Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Жамоат ичра Тангри Яҳовага ҳамду сано айтинг

Жамоат ичра Тангри Яҳовага ҳамду сано айтинг

Жамоат ичра Сенга ҳамду сано айтаман. ЗАБ. 22:22

59- ҚЎШИҚ Яҳни мадҳ этайлик!

БУ МАҚОЛАДА *

1. Довуд Яҳовага нисбатан нимани ҳис этган ва бу туфайли у нима қилган?

ШОҲ ДОВУД: «Яҳова буюкдир, ёлғиз У ҳамду санога лойиқ»,— деб ёзган. (Заб. 145:3) У Яҳовани яхши кўрган ва бу севги туфайли у «жамоат ичра» Унга ҳамду сано айтган. (Заб. 22:22; 40:5) Шубҳасизки, сиз ҳам Яҳовани яхши кўрасиз ва Довуднинг қуйидаги сўзларига қўшиласиз: «Сенга абадулабад мадҳлар бўлсин, эй Яҳова, отамиз Исроилнинг Худоси!» (1 Сол. 29:10–13)

2. а) Қандай қилиб Яҳовага ҳамду сано айта оламиз? б) Айримлар қандай қийинчиликка дуч келмоқда ва нимага диққат қаратамиз?

2 Бугунги кунда Яҳовага ҳамду сано айтишимизнинг бир усули йиғилишларда шарҳ бериш. Гап шундаки, анчагина биродару опа-сингилларимиз бир қийинчиликка дуч келмоқда. Улар учрашувларда шарҳ беришни исташади, аммо қўрқув дастидан бундай қилишга қийналишади. Хўш, бу қўрқувни енгишда нима қўл келади? Барчамизга далда бахш этадиган шарҳлар беришимизга қандай амалий маслаҳатлар кўмаклашади? Ушбу саволларга жавоб олишдан аввал, келинг, нега учрашувларда шарҳ бериш муҳимлигини кўрсатувчи тўртта омилга диққат қаратайлик.

НЕГА УЧРАШУВЛАРДА ШАРҲ БЕРАМИЗ?

3–5. а) Ибронийларга 13:15 да айтилганидай, нима учун йиғилишларда шарҳ берамиз? б) Ҳаммамиз бир хил шарҳ беришимиз керакми? Тушунтиринг.

3 Яҳовага ҳамду сано айтиш барчамиз учун катта шараф. (Заб. 119:108) Шарҳларимиз «ҳамду сано қурбонлигимизнинг» бир қисми ва бизнинг ўрнимизга уни бошқа одам келтира олмайди. (Ибронийларга 13:15 ни ўқинг.) Яҳова биздан бундай қурбонлик келтиришимизни талаб қиладими? Асло!

4 Яҳова қобилиятларимиз ва шароитимиз турлича эканини билади. Шунинг учун Унга келтира олишимиз мумкин бўлган қурбонликларимизни жуда қадрлайди. Исроил халқи Унга келтирган қурбонликлари борасида фикр юритиб кўринг. Айримлари қурбонликка қўзи ёки такани келтира оларди. Бироқ камбағал одамлар қурбонликка «иккита ғурракни ёки иккита каптар палапонини» келтириши мумкин эди. Борди-ю, у бундай қушларни қурбонликка келтира олмаса, Яҳова қурбонлик сифатида «эфанинг ўндан бир қисмига тенг олий навли унни» ҳам қабул қилар эди. (Лев. 5:7, 11) Тўғри, ун арзонроқ эди, аммо Яҳова бу қурбонликдан мамнун эди, чунки у «олий навли ун» бўлган.

