳо ҳадясидир. Унинг ёрдамида самовий Отамиз билан янада яқин муносабатларга эга бўла оламиз. Бу эга бўлишимиз мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан аълороқдир. Аллоҳ бизга ҳозиргача ўргатиб келаётган нарсалар хамир учидан патир! У бизга абадий таълим беришни ваъда қилмоқда. Шундай экан, ҳақиқатни қимматбаҳо марвариддай қадрланг. «Ҳақиқатни харид қил, уни сотиб юборма»,— деган маслаҳатга амал қилишдан тўхтаманг. Шунда, Довуд: «Ҳақиқат йўлингдан юрайин»,— деб айтганидай сиз ҳам бу ваъдангизда тура оласиз. (Заб. 86:11)

^ абз. 8 Исм ўзгартирилган.

^ абз. 8 JW Интернет телевидениесидаги ИНТЕРВЬЮ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР > ҲАҚИҚАТ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРАДИ номли туркумига қаранг.