Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг овозига қулоқ солинг

Яҳованинг овозига қулоқ солинг

Бу Менинг... Ўғлимдир... Унга қулоқ солинглар. МАТ. 17:5

89- ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Яҳова одамлар билан қай йўсин гаплашган? б) Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ЯҲОВА биз билан суҳбатлашишни яхши кўради. Қадимда У Ўз фикрларини пайғамбарлар, фаришталар ва Ўғли Исо Масиҳ орқали аён қилган. (Амос 3:7; Галат. 3:19; Ваҳ. 1:1) Бугунги кунда эса, У Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали бизга гапиради. Унинг фикрларию нуқтаи назарини тушунишимиз учун бизга Муқаддас Китобни тақдим этган.

2 Исо ер юзида бўлганида Яҳова уч марта осмондан гапирган. Келинг, Яҳова нима деганини, Унинг сўзларидан қандай сабоқ олишимизни ва бу бизга қандай фойда келтиришини кўриб чиқайлик.

«СЕН МЕНИНГ СЕВИКЛИ ЎҒЛИМСАН»

3. Марк 1:9–11 да ўқиганимиздай, Исо сувга чўмганида Яҳова нима деган ва учта муҳим омил нималарни тасдиқлаяпти?

3 Марк 1:9–11 да (ўқинг) Яҳова илк бор осмондан гапиргани тўғрисида ёзилган. У: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, сендан мамнунман»,— деб айтган. Исо Отаси уни севиши ва ишониши ҳақида эшитиб, жуда таъсирланган бўлса керак! Яҳованинг сўзлари Исо ҳақида учта муҳим омилни тасдиқлаган. Биринчидан, Исо Унинг Ўғли. Иккинчидан, Яҳова Исони яхши кўради. Учинчидан, Яҳова Исодан мамнун. Келинг, ушбу ҳар бир вазиятни батафсил муҳокама қилайлик.

4. Қандай қилиб Исо сувга чўмганида, ўзгача тарзда Худонинг Ўғлига айланди?

4 «Сен Менинг севикли Ўғлимсан». Бу сўзлар билан Яҳова шуни кўрсатдики, севикли Ўғли Исо энди У билан янги муносабатларга эга бўлди. Исо осмонда бўлганида Худонинг руҳий ўғли эди. Лекин сувга чўмганида муқаддас руҳ билан мойланди. Ўшанда Худо энди Исо мойланган Ўғли сифатида осмонга қайтиб, У тайинлаган Шоҳ ва Олий руҳоний бўлиш умидига эга эканини кўрсатди. (Луқо 1:31–33; Иброн. 1:8, 9; 2:17) Шу боис, Исо сувга чўмганида Яҳова: «Сен Менинг... Ўғлимсан»,— деб айтишга асосли сабаби бор эди. (Луқо 3:22)

Бизни мақтаб далда беришганда хурсанд бўламиз (5- хатбошига қаранг.) *

5. Севгимизни кўрсатишда ва далда беришда Яҳованинг ўрнагига қай йўсин тақлид қила оламиз?

5 «Сен Менинг севикли Ўғлимсан». Яҳова Ўз севгисини ва мамнун эканини изҳор этгани бизни бошқаларга далда бериш имкониятларини излашга ундайди. (Юҳан. 5:20) Бошқалар бизга севгисини кўрсатса ва қилган ишимиз учун мақтаса, хурсанд бўламиз. Шунга ўхшаб, жамоатдаги биродару опа-сингилларимиз ва оила аъзоларимиз севгимизу далдамизга муҳтождир. Бошқаларни мақтаганимизда уларнинг имонини мустаҳкамлаймиз ва Тангри Яҳовага садоқат ила хизмат қилишларига ёрдам берамиз. Айниқса, ота-оналар фарзандларига далда бериши керак. Ота-оналар уларни мақтаб, меҳр кўрсатса, фарзандлар гуллаб-яшнайди.

6. Нима учун Исога ишонишимиз мумкин?