5 Меҳрибон Аллоҳимиз ҳозир ҳам ўзгармаган. Шарҳ берганимизда Яҳова биз гапга чечан бўлган Аполлос ёки бошқаларни кўндира олган Павлусдай бўлишимизни талаб қилмайди. (Ҳавор. 18:24; 26:28) Яҳова биз имконимиз борича энг яхши шарҳ беришимизни истайди, холос. Икки чақани хайр-эҳсон қилган камбағал бева аёл эсингиздами? Яҳовага у маъқул келган, чунки аёл ўзида бор бўлган энг яхшисини берган. (Луқо 21:1–4)

Шарҳ бериш бизга ва бошқаларга фойда келтиради (6–7- хатбошиларига қаранг.) *

6. а) Ибронийларга 10:24, 25 га кўра, эшитган шарҳларимиз бизга қандай таъсир қилиши мумкин? б) Далдали шарҳларни қадрлаётганингизни қай йўсин кўрсата оласиз?

6 Шарҳларимиз билан бир-биримизга далда берамиз. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Барчамизга йиғилишлардаги ҳар хил шарҳларни эшитиш ёқади. Болажонларнинг оддий ва самимий шарҳларидан завқланамиз. Кимдир янги бир нарсани билиб олганини хурсанд бўлиб айтиб бераётганини эшитганимизда далда оламиз. Баъзилар улар уятчан ёки биз гапирадиган тилни энди ўрганаётган бўлса-да, жасорат ила шарҳ бераётганини кўриб қувонамиз. (1 Салон. 2:2) Хўш, қандай қилиб уларнинг ҳаракатларини қадрлаётганимизни кўрсата оламиз? Йиғилишдан кейин далдали шарҳи учун миннатдорчилик билдирсак бўлади. Шунингдек, ўзимиз ҳам шарҳ беришимиз мумкин. Ўшанда нафақат ўзимиз далда оламиз, балки бошқаларга ҳам далда берамиз. (Рим. 1:11, 12)

7. Шарҳ бериш бизга қандай фойда келтиради?

7 Шарҳ бериш ўзимиз учун ҳам фойдали. (Ишаё 48:17) Қизиқ, қандай қилиб? Биринчидан, шарҳ беришни мақсад қилсак, бу бизни жамоат учрашувига яхшироқ тайёргарлик кўришга ундайди. Пухта тайёргарлик кўрганимизда эса, Худонинг Каломини чуқурроқ тушуна оламиз. Тушунчамиз ошгани сайин, билиб олаётганларимизга яхшироқ амал қила оламиз. Иккинчидан, йиғилишларда қатнашганимиз учун улар бизга кўпроқ завқ келтиради. Учинчидан, шарҳ бериш учун анча ҳаракат қилганимиз боис, айтганларимиз узоқ вақт мобайнида эсимизда қолади.

8–9. а) Малаки 3:16 га кўра, сизнингча, Яҳова шарҳларимизни эшитиб нималарни ҳис қилади? б) Баъзилар нимадан қўрқиши мумкин?

8 Имонимиз ҳақида гапирганимизда Яҳова мамнун бўлади. Яҳова бизни эшитишидан ва шарҳ бериш учун қилаётган ҳаракатларимизни қадрлашидан шубҳамиз йўқ. (Малаки 3:16 ни ўқинг.) Яҳова Уни қувонтириш учун қилаётган ҳаракатларимизга барака бериб, буни қадрлаётганини кўрсатади. (Мал. 3:10)

9 Дарҳақиқат, йиғилишларда шарҳ бериш учун кўп сабабларимиз бор. Шундай бўлса-да, баъзилар қўл кўтаришдан қўрқиши мумкин. Агар сизда ҳам шундай бўлса, руҳингиз тушмасин. Келинг, Муқаддас Китобдан баъзи принципларни, бир нечта мисолни ва айрим амалий маслаҳатларни кўриб чиқайлик. Уларнинг ёрдамида барчамиз кўпроқ шарҳ бера оламиз.

ҚЎРҚУВНИ ЕНГИНГ

10. а) Кўпчилигимиз нимадан қўрқамиз? б) Нега шарҳ беришдан қўрқишнинг ёмон жойи йўқ?

