Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

27- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Таъқибларга ҳозирданоқ тайёрланинг

Таъқибларга ҳозирданоқ тайёрланинг

Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади. 2 ТИМ. 3:12

129- ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега таъқибларга тайёргарлик кўришимиз керак?

ЎЛИМИДАН олдинги кечада Ҳазрати Исо унинг шогирди бўлишни истаган барча нафратга дуч келишини айтган. (Юҳан. 17:14) Ҳозирги кунгача Яҳованинг садоқатли хизматчилари Унга топинмайдиган кишилар томонидан таъқибларга дуч келмоқда. (2 Тим. 3:12) Ушбу замонанинг охири яқинлашар экан, душманларимиз янада қаттиқ қаршиликлар кўрсатади. (Мат. 24:9)

2–3. а) Қўрқув борасида нимани тушунишимиз керак? б) Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Қай йўсин ҳозирдан таъқибларга тайёргарлик кўра оламиз? Биз билан юз бериши мумкин бўлган барча нарсани тасаввур қилишнинг ҳожати йўқ. Борди-ю, бундай йўл тутсак, қўрқув ва хавотирлар гирдобида қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас. Биз билан содир бўлиши мумкин бўлган барча ёмон нарсалар ҳақида ўйлайверсак, қўрқувга берилиб, ҳатто улар юз бермасидан аввал Яҳовага хизмат қилишни тўхтатиб қўйишимиз мумкин. (Ҳик. 12:25; 17:22) Зеро, «душманимиз Иблис» бизга қарши қўллайдиган кучли қурол қўрқувдир. (1 Бутр. 5:8, 9) Хўш, таъқибларда сабр-бардошли бўлиш учун қандай тайёргарлик кўра оламиз?

3 Мазкур мақолада қай йўсин Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкамлай олишимиз ва ҳозирданоқ бундай қилиш нега муҳим эканини кўриб чиқамиз. Бундан ташқари, янада жасоратли бўлиш учун нима қила олишимиз тўғрисида сўз боради. Сўнг биздан нафратланадиган инсонларга дуч келганимизда нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙ ОЛАСИЗ?

4. Ибронийларга 13:5, 6 га кўра, қандай ишончга эга бўлишимиз керак ва нега?

4 Яҳова сизни севишига ва асло тарк этмаслигига амин бўлинг. (Ибронийларга 13:5, 6 ни ўқинг.) Кўп йиллар аввал «Қўриқчи минораси»да қуйидаги фикр келтирилган эди: «Худони яхши биладиган инсон синовлар пайтида энг кўп Унга таянади». Бу рост, шундай эмасми?! Таъқибларни муваффақият ила енгиш учун Яҳовани севишимиз, Унга буткул таянишимиз ва бизга бўлган севгисидан ҳеч ҳам шубҳаланмаслигимиз лозим. (Мат. 22:36–38; Ёқб. 5:11)

5. Яҳованинг севгисини ҳис этишга нима ёрдам бериши мумкин?

5 Муқаддас Китобни ўқиётганингизда, мақсадингиз Яҳовага яқинлашиш бўлсин. (Ёқб. 4:8) Каломни ўқир экансиз, Яҳованинг ажойиб фазилатларига диққат қаратинг. Унинг севгиси ва меҳри сўзларию ишларида қандай акс этганини ҳис этинг. (Чиқ. 34:6) Баъзилар уларга ҳеч қачон севги кўрсатилмагани боис, Худо уларни севишига ишонишга қийналишади. Сизда ҳам бундай қийинчилик бўлса, Яҳова ҳар куни сизга қай йўсин раҳм-шафқатию меҳрини кўрсатганини ёзиб боринг. (Заб. 78:38, 39; Рим. 8:32) Шахсий воқеалар ва Муқаддас Китобдан ўқиганларингиз устида мулоҳаза юритиб, Яҳова сиз учун қилган кўпгина яхшиликларни пайқай оласиз. Яҳованинг баракалари учун миннатдорчилигингиз ошгани сайин, У билан бўлган муносабатларингиз мустаҳкам бўлади. (Заб. 116:1, 2)

6. Забур 94:17–19 га биноан, сидқидилдан ибодат қилиш сизга қай йўсин кўмаклаша олади?