6 «Сендан мамнунман». Бу сўзлар билан Яҳова Исо Унинг иродасини садоқат ила бажаришига амин эканини кўрсатди. Яҳова Ўғлига нисбатан шундай ишонч билдирган экан, биз ҳам Исо Яҳованинг ваъдаларини садоқат ила бажаришига бутунлайин амин бўлишимиз мумкин. (2 Кор. 1:20) Исонинг мисоли ҳақида мулоҳаза юритганимизда, ундан ўрганиш ва изидан оғмай юриш қароримиз янада мустаҳкамланади. Яҳова Ўғлига ишонганидай, биз ҳам халқ сифатида Исодан ўрганишда давом этишимизга ишонади. (1 Бутр. 2:21)

«УНГА ҚУЛОҚ СОЛИНГЛАР»

7. Матто 17:1–5 га кўра, Яҳова қандай вазиятда осмондан гапирган ва нималар деган?

7 Матто 17:1–5 ни ўқинг. Яҳова иккинчи маротаба осмондан гапирганда Исонинг «қиёфаси ўзгарган» эди. Ўшанда Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони у билан бирга баланд тоққа чиқишга таклиф қилган эди. Улар бу ерда ўзгача ваҳий кўрди. Исонинг юзи ярқирарди ва кийимларидан нур тараларди. Мусо ва Илёсга ўхшаш икки киши пайдо бўлиб, Исо билан унинг ўлими ҳамда тирилиши ҳақида суҳбатлаша бошлади. Гарчи учта ҳаворийни «қаттиқ уйқу босган» бўлса-да, уйғониб кетганда ажойиб ваҳийни кўрди. (Луқо 9:29–32) Кейин уларни булут қоплади ва улар булут ичидан Худонинг овозини эшитди! Исо сувга чўмганида Яҳова ундан мамнун эканини ва севгисини кўрсатганидай, бу гал ҳам: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деб айтди. Лекин бу сафар Яҳова: «Унга қулоқ солинглар»,— деб қўшиб қўйди.

8. Исо ҳамда ҳаворийлар кўрган ваҳий уларга қандай таъсир қилди?

8 Бу туфайли Исо келажакда қандай улуғворликка ҳамда Худонинг Шоҳлигида қудратга эга бўлиши аён бўлган. Шубҳасизки, бу Исога далда берган ва азоблару оғриқли ўлимида сабр-бардошли бўлишига куч ато этган. Қолаверса, бу ваҳий ҳаворийларнинг имонига имон қўшган ва уларни келажакда кутаётган синовларда бенуқсон қолишлари учун мустаҳкамлаган. Деярли 30 йил ўтиб, ҳаворий Бутрус ўша ваҳий ҳали ҳам эсидан чиқмаганини кўрсатиб, унга ишора қилган. (2 Бутр. 1:16–18)

9. Исо шогирдларига қандай амалий маслаҳат берган?

9 «Унга қулоқ солинглар». Яҳова Унинг Ўғлига қулоқ солишимизни ва итоатли бўлишимизни исташини аниқ кўрсатган. Исо ер юзида бўлганида нималар ҳақида гапирган? У жуда кўп муҳим нарсалар ҳақида сўзлаган. Масалан, у издошларига хушхабарни ваъз қилишни меҳр ила ўргатган ва уларни ҳушёр туришга қайта-қайта ундаган. (Мат. 24:42; 28:19, 20) Бундан ташқари, уларни жон куйдиришга ва таслим бўлмасликка чорлаган. (Луқо 13:24) Шунингдек, Исо издошлари бир-бирини севиши ва якдил бўлиши ҳамда унинг амрларига риоя этишлари лозимлигини таъкидлаган. (Юҳан. 15:10, 12, 13) Дарҳақиқат, Исо шогирдларига жуда амалий маслаҳат берган! Мазкур маслаҳат бугунги кунда ҳам худди ўшандагидек муҳимдир.

10–11. Исога қулоқ солаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

10 Исо: «Ҳақиқат тарафида бўлганлар овозимга қулоқ солишади»,— деган. (Юҳан. 18:37) Бир-биримизга чидамли бўлиб ва чин дилдан кечириб Исонинг овозига қулоқ солаётганимизни кўрсатамиз. (Колос. 3:13; Луқо 17:3, 4) Қолаверса, «қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам» хушхабарни ғайрат ила ваъз қилиб Исога қулоқ солаётганимизни намоён этамиз. (2 Тим. 4:2)

