Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Жабр кўрганларга тасалли бериш

Жабр кўрганларга тасалли бериш

У... ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир. У барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. 2 КОР. 1:3, 4

134- ҚЎШИҚ Фарзандлар — Яҳовадан меросдир

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Қайси мисол одамлар тасаллига муҳтож бўлиши табиий эканини ва уни тақдим эта олиш қобилиятига эга эканини кўрсатяпти? б) Баъзи болалар қандай жароҳатлардан азоб чекади?

ИНСОНЛАРДА тасаллига муҳтожлик каби табиий истак бор. Қолаверса, барча одамлар тасалли бериш каби ажойиб қобилиятга эга. Масалан, болакай йиқилиб, тиззасини шикастлаб олса, онаси ёки дадасининг олдига йиғлаб келади. Ота-она боласини шикастдан фориғ қила олмаса-да, унга тасалли бериши мумкин. Улар нима бўлганини сўраши, унинг кўз ёшларини артиб қўйиши ва уни қучоқлаб юпатиши мумкин. Шунингдек, ота-она боланинг ярасига бирон дори суркаб, уни боғлаб қўяр. Кўп ўтмай бола йиғидан тўхтаб, ҳатто ўйнашда давом этади. Вақт ўтиб яраси битиб кетади.

2 Аммо баъзида болалар даҳшатли тарзда жароҳатланади. Айримлар жинсий таҳқирларга дуч келади. Бундай ҳолат бир маротаба ёки йиллар мобайнида давом этган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, боланинг номусига тегиш унда оғир ҳиссий жароҳатлар қолдиради. Баъзида бу ишни содир этган киши қўлга тушиб, жазоланади. Гоҳида эса, у ҳеч қачон жазоланмайдигандай туюлади. Лекин боланинг номусига теккан киши шу заҳоти жазоланса ҳам, таҳқирланган бола катта бўлганида ҳам азоб чекиши мумкин.

3. Коринфликларга иккинчи мактуб 1:3, 4 га кўра, Яҳова нимани истайди ва қандай саволларга жавоб топамиз?

3 Болалигида жинсий таҳқирларга дуч келган масиҳий улғайганида ҳам ҳиссий жароҳатлардан азоб чекаётган бўлса, унга қандай ёрдам бериш мумкин? (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг.) Шуниси аниқки, Яҳова Унинг азиз хизматчилари севгини ҳис этишларини ва муҳтож бўлганида тасалли олишларини истайди. Келинг, учта саволга диққат қаратайлик: 1) Болалигида жинсий таҳқирларга дуч келганлар нега тасаллига муҳтож бўлиши мумкин? 2) Уларга ким тасалли бера олади? 3) Қандай қилиб уларга тасалли бера оламиз?

НИМА УЧУН ТАСАЛЛИ БЕРИШ КЕРАК?

4–5. а) Нима учун болалар катталардан фарқ қилишини тушуниш муҳим? б) Бола таҳқирланса, унинг бошқаларга бўлган ишончи билан нима юз бериши мумкин?

4 Болалигида зўрланганларнинг баъзилари кўп йиллар ўтган бўлса ҳам, тасаллига муҳтож бўлиши мумкин. Хўш, нега? Буни тушуниш учун, аввал болалар катталардан анча фарқ қилишини англаб олишимиз керак. Кўпинча болалар таҳқирларга дуч келганда, катталарга қараганда, бу уларга бошқача таъсир қилади. Бир нечта мисолга диққат қаратайлик.

5 Болалар уларни тарбиялаган ва ғамхўрлик қилган инсонлар билан яқин муносабатларни ривожлантириб, уларга ишонишади. Бундай туйғулар туфайли у ўзини хавфсиз ҳис этиб, унга ғамхўрлик қилган инсонга ишонишга ўрганади. (Заб. 22:9) Афсуски, кўпинча бундай таҳқирлар боланинг уйида юз беради ва бу ишга қўл урган киши яқин қариндош ёки оиланинг дўстлари бўлиб чиқади. Бундай қилмиш орқали боланинг ишончи поймол бўлиб, у йиллар давомида бошқаларга ишонишга қийналиши мумкин.

6. Нега боланинг номусига тегиш шафқатсизлик бўлиб, уни жароҳатлайди?