6 Доим ибодат қилинг. Меҳрибон отанинг бағридаги болакайни тасаввур қилинг. Бола ўзини бехатар ҳис этади ва кун бўйи у билан юз берган яхши ва ёмон нарсаларнинг барчасини отасига очиқчасига айтиб беради. Ҳар куни сидқидилдан ибодат қилиб Яҳовага яқинлашсангиз, сиз ҳам ўша болакай каби муносабатларга эга бўласиз. (Забур 94:17–19 ни ўқинг.) Ибодат қилар экансиз, қалбингизни «сувдай тўкиб», севувчи Отангизга барча қўрқувларингизу хавотирларингизни айтинг. (Марсия 2:19) Бунинг натижаси қандай бўлади? Шунда Муқаддас Китобда айтилганидай, «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги»ни ҳис этасиз. (Филип. 4:6, 7) Шу йўсин Яҳовага қанча кўп ибодат қилсангиз, Унга шунча яқин бўласиз. (Рим. 8:38, 39)

Яҳовага ҳамда Унинг Шоҳлигига бўлган ишонч ёрдамида жасоратли бўла оласиз

Стэнли Жоунс Худонинг Шоҳлиги чин эканига амин бўлгани учун имонини мустаҳкамлаган (7- хатбошига қаранг.)

7. Нима учун Худо Самовий Шоҳлик борасида бераётган ваъдалари чин эканига ишончингиз комил бўлиши керак?

7 Худонинг Шоҳлиги баракалар олиб келиши чин эканига ишончингиз комил бўлсин. (Саҳ. 23:19) Худонинг ваъдалари амалга ошишига амин бўлмасангиз, Шайтон ва унинг малайлари учун сизни йўлдан оздириш осон кечади. (Ҳик. 24:10; Иброн. 2:15) Қизиқ, қандай қилиб ҳозирданоқ Худонинг шоҳлигига бўлган ишончингизни мустаҳкамлай оласиз? Масалан, Тангрининг Самовий Шоҳлик тўғрисидаги ваъдаларини ўрганиб чиқишни ва нега бунга ишонишингиз мумкинлигининг далилларини шахсий тадқиқда кўриб чиқинг. Бу сизга қандай ёрдам бериши мумкин? Эътиқоди учун етти йил қамоқда ўтирган Стэнли Жоунснинг мисоли устида фикр юритинг *. У нима туфайли садоқат ила бардош қила олган? Стэнли шундай деган: «Имоним мустаҳкам эди, чунки Худонинг Шоҳлиги ва у нималарни амалга оширишини билардим. Бу борада асло шубҳаланмаганман. Шу боис, ҳеч ким мени Яҳовани тарк этишга мажбурлай олмади». Сизнинг ҳам Худонинг ваъдаларига бўлган ишончингиз кучли бўлса, Унга яқинлашасиз ва қўрқувга берилмайсиз. (Ҳик. 3:25, 26)

8. Жамоат учрашувларини қолдирмасликка бўлган муносабатимиз ниманинг белгиси? Тушунтиринг.

8 Жамоат учрашувларини қолдирманг. Яҳовага яқинроқ бўлишда йиғилишлар бизга тиргак бўла олади. Жамоат учрашувларини қолдирмасликка бўлган муносабатимиз келажакдаги таъқибларда қанчалик сабр-бардошли бўлишимизнинг белгисидир. (Иброн. 10:24, 25) Нега дейсизми? Ҳозирданоқ кичик тўсиқлар йиғилишларни қолдиришимизга сабаб бўлишига йўл қўйсак, келажакда биродару опа-сингиллар билан учрашиш учун ўзимизни хавф остига қўйиш борасида нима деса бўлади? Аммо жамоат учрашувларини қолдирмаслик қароримиз қатъий бўлса, бизга қарши чиқишганда ҳам, бу бизни йиғилишларга боришдан тўхтата олмайди. Ҳозир йиғилишларни қадрлашга ўрганиш пайтидир. Йиғилишларга боришдан завқ олсак, ҳеч қандай қаршилик, ҳатто ҳукуматнинг тақиқлари одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимизга тўсиқ бўла олмайди. (Ҳавор. 5:29)

Ҳозирданоқ оятларни ва ҳамду саноларни ёдлаш таъқибларда асқатиши ҳеч гап эмас (9- хатбошига қаранг.) *

9. Нима учун оятларни ёдлаб олиш таъқибларга тайёрланишнинг яхши йўли?

