Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Масиҳийлар жамоатидаги севги ва ҳаққоният

Масиҳийлар жамоатидаги севги ва ҳаққоният

Бир-бирингизнинг оғирликларингизни кўтаринглар ва шу тарзда Масиҳнинг қонунини бажаринглар. ГАЛАТ. 6:2

12- ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова

БУ МАҚОЛАДА *

1. Қайси иккита нарсада шубҳаланмаймиз?

ТАНГРИ ЯҲОВА Ўз хизматчиларини яхши кўради. У илгари ҳам шундай эди, келажакда ҳам шундай бўлади. Аллоҳ ҳаққониятни ҳам яхши кўради. (Заб. 33:5) Шу боис, иккита нарсада шубҳаланмаймиз: 1) бизга ноҳақ муносабат кўрсатилганда бу Яҳовага жуда қаттиқ ботади. 2) Адолат ўрнатилишига У бизни ишонтирмоқда. Ушбу тўпламдаги мақолаларнинг биринчисида * Худо Исроил халқига Мусо орқали берган Таврот севгига асосланганини билиб олдик. Унга биноан барчага, айниқса ўзини ҳимоялай олмайдиган кишиларга адолат кўрсатилиши керак эди. (Қонун. 10:18) Тавротда Яҳова Ўз хизматчиларига қанчалар ғамхўрлик қилиши очиб берилган.

2. Қандай саволларга жавоб оламиз?

2 Мусонинг Қонуни мил. 33 йили масиҳийлар жамоати ташкил топганда ўз кучини йўқотган. Хўш, улар севгига асосланган ва ҳаққониятни олға сурадиган қонуннинг ҳимоясисиз қолганми? Асло. Масиҳийларга янги қонун берилган. Мазкур мақолада бу қандай қонун эканини билиб оламиз. Шунингдек, қуйидаги учта саволни муҳокама қиламиз: «Нега бу қонун севгига асосланади деб айта оламиз? Нима учун у ҳаққониятни олға суради деган хулосага келишимиз мумкин? Бу қонунга биноан, масъулиятга эга бўлганлар бошқаларга қандай муносабатда бўлиши керак?»

«МАСИҲНИНГ ҚОНУНИ» НИМА ДЕГАНИ?

3. Галатияликларга 6:2 да тилга олинган «Масиҳнинг қонуни» нимани ўз ичига олади?

3 Галатияликларга 6:2 ни ўқинг. Худонинг хизматчилари «Масиҳнинг қонуни» остидадир. Исо ўз издошларига қонунлар рўйхатини ёзиб қолдирмаган, лекин улар амал қилиши керак бўлган йўл-йўриқ, амр ва принципларни берган. «Масиҳнинг қонуни» Исонинг барча таълимотларидан иборат. Бу қонунни яхшироқ англашимиз учун, келинг, у ҳақида кўпроқ билиб олайлик.

4–5. Исо қай йўсин ва қачон таълим берган?

4 Исо қай йўсин таълим берган? Авваламбор, у сўзлари орқали таълим берган. Унинг сўзлари кучли таъсирга эга эди, чунки у Аллоҳ тўғрисида ҳақиқатни айтган, ҳаёт мазмуни нимада эканини тушунтирган ва Самовий Шоҳлик одамларнинг барча азоб-уқубатларини бартараф этишини таъкидлаган. (Луқо 24:19) Қолаверса, Исо ўз ўрнаги орқали таълим берган. Ҳаёт тарзи билан издошлари ҳам қандай яшаши кераклигини кўрсатган. (Юҳан. 13:15)

5 Исо қачон таълим берган? У ер юзида яшаганда буни қилган. (Мат. 4:23) Тирилганидан кўп вақт ўтмаган бўлса-да, Исо издошларига таълим берган. Масалан, у бир гуруҳ шогирдларига, эҳтимол, 500 дан ошиқ кишига кўринган ва уларга «шогирд тайёрлашни» буюрган. (Мат. 28:19, 20; 1 Кор. 15:6) У осмонга қайтганда ҳам, жамоат боши сифатида шогирдларига йўл-йўриқлар беришда давом этган. Мисол учун, тахминан мил. 96 йили Масиҳ ҳаворий Юҳаннони мойланган масиҳийларга далда ва маслаҳат бериш учун тайинлаган. (Колос. 1:18; Ваҳ. 1:1)

6–7. а) Исонинг таълимотларини қаердан топиш мумкин? б) Масиҳнинг қонунига қай йўсин бўйсуна оламиз?