6 Болалар ўзларини ҳимоялай олмайди ва уларнинг номусига тегиш шафқатсизлик бўлиб, уларни жароҳатлайди. Бола улғайганда оила қуриб жинсий муносабатда бўлишга жисмонан, ҳиссан ва ақлан тайёр бўлишидан аввал уни ахлоқсиз ишларга мажбурлаш унга қаттиқ жароҳат етказади. Таҳқирлангани туфайли боланинг жинсий муносабатга, ўзига ва у билан дўстлашишга интилганларга бўлган нуқтаи назари умуман ўзгариб кетиши мумкин.

7. а) Нега таҳқирловчига болани алдаш осон бўлиши мумкин ва у буни қай йўсин қилади? б) Бундай ёлғонлар болага қандай таъсир қилиши мумкин?

7 Болаларда ўйлаш, қарор чиқариш, тушуниш ва хавфдан қочиш қобилияти тўлиқ ривожланмаган. (1 Кор. 13:11) Шу боис, болани алдаб, уни таҳқирлаш осон. Таҳқирловчи бу боланинг айби эканини, буни сир сақлаш кераклигини, борди-ю, бу ҳақда айтса, унга ҳеч ким ишонмаслигини ва ёрдам бермаслигини ёки аслида катталар ва болалар ўртасидаги жинсий муносабатлар самимий севги изҳори эканини айтиб, уни алдайди. Бу боланинг фикрлаш тарзига таъсир қилиши ва у буларнинг барчаси ёлғон эканини тушуниши учун кўп йиллар керак бўлиши мумкин. Бундай бола энди ҳеч ким, ҳатто Худо билан яхши муносабатларга эга бўла олмайман деб ўйлаши мумкин. Устига-устак, бу унинг хатоси бўлмаса ҳам, ўзини айбдор ҳис этиши ҳамда севги ва тасаллига нолойиқ деб билиши мумкин.

8. Таҳқирларга дуч келганларга Яҳова тасалли бера олишига нега амин бўлишимиз мумкин?

8 Буларни билиш нима учун жинсий таҳқирларга дуч келган бола узоқ йиллар давомида бунинг асоратини ҳис этишини тушунишга ёрдам беради. Бу ўтакетган ёвуз жиноятдир. Бу каби муаммо кенг тарқалгани охирзамонда яшаётганимизни аниқ кўрсатяпти. Зеро, ҳозирда кўпчилик «меҳрсиз» бўлиб, «ёмон инсонлар ва ёлғончилар... тобора разиллашиб» боряпти. (2 Тим. 3:1–5, 13) Шайтоннинг ҳийлалари разилликка тўла ва одамлар у истагандай йўл тутаётганини кўриш ачинарли. Аммо Яҳова Шайтон ва унинг хоҳишини бажараётганлардан анча кучлироқдир. Тангри Шайтоннинг қилмишларидан хабардор. Шунга амин бўлишимиз мумкинки, Яҳова қанчалар азоб чекаётганимизни билади ва биз муҳтож бўлган тасаллини тақдим эта олади. «Ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ»га хизмат қилиш каби баракага эгамиз. «У барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. Шу тариқа биз ҳам, Худодан олган тасалли билан турли қайғуларга дучор бўлганларга тасалли бера оламиз». (2 Кор. 1:3, 4) Тасалли бериш учун Яҳова кимдан фойдаланади?

КИМ ТАСАЛЛИ БЕРА ОЛАДИ?

9. Шоҳ Довуднинг Забур 27:10 даги сўзларига кўра, оила аъзолари ташлаб кетган инсонлар учун Яҳова нима қилади?

9 Айниқса, ота-онаси ташлаб кетганлар ва болалигида яқинлари томонидан таҳқирланганлар тасаллига муҳтож бўлиши мумкин. Сано бастакори Довуд Яҳова доим тасалли бера олишига ишонишимиз мумкинлигини айтган. (Забур 27:10 ни ўқинг.) Довуд шуни билганки, яқинлари ташлаб кетган инсонларга Яҳова беэътибор эмас. Хўш, Яҳова буни қай йўсин қилади? У садоқатли хизматчиларидан фойдаланади. Яҳовага топинаётган имондошларимиз маънавий оиламиздир. Мисол учун, Исо Яҳовага топинишда унга қўшилганлар у учун ака-ука, опа-сингил ва она бўлишини айтган. (Мат. 12:48–50)

10. Ҳаворий Павлус оқсоқол сифатида нима қилган?