9 Севимли оятларингизни ёдлаб олинг. (Мат. 13:52) Мукаммал хотирага эга эмасдирсиз, бироқ ёдлаган оятларингизни Яҳова муқаддас руҳи орқали эслашингизга кўмаклашади. (Юҳан. 14:26) Шарқий Германияда қамоқхонанинг бир кишилик камерасида ўтирган биродаримизнинг фикрига эътибор беринг: «Ўша пайтга келиб бир неча юз оятларни ёдлаб олганим мен учун барака бўлди! Гарчи ёлғиз бўлсам-да, Муқаддас Китобдаги турли мавзулар устида мулоҳаза юритиб вақт ўтказардим». Биродаримиз ёдлаб олган оятлари ёрдамида Яҳовага яқинроқ бўлиб, садоқат ила бардошли бўла олди.

(10- хатбошига қаранг.) *

10. Нега қўшиқларимизни ёдлаб олишимиз керак?

10 Яҳовани мадҳ этадиган ҳамду саноларни ёдлаб олинг. Павлус ва Сила Филиппида қамоқда бўлганида, эсида бўлган ҳамду саноларни куйлашган. (Ҳавор. 16:25) Шунга ўхшаб, собиқ Совет Иттифоқида Сибирга сургун қилинган имондошларимиз қай йўсин ўзларини мустаҳкамлай олган? Опамиз Мария Федунь шундай эслайди: «Ҳамду сано китобидан ёдлаб олган ҳамма қўшиқларни куйлардик». Унинг айтишича, мазкур қўшиқлар уларга далда бериб, Яҳовага яқинроқ қилган. Сиз ҳам севимли ҳамду сано ва сайтимиздаги қўшиқларни куйлаганингизда куч оласизми? Ундай бўлса, ҳозирданоқ уларни ёдлаб олинг! (« Жасорат бер!» номли рамкага қаранг.)

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЯНАДА ЖАСОРАТЛИ БЎЛА ОЛАСИЗ?

11–12. а) 1 Шоҳлар 17:37, 45–47 га кўра, нима учун Довуд жасоратли бўла олган? б) Довуднинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

11 Таъқибларни енгиш учун жасоратли бўлишингиз керак. Агар бу фазилат етишмаётганини ҳис этсангиз, нима қила оласиз? Шуни унутмангки, ҳақиқий жасорат бўй-бастингизга, кучингизга ёки қобилиятларингизга боғлиқ эмас. Мисол учун, ёш Довуд Гўлиётга қарши чиққани борасида ўйлаб кўринг. Бу баҳайбат киши билан солиштирганда, Довуд пастроқ ва заифроқ бўлиб, яхши қуролланмаган эди. Ҳатто қиличи бўлмаса ҳам, Довуд жасоратли бўлганди. У қўрқмай ўша баҳайбат мағрур кишига қарши чиқди.

12 Хўш, қандай қилиб Довуд жасоратли бўла олди? Довуд Яҳова у билан эканига қатъий ишонган. (1 Шоҳлар 17:37, 45–47 ни ўқинг.) Довуд Гўлиётга қараганда анча кичкина эканига эътибор бермаган. Аксинча, у Гўлиёт Яҳованинг олдида заррачадай эканига диққат қаратган. Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Яҳова биз билан эканига ва бизга қарши чиқаётганлар Унинг олдида заррачадай эканини эсласак, жасоратли бўла оламиз. (2 Сол. 20:15; Заб. 16:8) Таъқибларга дуч келмасдан аввал, қай йўсин янада жасоратли бўла оламиз?

13. Қандай қилиб янада жасоратли бўла оламиз? Тушунтиринг.

