Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

12- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқаларнинг туйғуларини инобатга олинг

Бошқаларнинг туйғуларини инобатга олинг

Барчангиз... ҳамдард... бўлинглар. 1 БУТР. 3:8

90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Бутруснинг биринчи мактуби 3:8 га кўра, нега туйғуларимизни инобатга оладиган ва манфаатимизни кўзлайдиган инсонлар орасида бўлишни ёқтирамиз?

БАРЧАМИЗ туйғуларимизни инобатга оладиган ва манфаатимизни кўзлайдиган инсонлар орасида бўлишни ёқтирамиз. Улар ўзини бизнинг ўрнимизга қўйиб, фикрларимизнию туйғуларимизни тушунишга ҳаракат қилишади. Ҳатто ёрдам сўрашимиздан олдин ҳам, улар биз нимага муҳтож эканимизни кўриб, кўмаклашишни таклиф қилишади. Бизга «ҳамдард» * бўлган инсонларни қадрлаймиз ва жуда миннатдормиз. (1 Бутрус 3:8 ни ўқинг.)

2. Нима учун ҳамдард бўлишга интилишимиз лозим?

2 Масиҳийлар сифатида барчамиз инсонга ачинишни ёки ҳамдард бўлишни истаймиз. Аслини олганда бундай қилиш доим ҳам осон эмас. Нега? Бунинг сабабларидан бири, биз номукаммалмиз. (Рим. 3:23) Шунинг учун, фақат ўзимизни ўйлаш каби туғма мойиллигимиз билан курашишимиз лозим. Қолаверса, баъзиларимиз учун ҳамдард бўлиш айниқса қийин кечар, чунки улғайган муҳитимиз ёки ўтмишимиз ўзгача бўлгандир. Бунинг устига, атрофимиздаги инсонларнинг нуқтаи назари бизга таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Ушбу охирзамонда кўплар бошқаларнинг туйғуларини инобатга олмайди. Улар «ўзини севади». (2 Тим. 3:1, 2) Хўш, ўзгаларнинг ҳиссиётларини инобатга олишга халақит берадиган бу қийинчиликларни енгишимизга нима ёрдам бериши мумкин?

3. а) Қандай қилиб ҳамдардлик фазилатини ривожлантира оламиз? б) Бу мақоладан нималарни билиб оламиз?

3 Худованд Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исо Масиҳга тақлид қилган ҳолда бу фазилатни ривожлантира оламиз. Яҳова севги Худосидир. У бошқаларга ҳамдард бўлишда аъло ўрнак. (1 Юҳан. 4:8) Исо Отасига мукаммал тарзда тақлид қилган. (Юҳан. 14:9) Ер юзида бўлганда, Исо инсонлар қай йўсин ҳамдард бўла олишини кўрсатган. Ушбу мақолада, авваламбор Яҳова ҳамда Исо бошқаларнинг туйғуларини қай йўсин инобатга олишаётгани ҳақида гап юритамиз. Уларга қандай қилиб тақлид қила олишимиз мумкинлигини ҳам билиб оламиз.

ЯҲОВА БОШҚАЛАРГА ҲАМДАРДДИР

4. Қай йўсин Ишаё 63:7–9 даги сўзлардан Яҳова Ўз хизматчиларининг ҳиссиётларига бефарқ эмаслигини билиб оляпмиз?

4 Муқаддас Китобдан Яҳова Ўз хизматчиларининг ҳиссиётларига бефарқ эмаслигини билиб оляпмиз. Мисол учун, исроилликлар турли қийинчиликлар дастидан азоб чекканда, Яҳова нималарни ҳис этганига диққат қаратайлик. Худонинг Каломида: «Улар азоб чекканда, У ҳам азоб чекди»,— деб ёзилган. (Ишаё 63:7–9 ни ўқинг.) Кейинчалик, Яҳова Закариё пайғамбар орқали Унинг халқига қилинган ёмон муносабат худди Унинг Ўзига қилингандай бўлишини айтган. Яҳова Ўз халқига: «Ким сизларга тегса, Менинг кўз қорачиғимга теккан бўлади»,— деган. (Закр. 2:8) Яҳова Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилишини кўрсатадиган нақадар яққол мисол!

Яҳова Миср қуллигида бўлган Исроил халқини ҳамдардлик ила қутқарган (5- хатбошига қаранг.)

5. Яҳова азоб чекаётган хизматчиларига ёрдам бериш ниятида қандай чора кўрганини кўрсатувчи мисол келтиринг.