10 Қўл кўтариб, шарҳ бермоқчи бўлганингизда, юрагингиз така-пука бўладими? Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Негаки, аксариятимиз шарҳ бераётганда оз-моз қўрқамиз. Бу қўрқувни енгиш учун аввалига унинг сабабини аниқлашингиз даркор. Сўзларингизни унутиб қўйишдан қўрқасизми ёки нотўғри гапириб қўйишданми? Бошқалардай яхши шарҳ бера олмайман деб ташвишланасизми? Аслида, бундай қўрқувларнинг ёмон жойи йўқ. Демак, сиз камтаринсиз ва бошқаларни ўзингиздан устун қўясиз. Яҳова камтарлик фазилатини яхши кўради. (Заб. 138:6; Филип. 2:3) Аммо Яҳова сиз Унга ҳамду сано айтишингизни ва йиғилишда имондошларингизга далда беришингизни ҳам хоҳлайди. (1 Салон. 5:11) Аллоҳ сизни яхши кўради ва жасорат бахш этади.

11. Муқаддас Китобдаги қайси фикрлар бизга ёрдам бериши мумкин?

11 Келинг, Муқаддас Китобдаги баъзи фикрларга эътибор берайлик. Масалан, барчамиз нимадир айтганимизда ва уни қандай оҳангда гапирганимизда хато қилиб турамиз. (Ёқб. 3:2) Яҳова ҳам, биродару опа-сингилларимиз ҳам мукаммал бўлишимизни кутмайди. (Заб. 103:12–14) Биз бир оиладаймиз ва бир-биримизни яхши кўрамиз. (Марк 10:29, 30; Юҳан. 13:35) Гоҳида шарҳ бераётганимизда сал хато қилиб қўйишимиз мумкинлигини улар яхши тушунади.

12–13. Нахимиё ва Юнуснинг мисолидан нималарни билиб олдик?

12 Қўрқувни енгишга Муқаддас Китобдаги баъзи кишилар ҳақида мулоҳаза юритиш ёрдам беради. Масалан, Нахимиёнинг мисолига диққат қаратайлик. У шоҳ саройида хизмат қиларди. Нахимиё Қуддус деворлари ва дарвозалари вайронага айлангани ҳақида эшитгани учун ғамгин эди. (Нахим. 1:1–4) Шоҳ ундан ғамгин юрганининг сабабини сўраганда, юраги қанчалар така-пука бўлганини тасаввур қилинг! Нахимиё дарров ибодат қилиб, жавоб берган. Натижада, шоҳ Худонинг халқига жуда кўп ёрдам берган. (Нахим. 2:1–8) Ёки Юнус ҳақида ўйлаб кўринг. Яҳова унга Ниневияга бориб, ҳукмини эълон қилишини айтганда, Юнус қўрққанидан қарама-қарши томонга қочиб кетган. (Юнус 1:1–3) Лекин Яҳованинг кўмаги билан у вазифасини бажара олган. Унинг сўзлари Ниневия аҳолисига жуда яхши таъсир қилган. (Юнус 3:5–10) Нахимиёнинг мисолидан жавоб беришдан олдин ибодат қилиш муҳим эканини билиб оляпмиз. Юнусдан эса, қанчалик қаттиқ қўрқишимиздан қатъи назар, Яҳова биз Унга хизмат қилишимизга ёрдам бера олишини билиб оляпмиз. Ахир, йиғилишда шарҳ бериш Ниневия аҳолисига ҳукм хабарини етказишдан осонроқ, шундай эмасми?!

13 Шарҳ беришимизга қўл келадиган қандай амалий маслаҳатлар бор? Келинг, бир нечтасини кўриб чиқайлик.

14. Нега ҳар бир йиғилишга тайёрланишимиз керак ва буни қачон қила оламиз?

