Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тақиқ остида ҳам Яҳовага топинишда давом этинг

Тақиқ остида ҳам Яҳовага топинишда давом этинг

Бизлар эса кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз. ҲАВОР. 4:19, 20

122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Фаолиятимизни тақиқлаб қўйишлари нега бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак? б) Ушбу мақолада нималарни билиб оламиз?

2018 ЙИЛИ, фаолиятимиз тақиқланган ёки қаттиқ чекланган ҳудудларда яшаган имондошларимизнинг сони 223 000 дан зиёд эди. Бу ажабланарли эмас. Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, масиҳийлар таъқибларга дуч келади. (2 Тим. 3:12) Қаерда яшашимиздан қатъи назар, ҳукумат аъзолари тўсатдан ва кутилмаганда севгига тўла Худойимиз Яҳовага топинишни тақиқлаб қўйиши мумкин.

2 Эҳтимол, сиз яшаётган ҳудудда ҳам ҳукумат аъзолари Яҳовага хизмат қилишни тақиқлашга қарор қилса, сизда қуйидаги саволлар туғилиши мумкин: «Таъқиблар Худо биздан норози эканини англатадими? Тақиқ туфайли Яҳовага хизмат қилишни тўхтатамизми? Худога эркинликда топина олишим мумкин бўлган ҳудудга кўчиб ўтишим керакми?» Ушбу мақолада мазкур саволларга жавоб топамиз. Шунингдек, фаолиятимиз тақиқланган бўлса ҳам, Яҳовага топинишни қай йўсин давом эттира олишимизни ва қайси тузоқлардан қочишимиз кераклигини муҳокама қиламиз.

ТАЪҚИБЛАР ХУДО БИЗДАН НОРОЗИ ЭКАНИНИ АНГЛАТАДИМИ?

3. Коринфликларга иккинчи мактуб 11:23–27 га биноан, ҳаворий Павлус қандай таъқибларга дуч келган ва унинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

3 Ҳукумат аъзолари фаолиятимизни тақиқлаб қўйса, Худо бизга барака бермаяпти деган нотўғри хулосага келишимиз мумкин. Лекин шуни ёдда тутингки, таъқиблар Яҳова биздан мамнун эмаслигини англатмайди. Масалан, ҳаворий Павлусни олайлик. Шубҳасизки, Худо ундан рози эди. У Юнонча ёзувлардаги 14 та мактубни ёзиш шарафига эга бўлди ва ўзга халқларга юборилган ҳаворий эди. Бироқ у шиддатли таъқибларга дуч келди. (2 Коринфликларга 11:23–27 ни ўқинг.) Ҳаворий Павлус билан бўлган воқеадан шуни кўряпмизки, Яҳова Унинг садоқатли хизматчилари таъқибларга дуч келишига йўл қўяди.

4. Нега бу дунё биздан нафратланади?

4 Исо нега таъқибларни кутишимиз мумкинлигининг сабабларини тушунтирган. У бу дунёга тегишли бўлмаганимиз учун биздан нафратланишларини айтган. (Юҳан. 15:18, 19) Таъқиблар Яҳованинг баракасини йўқотганимизни билдирмайди. Аксинча, тўғри йўлда эканимизни кўрсатади!

ТАҚИҚ ЯҲОВАГА ТОПИНИШИМИЗГА ЧЕК ҚЎЯДИМИ?

5. Одамлар Яҳовага хизмат қилишимизга чек қўя оладими? Тушунтиринг.

5 Одамлар Яҳовага топинишимизни бутунлайин тўхтата олмайди. Кўплар ҳаракат қилган, аммо қўлидан келмаган. Мисол учун, Иккинчи жаҳон уруши пайтида нималар бўлганига диққат қаратайлик. Ўшанда кўпгина мамлакатларнинг ҳукумати Яҳованинг халқини шиддат билан таъқиб қилган. Яҳова Шоҳидларининг фаолияти нафақат Германиянинг нацистлар партияси, балки Австралия, Канада ва бошқа мамлакатларнинг ҳукумати томонидан ҳам тақиқланган эди. Лекин вазият қандай тус олганига эътибор беринг. 1939 йили уруш бошланганда дунё бўйлаб ваъзгўйлар сони 72 475 кишини ташкил этган. Хабарларга кўра, 1945 йили урушнинг охирига келиб, Яҳованинг баракаси билан ваъзгўйлар сони 156 299 га етган. Дарвоқе, ваъзгўйлар сони икки баравардан ҳам ошган!