10 Қандай қилиб масиҳийлар жамоатида оила аъзолар каби яқин муносабатларни ривожлантириш мумкинлигини мисол ёрдамида кўриб чиқайлик. Ҳаворий Павлус меҳнатсевар ва садоқатли оқсоқол бўлган. У ажойиб ўрнак қолдирган ва ўзи Масиҳга тақлид қилгани каби бошқаларга ҳам унга тақлид қилишни илоҳий илҳом остида айтган. (1 Кор. 11:1) Павлус оқсоқолларнинг меҳнати тўғрисида нима деганига эътибор беринг: «Сизларга худди болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она каби юмшоқ муомала қилганмиз». (1 Салон. 2:7) Бугунги кунда ҳам садоқатли оқсоқоллар далдага муҳтож бўлганларга Муқаддас Китоб асосида тасалли бериш учун юмшоқлик ва мулойимлик ила гапиришади.

Кўпинча маънан етук опа-сингиллар ажойиб тарзда тасалли бера олади (11- хатбошига қаранг.) *

11. Тасалли беришга фақатгина оқсоқоллар масъул эмаслигини нимадан кўряпмиз?

11 Болалигида номусига текканларга фақат оқсоқоллар тасалли бера оладими? Йўқ. Барчамиз «бир-бирингизга тасалли беринглар» деган ундовга амал қилишга масъулмиз. (1 Салон. 4:18) Айниқса, далдага муҳтож опа-сингилларимизга ёши нечада бўлишидан қатъи назар, маънан етук опа-сингилларимиз тасалли бериши мумкин. Шунингдек, Яҳова Ўзини худди ўғлини юпатаётган онага ўхшатган. (Ишаё 66:13) Муқаддас Китобда қайғуда бўлганларга далда берган аёлларнинг мисоллари келтирилган. (Аюб 42:11) Бугунги кунда Яҳова ҳиссан азоб чекаётган опа-сингилларга тасалли беришга интилаётган масиҳий аёлларни кўриб жуда қувонади. Баъзи ҳолларда оқсоқоллар маънан етук имондошимиздан азоб чекаётган опамизга ёрдам бера олиш-олмаслиги ҳақида шахсан сўраши мумкин *.

ҚАЙ ЙЎСИН ТАСАЛЛИ БЕРА ОЛАМИЗ?

12. Нима қилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак?

12 Албатта имондошимиз айтишни истамаган маълумотни суриштирмаймиз. (1 Салон. 4:11) Унда ёрдам ва далдага муҳтож бўлганлар учун нима қила оламиз? Келинг, қай йўсин Муқаддас Китобга асосланиб уларга ёрдам бера олишимиз мумкинлигининг бешта усулига диққат қаратайлик.

13. Шоҳлар тарихи учинчи китоб 19:5–8 да келтирилганидек, Яҳованинг фариштаси Илёс учун нима қилди ва биз ўша фариштага қай йўсин тақлид қила оламиз?

13 Амалий ёрдам тақдим этинг. Илёс пайғамбарнинг ҳаёти хавф остида бўлганида, у шунчалик тушкунликка тушганидан ҳатто ўлишни истаган. Яҳова кўнгли чўккан бу хизматчисига далда бериш учун қудратли фариштасини юборган. Фаришта унга амалий ёрдам берган. У Илёсга иссиқ егулик бериб, уни еб олишга ундаган. (3 Шоҳлар 19:5–8 ни ўқинг.) Бу воқеадан шундай сабоқ оляпмизки, гоҳида оддий ишлар орқали меҳрни кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Эҳтимол, таом, оддийгина совға ёки пухта ўйланган сўзларимиз ёзилган откритка ёрдамида тушкунликда бўлган биродар ёки опа-синглимизни севгимизу меҳримизда ишонтира оламиз. Ҳатто шахсий ёки оғриқли мавзулар борасида гаплашиш биз учун ноқулай бўлса ҳам, уларга амалий ёрдам тақдим этишимиз мумкин.

14. Илёс тўғрисидаги воқеадан қандай сабоқ оляпмиз?