6 Исонинг таълимотларини қаердан топиш мумкин? Инжилнинг тўртта ёзувчиси ҳам Исо ер юзида айтган кўпгина сўзларию қилган ишларини қаламга олган. Бутун Юнонча ёзувлар, муқаддас руҳ таъсири остида бўлган ва «Масиҳ каби фикр юритган» кишилар орқали ёзилган. Шундай экан, улар бизга Исонинг фикрлаш тарзини тушунишимизга кўмаклашади. (1 Кор. 2:16)

7 Сабоқлар: Исонинг таълимотлари ҳаётнинг барча соҳалари учун фойдалидир. Шу боис, Масиҳнинг қонуни уйда, иш ёки мактабда ва жамоатда қилаётган ишларимизга таъсир қилади. Юнонча ёзувларни ўқиб, билиб олаётганларимиз борасида фикр юритсак, уни яхшироқ ўргана оламиз. Муқаддас Китобнинг мазкур қисмидан олаётган йўл-йўриқ, амр ва принципларга мувофиқ ҳаёт кечирсак, бу қонунга бўйсунаётганимизни кўрсатган бўламиз. Масиҳнинг қонунига бўйсунганимизда, меҳрибон Худованд Яҳовага бўйсунамиз. Зеро, У Исо ўргатган барча таълимотларнинг Манбаидир. (Юҳан. 8:28)

ҚОНУН СЕВГИГА АСОСЛАНГАН

8. Масиҳнинг қонуни қандай пойдеворга асосланган?

8 Яхши уй мустаҳкам пойдеворда қурилади ва унинг ичида яшовчилар ўзини хавфсиз ҳис этади. Худди шундай, инсонлар мустаҳкам пойдеворга асосланган аъло қонун бўйича яшашса, ўзини хавфсиз ҳис этишади. Масиҳнинг қонуни энг аъло пойдевор бўлмиш севгига асосланади. Хўш, нима сабабли бундай деб айта оламиз?

Бошқаларга севги ила муносабат қилсак, «Масиҳнинг қонуни»га бўйсунган бўламиз (9–14- хатбошиларига қаранг.) *

9–10. Қайси мисоллардан Исони севги ундаганини кўряпмиз ва биз унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

9 Биринчидан, Исо барча ишларни севги туфайли қилган. Севги ачинишда ёки раҳмдилликда акс этади. Айнан бу туфайли Исо халойиққа таълим берган, одамларни соғайтирган, тўйдирган ва ўлганларни тирилтирган. (Мат. 14:14; 15:32–38; Марк 6:34; Луқо 7:11–15) Гарчи бунинг учун Исо анчагина вақти ва кучини сарфлаган бўлса-да, у бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзиникидан устун қўйишга тайёр эди. Энг муҳими эса, у ҳаётини бошқалар учун қурбон қилиб улкан севгини намоён этган. (Юҳан. 15:13)

10 Сабоқлар: биз ҳам бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзимизникидан устун қўйиб, Исога тақлид қилишимиз мумкин. Боз устига, ҳудудимиздаги инсонларга кўпроқ меҳр-шафқатли бўлиб, унга эргашган бўламиз. Бундай меҳр-шафқат туфайли хушхабарни ваъз қилиб, таълим берганимизда, Масиҳнинг қонунига бўйсунамиз.

11–12. а) Яҳова бизга ғамхўрлик қилишини қаердан биламиз? б) Яҳованинг севгисига қандай тақлид қилишимиз мумкин?

11 Иккинчидан, Исо Отасининг севгисини аён қилган. Хизмати давомида, Исо Яҳова Ўз хизматчиларига жуда ҳам ғамхўрлик қилишини кўрсатган. Исо яна шуларни ошкор этган: самовий Отамиз учун ҳар биримиз қадрли ва қимматбаҳомиз. (Мат. 10:31) Яҳова йўқолган «қўйи» тавба қилиб, жамоатга қайтса, уни қарши олишни жуда ҳам истайди. (Луқо 15:7, 10) Яҳова Ўғлини биз учун тўлов сифатида бергани билан севгисини исботлаган. (Юҳан. 3:16)

12 Сабоқлар: Яҳованинг севгисига қандай тақлид қилишимиз мумкин? (Эфес. 5:1, 2) Ҳар бир биродару опа-синглимизни жуда қадрлаймиз ва қимматбаҳо деб биламиз, «йўқолган қўй» Яҳовага қайтса, уни қарши олишдан севинамиз. (Заб. 119:176) Имондошларимизга нисбатан севгимизни фидойи бўлиб, масалан, улар муҳтож бўлган паллада ёрдам қўлини чўзиб исботлай оламиз. (1 Юҳан. 3:17) Ўзгаларга севгини кўрсатганимизда, Масиҳнинг қонунига бўйсунган бўламиз.