6. Таъқиблар қандай ижобий натижалар келтириши мумкин? Мисол келтиринг.

6 Қаршиликлар бизни қўрқитмайди, аксинча, Яҳовага янада кўпроқ хизмат қилишга туртки беради. Масалан, ёш болали бир оила яшаган мамлакатда ҳукумат аъзолари фаолиятимизни тақиқлаб қўйган. Аммо бу жуфтлик қўрқувга берилиб орқага чекинмади ва доимий кашшофликни бошлади. Опамиз ҳатто яхши тўланадиган ишидан воз кечди. Эри эса, тақиқлар туфайли кўплар Яҳованинг Шоҳидлари билан қизиқиб қолганини айтди. Бу туфайли, у учун Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлаш осонроқ бўлди. Тақиқ бошқаларга ҳам ижобий таъсир қилди. Ўша мамлакатдаги бир оқсоқолнинг айтишича, Яҳовага хизмат қилмай қўйган кўплар йиғилишларга қатнай бошлади ҳамда ваъзгўйлик ишида яна иштирок этадиган бўлди.

7. а) Левилар 26:36, 37 да келтирилган сўзлардан қандай сабоқ оляпмиз? б) Тақиқларга дуч келсангиз қандай йўл тутмоқчисиз?

7 Душманлар фаолиятимизни тақиқлаб, Яҳовага хизмат қилишдан қўрқишимизга умид қилади. Тақиқлардан ташқари, улар биз ҳақда ёлғонлар тарқатиши, уйимизни тинтув қилиш учун ходимларини юбориши, судларга боришга мажбурлаши ёки ҳатто баъзиларимизни қамоққа ташлаши мумкин. Орамиздан бир нечта кишини қамоққа ташлаб бизни қўрқитмоқчи бўлишади. Борди-ю, уларнинг ишлари туфайли қалбимизда қўрқув ўрнашиб олишига йўл қўйсак, бора-бора сусайиб Яҳовага хизмат қилмай қўйишимиз мумкин. Левилар 26:36, 37 да (ўқинг) тилга олинган одамлар каби бўлишни истамаймиз. Қўрқув маънавий ишларимизга камроқ вақт ажратишимизга ёки умуман тўхтатишимизга сабаб бўлишига йўл қўймаймиз. Буткул Яҳовага таянамиз ва қўрқувга берилмаймиз. (Ишаё 28:16) Ибодат ила Яҳовадан йўл-йўриқ излаймиз. Шуни биламизки, Яҳова бизни қўллаб-қувватласа, ҳатто энг қудратли инсоний ҳукумат ҳам Унга садоқат ила топинишдан бизни тўхтата олмайди. (Иброн. 13:6)

БОШҚА МАМЛАКАТГА КЎЧИБ ЎТИШИМ КЕРАКМИ?

8–9. а) Ҳар бир масиҳий оиласи ёки ўзи учун қандай шахсий қарор чиқариши керак? б) Инсонга доно қарор чиқаришга нима ёрдам беради?

8 Эҳтимол, сиз яшаётган ҳудудда ҳукумат фаолиятимизни тақиқлаб қўйса, Яҳовага эркинликда хизмат қилиш учун бошқа мамлакатга кўчиш тўғрисида ўйлашингиз мумкин. Бу шахсий қарор ва ҳеч ким уни сизнинг ўрнингизга чиқара олмайди. Баъзилар биринчи асрда тақиқлар бўлганда масиҳийлар қандай йўл тутганини кўриб чиқишни фойдали деб топар. Душманлар Стефанни тошбўрон қилиб ўлдиргач, Қуддусдаги шогирдлар Яҳудия ва Самария, ҳатто олисдаги Финикия, Кипр ҳамда Антиохияга кўчиб кетган. (Мат. 10:23; Ҳавор. 8:1; 11:19) Аммо бошқалар шунга эътибор бериши мумкинки, биринчи асрдаги масиҳийлар навбатдаги таъқибларга дуч келганда, ҳаворий Павлус ваъзгўйлик ишига қаршилик кўрсатилган ҳудудни тарк этмасликка қарор қилган. Қолаверса, ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, шиддатли таъқиблар бўлаётган шаҳарларда хушхабарни эълон қилиб, азоб чекаётган имондошларини мустаҳкамлаган. (Ҳавор. 14:19–23)