11 Исо қуйидагича айтган: «Қўйларим овозимга қулоқ солади». (Юҳан. 10:27) Масиҳнинг издошлари нафақат унинг сўзларига эътибор қаратиб, балки уларни амалда қўллаб унга қулоқ солаётганини кўрсатади. Улар «турмуш ташвишлари» билан чалғимайди. (Луқо 21:34) Аксинча, улар ҳатто оғир вазиятларда ҳам ҳаётда нима устувор бўлиши борасида Исонинг амрларига итоат этади. Мисол учун, кўпгина имондошларимиз шиддатли қийинчиликларда, жумладан, уларга қарши чиққанлар ҳужум қилганда, қашшоқликда ва табиий офатларда сабр-бардошли эканини кўрсатмоқда. Бу қанчалик қимматга тушмасин, улар бундай синовларнинг барчасида Яҳовага содиқ қолмоқда. Исо уларни шундай деб ишонтирмоқда: «Амрларимни қабул қилиб, уларга амал қилган киши мени севади. Мени севганни Отам севади». (Юҳан. 14:21)

Хизматимиз Исога қулоқ солишда давом этишга ёрдам беради (12- хатбошига қаранг.) *

12. Исога қулоқ солишимизни кўрсатишнинг яна бир йўли қандай?

12 Исога қулоқ солишимизни кўрсатишнинг яна бир йўли — у орамизда раҳбарлик қилиш учун тайинлаган биродарлар билан ҳамкорлик қилиш. (Иброн. 13:7, 17) Сўнгги йилларда Худонинг ташкилоти жуда кўп ўзгаришлар қилди. Масалан, хизматдаги янги асбоблару усуллар, ҳафта ўртасида бўладиган учрашув қай тарзда ўтаётгани, Йиғилиш залини қуриш, қайта таъмирлаш ва таъминлаш шулар жумласидандир. Меҳр ила берилган ва пухта ўйланган йўл-йўриқлар учун миннатдормиз! Ташкилот ўз вақтида тақдим этаётган йўл-йўриқларга амал қилиш учун қилаётган ҳаракатларимизга Яҳова барака беришига аминмиз.

13. Исога қулоқ солиш қандай фойда келтиради?

13 Исо ўргатган барча нарсаларга амал қилиб фойда оламиз. У шогирдларини таълимотлари уларга роҳат бахш этишига ишонтирган. «Жонларингиз роҳат топади. Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир»,— деб айтган эди Исо. (Мат. 11:28–30) Унинг ҳаёти ва хизмати баён этилган тўртта китобни ўз ичига олган Худонинг Каломи бизга тетиклик бахш этади, қайтадан маънавий куч беради ва доно қилади. (Заб. 19:7; 23:3) Исо: «Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» — деган. (Луқо 11:28)

ИСМИМНИ «УЛУҒЛАЙМАН»

14–15. а) Юҳанно 12:27, 28 да келтирилган Яҳова осмондан гапирган учинчи вазият қандай бўлган? б) Нега Яҳованинг сўзлари Исога далда ва куч берган деб айта оламиз?

14 Юҳанно 12:27, 28 ни ўқинг. Юҳаннонинг баёнотида Яҳова осмондан учинчи маротаба гапиргани ҳақида ўқиймиз. Ўлимига бир неча кун қолганида, Исо Фисиҳ байрамини сўнгги маротаба нишонлаш учун Қуддусда эди. У: «Юрагим сиқиляпти»,— деди. Кейин эса, ибодат қилиб шундай деди: «Ота, исмингни улуғла». Отаси бунга жавобан осмондан: «Улуғладим ва яна улуғлайман»,— деб айтди.

15 Исо Яҳовага содиқ қолиш каби улкан масъулиятдан хавотирга тушган эди. У, шунингдек, уни бешафқатларча қамчилашларидан ва оғриқли ўлимдан азоб чекиши кераклигини биларди. (Мат. 26:38) Лекин буларнинг барига қарамай, Исо Отасининг исмини улуғлашни истаган. Устига-устак, Исони ҳақоратлашарди ва у ўлими Худонинг исмига доғ туширишидан ташвишланган. Яҳованинг сўзлари Исога қанчалар далда берган бўлса керак-а? У Яҳованинг исми улуғланишига амин бўлиши мумкин эди. Отасининг сўзлари Исога далда бергани ва олдинда кутаётган азобларда сабр-бардошли бўлиши учун куч бахш этгани турган гап. Гарчи ўшанда Отаси нима деяётганини фақатгина Исо тушунган бўлса-да, Яҳова бу сўзлар барчамиз учун ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилди. (Юҳан. 12:29, 30)

Яҳова Ўз исмини улуғлаб, халқини қутқаради (16- хатбошига қаранг.) *

16. Нима учун Яҳованинг исмига доғ тушишидан баъзида хавотирланишимиз мумкин?

