Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худо келажакда нималар қилади?

Худо келажакда нималар қилади?

Бошингизга қийинчилик тушганида, яқин дўстингиздан ёрдам кутганингиз шубҳасиз. Шундан келиб чиқиб, баъзилар Худони дўст деб билмайди, сабаби Худо уларнинг фойдаси учун ҳеч нима қилмаяпти деб ўйлайди. Аслида эса Худо нафақат фойдамизни кўзлаб кўп ишларни қилган, балки биз дуч келаётган барча муаммолару азоб-уқубатларга чек қўяди. Қизиқ, Худо келажакда нималар қилади?

БАРЧА ЁВУЗЛИККА ЧЕК ҚЎЯДИ

Худо ёвузликнинг манбаини йўқ қилиш орқали унга чек қўяди. Муқаддас Китобда унинг манбаи ҳақида шундай дейилган: «Бутун дунё Шайтоннинг ҳукмидадир». (1 Юҳанно 5:19) Исо ҳам Шайтон Иблисни «бу дунёнинг ҳокими» деб атаган. (Юҳанно 12:31) Ер юзидаги аянчли шароитларнинг асл сабабчиси инсонларга таъсир ўтказаётган Шайтондир. Худо келажакда нималар қилади?

Тангри Яҳова тез орада ишга киришиб, азизи бўлмиш Исо Масиҳ орқали «ўлимга дучор қиладиганни, яъни Иблисни йўқ қилади». (Ибронийларга 2:14; 1 Юҳанно 3:8) Муқаддас Китобдан кўриниб турганидек, Шайтоннинг ўзи ҳам йўқ қилинишидан олдин «вақти оз қолганини билади». (Ваҳий 12:12) Худо ёвузликка сабабчи бўлаётган инсонларни ҳам йўқ қилади. (Забур 37:9; Ҳикматлар 2:22)

ЕР ЮЗИНИ ЖАННАТГА АЙЛАНТИРАДИ

Ер юзидаги барча ёвузликни бартараф қилгач, Яратувчимиз инсоният ва ер учун қилган мангу ниятини амалга оширади. Нималарни интиқиб кутяпмиз?

Чексиз тинчлик ва хавфсизлик. «Камтар кишилар эса ер юзига эгалик қилади, улар тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади». (Забур 37:11)

Фойдали ноз-неъматлар. «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади». (Забур 72:16)

Шинам уйлар ва қониқарли иш. «Улар уйлар қуриб, бу уйларда яшайди, узумзорлар барпо этиб, ҳосилидан ейди... Танлаганларим ўз қўллари меҳнатининг роҳатини кўради». (Ишаё 65:21, 22)

Мана шундай шароитларда яшашни истайсизми? Тез орада ҳар куни шундай ҳаёт кечирамиз.

КАСАЛЛИК ВА ЎЛИМНИ ЙЎҚ ҚИЛАДИ

Бугунги кунда ҳар бир инсон касаллик ва ўлимга дуч келади, аммо бу узоқ давом этмайди. Яқинда Худо Исога «ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин» дея унинг тўлов қурбонлигини қўллайди. (Юҳанно 3:16) Натижада нима бўлади?

Касаллик йўқ қилинади. «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди. Юрт аҳолисининг гуноҳи кечирилади». (Ишаё 33:24)

Ўлим инсониятга ортиқ хавф солмайди. «Ўлимни У тоабад йўқ қилади, Олий Ҳукмдор Яҳова барчанинг кўз ёшини артиб қўяди». (Ишаё 25:8)

Инсонлар абадий яшайди. «Худонинг инъоми Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир». (Римликларга 6:23)

Ўлганлар ҳаётга қайтади. «Адолатли ва адолатсиз одамлар тирилади». (Ҳаворийлар 24:15) Улар Худонинг инъоми бўлмиш тўлов туфайли ҳаётга қайтарилади.

Худо буларнинг барини қай йўсин амалга оширади?

МУКАММАЛ ҲУКУМАТ ЎРНАТАДИ

Худо самовий ҳукумат орқали ер ва инсониятга бўлган ниятини амалга оширади. У Исо Масиҳни бу ҳукуматнинг Бошқарувчиси этиб тайинлаган. (Забур 110:1, 2) Исо бу ҳукумат ёки шоҳлик ҳақида ўз издошларига шундай деб ибодат қилишни ўргатган: «Осмондаги Отамиз... Шоҳлигинг келсин». (Матто 6:9, 10)

Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқаришни бошлаб, ундаги дард-алам ва азоб-уқубатларни бартараф қилади. Бу Шоҳлик инсоният учун энг аъло ҳукумат бўлади! Мана шу сабабли Исо ер юзида бўлганида «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» эълон этишга ўзини бағишлаган ва шогирдларини ҳам шундай йўл тутишга ундаган. (Матто 4:23; 24:14)

Инсонларни қаттиқ яхши кўргани туфайли Тангри Яҳова мана шундай ажойиб ишларни бажаришга ваъда бермоқда. Бу сизни Уни таниб-билишга ва Унга яқинлашишга ундамайдими? Шундай йўл тутиш сизга қандай фойда келтиради? Бу борада кейинги мақолада сўз юритилади.

ХУДО КЕЛАЖАКДА НИМАЛАР ҚИЛАДИ? Худо касаллик ва ўлимни йўқ қилиб, инсониятни Ўз Шоҳлиги бошқаруви остида бирлаштиради ва ерни жаннатга айлантиради