5 Яҳова азоб чекаётган хизматчиларига нисбатан ҳамдардликни ҳис этишдан ҳам кўпроқ нарса қилади. Худо уларга ёрдам бериш учун чора кўради. Масалан, Исроил халқи Миср қуллигида азоб чекканда, Яҳова уларнинг оғриғини тушуниб, уларни қутқармоқчи бўлди. Яҳова Мусога шундай деди: «Мен Мисрдаги халқимнинг чекаётган азоб-уқубатини кўриб,.. чекаётган фиғонини эшитдим. Улар қанчалик азоб тортаётганини яхши биламан. Мен пастга тушиб, уларни мисрликлар қўлидан халос этаман». (Чиқ. 3:7, 8) Яҳова уларга ҳамдард бўлгани туфайли, қулликдан халос этди. Асрлар ўтгач, Исроил халқи ваъда қилинган юртда душманларнинг ҳужумига дуч келди. Қизиқ, бу Яҳовага қандай таъсир қилди? «Зулмкорлар ва шафқатсиз муносабатда бўлганлар дастидан халқнинг қилган нолаларини эшитиб, Яҳованинг уларга раҳми келди». Бу сафар ҳам Яҳова Ўз хизматчиларига ачиниб, уларга ёрдам берди. У исроилликларни душманларидан қутқариш ниятида ҳакамларни тайинлади. (Ҳак. 2:16, 18)

6. Яҳова кимдир тўғри фикр юритмаса ҳам унинг туйғуларини инобатга олишини кўрсатувчи мисол келтиринг.

6 Яҳова Ўз хизматчиларининг, ҳатто улар гоҳида тўғри фикр юритмаса ҳам туйғуларини инобатга олади. Келинг, Юнуснинг мисолига эътибор қаратайлик. Аллоҳ Юнусни ниневияликларга қарши чиқарилган ҳукм хабарини эълон қилиш учун юборган эди. Улар тавба қилганда, Худо уларни йўқ қилиб юбормасликка қарор қилди. Лекин Юнусга бу қарор хуш келмади. Уларни йўқ қилиш борасидаги башорат амалга ошмагани учун унинг «ғазаби қайнаб кетди». Бироқ Яҳова Юнусга нисбатан сабрли бўлиб, фикрлаш тарзини ўзгартиришига кўмаклашди. (Юнус 3:10–4:11) Вақт ўтгач, Юнус бундан сабоқ олди ва Яҳова бизнинг фойдамизни кўзлаб бу воқеа ёзиб қолдирилиши учун ҳатто ундан фойдаланди. (Рим. 15:4) *

7. Яҳова Ўз хизматчиларига кўрсатадиган муносабат бизни нимага ишонтирмоқда?

7 Яҳова Ўз халқига кўрсатган муносабат У хизматчиларига ҳам ҳамдард бўлишига бизни ишонтирмоқда. Худо ҳар биримизнинг оғриғимизу азоб-уқутамиздан хабардор. Фақат Яҳова инсон юрагида нима борлигини билади. (2 Сол. 6:30) У барча фикримизу ич-ичимиздаги туйғуларни ва камчиликларимизни тушунади. «Дош бера олмайдиган даражада» васваса қилинишимизга У йўл қўймайди. (1 Кор. 10:13) Нақадар тасалли бахш этувчи сўзлар!

ИСО БОШҚАЛАРГА ҲАМДАРДДИР

8–10. Қандай омиллар туфайли Исо ҳамдард бўлишга ўрганган?

8 Исо ер юзида бўлганда, одамларга жуда ҳамдард эди. Унга ўзгаларнинг туйғуларини инобатга олишга ёрдам берган камида учта омил бор. Биринчидан, юқорида айтилганидай, у Отасига мукаммал тарзда тақлид қилган. Исо Отасига ўхшаб одамларни севган. Исо Худога барча нарсани яратишда ёрдам беришдан севинарди ҳамда «одамзодни ниҳоятда яхши кўрарди». (Ҳик. 8:31) Севги туфайли у бошқаларнинг ҳиссиётларини инобатга оларди.

9 Иккинчидан, Яҳова каби Исо ҳам одамнинг қалбида нима кечаётганини биларди. У инсонларнинг ниятларинию ҳис-туйғуларини билади. (Мат. 9:4; Юҳан. 13:10, 11) Шу боис, Исо дили вайрон кишиларни кўрганда, уларга ҳамдард бўлиб, тасалли берган. (Ишаё 61:1, 2; Луқо 4:17–21)

10 Учинчидан, Исонинг ўзи ҳам одамлар дуч келган баъзи қийинчиликларни бошдан кечирди. Масалан, Исо камбағал оилада улғайгандир. У тутинган отаси Юсуф билан ишлаб, оғир меҳнат қилишга ўрганган. (Мат. 13:55; Марк 6:3) Шунингдек, Исо хизматини бошлашидан аввал Юсуф ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин. Шунинг учун, у яқинидан айрилиш келтирадиган оғриқни ҳам ҳис этгандир. Исо эътиқоди турлича бўлган қариндошлар билан яшаш нималигини ҳам билган. (Юҳан. 7:5) Бу ва бошқа вазиятлар туфайли Исо оддий одамларнинг қийинчилигу туйғуларини тушуна олган.