16 Исога ўхшаб биз ҳам Яҳованинг исмига доғ тушишидан қўрқармиз. Эҳтимол, бизга Исо каби ноҳақларча муносабат қилишар. Ёки бизга қарши чиққанлар биз ҳақимизда тарқатган ёлғонлар дастидан хавотирланаётгандирмиз. Бунинг устига, ёлғон маълумот Яҳованинг исмини ҳамда Унинг ташкилотини булғаши тўғрисида ўйлармиз. Бундай пайтларда Яҳованинг сўзлари биз учун далда манбаи бўлиши мумкин. Ҳаддан ортиқ ташвишланишимизга ҳожат йўқ. «Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги» қалбимизни ва онгимизни «Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилишига» ишонишимиз мумкин. (Филип. 4:6, 7) Яҳова доим Ўз исмини улуғлайди. Худо Ўз Шоҳлиги орқали Шайтон ва унинг дунёси садоқатли хизматчиларига етказган зарарни йўқ қилади. (Заб. 94:22, 23; Ишаё 65:17)

ЯҲОВАГА ҚУЛОҚ СОЛИБ ФОЙДА ОЛИНГ

17. Ишаё 30:21 га биноан, бугунги кунда Яҳова бизга қай йўсин гапирмоқда?

17 Яҳова бугун ҳам бизга гапирмоқда. (Ишаё 30:21 ни ўқинг.) Тўғри, бугунги кунда Худонинг овозини осмондан эшитмаймиз. Аммо У йўл-йўриқлари келтирилган Муқаддас Китобни бизга берган. Шунингдек, Яҳова муқаддас руҳи орқали «ишончли... бошқарувчи»ни хизматчиларини маънавий озуқа билан таъминлашга ундайди. (Луқо 12:42) Чиндан ҳам, босма ва онлайн маълумот, видео ҳамда аудио маҳсулотлар орқали мўл-кўл маънавий озуқа оламиз!

18. Қай йўсин Яҳованинг сўзлари имонингизни мустаҳкамлаб, жасорат бахш этмоқда?

18 Исо ер юзида бўлганида Яҳова унга айтган сўзларни доим ёдимизда сақлайлик. Шунингдек, Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилган Яҳованинг сўзлари ҳамма нарса Унинг назорати остида эканлигига ва У Шайтон ҳамда унинг дунёси етказган зарарни йўқ қилиши борасида ишонч бахш этсин. Доим Яҳовага қулоқ солайлик. Шунда ҳозир дуч келаётган ҳар қандай муаммо ва келажакда бўладиган қийинчиликларни енгишда сабр-бардошли бўла оламиз. Зеро, Муқаддас Китобда шундай эслатма бор: «Тангрининг иродасини бажариб, ваъда этилган нарсаларга эришиш учун сабр-бардошли бўлишингиз керак». (Иброн. 10:36)

4- ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»

^ абз. 5 Исо ер юзида бўлганида Яҳова уч маротаба осмондан гапирган. Масалан, бир сафар Яҳова хизматчиларини Исога қулоқ солишга ундаган. Бугунги кунда Яҳова Исонинг таълимотларини ўз ичига олган Муқаддас Китоб ва ташкилоти орқали бизга гапиради. Ушбу мақолада Яҳова ҳамда Исога қулоқ солиб, қандай фойда олишимиз ҳақида билиб оламиз.

^ абз. 52 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Оқсоқол жамоат хизматкори Йиғилиш залини йиғиштираётганини ва адабиёт тақсимлашда ёрдам бераётганини кўради. Оқсоқол уни илиқ мақтаб қўяди.

^ абз. 54 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Сьерра-Леонедаги бир жуфтлик балиқчини йиғилишга таклиф қиляпти.

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Фаолиятимиз чекланган ҳудудда Шоҳидлар уйда йиғилиш ўтказяпти. Ўзларига эътибор қаратмаслик учун улар одатдагидай кийинган.