9 Хўш, мазкур воқеалардан қандай сабоқ оляпмиз? Кўчиш борасида ҳар бир оила боши ўзи қарор чиқариши керак. Қарор чиқаришдан олдин у оиласининг вазияти ва кўчиш уларга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида ибодат ила чуқур фикр юритиши керак. Бу масалада ҳар бир масиҳий «ўз аравасини ўзи тортиши» даркор. (Галат. 6:5) Бошқаларни чиқарган қарори учун ҳукм қилмаслигимиз лозим.

ТАҚИҚ ОСТИДА ЯҲОВАГА ҚАЙ ЙЎСИН ТОПИНАМИЗ?

10. Филиал ва оқсоқоллар қандай йўл-йўриқ беради?

10 Тақиқ остида ҳам қай йўсин Яҳовага топинишда давом эта оласиз? Маънавий озуқани олиш, учрашувларни ўтказиш ва хушхабарни ваъз этиш борасида филиал маҳаллий оқсоқолларга йўл-йўриқ ва амалий маслаҳатлар беради. Агар филиал оқсоқоллар билан боғлана олмаса, оқсоқоллар сизга ва жамоатнинг барча аъзоларига Яҳовага топинишда давом этишингиз учун ёрдам беради. Улар Муқаддас Китоб ва адабиётларимизда ёзилганлар асосида йўл-йўриқ беради. (Мат. 28:19, 20; Ҳавор. 5:29; Иброн. 10:24, 25)

11. Нима сабабдан маънавий озуқага эга бўлишингизга аминсиз ва Муқаддас Китоб ҳамда адабиётларимизни яшириш учун нима қила оласиз?

11 Яҳова Унинг хизматчилари маънан тўқ бўлишини ваъда қилган. (Ишаё 65:13, 14; Луқо 12:42–44) Шу боис, сиз муҳтож бўлган маънавий кучга эга бўлишингиз учун Унинг ташкилоти қўлдан келган барча нарсани тақдим этишига амин бўлинг. Хўш, сиз-чи, нима қилсангиз бўлади? Таъқибларга дуч келганда, Муқаддас Китобни ва сизда бор бўлган бошқа маънавий озуқани яшириш учун яхши бир жой топинг. Бу каби қимматбаҳо маълумотни — хоҳ у босма шаклда, хоҳ электрон шаклда бўлсин — бошқалар осонликча топиши мумкин бўлган жойларда қолдирманг. Маънан кучли қолиш учун ҳар биримиз амалий қадамлар қўйишимиз керак.

Яҳованинг мадади билан бирга топиниш учун қўрқмай йиғила оламиз (12- хатбошига қаранг.) *

12. Қай йўсин оқсоқоллар бошқаларнинг эътиборини жалб қилмаган ҳолда йиғилишларни ташкиллаштира олади?

12 Ҳар ҳафта бўладиган жамоат учрашувлари ҳақида нима деса бўлади? Оқсоқоллар йиғилишларни одамларнинг ноўрин эътиборини жалб қилмаган ҳолда ўтказишни ташкиллаштиради. Масалан, улар кичик гуруҳ бўлиб йиғилишни айтар, учрашув пайтини ва жойини тез-тез ўзгартирар. Йиғилишга келаётганда ёки кетаётганда паст овозда гапириб, барча хавфсиз бўлишига ўз ҳиссангизни қўша оласиз. Шунингдек, бошқаларнинг эътиборини жалб қилмаслик учун норасмий тарзда кийинишингиз мумкин.

Ҳукуматнинг тақиқларига қарамай, ваъз қилишдан тўхтамаймиз (13- хатбошига қаранг.) *

13. Собиқ Совет Иттифоқидаги биродарларимиздан нимага ўрганяпмиз?