13 Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни ваъз қилиб ҳозирданоқ янада жасоратли бўлишга ўргана оламиз. Сабаби, ваъзгўйлик иши туфайли Яҳовага таянишга ва одамлардан қўрқмасликка ўрганамиз. (Ҳик. 29:25) Жисмоний машқлар туфайли мушакларимиз чиниққани сингари, уйма-уй, жамоат жойларида, норасмий ва одамларнинг иш жойларида ваъз қилиш орқали жасоратимизни кучайтира оламиз. Ҳозирданоқ ваъз қилиш учун жасоратли бўлсак, фаолиятимиз тақиқланганда ҳам ҳақиқатни айтишда давом этиш учун яхши тайёрланган бўламиз. (1 Салон. 2:1, 2)

Нэнси Юэн таъқибларга қарамай, хушхабарни ваъз қилишда давом этган (14- хатбошига қаранг.)

14–15. Нэнси Юэн ва Валентина Гарновскаянинг мисолларидан қандай сабоқ оляпмиз?

14 Ажойиб жасорат кўрсатган иккита садоқатли опамизнинг мисолидан кўп нарсага ўрганишимиз мумкин. Нэнси Юэннинг бўйи салкам 1,5 метр бўлса ҳам, довюрак эди *. У таъқибларга қарамай, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни ваъз қилишдан тўхтамаган. Оқибатда, Юэн Хитойда деярли 20 йилга қамоққа ташланган. Опамизни сўроқ қилган ходимларнинг айтишича, у мамлакатдаги «энг қатъий инсон» бўлган.

Валентина Гарновская Яҳова у билан эканига ишончи комил эди (15- хатбошига қаранг.)

15 Шунга ўхшаб, собиқ Совет Иттифоқида қамоқда ўтирган Валентина Гарновскаянинг мисолини олайлик. У уч марта қамоққа олинган ва умумий ҳисобда деярли 21 йилга озодликдан маҳрум этилган *. Нега дейсизми? Унинг ваъз қилиш қарори шунчалик қатъий бўлганки, давлат ходимлари уни «ашаддий жиноятчи» деб ҳисоблаган. Бу иккита садоқатли имондошимиз нима туфайли шунчалик жасоратли бўла олган? Опаларимиз Яҳова улар билан эканига амин эди.

16. Ҳақиқий жасоратнинг калити нима?

16 Кўриб чиққанимиздай, жасоратли бўлиш учун ўз кучимизу қобилиятларимизга таянмаслигимиз керак. Аксинча, Яҳова биз билан эканига ва биз учун У курашишига ишонишимиз зарур. (Қонун. 1:29, 30; Закр. 4:6) Ҳа, бу ҳақиқий жасоратнинг калитидир!

БОШҚАЛАР СИЗДАН НАФРАТЛАНСА, НИМА ҚИЛА ОЛАСИЗ?

17–18. Юҳанно 15:18–21 да келтирилганидек, Исо бизга қандай огоҳлантириш берган? Тушунтиринг.

17 Одамлар бизни ҳурмат қилишини ёқтирамиз, аммо улар бизни ёмон кўрса, ўзимизни арзимас ҳис этмаслигимиз керак. Исо: «Одамлар сизлардан нафратланиб, инсон Ўғли туфайли қувғун қилишса ва ҳақоратлаб бадном этишса, бахтлисизлар»,— деган. (Луқо 6:22) Исо нимани назарда тутган?

18 Исо масиҳийлар бошқалар улардан нафратланишидан завқланади демоқчи эмасди. У биз билан нималар бўлиши мумкинлиги борасида огоҳлантирмоқчи эди. Биз дунёга тегишли эмасмиз. Исонинг таълимотларига мувофиқ ҳаёт кечирамиз ҳамда у ваъз қилган хабарни инсонлар билан бўлишамиз. Бу туфайли эса, дунё биздан нафратланади. (Юҳанно 15:18–21 ни ўқинг.) Биз Яҳовани мамнун қилишни хоҳлаймиз. Борди-ю, одамлар Отамизга бўлган севгимиз туфайли биздан нафратланса, бу уларнинг муаммоси.

19. Ҳаворийларнинг мисолига қандай тақлид қила оламиз?