13–14. а) Юҳанно 13:34, 35 га биноан, Исо издошларига нима қилишни амр этган ва нега бу амр янги? б) Янги амрга қандай бўйсуна оламиз?

13 Учинчидан, Исо издошларига фидойи севги кўрсатишни амр этган. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.) Исонинг амри янги эди, чунки унга кўра севгини бошқача тарзда намоён этиш талаб қилинади, Худо Исроил халқига берган Тавротда у ҳақида айтилмаган. Имондошларингизни Исо сизни яхши кўргандай яхши кўринг. Бунинг учун фидойи севгини * кўрсатиш талаб этилади. Биродару опа-сингилларимизни ўзимизни яхши кўрганимиздан кўра кўпроқ яхши кўришимиз даркор. Имондошларимизни шу қадар қаттиқ севишимиз керакки, ҳатто улар учун ҳаётимизни фидо қилишга тайёр бўлишимиз лозим. Исо биз учун айнан шундай қилган.

14 Сабоқлар: янги амрга қай йўсин бўйсуна оламиз? Оддий қилиб айтадиган бўлсак, биродару опа-сингилларимизнинг манфаати учун фидойиликларга боришимиз даркор. Албатта, шунчаки қимматбаҳо қурбонлик, яъни ҳаётимизни беришга тайёр бўлибгина қолмай, майда-чуйда ишларда ҳам бунга тайёр бўламиз. Масалан, қария имондошларимизга доим йиғилишларга боришга кўмаклашиш учун муайян чоралар кўриб, яқинимизни бахтли қилиш учун бирон нимани қурбон қилишга тайёр бўлиб ёки табиий офатлардан зарар кўрганларга ёрдам бериш ниятида таътил кунларимизни сарфлаб, Масиҳнинг қонунига бўйсунамиз. Жамоатда ҳар бир инсон ўзини хавфсиз ҳис этиши учун ҳам қўлимиздан келганини қиламиз.

ҲАҚҚОНИЯТ ЎРНАТУВЧИ ҚОНУН

15–17. а) Қай йўсин Исонинг хатти-ҳаракатлари унинг ҳаққониятга бўлган нуқтаи назарини ошкор этмоқда? б) Қандай қилиб Исога тақлид қила оламиз?

15 Муқаддас Китобга кўра, «ҳаққоният» сўзи асосан Аллоҳ тўғри деб билган ишни қилишни ва буни юзхотирчиликсиз амалга оширишни англатади. Нега Масиҳнинг қонуни ҳаққоният ўрнатувчи деб айта оламиз?

Исо аёлларни, жумладан, бошқалар писанд қилмаган аёлларни ҳурмат қилиб, уларга нисбатан меҳрибон эди (16- хатбошига қаранг.) *

16 Биринчидан, Исонинг хатти-ҳаракатлари ҳаққониятга бўлган нуқтаи назарини қай йўсин ошкор этгани борасида ўйлаб кўринг. Унинг даврида яҳудий дин пешволари яҳудий бўлмаган инсонлардан нафратланган, улар ўзини яҳудий дин мактабида таълим олмаган яҳудийлардан юқорироқ ҳисоблаган ва аёлларни ҳурмат қилишмаган. Исо эса доимо ҳар бир кишига ҳурмат кўрсатган ва юзхотирчилик қилмаган. Исо унга ишонган яҳудий бўлмаган кишиларга унинг ортидан эргашишга тўсқинлик қилмаган. (Мат. 8:5–10, 13) У юзхотирчилик қилмай, барчага, жумладан, бою камбағалларга ваъз қилган (Мат. 11:5; Луқо 19:2, 9) Аёлларга келсак, улар билан ҳам Исо хушмуомала бўлиб, уларни камситмаган. Аксинча, у аёлларни ва ҳатто бошқалар писанд қилмаган аёлларни ҳам ҳурмат қилган ва уларга нисбатан меҳрибон эди. (Луқо 7:37–39, 44–50)

17 Сабоқлар: бошқаларга юзхотирчиликдан ҳоли муносабат кўрсатганда биз ҳам Исога тақлид қилиб, бой, камбағал ёки қайси дин вакили бўлишидан қатъи назар хушхабарни тинглашга тайёр бўлган барчага ваъз қиламиз. Масиҳий эркак кишилар ҳам аёлларга ҳурмат ила муносабат қилиб Исога эргашган бўлади. Бундай йўл тутиб, Масиҳнинг қонунига бўйсунган бўламиз.