13 Ваъзгўйлик ишига келсак, бир ҳудуддаги вазият бошқасиникидан фарқ қилиши мумкин. Лекин биз Яҳовани севамиз ва бошқаларга Унинг Шоҳлиги тўғрисида айтишдан завқ оламиз. Шунинг учун, ваъз қилишнинг йўлларини излаймиз. (Луқо 8:1; Ҳавор. 4:29) Яҳова Шоҳидларининг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги ваъзгўйлик фаолияти борасида тарихчи Эмили Брэн қуйидаги фикрни билдирди: «Ҳукумат Яҳованинг Шоҳидларига эътиқоди тўғрисида гапиришни ман этганида, улар қўшнилари, ҳамкасблари ва дўстлари билан суҳбатлар бошлайдиган бўлди. Бу ҳаракатлари туфайли меҳнат лагерларига жўнатилганида эса, Шоҳидлар бошқа маҳбусларга ваъз қилишди». Ҳа, фаолиятимиз тақиқланганига қарамай, собиқ Совет Иттифоқидаги биродарларимиз ваъз қилишни тўхтатмаган. Сиз яшаётган ҳудудда ҳам фаолиятимиз тақиқланса, ваъз қилишни канда қилмаслик қарорингиз қатъий бўлсин!

НИМАДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

Қачон сукут сақлаш кераклигини билишимиз даркор (14- хатбошига қаранг.) *

14. Забур 39:1 бизни нимадан огоҳлантиряпти?

14 Маълумот билан бўлишганда эҳтиёткор бўлинг. Тақиқ пайтида «cукут сақлашнинг ҳам... ўз вақти борлигини» тушунишимиз керак. (Воиз 3:7) Биродару опа-сингилларимизнинг исмлари, қаерда йиғилишимиз, қандай хизмат қилишимиз ва қай йўсин маънавий озуқани олишимиз каби махфий маълумотни айтишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Бундай нарсалар ҳақида давлат ходимларига, мамлакатимиздаги ёки бошқа юртдаги яқин дўстларимизу қариндошларимизга айтмаймиз. Акс ҳолда, биродару опа-сингилларимизни хавф остига қўйган бўламиз. (Забур 39:1 ни ўқинг.)

15. Шайтон бизга нисбатан қандай ҳийла ишлатмоқчи ва унга алданиб қолмаслик учун қандай йўл тута оламиз?

15 Кичик муаммолар дастидан бўлинишлар юз беришига йўл қўйманг. Шайтон ичидан бўлинган уй хароб бўлишини билади. (Марк 3:24, 25) Орамизда бўлинишлар юз бериши учун у тинмай ҳаракат қилади. Шу йўсин биз у билан эмас, бир-биримизга қарши кураш олиб боришимизга умид қилади.

16. Имондошимиз Гертруд Пётцингер қандай ўрнак қолдирди?

16 Ҳатто етук масиҳийлар ҳам бу тузоққа тушиб қолмаслик учун эҳтиёт бўлишлари керак. Мойланган иккита опамизнинг — Гертруд Пётцингер ва Эльфриде Лёрнинг мисолига эътибор қаратайлик. Уларнинг иккови ҳам концентрацион лагерда қамоқда эди. Эльфриде лагерда бошқа опаларимизга далда берганида, Гертруд унга ҳасад қила бошлаган. Кейинчалик Гертруд бундан уялган ва ёрдам сўраб Яҳовага ёлворган. У шундай деб ёзди: «Бошқалар яхшироқ қобилиятларга эга бўлганида ёки уларни кўпроқ яхши кўришганида, буни қабул қилишга ўрганишимиз керак». Хўш, қай йўсин опамиз ҳасадни енга олди? У Эльфриденинг яхши тарафларига ва дўстона муносабатига диққат қаратди. Шу йўсин, у Эльфриде билан бўлган яхши муносабатларини тиклай олди. Бу иккита опамиз ҳам концентрацион лагерда омон қолди ва ер юзидаги ҳаётининг охиригача Яҳовага садоқат ила хизмат қилди. Имондошларимиз билан муаммоларга дуч келмаслик учун зўр бериб ҳаракат қилсак, бирон нима орамизга совуқчилик туширишига йўл қўймаймиз. (Колос. 3:13, 14)

17. Нега ўзбилармон бўлишдан қочишимиз керак?