14 Ҳар бир йиғилишга тайёрланинг. Олдиндан режа тузиб, яхши тайёрлансангиз, янада аминлик ила шарҳ бера оласиз. (Ҳик. 21:5) Албатта, йиғилишга тайёргарлик кўриш жадвалимиз бир-биримизникидан фарқ қилади. Масалан, Элоиз исмли ёши 80 да бўлган бева опамиз «Қўриқчи минораси» тадқиқига ҳафтанинг илк кунларида тайёрлана бошлайди. У шундай деди: «Олдиндан тайёргарлик кўрсам, йиғилишлардан кўпроқ фойда оламан». Кун бўйи ишлайдиган Жой исмли имондошимиз эса бу тадқиққа шанба куни тайёргарлик кўради. У: «Йиғилишдан сал-пал олдин тайёргарлик кўрсам, маълумотни яхшироқ эслаб қоламан»,— деди. Оқсоқол ва кашшоф бўлиб хизмат қиладиган биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Бирданига кўпгина маълумотни кўриб чиқишдан кўра, ҳафта орасида оз-оздан тадқиқ қилишни ўзим учун фойдали деб топдим».

15. Қандай қилиб йиғилишга яхши тайёргарлик кўра оласиз?

15 Яхши тайёргарлик кўриш нимани ўз ичига олади? Тадқиқ қилишдан аввал доим ибодат қилиб, Яҳовадан муқаддас руҳини сўранг. (Луқо 11:13; 1 Юҳан. 5:14) Мақолани кўздан кечириб, мавзуси, сарлавҳалари, расмлари ва рамкалари бўйича фикр юритинг. Ҳар бир хатбошини тадқиқ қилаётганда эса келтирилган барча оятларни ўқишга интилинг. Маълумот устида мулоҳаза юритиб, шарҳ бермоқчи бўлган фикрларга алоҳида эътибор қаратинг. Қанчалик яхши тайёрлансангиз, шунча кўп фойда кўрасиз ва шарҳ бериш осонроқ бўлади. (2 Кор. 9:6)

16. Қандай иловаларимиз бор ва сиз улардан қай йўсин фойдаланяпсиз?

16 Имкон бўлса, сиз билган тилда мавжуд бўлган иловалардан фойдаланинг. Йиғилишларга тайёргарлик кўришимизга ёрдам бериш учун Яҳова ташкилоти орқали турли иловаларни тақдим этган. Тадқиқ учун мўлжалланган адабиётларимизни JW Library® (жей-дабл-ю лайбрэри) иловаси ёрдамида электрон қурилмамизга юклаб олсак бўлади. Сўнг уни хоҳлаган пайт ва жойимизда тадқиқ қилишимиз, яъни ўқишимиз ёки тинглашимиз мумкин. Баъзилар бу иловадан ишда ёки мактабда танаффус пайтида ёхуд йўлда кетаётганда фойдаланади. «Электрон кутубхона» ва «Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ» ёрдамида чуқурроқ кўриб чиқмоқчи бўлган мавзулар бўйича тадқиқ ўтказа оламиз.

Йиғилишларга қачон тайёрланасиз? (14–16- хатбошиларига қаранг.) *

17. а) Нима учун бир нечта шарҳ тайёрлаш оқилона? б) «Тангри Яҳованинг дўсти бўлинг. Шарҳингизни тайёрланг» видеосидан қандай сабоқ олдингиз?

17 Имкон бўлса, бир нечта шарҳ тайёрланг. Нима учун? Сабаби, қўлингизни кўтарганингизда доим ҳам сиздан сўрамасликлари мумкин. Ўша пайтда бошқалар ҳам қўл кўтариши ҳеч гап эмас ва муҳокамани ўтказаётган биродар уларнинг биридан сўрайди. Йиғилиш ўз вақтида тугаши учун биродар бир нечта кишидан сўраши мумкин. Шу боис, у муҳокаманинг бошида сиздан сўрамаса, хафа бўлманг ёки руҳингиз тушмасин. Агар бир нечта шарҳ тайёрласангиз, жавоб бериш имкониятингиз кўпроқ бўлади. Тайёрланган шарҳингиз бирон оятни ўқиб беришдан иборат бўлиши мумкин. Иложи бўлса, ўз сўзларингиз билан шарҳ беришга тайёрланинг *.

18. Нега қисқа шарҳлар бериш керак?