18–19. Исо адолат масаласида нималарга ўргатган ва биз бундан қандай сабоқ оляпмиз?

18 Иккинчидан, Исо ҳаққоният масаласида нимага ўргатганига диққат қаратайлик. У издошларига бошқаларга адолат ила муносабат кўрсатишга ёрдам берадиган принципларни ўргатган. Масалан, олтин қоида ҳақида бир ўйлаб кўринг. (Мат. 7:12) Ҳаммамиз бизга адолат ила муносабат қилишларини хоҳлаймиз. Шу сабабли, биз ҳам ўзгаларга адолат ила муносабат қилишимиз даркор. Бундай қилсак, улар ҳам худди шундай қилишга интилади. Лекин биз адолатсиз муносабатга дуч келаётган бўлсак-чи? Исо шунингдек, издошларини «кечаю кундуз ёлвораётган танланганлари учун [Яҳова] адолатни ўрнатишига» умид боғлашга ўргатган. (Луқо 18:6, 7) Ҳа, бу қуйидаги ваъдани англатади: ушбу охирзамонда дуч келаётган қийинчиликларимиздан адолатли Аллоҳимиз хабардор ва ўз вақтида биз учун адолат ўрнатади. (2 Салон. 1:6)

19 Сабоқлар: Исо ўргатган принципларга амал қилсак, бошқаларга адолат ила муносабат қиламиз. Агар Шайтоннинг дунёсида адолатсизлик қурбонига айланган бўлсак, Яҳова биз учун ўз вақтида адолат ўрнатишини билишдан тасалли топишимиз мумкин.

МАСЪУЛИЯТГА ЭГА БЎЛГАНЛАР БОШҚАЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ ҚИЛИШИ КЕРАК?

20–21. а) Масъулиятга эга бўлган кишилар бошқаларга қандай муносабат кўрсатиши лозим? б) Қай йўсин эрлар фидойи севгини кўрсатиши мумкин ва оталар болаларига қандай муносабат қилиши керак?

20 Масиҳнинг қонунига биноан, масъулиятга эга бўлган кишилар бошқаларга қандай муносабат кўрсатиши лозим? Ушбу қонун севгига асосланган экан, бундай кишилар уларнинг қарамоғидаги одамларни ҳурмат қилиб, уларга севги ила муносабат кўрсатишлари керак. Улар Масиҳ биз қилаётган ҳар бир ишда севги кўрсатишимизни истаётганини унутмаслиги даркор.

21 Оилада. Эр хотинини Масиҳ жамоатни севгандай севиши керак. (Эфес. 5:25, 28, 29) Эр хотинининг эҳтиёжларию манфаатларини ўзиникидан устун қўйиб, Масиҳнинг севгисига тақлид қилиши даркор. Баъзи эрлар бундай севгини намоён этишга қийналиши мумкин, балки, улар бошқаларга адолатсиз муносабат қилган ва севги камроқ бўлган атроф-муҳитда улғайгандир. Улар ёмон одатларини ўзгартиришга қийналаётган бўлишлари мумкин, аммо улар Масиҳнинг қонунига бўйсуниш учун бундай ўзгаришларни қилишлари керак. Фидойи севги кўрсатадиган эр хотинининг ҳурматини қозона олади. Болалари билан адолат ила муносабат қилган ота уларни ҳеч қачон сўзи ёки ҳаракати билан камситмайди. (Эфес. 4:31) Аксинча, фарзандлари ўзларини яхши ва хавфсиз ҳис этишлари учун уларга ўз севгисини изҳор этиб, далда беради. Бундай оталар жигарбандларининг севгисию ишончига сазовор бўлишади.

22. Бутруснинг биринчи мактуби 5:1–3 га биноан «қўйлар» кимга тегишли ва уларга қандай муносабат кўрсатилиши керак?

22 Жамоатда. Оқсоқоллар «қўйлар» уларга тегишли эмаслигини ёдда тутишлари лозим. (Юҳан. 10:16; 1 Бутрус 5:1–3 ни ўқинг.) «Аллоҳнинг суруви», «Худонинг олдида» ва «Тангрининг омонати» деган иборалар оқсоқолларга ўша кишилар Яҳовага тегишли эканини эслатиб туради. Худо унинг сурувидагиларга севги ила ва юмшоқ муомала қилинишини хоҳлайди. (1 Салон. 2:7, 8) Ғамхўрлик қилиш учун масъул кишилар сифатида севги ила муносабат қилган оқсоқоллар Яҳованинг марҳаматига эга бўлишади. Улар шунингдек, биродару опа-сингилларининг севгиси ва ҳурматига сазовор бўла олишади.

