Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Охирги кунларнинг» сўнгида доим банд бўлинг

«Охирги кунларнинг» сўнгида доим банд бўлинг

Барқарор ва маҳкам туринглар. Доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлинглар. 1 КОР. 15:58

58- ҚЎШИҚ Мўмин қалбларни излаймиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. «Охирги кунларда» яшаётганимизга бизни нима ишонтиради?

1914 ЙИЛДАН кейин туғилганмисиз? Агар шундай бўлса, ҳаётингизнинг аксар қисми бу замонанинг «охирги кунларида» ўтган. (2 Тим. 3:1, изоҳ) Барчамиз Исонинг бу замона ҳақидаги башоратлари амалга ошгани тўғрисида эшитганмиз. Бу уруш, озиқ-овқат етишмовчилиги, зилзила, юқумли касалликларнинг тарқалиши, ўсиб бораётган қонунбузарлик ва Яҳованинг хизматчилари қувғун қилинишини ўз ичига олади. (Мат. 24:3, 7–9, 12; Луқо 21:10–12) Бунинг устига, одамларнинг хатти-ҳаракатлари ҳаворий Павлуснинг башоратларига мос келади. (« Бугунги кундаги одамлар» номли рамкага қаранг.) Яҳовага топинар эканмиз, «охирги кунларда» яшаётганимизга аминмиз. (Михо 4:1)

2. Қандай саволларга жавоб топишимиз керак?

2 1914 йилдан анча вақт ўтган экан, ҳозир «охирги кунларнинг» сўнгида яшаяпмиз. Бу замонанинг охири яқин экан, қуйидаги баъзи муҳим саволларга жавоб топишимиз керак: «“Охирги кунларнинг” сўнгида қандай воқеалар юз беради? Ўша воқеаларни кутар эканмиз, Яҳова нималар қилишимизни истайди?»

«ОХИРГИ КУНЛАРНИНГ» СЎНГИДА НИМА ЮЗ БЕРАДИ?

3. Салоникаликларга биринчи мактуб 5:1–3 га кўра, дунё раҳбарлари қандай эълон айтади?

3 Салоникаликларга биринчи мактуб 5:1–3 ни ўқинг. Павлус «Яҳованинг куни» ҳақида эслатган. Мазкур оятда айтилганидай, бу вақт сохта дин империясини англатадиган «Буюк Бобил»га ҳужум қилиниш билан бошланиб, Армагеддон жанги билан якун топади. (Ваҳ. 16:14, 16; 17:5) Ўша «кун» бошланишидан аввал, дунё раҳбарлари «тинчлик ва хавфсизлик» эълонини айтади. (Баъзи таржималарда «тинч ва осойишта» деб ёзилган.) Дунё раҳбарлари халқлар орасидаги муносабатларни яхшилаш тўғрисида гаплашганда, шунга ўхшаш ибораларни қўллашади *. Лекин Муқаддас Китобда башорат қилинган «тинчлик ва хавфсизлик» эълони бундан фарқ қилади. Нега? Мазкур эълон айтилганда, одамлар раҳбарлар дунёни хавфсиз ва анча тинч жой қилишда муваффақиятга эришди, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса, «ногаҳон ҳалокат» юз бериб, «буюк мусибат» бошланади. (Мат. 24:21)

Дунё раҳбарлари айтган «тинчлик ва хавфсизлик» эълонига алданиб қолманг (3–6- хатбошиларига қаранг.) *

4. а) «Тинчлик ва хавфсизлик» эълони борасида нималарни билмаймиз? б) Мазкур эълон борасида нималардан хабардормиз?

4 «Тинчлик ва хавфсизлик» эълони борасида айрим нарсаларни биламиз, аммо баъзи нарсалар бизга қоронғи. Мисол учун, бу эълонни айтишга нима туртки бўлишию у қай тарзда айтилишини билмаймиз. Бундан ташқари, битта эълон айтиладими ёки бу бир нечта эълон бўладими, бехабармиз. Нима бўлишидан қатъи назар, қуйидагини биламиз: дунё раҳбарлари чиндан ҳам тинчликка эришади деган фикрга лаққа тушмаслигимиз керак. Аксинча, Муқаддас Китобга кўра, бу биз ҳушёрлик билан кутишимиз керак бўлган эълон. Ҳа, бу «Яҳованинг куни» бошланишининг белгиси бўлади!