Халойиқдан нарироқда Исо кар кишини меҳр ила соғайтирмоқда (11- хатбошига қаранг.)

11. Айниқса қачон Исо ҳамдард эканини кўрсатган? Тушунтиринг. (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Исо айниқса мўъжизалар қилиб, ҳамдард эканини кўрсатган. Исо уларни мажбурият юзасидан қилмаган. Унинг азоб чеккан одамларга «раҳми келган». (Мат. 20:29–34; Марк 1:40–42) Масалан, кар одамни соғайтириш учун халойиқ орасидан четроққа олиб чиққанида ёки бева аёлнинг яккаю ягона ўғлини тирилтирганида ўзини қандай ҳис этганини тасаввур қилинг. (Марк 7:32–35; Луқо 7:12–15) Исо бу одамларга ҳамдард бўлиб, уларга ёрдам бермоқчи эди.

12. Қай йўсин Юҳанно 11:32–35 дан Исо Марта билан Марямга ҳамдардлик кўрсатганини билиб оляпмиз?

12 Исо Марта билан Марямга ҳамдардлик кўрсатган. Улар ҳаётдан кўз юмган акаси Лазар туфайли қайғураётганда, «Исонинг кўзидан ёш оқди». (Юҳанно 11:32–35 ни ўқинг.) У шунчаки жонажон дўстидан айрилиб қолгани учун йиғламаган. Негаки, у Лазарни тирилтирмоқчи эди. Исо унинг азиз дўстларига бу ўлим қанчалар оғир ботаётганини тушунгани учун йиғлаган.

13. Нега Исо одамларга ҳамдард бўлганини билиш бизга далда бахш этяпти?

13 Исо одамларга ҳамдард бўлганини билиш бизга далда бахш этяпти. Албатта, биз у каби мукаммал эмасмиз. Исо бошқаларга ҳамдард бўлгани учун, уни яхши кўрамиз. (1 Бутр. 1:8) Ҳозир у Самовий Шоҳликда ҳукм сураётганини билиш биз учун далдали. Яқинда у барча азоб-уқубатларга чек қўяди. Исо ер юзида инсон сифатида яшагани боис, Шайтоннинг бошқаруви инсонларга келтирган даҳшатли жароҳатларни тиклашга аъло тарзда ёрдам бера олади. Ҳа, бундай Шоҳимиз борлиги баракадир! Зеро, у «заифликларимизни тушунмайдиган зот эмас». (Иброн. 2:17, 18; 4:15, 16)

ЯҲОВА ҲАМДА ИСОГА ЭРГАШИНГ

14. Эфесликларга 5:1, 2 га биноан, қандай йўл тутишга жон куйдиряпмиз?

14 Яҳова ҳамда Исо кўрсатган ўрнак борасида фикр юритсак, янада ҳамдард бўлишга уринамиз. (Эфесликларга 5:1, 2 ни ўқинг.) Улар каби одамнинг қалбида нима кечаётганини билишга қодир эмасмиз. Шундай бўлса-да, ўзгаларнинг туйғуларию эҳтиёжларини тушунишга ҳаракат қила оламиз. (2 Кор. 11:29) Худбинликка тўлган дунёдаги одамлардан фарқли равишда: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар»,— деган маслаҳатга амал қилишга жон куйдирамиз. (Филип. 2:4)

(15–19- хатбошиларига қаранг.) *

15. Айниқса кимлардан ҳамдард бўлиш кутилади?

15 Айниқса оқсоқоллардан ҳамдард бўлиш кутилади. Улар қарамоғи остидаги биродару опа-сингилларга ғамхўрлик қилишга масъулиятли эканини билишади. (Иброн. 13:17) Имондошларига ёрдам бериш учун ҳамдард бўлишлари керак. Хўш, қай йўсин оқсоқоллар ҳамдард бўла олади?

16. Раҳмдил оқсоқол қандай йўл тутади ва нега бу муҳим?

16 Раҳмдил оқсоқол имондошлари билан вақт ўтказади. Уларга саволлар бериб, диққат ва сабр ила тинглайди. Бирорта имондоши ич-ичидагини айтмоқчи бўлса-ю, лекин буни айтишга қийналса, оқсоқоллар шундай йўл тутиши айниқса муҳим. (Ҳик. 20:5) Оқсоқол биродару опа-сингиллар билан тайёрлик ила вақт ўтказганда, улар орасидаги ишонч, дўстлик ва севги янада кучаяди. (Ҳавор. 20:37)

17. Аксарият имондошларимизнинг фикрича, оқсоқоллар қандай фазилатга эга бўлиши керак? Мисол келтиринг.