23–24. а) Жамоатдан кимдир гуноҳга қўл урса, оқсоқоллар қандай масъулиятга эга? б) Улар бундай вазиятларни ҳал қилаётганда, нималарни ёдда тутади?

23 Жиддий гуноҳ содир этилган вазиятларда оқсоқолларнинг ўрни қандай? Уларнинг ўрни Худо Исроил халқига берган қонунга кўра, ҳакамлар ва оқсоқолларникидан фарқ қилади. Қадимда, тайинланган кишилар нафақат Яҳовага топиниш билан боғлиқ масалаларни, балки топиниш билан боғлиқ бўлмаганларини ҳам ҳал қиларди. Аммо Масиҳнинг қонунига биноан, оқсоқоллар фақат Яҳовага топиниш билан боғлиқ вазиятларни ҳал қилишади. Улар фуқаролик ва жиноий ишларни ҳал қилишга Худо ҳукумат аъзоларини масъул қилганини тушунишади. Ҳукумат аъзолари жарима солиш ёки ҳибсга олиш учун ҳам масъулдир. (Рим. 13:1–4)

24 Жамоатдан кимдир жиддий гуноҳ қилиб қўйса, оқсоқоллар қандай йўл тутади? Улар Муқаддас Китоб асосида вазиятни ўрганиб чиқиб, қарор чиқаришади. Оқсоқоллар Масиҳнинг қонуни севгига асосланганини ёдда тутишади. Севги уларни қуйидагилар борасида фикр юритишга ундайди: «Гуноҳ қурбонларига айланган жамоатнинг ҳар бир аъзосига қандай ёрдам берилиши даркор?» Гуноҳга қўл урган кишига келсак, севги оқсоқолларни шундай фикр юритишга ундайди: «У тавба қиляптими? У Яҳова билан бўлган муносабатларини тиклай олишига қай йўсин кўмаклаша оламиз?»

25. Навбатдаги мақолада қайси саволга жавоб топамиз?

25 Масиҳнинг қонуни остида эканимиздан жуда ҳам миннатдормиз! Барчамиз унга бўйсунишга жон куйдирсак, ҳар бир киши жамоатда ўзини севикли, қадрли ва хавфсиз ҳис эта олади. Ҳозирча, биз «тобора разиллашиб» бораётган «ёмон инсонлар» тўлиб-тошган дунёда яшаяпмиз. (2 Тим. 3:13) Шундай экан, сергак туришимиз керак. Боланинг жинсий таҳқирланишига дуч келганда, масиҳийлар жамоати Худонинг ҳаққониятини қай йўсин акс эттира олиши мумкин? Навбатдаги мақолада бу саволнинг жавобини топамиз.

15- ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

^ абз. 5 Ушбу тўпламдаги мақолаларнинг бу ва кейинги иккитасида нега Яҳова севги ҳамда ҳаққоният Худоси эканига амин бўлишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради. Худо бошқалар Унинг халқи билан ҳаққоният ила йўл тутишларини хоҳлайди ва бу ёвуз дунёда адолатсизликка дуч келаётганларга тасалли беради.

^ абз. 1 «Қўриқчи минораси»нинг 2019 йил февраль сонидаги «Қадимги Исроилдаги севги ва ҳаққоният» номли мақолага қаранг.

^ абз. 13 ИБОРА МАЪНОСИ. Фидойи севги бизни бошқаларнинг эҳтиёжларию манфаатларини ўзимизникидан устун қўйишга ундайди. Бошқаларга ёрдам бериш ёки уларнинг фойдаси учун бирон нима қилиш мақсадида ўзимизни нимадандир маҳрум этишга ёки ниманидир беришга тайёр бўламиз.

^ абз. 61 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Исо ёлғиз ўғли ҳаётдан кўз юмган бева аёлга қараяпти. Исо ачиниб, аёлнинг ўғлини тирилтиряпти.

^ абз. 63 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Исо Симун исмли фарзийнинг уйида меҳмонда. Бир аёл, эҳтимол, фоҳиша аёл Исонинг оёқларини кўз ёшлари билан ювиб, сочлари билан қуритиб, уларга мой суртяпти. Симун аёлни қилган иши учун койиб беряпти, лекин Исо аёлни ҳимоя қиляпти.