5. Қандай қилиб 1 Салоникаликларга 5:4–6 даги сўзлар «Яҳованинг куни»га тайёр бўлишимизга ёрдам беради?

5 Салоникаликларга биринчи мактуб 5:4–6 ни ўқинг. Павлуснинг ундовидан «Яҳованинг куни»га тайёрлигимизни аниқлаш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Биз «бошқаларга ўхшаб ухламаслигимиз» керак. «Ҳушёр туришимиз» ва огоҳ бўлишимиз даркор. Масалан, дунёнинг сиёсий масалаларига аралашиб, бетарафлигимиз масаласида ён бериш хавфидан огоҳ бўлишимиз зарур. Уларга шерик бўлсак, «дунёга тегишли» бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. (Юҳан. 15:19) Фақатгина Худонинг Шоҳлиги дунёга тинчлик келтиришига умид қиламиз.

6. Одамларга қандай ёрдам беришни истаймиз ва нима учун?

6 Ўзимиз ҳушёр туришдан ташқари, бошқаларга уйғонишга, яъни улар ҳам Муқаддас Китобдан бу дунё билан нималар юз беришини билиб олишларига ёрдамлашишни хоҳлаймиз. Шуни унутмайликки, буюк мусибат бошланганда, одамлар Яҳовага хизмат қилишига кеч бўлади. Шу боис ҳам, ваъзгўйлик ишимиз шошилинч *!

ВАЪЗГЎЙЛИК БИЛАН ДОИМ БАНД БЎЛИНГ

Бугун ваъз қилар эканмиз, фақатгина Худонинг Шоҳлиги бу дунёга хавфсизлик ва тинчлик келтириши мумкинлигини кўрсатамиз (7–9- хатбошиларига қаранг.)

7. Яҳова ҳозир нима қилишимизни кутади?

7 Яҳованинг «куни» бошланишига оз вақт қолган экан, У ваъзгўйлик билан доим банд бўлишимизни кутади. «Доимо Раббимизнинг иши билан банд» эканимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак. (1 Кор. 15:58) Исо нима қилишимиз кераклигини башорат қилган. Охирги кунларда юз бериши керак бўлган муҳим ҳодисалар ҳақида айтиш билан бирга у: «Аввало барча халқларга хушхабар эълон этилиши лозим»,— деган. (Марк 13:4, 8, 10; Мат. 24:14) Бир ўйлаб кўринг, ҳар сафар хизматга чиққанингизда, мазкур башорат амалга ошишига ҳисса қўшган бўласиз!

8. Ваъзгўйлик иши ривожланиб бораётганини қаердан биламиз?

8 Ваъзгўйлик ишининг ривожланиши ҳақида нима деса бўлади? Бу иш йилдан-йилга илдамлаб бормоқда. Масалан, охирги кунларда Шоҳлик хабарчиларининг сони ўсгани тўғрисида ўйлаб кўринг. 1914 йили 43 та мамлакатда 5 155 та ваъзгўй бор эди. Ҳозир эса, 240 та мамлакат ва ҳудудда деярли 8,5 миллион ваъзгўй бор! Аммо бу иш тугади дегани эмас. Фақатгина Худонинг Шоҳлиги инсонларнинг муаммосини ҳал қила олар экан, бу ҳақида ваъз қилишдан тўхтамаслигимиз керак. (Заб. 145:11–13)

9. Нима учун Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилишда давом этамиз?

9 Яҳова бўлди демагунича, Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилишда давом этамиз. Одамлар Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳни таниб билиши учун қанча вақт қолди? (Юҳан. 17:3) Буни билмаймиз. Аммо шуни биламизки, буюк мусибат бошланмагунча, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган»лар хушхабарга қулоқ тутиши мумкин. (Ҳавор. 13:48) Кеч бўлмасидан бу одамларга қандай ёрдам бера оламиз?

10. Одамларга ҳақиқатни ўргатишимиз учун Яҳованинг ташкилоти қандай ёрдам бермоқда?