14 Кўнгли чўккан инсон ўзини бехатар ва бемалол ҳис эта олиши учун ҳаракат қилинг. Илёс билан бўлган воқеадан яна бир сабоқ олишимиз мумкин. Пайғамбар олисдаги Хорев тоғига етиб олиши учун Яҳова у муҳтож бўлган кучни ато этиб, унга мўъжизавий тарзда ёрдам берди. Балким бу олис жойда Яҳова асрлар илгари халқи билан аҳд тузгандир ва Илёс у ерда ўзини хавфсиз ҳис этган. Эҳтимол, Илёс уни ўлдирмоқчи бўлганлардан узоқда эканини ҳис этгандир. Бундан нимага ўрганяпмиз? Таҳқирлар қурбонига айланганларга тасалли беришни истасак, аввало улар ўзларини бехатар ҳис этишларига ёрдам беришимиз керак. Масалан, оқсоқоллар шуни унутмаслиги керакки, тушкунликка тушган опамиз ё синглимиз одам гавжум жойдан кўра, уйда бир пиёла чой устида суҳбатлашса, ўзини бемалолроқ ва хавфсизроқ ҳис этиши мумкин. Бошқа киши учун эса, аксинча бўлади.

Сабр ила тинглаб, илтижолар қилиб ва тасалли бахш этувчи сўзларни танлаб кишининг қалбига шифо беришимиз мумкин (15–20- хатбошиларига қаранг.) *

15–16. Яхши тингловчи бўлиш нимани ўз ичига олади?

15 Яхши тингловчи бўлинг. Муқаддас Китобда шундай маслаҳат ёзилган: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... эса шошилмасин». (Ёқб. 1:19) Биз яхши тингловчимизми? Эҳтимол, яхши тингловчи бўлиш одамга қараб туришни ва ҳеч нима демасликни англатади деб ўйлармиз. Аммо бу кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Мисол учун, Илёс дард-аламларини Яҳовага тўкиб солган ва У уни чинакамига тинглаган. Яҳова шуни тушунганки, Илёс қўрққанди, ўзини ёлғиз ҳис этганди ва қилган ишлари беҳуда деб ўйларди. Яҳова севги ила у ҳар бир хавотирини енгишига ёрдам берди. У Илёсни чинакамига тинглаганини кўрсатди. (3 Шоҳ. 19:9–11, 15–18)

16 Қандай қилиб инсонни тинглаётганда, севгимизни намоён этиб ҳамдардлик ва меҳр-шафқат кўрсатишимиз мумкин? Баъзида бир-иккита мулойим ва илиқ сўз орқали нималарни ҳис этаётганингизни кўрсата оласиз. Масалан, қуйидагича десангиз бўлади: «Сиз билан бу воқеа юз бергани жуда қайғули! Бу ҳеч бир боланинг бошига тушмасин!» Эҳтимол, битта ёки иккита савол бериб, қайғуга ботган дўстингизнинг айтганларини тушунганингизга ишонч ҳосил қиларсиз. Қуйидагича сўрашингиз мумкин: «Сизни охиригача тушунмоқчиман. Илтимос, ёрдам бера оласизми?» ёки «Сизни тўғри тушунган бўлсам,.. Шуни назарда тутяпсизми?» Инсон севгига тўла бу каби гапларингизни эшитиб, уни чинакамига тинглаётганингизга ва тушунишга ҳаракат қилаётганингизга ишониши мумкин. (1 Кор. 13:4, 7)

17. Нима учун сабрли бўлиб «сўзлашга... шошилмаслигимиз» керак?

17 Лекин «сўзлашга... шошилманг». Маслаҳат бериш ёки унинг фикрлаш тарзини тўғрилаш учун гапини бўлманг. Шунингдек, сабрли бўлинг. Илёс қалбидагиларни Яҳовага тўкиб солганида, у изтиробга тўла эди ва гапларидан қанчалик ғамга ботгани сезилиб турарди. Яҳова Илёснинг имонини мустаҳкамлаганидан кейин, у яна ҳис-туйғуларини тўкиб солди ва бу сафар ҳам ўша-ўша сўзларни айтди. (3 Шоҳ. 19:9, 10, 13, 14) Бундан нимага ўргансак бўлади? Баъзи ҳолларда қайғуга ботган киши қалбидагиларни бир неча маротаба айтишга муҳтож бўлиши мумкин. Биз ҳам Яҳова сингари сабр билан тинглашни истаймиз. Муаммонинг ечимини айтишдан кўра, уларга ҳамдардлик ва меҳр-шафқат кўрсатишга интиламиз. (1 Бутр. 3:8)

18. Қай йўсин ибодатларимиз қайғураётган кишига тасалли бериши мумкин?