18 Қисқа шарҳлар беринг. Одатда далдали шарҳлар қисқа ва оддий бўлади. Шундай экан, қисқача жавоб беришни мақсад қилинг. Тахминан 30 сония ичида шарҳ беришга интилинг. (Ҳик. 10:19; 15:23) Йиғилишларда кўп йиллар давомида шарҳ бериб келаётган бўлсангиз, қисқа шарҳ бериб яхши ўрнак кўрсатишингиз муҳим. Агар кўпгина фикрларни бир неча дақиқа давомида гапирсангиз, бошқалар сиз каби яхши шарҳ бера олмаслигидан қўрқиб қолиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, қисқа шарҳ берилса, муҳокамада кўпроқ одамлар қатнаша олади. Айниқса биринчи бўлиб шарҳ бераётган бўлсангиз, у оддий ва аниқ бўлсин. Хатбошидаги бор маълумотни айтишнинг ҳожати йўқ. Хатбошидаги асосий фикр айтилгач, қўшимча шарҳлар беришингиз мумкин. (« Нима ҳақида шарҳ берсам бўлади?» номли рамкага қаранг.)

19. Муҳокамани ўтказадиган биродар сизга қандай ёрдам бериши мумкин ва сиз нима қилишингиз керак?

19 Муҳокамани ўтказадиган биродарга сиз жавоб бермоқчи бўлган хатбошини айтинг. Бундай қилишни истасангиз, унга буни учрашув бошланмасидан олдин айтинг. Сиз шарҳ бермоқчи бўлган хатбоши келганда, бу биродар сизни кўра олиши учун қўлингизни дарров баланд қилиб кўтаринг.

20. Қай йўсин жамоат учрашувларини дўстлар билан бирга овқатланишга ўхшатса бўлади?

20 Жамоат учрашувларини яқин дўстларимиз билан бирга овқатланишга ўхшатса бўлади. Айтайлик, сизни ўтиришга таклиф қилиб, бирон нима пишириб келишингизни сўрашади. Қандай йўл тутасиз? Оз-моз хавотирланарсиз, лекин ҳаммага ёқимли бўлиши учун қўлингиздан келган энг яхши нарсани пиширарсиз. Эгамиз Яҳова йиғилишларимизда бизга энг аъло таомларни тўкин-сочин қилиб тақдим этяпти. (Заб. 23:5; Мат. 24:45) Биз оддий, лекин беришимиз мумкин бўлган энг яхши совғамизни олиб келсак, У жуда қувонади. Шу боис, пухта тайёргарлик кўриб, имкон қадар кўпроқ шарҳ беринг. Ўшанда, нафақат Яҳованинг дастурхонидан тановул қилиб кетасиз, балки совғангизни жамоатдагилар билан ҳам бўлишасиз.

2- ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова

^ абз. 5 Сано бастакори Довуд каби барчамиз Яҳовани яхши кўрамиз ва Унга ҳамду санолар айтишдан завқланамиз. Худога топиниш мақсадида борадиган йиғилишларимизда Унга бўлган севгимизни намоён этишнинг ўзгача бир имкони бор. Лекин баъзиларимиз учун жамоатда шарҳ бериш осон бўлмаслиги мумкин. Агар сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, бу мақола қўрқувларингизни аниқлашга ва уларни енгишингизга кўмаклашади.

^ абз. 17 jw.org сайтида «Тангри Яҳованинг дўсти бўлинг. Шарҳингизни тайёрланг» номли видеони томоша қилинг. МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > БОЛАЛАР сарлавҳаси остига қаранг.

^ абз. 63 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Жамоат аъзолари «Қўриқчи минораси» тадқиқида қувонч ила иштирок этишяпти.

^ абз. 65 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. «Қўриқчи минораси» тадқиқида иштирок этган жамоат аъзоларининг баъзилари. Уларнинг ҳар бири ўзгача вазиятда бўлса ҳам, йиғилишга тайёрланиш учун вақт ажратяпти.