10 Одамларга ҳақиқатни ўргатишимиз учун Яҳова ташкилоти орқали барча нарсани тақдим этмоқда. Масалан, ҳар ҳафта «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви орқали таълим бермоқда. Бу дастур ёрдамида биринчи ёки такрорий ташрифларда нималар дейишни ўрганамиз. Шунингдек, қай йўсин Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш ҳақида билиб оламиз. Қолаверса, Яҳованинг ташкилоти тақдим этган «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар» бор. Бу асбоблар қуйидагиларда ёрдам беради:

  • суҳбатлар бошлашга,

  • қизиқиш уйғотишга,

  • одамларни Муқаддас Китоб ҳақида кўпроқ билиб олишга ундашга,

  • Муқаддас Китоб асосида ҳақиқатни ўргатишга ва

  • қизиқиш билдирганларни сайтимизга киришга ёки Йиғилиш залига келишга ундашга.

Албатта, бу асбобларга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас. Улардан фойдаланишимиз керак *. Масалан, қизиқиш билдирган киши билан яхши суҳбат қурсангиз, унга буклама ёки журнал қолдирсангиз бўлади. Шунда ўша инсон у билан қайта боғлангунингизга қадар, кўпроқ билиб олиши мумкин. Ҳар ой Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиш билан банд бўлиш шахсий масъулиятимиздир.

11. Нима сабабдан Онлайн Муқаддас Китоб дарслари ташкиллаштирилди?

11 Яҳова одамларга ҳақиқатни ўрганишга ёрдам бераётганининг яна бир мисоли jw.org® сайтидаги Онлайн Муқаддас Китоб дарслари. Нима сабабдан бундай дарслар ташкиллаштирилди? Ҳар ой дунё бўйлаб минглаб одамлар Интернетда Муқаддас Китоб тадқиқларини излайди. Сайтимиздаги бу дарслар ёрдамида одамлар Худонинг Каломидаги ҳақиқатни билиб олиши мумкин. Сиз билан суҳбатлашган одамларнинг баъзилари Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилиш таклифини қабул қилишга иккиланиши мумкин. Агар шундай бўлса, уларга сайтимиздаги мазкур туркумни кўрсатинг ёки дарсларга ҳавола юборинг *. Имкон бўлса, дарсларни улар тушунадиган тилда кўрсатишингиз мумкин.

12. Киши Онлайн Муқаддас Китоб дарсларидан нималарни билиб олиши мумкин?

12 Онлайн Муқаддас Китоб дарслари қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: «Муқаддас Китоб ва унинг Муаллифи», «Муқаддас Китобдаги асосий қаҳрамонлар» ва «Муқаддас Китобдаги умидбахш хабар». Киши бу мавзуларни тадқиқ қилар экан қуйидагилар тўғрисида билиб олади:

  • Қай йўсин Муқаддас Китоб одамга ёрдам бера олади?

  • Яҳова, Исо ва фаришталар қандай шахслар?

  • Нега Худо одамларни яратган?

  • Нега азоб-уқубат ва ёвузлик бор?

Шунингдек, ўша дарсларда Яҳова қуйидагиларни амалга ошириши айтилади:

  • Қандай қилиб Яҳова азоб-уқубат ва ўлимга чек қўяди?

  • Қай йўсин У ўлганларни ҳаётга қайтаради ва

  • инсоний ҳукуматларнинг ўрнига Ўз Шоҳлигини ўрнатади?

13. Онлайн дарслар Муқаддас Китоб тадқиқининг ўрнини эгаллайдими? Тушунтиринг.

13 Онлайн дарслар Муқаддас Китоб тадқиқининг ўрнини эгалламайди. Исо шогирд тайёрлаш шарафини бизга топширган. Умид қиламизки, қизиқиш билдирганлар онлайн дарсларни кўриб чиққач, билиб олганларини қадрлайди ва кўпроқ билишни истайди. Агар шундай бўлса, улар Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишга рози бўлиши мумкин. Ҳар бир дарснинг охирида кишига Муқаддас Китобни ким биландир шахсан тадқиқ қилиш таклиф қилинади. Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилиши учун дунё бўйлаб веб-сайтимиз орқали ҳар куни 230 дан ошиқ киши мурожаат қилади! Дарҳақиқат, юзма-юз тадқиқ ўтиш муҳим!