18 Қайғураётган инсон билан илтижолар қилинг. Қаттиқ ғамга ботганлар ибодат қилишга қийналиши мумкин. Балки у ўзини Яҳовага мурожаат қилишга нолойиқ ҳис этар. Бундай инсонга тасалли беришни истасак, унинг исмини тилга олиб бирга ибодат қилишни таклиф қилсак бўлади. Ибодат қилганимизда, тушкунликдаги бу қадрли имондошимиз биз ва жамоат учун қанчалар қадрли эканини айтишимиз мумкин. Эҳтимол, Яҳовадан бу азиз хизматчисининг қалбига хотиржамлик ва тасалли беришини сўрармиз. Бундай ибодатлар жуда далдали бўлиши аниқ. (Ёқб. 5:16)

19. Бошқаларга тасалли бера олишимиз учун бизга нима ёрдам бериши мумкин?

19 Шифо ва далда бахш этувчи сўзларни танланг. Бирон нарса айтишдан олдин фикр юритиб кўринг. Ўйламай айтилган гаплар жароҳатлаши мумкин. Меҳр билан айтилган сўзлар эса, шифо бера олади. (Ҳик. 12:18) Шу сабабдан, Яҳовага ибодат қилиб меҳрга тўла, тасалли бахш этувчи ва юпатувчи сўзларни топишга ёрдам беришини сўранг. Шуни ёдда тутингки, Яҳованинг Муқаддас Китобда келтирилган гаплари энг аъло тарзда ёрдам бера оладиган сўзлардир. (Иброн. 4:12)

20. Номусига текканларнинг баъзилари нимага амин бўлиши мумкин ва уларга нима ҳақида эслатишни истаймиз?

20 Ўтмишда жинсий таҳқирларни бошдан кечирганларнинг баъзилари ўзини булғанган, нолойиқ, уни ҳеч ким яхши кўрмайдиган ва севгига арзимайдигандек ҳис этиши мумкин. Бу аччиқ ёлғондир! Муқаддас Ёзувлардан фойдаланиб, Яҳова уларни жуда ҳам севишини эслатиб туринг. (« Муқаддас Китобдан тасалли» номли рамкага қаранг.) Дониёр ўзини заиф ва тушкун ҳис этганда, фаришта уни меҳр ила мустаҳкамлаганини эсланг. Яҳова бу қадрли хизматчиси У учун азиз эканини билишини истаган. (Дон. 10:2, 11, 19) Шу сингари, тушкунликка тушиб қолган биродару опа-сингилларимиз Яҳова учун азиздир!

21. Тавба қилмаган ёвузларни қандай келажак кутмоқда ва ҳозирда қандай йўл тутиш қароримиз қатъий бўлиши керак?

21 Бошқаларга тасалли берганда, Яҳова уларни севиши ҳақида эслатамиз. Қолаверса, шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова ҳаққоният Тангрисидир. Ҳатто ҳеч ким билмаса ҳам, Яҳова жинсий таҳқирга дуч келган ҳар бир кишини билади. Яҳова барчасини кўриб турибди ва тавба қилмаган ёвуз кишилар жазоланмай қолишига У йўл қўймайди. (Саҳ. 14:18) Шундай экан, келинг, бундай таҳқирларни бошдан кечирганларга севгимизни кўрсатиш учун қўлимиздан келганини қилайлик. Боз устига, Шайтон ва унинг дунёсида тахқирларга дуч келганларнинг жароҳатларига Яҳова батамом шифо беришини билиш роса далдалидир! Тез орада бу оғриқлар бошқа ҳеч қачон эсга олинмайди ва кўнгилга ҳам келмайди! (Ишаё 65:17)

109- ҚЎШИҚ Самимий севги

^ абз. 5 Болалигида жинсий зўрланганлар узоқ йиллар ўтиб ҳам қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Ушбу мақолада бунинг сабабларини кўриб чиқамиз. Шунингдек, бундай инсонларга ким ёрдам бера олиши ҳақида билиб оламиз. Сўнг уларга тасалли беришнинг бир нечта амалий йўлини муҳокама қиламиз.

^ абз. 11 Таҳқирланган киши тиббий ёрдам олиш-олмаслик масаласида ўзи қарор чиқаради.

^ абз. 76 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Маънан етук опамиз ҳиссий оғриқларни бошдан кечираётган имондошимизга тасалли беряпти.

^ абз. 78 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Иккита оқсоқол тушкунликда бўлган имондошимизникига ташриф буюрган. Имондошимиз маънан етук опамизни ҳам таклиф қилган.