17 Аксарият имондошларимизнинг фикрича, оқсоқоллар эга бўлиши керак бўлган энг муҳим фазилат ҳамдардликдир. Нега? Аделаида шундай деди: «Оқсоқоллар мени тушунаётганини билганим учун, уларга мурожаат қилиш осонроқ. Оқсоқоллар билан гаплашганимда улар бунга қандай муносабат билдираётганидан ҳамдард эканини пайқайман». Оқсоқолларнинг муносабати учун миннатдор бўлган биродар қуйидагича бўлишди: «Ўз вазиятимни айтиб бераётганимда, битта оқсоқолнинг кўзлари ёшга тўлганини кўрдим. Бу бутун умр ёдимда қолади». (Рим. 12:15)

18. Қандай қилиб ҳамдардлик фазилатини ривожлантира оламиз?

18 Шуни айтиш жоизки, ҳамдард бўлиш фақатгина оқсоқоллардан кутилмайди. Ҳар биримиз бу фазилатни ривожлантиришимиз керак. Қандай қилиб? Оила аъзоларимиз ва имондошларимиз дуч келаётган қийинчиликларни тушунишга ҳаракат қилайлик. Жамоатдаги ўсмирларга, жумладан, бемор, ёши улуғ ва яқинидан айрилган инсонларга ғамхўрлик қилинг. Улардан ҳол-аҳвол сўранг. Туйғулари билан бўлишаётганда, яхшилаб тингланг. Уларнинг вазиятини чиндан ҳам тушунаётганингизни уларга билдиринг. Қўлингиздан келадиган ёрдамни уларга таклиф қилинг. Шундай йўл тутганимизда, севгимизни амалда кўрсатган бўламиз. (1 Юҳан. 3:18)

19. Бошқаларга ёрдам бермоқчи бўлсак, нега мослашувчан бўлишимиз керак?

19 Бошқаларга ёрдам бермоқчи бўлсак, мослашувчан бўлишимиз керак. Нима учун? Чунки одамлар дуч келган қийинчиликда ўзларини турлича тутади. Баъзилар муаммоси ҳақида жон деб айтиб беради, бошқалар эса йўқ. Шунинг учун уларга ёрдам бериш истагимизни айтганимизда, хижолат қилиб қўймаслик учун ортиқча саволлар бермаслигимиз лозим. (1 Салон. 4:11) Ҳатто улар очилиб, ҳаммасини гапириб бераётганда ҳам, биз бошқача нуқтаи назарда эканимизни пайқашимиз мумкин. Лекин, шуни унутмаслигимиз керакки, бу уларнинг ҳис-туйғулари. Биз сўзлашга шошилмай, тинглашга тайёр бўлишни истаймиз. (Мат. 7:1; Ёқб. 1:19)

20. Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

20 Жамоатдагиларга ҳамдард бўлишдан ташқари, ваъзгўйликда ҳам бу гўзал фазилатни намоён этишни истаймиз. Қандай қилиб шогирд тайёрлаш фаолиятида ҳамдард бўла оламиз? Буни навбатдаги мақолада кўриб чиқамиз.

130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик

^ абз. 5 Яҳова ҳамда Исо бошқаларнинг туйғуларини инобатга олади. Улардан қай йўсин ўрнак олишимиз мумкинлигини бу мақоладан билиб оламиз. Қолаверса, нега биз ҳамдард бўлишимиз кераклигини ва қандай қилиб буни қила олишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

^ абз. 1 ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Бошқаларга «ҳамдард» бўлиш уларни тушунишга ва ўзимизни уларнинг ўрнига қўйишга интилиш демакдир. (Рим. 12:15) Ушбу мақолада тилга олинган «ҳамдард» бўлиш ва «инобатга олиш» битта маънога эга.

^ абз. 6 Яҳова шунингдек, руҳи тушган ёки қўрққан садоқатли хизматчиларига ҳамдард бўлган. Ханна (1 Шоҳ. 1:10–20), Илёс (3 Шоҳ. 19:1–18) ва Обидмалек (Ерм. 38:7–13; 39:15–18) ҳақидаги воқеалар устида мулоҳаза юритинг.

^ абз. 65 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Йиғилиш залида ёрдам беришнинг кўпгина йўллари бор. Расмларда 1) оқсоқол мулойимлик ила ёш ваъзгўй ва унинг онаси билан гаплашаётганини, 2) биродар ва унинг қизи опамизга машинагача боришга кўмаклашаётганини ва 3) маслаҳат сўраган имондошимизни иккита оқсоқол диққат ила тинглаётганини кўряпмиз.