ШОГИРД ТАЙЁРЛАШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИШДАН ТЎХТАМАНГ

14. Исонинг Матто 28:19, 20 да келтирилган йўл-йўриғига кўра, қайси ишда қўлимиздан келганча қатнашишимиз керак ва нега?

14 Матто 28:19, 20 ни ўқинг. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказганда, инсонларга Исо «амр этган ҳамма нарсага амал қилишни» ўргатиш ва «шогирд тайёрлаш» учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Одамлар Яҳованинг ва Унинг Шоҳлиги тарафини эгаллаш улар учун қанчалар муҳим эканини тушунишига ёрдам беришимиз лозим. Бу одамларга билиб олганларини амалда қўллаб, ҳақиқатни ўзлаштиришга, ҳаётини Яҳовага бағишлаб сувга чўмишга ундашни ўз ичига олади. Ўшандагина улар Яҳованинг кунида омон қолиши мумкин. (1 Бутр. 3:21)

15. Нима қилмаймиз ва нега?

15 Юқорида айтилганидай, ушбу замонанинг охири келишига жуда оз вақт қолди. Шу боис, Масиҳнинг шогирди бўлиш нияти йўқ одамлар билан Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказмаймиз. (1 Кор. 9:26) Ахир ишимиз шошилинч! Вақт борлигида Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хабарни ҳали кўп одам эшитиши керак.

СОХТА ТОПИНИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲАР ҚАНДАЙ НАРСАДАН ЙИРОҚ БЎЛИНГ

16. Ваҳий 18:2, 4, 5, 8 га кўра, барчамиз нима қилишимиз керак? (Изоҳга ҳам қаранг.)

16 Ваҳий 18:2, 4, 5, 8 ни ўқинг. Бу оятларда Яҳова хизматчиларидан нимани кутиши очиб берилган. Худонинг барча хизматчилари Буюк Бобил билан боғлиқ ишларга аралашиб қолмаганига амин бўлиши керак. Киши ҳақиқатни билишдан аввал сохта динга эътиқод қилган бўлиши мумкин. Эҳтимол, у диний маросимларда ва тадбирларда қатнашгандир. Ёки у сохта дин билан боғлиқ қандайдир ташкилотга эҳсон қилган бўлиши мумкин. Муқаддас Китобни ўрганаётган киши сувга чўммаган ваъзгўй бўлишга мос келишдан аввал сохта дин билан алоқасини бутунлайин узиши зарур. Киши олдинги черковига ёки Буюк Бобил билан боғлиқ ташкилотга энди уларнинг аъзоси эмаслиги тўғрисида воз кечиш хатини ёзиши керак *.

17. Масиҳий қандай ишни рад этади ва нега?

17 Худонинг хизматчиси унинг иши Буюк Бобил билан боғлиқ эмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак. (2 Кор. 6:14–17) Масалан, у черковда ишламайди. Қолаверса, масиҳий кимнингдир қўлида ишласа ҳам (масалан, водопроводчи ёки электротехник), сохта дин билан боғлиқ ишларни олға сурадиган биноларда мажбуриятидан ортиқ хизмат кўрсатмайди. Шахсий бизнеси бўлса ҳам, у Буюк Бобил билан боғлиқ иш ёки таклифни қабул қилмайди. Нега бу масалада қатъий бўлишимиз керак? Чунки Худонинг назарида нопок ҳисобланган диний ташкилотларнинг ишларию гуноҳларига шерик бўлишни истамаймиз. (Ишаё 52:11) *

18. Битта биродар иш борасида Муқаддас Китоб принципларига қандай амал қилди?