19 Оддийгина одамнинг айтган сўзлари ёки ишлари Яҳованинг Шоҳиди эканингиздан уялишингизга сабаб бўлишига йўл қўйманг. (Михо 4:5) Исонинг ўлимидан сўнг Қуддусдаги ҳаворийлар қандай ўрнак кўрсатгани устида мулоҳаза юритиб, одамлардан қўрқиш билан кураша оламиз. Ҳаворийлар яҳудий дин раҳбарлари улардан қанчалар нафратланишини биларди. (Ҳавор. 5:17, 18, 27, 28) Лекин улар ҳар куни маъбадга бориб Исонинг шогирдлари эканини айтишдан тўхтамаган. (Ҳавор. 5:42) Ҳаворийлар қўрқув уларни кишанлашига йўл қўймаган. Биз ҳам ишда, мактабда ва яшаётган ҳудудимизда — барчанинг олдида мунтазам равишда Яҳованинг Шоҳиди эканимизни билдириб одамлардан қўрқмасликни ўрганамиз. (Ҳавор. 4:29; Рим. 1:16)

20. Гарчи ҳаворийлардан нафратланишган бўлишса-да, нега улар бундан суюнишган?

20 Ҳаворийлар нима учун суюнишган? Сабаби, улардан нега нафратланишларини тушунишган ва Яҳованинг иродаси учун ҳақоратга сазовор бўлишни шараф деб билишган. (Луқо 6:23; Ҳавор. 5:41) Вақт ўтиб ҳаворий Бутрус қуйидагича ёзган: «Ҳаттоки одиллик учун азоб чексангиз ҳам, бахтиёрсизлар». (1 Бутр. 2:19–21; 3:14) Тўғри йўл тутаётганимиз учун бизни ёмон кўришларини тушунсак, одамларнинг нафрати бизни қўрқув билан кишанлаб қўйишига йўл қўймаймиз.

ТАЙЁРГАРЛИКДАН ФОЙДА ОЛАСИЗ

21–22. а) Таъқибларга тайёргарлик кўриш учун нима қилишга қарор қилдингиз? б) Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

21 Қачон таъқиблар гирдобида қолишимизни ёки ҳатто қачон Яҳовага топинишни тўғридан-тўғри тақиқлаб қўйишларини билмаймиз. Аммо шуни биламизки, Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкамлаб, янада жасоратли бўлиб ва биздан нафратланадиган инсонларга чидамли бўлиб тайёрлана оламиз. Ҳозирданоқ кўрадиган бундай тайёргарликлар келажакда қатъий туришимизга тиргак бўлиши мумкин.

22 Хўш, фаолиятимизни тақиқлаб қўйишса-чи? Навбатдаги мақолада, фаолиятимиз тақиқланганига қарамай, Яҳовага хизмат қилишдан тўхтамасликка ёрдам берадиган принципларни кўриб чиқамиз.

118- ҚЎШИҚ «Имонимизга имон қўш»

^ абз. 5 Биздан нафратланишларини истамаймиз. Лекин эртами-кечми барчамиз таъқибларга дуч келамиз. Ушбу мақола таъқибларни жасорат ила қарши олишимизга кўмаклашади.

^ абз. 7 «Қўриқчи минораси»нинг 1965 йил 15 декабрь сонидаги (ингл.) 756–767- саҳифаларга қаранг.

^ абз. 14 «Қўриқчи минораси»нинг 1979 йил 15 июль сонидаги (ингл.) 4–7- саҳифаларга қаранг. Шунингдек, JW Интернет-телевидениесидаги «Имя Иеговы будет открыто» номли видеога қаранг. ИНТЕРВЬЮ И СЛУЧАИ ИЗ ЖИЗНИ сарлавҳаси остида.

^ абз. 15 «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 15 апрель сонидаги 9–10- саҳифаларида келтирилган 10–11- хатбошиларига ва 2008 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 191–192- саҳифаларига қаранг.

^ абз. 67 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Оилавий топинишда ота-она карточкалардан фойдаланиб, болаларига оятларни ёдлаб олишга кўмаклашяпти.

^ абз. 70 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Йиғилишга кетаётиб, оила аъзолари ҳамду саноларни куйлаяпти.