17 Ўзбилармонлик қилишдан қочинг. Ишончли ва масъулиятли биродарларнинг йўл-йўриқларига амал қилсак, муаммолардан қоча оламиз. (1 Бутр. 5:5) Мисол учун, фаолиятимиз тақиқланган бир ҳудудда масъулиятли биродарлар ваъзгўйларни огоҳлантириб, хизматда босма шаклдаги адабиётларни қолдирмаслик борасида йўл-йўриқ беради. Лекин ўша ҳудуддаги бир кашшоф биродаримиз вазиятни яхшироқ биламан деган фикрга боради ва адабиёт тарқатади. Хўш, натижаси қандай бўлади? У ва бошқалар норасмий шоҳидлик беришни тугатганидан кўп ўтмай, полиция ходимлари томонидан сўроққа тутилади. Эҳтимол, давлат ходимлари уларни кузатиб борган ва тарқатган адабиётларини топишга муваффақ бўлган. Бу воқеадан қандай сабоқ оляпмиз? Ҳатто вазиятни яхши биламиз деб ўйласак ҳам, йўл-йўриққа амал қилишимиз керак. Яҳова орамизда бошчиликни зиммасига олиш учун тайинлаган биродарлар билан ҳамкорлик қилсак, У доим бизга барака ёғдиради. (Иброн. 13:7, 17)

18. Нега ноўрин қоидалар ўрнатишдан қочишимиз керак?

18 Ноўрин қоидалар ўрнатманг. Агар оқсоқоллар ноўрин қоидалар ўрнатса, бошқалар учун бу юк бўлади. Биродар Юрай Каминский собиқ Чехословакияда тақиқ пайтида нима бўлганини эслаб, қуйидагича бўлишди: «Масъулиятли биродарлар ва кўпгина оқсоқоллар ҳибсга олингач, озодликда қолган баъзи биродарлар нима мумкину нима мумкин эмаслигининг рўйхатини тузиб, ваъзгўйлар ўзини қандай тутиши борасида қоидалар ўрната бошлади». Яҳова бизга бошқалар учун шахсий қарор чиқариш ваколатини бермаган. Ноўрин қоидалар ўрнатадиган киши имондошларини ҳимоя қилмайди, аксинча, уларнинг имони устидан хўжайинлик қилишга интилган бўлади. (2 Кор. 1:24)

ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ ТЎХТАТМАНГ

19. Шайтоннинг ҳаракатларига қарамай, қай йўсин 2 Солномалар 32:7, 8 даги сўзлар бизга ишонч бахш этмоқда?

19 Ашаддий душманимиз Шайтон Яҳованинг садоқатли хизматчиларини таъқиб қилишдан тўхтамайди. (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 2:10) Шайтон ва унинг малайлари Яҳовага хизмат қилишимизга чек қўйишни истайди. Аммо қўрқувга берилишимизга ҳеч қандай асос йўқ! (Қонун. 7:21) Зеро, Тангри Яҳова биз тарафда ва тақиқларга қарамай, Унга хизмат қилишимиз учун бизни қўллаб-қувватлашда давом этади. (2 Солномалар 32:7, 8 ни ўқинг.)

20. Нима қилишга қарорингиз қатъий?

20 Биринчи асрда мансабдор шахсларга қарата қуйидаги сўзларни айтган биродарларимиз каби қароримиз қатъий бўлсин: «Ўзларингиз ўйлаб кўринглар, Аллоҳнинг назарида Унга эмас, сизларга қулоқ солиш адолатданми? Бизлар эса кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз». (Ҳавор. 4:19, 20)

73- ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер

^ абз. 5 Ҳукумат аъзолари Яҳовага топинишни тақиқлаб қўйса, қандай йўл тутишимиз керак? Ушбу мақола Яҳовага хизмат қилишда давом этишимиз учун нима қилиш-қилмаслик борасида амалий маслаҳатларни ёритиб беради.

^ абз. 59 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Барча расмларда фаолиятимиз тақиқланган ҳудудларда хизмат қилаётган имондошларимизнинг вазиятлари тасвирланган. Имондошларимиз биродаримизнинг омборида кичик гуруҳ бўлиб йиғилган.

^ абз. 61 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Имондошимиз (чап томонда) аёл билан суҳбатлашиб, маънавий нарсалар ҳақида гапириш имконини излаяпти.

^ абз. 63 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Полиция томонидан сўроққа тутилган биродар жамоат тўғрисидаги махфий маълумотни айтишдан бош тортяпти.