18 Йиллар аввал шахсий бизнеси бўлган оқсоқолдан у билан шартнома тузган бир киши, ўша оқсоқол яшаган шаҳардаги бир черковда дурадгорлик билан боғлиқ кичик бир ишни қилиб беришни сўраган. Ўша киши биродаримиз черков билан боғлиқ ишларни рад этишини билган. Аммо бу сафар у бу иш учун бошқа одамни топа олмаганидан чорасиз вазиятда эди. Лекин шунда ҳам биродар Муқаддас Китоб принципларига амал қилиб, ўша ишни рад этди. Кейинги ҳафта маҳаллий газетада бошқа бир дурадгор ўша черковга хочни ўрнатаётганининг сурати келтирилган эди. Агар биродаримиз ён бериб, ўша ишни қабул қилганида, газетада унинг сурати бўлиши мумкин эди. Бу унинг имондошлари орасидаги обрўйига қандай зарар етказиши мумкинлигини бир тасаввур қилинг! Қолаверса, Яҳова нималарни ҳис қилган бўларди?

НИМАЛАРНИ БИЛИБ ОЛДИК?

19–20. а) Нималарни билиб олдик? б) Яна нималарни билиб олишимиз керак?

19 Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, дунё саҳнасида юз бериши керак бўлган навбатдаги муҳим воқеа дунё раҳбарлари «тинчлик ва хавфсизлик» деб эълон қилганда юз беради. Яҳова бизни ўргатгани туфайли қоронғиликда эмасмиз. Зеро, бу дунёнинг раҳбарлари ҳақиқий ва абадий тинчликка эриша олмайди. Бу воқеа юз беришидан ва ногаҳон ҳалокат келишидан аввал нима қилишимиз керак? Яҳова доим Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиш билан банд бўлишимизни ва кўпроқ шогирд тайёрлаш учун ҳаракат қилишимизни истайди. Шу билан бирга сохта дин билан боғлиқ барча нарсадан йироқлашишимиз лозим. Бу Буюк Бобил билан боғлиқ ташкилотларнинг аъзоси бўлмасликни ва у учун бирор иш қилмасликни ўз ичига олади.

20 «Охирги кунларнинг» сўнгида бошқа воқеалар ҳам юз бериши керак. Яҳова биздан яна бошқа ишларни ҳам кутади. Булар нима ва яқин келажакда бўладиган воқеаларга қандай тайёрлана оламиз? Навбатдаги мақолада бу саволларга жавоб топамиз.

71- ҚЎШИҚ Биз — Яҳованинг лашкаримиз!

^ абз. 5 Тез орада дунё раҳбарлари «тинчлик ва хавфсизликка» эришганини эълон қилишини кутяпмиз. Бу буюк мусибат бошланаётганининг белгиси бўлади. Ўша эълон айтилгунига қадар, Яҳова нима қилишимизни кутади? Ушбу мақоладан мазкур саволнинг жавобини топамиз.

^ абз. 3 Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сайтида ёзилганидай, улар «халқаро тинчлик ва хавфсизликни ривожлантирмоқчи».

^ абз. 6 Ушбу сондаги «Худонинг ҳукмлари. У доим етарлича огоҳлантирадими?» номли мақолага қаранг.

^ абз. 10 «Таълим бериш қутимиз»даги асбоблардан қандай фойдаланиш борасида батафсил маълумотга эга бўлиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2018 йил октябрь сонидаги «Ҳақиқатни ўргатиш» номли мақолага қаранг.

^ абз. 11 Бу дарслар ҳозирда инглиз ва португал тилларида мавжуд, кўпроқ тилга ўгирилиши кутилмоқда.

^ абз. 16 Сохта дин билан боғлиқ ёшлар оромгоҳларига бормаймиз ёки уларнинг тадбирларида қатнашмаймиз. Масалан, баъзи ҳудудларда диний ташкилотлар томонидан ўқув марказлари, оммавий сув ҳавзалари ёки даволаниш масканлари ташкиллаштирилади. Гарчи мазкур маҳаллий ташкилотлар диний тадбирларни ўтказмаса ҳам, диний ғояларни ва мақсадларни олға суради.

^ абз. 17 Диний ташкилотлар билан боғлиқ ишлар масаласида Муқаддас Китобнинг нуқтаи назарини кўпроқ билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 1999 йил 15 апрель (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

^ абз. 83 РАСМГА ШАРҲ. Кафеда одамлар «тинчлик ва хавфсизлик» ҳақидаги тезкор хабарларни томоша қиляпти. Хизматда танаффус қилаётган бир жуфтлик бу хабарга лаққа тушмаяпти.