Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳозирдан Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватланг!

Ҳозирдан Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватланг!

Тасаввур қилинг, сиз яшаётган ҳудудда кучли зилзила бўлиши кутилмоқда. Давлат ходимлари бу ҳақда шошилинч равишда огоҳлантириб: «ҲОЗИРОҚ ТАШҚАРИГА ЧИҚИНГЛАР! ХАВФСИЗ ЖОЙГА ҚОЧИНГЛАР!» — дея эълон қилишмоқда. Шунда қандай йўл тутган бўлардингиз? Албаттаки, бехатар жойга қочардингиз.

Бугунги кунда барчамиз Исо «буюк мусибат» деб атаган мажозий кучли зилзила арафасида яшаяпмиз. (Матто 24:21) Тўғри, бу мусибатдан шунчаки қочиб қутула олмаймиз. Аммо ўзимизни ҳимоялаш учун муайян ҳаракатлар қила оламиз. Қизиқ, қандай ҳаракатлар?

Исо алайҳиссалом Тоғдаги ваъзида шундай маслаҳат берганди: «Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин». (Матто 6:33) Хўш, бунга қандай амал қилсак бўлади?

Худонинг Шоҳлиги ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин. Бу сўзлар Худонинг Шоҳлиги ҳаётимизда энг муҳим ўринда туриши кераклигини англатади. (Матто 6:25, 32, 33) Нега бу Шоҳликка нисбатан шундай муносабатда бўлишимиз даркор? Сабаби инсонлар одамзоднинг муаммоларини ҳал қилишга қодир эмас. Фақатгина Худонинг Шоҳлиги ушбу мураккаб ишни амалга ошира олади.

Худонинг адолати ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин. Аллоҳнинг адолатли қонунлари ва принциплари бўйича яшаш учун жон куйдиришимиз керак. Нега? Чунки нима тўғрию нима нотўғри экани борасида ўзбошимча қарор чиқарсак, бу аянчли оқибатларга олиб келади. (Ҳикматлар 16:25) Агар Худонинг меъёрларига мувофиқ яшасак, нафақат Аллоҳни мамнун қиламиз, балки ўзимиз ҳам бахтлироқ ҳаёт кечирамиз. (Ишаё 48:17, 18)

Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин. Исо пайғамбар огоҳлантирганидек, айримлар «қанча кўп пул топсам, шунча хавфсиз яшайман», деб ўйлагани учун чалғиб қолиши мумкин. Бошқалар эса ҳаёт ташвишларига кўмилиб кетганидан Аллоҳ Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишга вақт топа олишмайди. (Матто 6:19–21, 25–32)

Лекин Ҳазрати Исо Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлаётган инсонлар ҳозирги пайтда муҳтож бўлган нарсаларга, келажакда эса битмас-туганмас баракаларга эга бўлишларини ваъда беряпти. (Матто 6:33)

Гарчи Исо алайҳиссаломнинг шогирдлари Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётларида ҳамиша биринчи ўринда туришига интилган бўлишса ҳам, улар яшаган пайтда барча оғриқ ва азоб-уқубатлар бартараф қилинганини кўришмаган. Аммо улар ҳимоя остида бўлишган. Қанақасига?

Улар Худонинг адолатли меъёрлари бўйича яшашган ва бу уларни Худонинг айтганларини менсимайдиган инсонлар дуч келадиган қийинчиликлардан ҳимоя қилган. Уларнинг Шоҳлик келишига бўлган кучли ишончи ҳатто энг шиддатли муаммолар қаршисида ҳам бардошли бўлиб қолишларига ёрдам берган. Муаммоларни енга олишлари учун Худо уларга «инсонларникидан устун турган куч»ни берган. (2 Коринфликларга 4:7–9)

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИНИ БИРИНЧИ ЎРИНГА ҚЎЯ ОЛАСИЗМИ?

Биринчи асрда яшаган художўй кишилар Худонинг Шоҳлиги ҳаётларида биринчи ўринда бўлиши кераклиги ҳақидаги Исо пайғамбарнинг амрига бўйсунишган. Улар Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ўша пайтдаги дунё бўйлаб ваъз қилишган. (Колосаликларга 1:23) Бугунги кунда-чи, бу ишни кимдир бажаряптими?

Ҳа, Яҳованинг Шоҳидлари. Улар Худонинг Шоҳлиги бу дунёга чек қўядиган пайтга вақт оз қолганини тушунишяпти. Шу сабабли улар Исо алайҳиссаломнинг: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади»,— деган сўзларига мувофиқ яшаш учун жон куйдиришяпти. (Матто 24:14)

Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарга қандай муносабат кўрсатасиз? Сизни биринчи асрда Македониянинг Верия шаҳрида яшаган кишиларнинг мисолига тақлид қилишга ундаб қоламиз. Улар Худонинг хизматчиси Павлусдан Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эшитишганида, уни «катта иштиёқ билан қабул қилишган». Сўнгра эшитганлари тўғри эканига амин бўлиш учун «Муқаддас Ёзувларни... синчковлик билан ўрганишган» ва билиб олганларига яраша йўл тутишган. (Ҳаворийлар 17:11, 12)

Сиз ҳам уларга тақлид қилсангиз бўлади. Худонинг Шоҳлигини ва Унинг адолатини ҳаётингизда биринчи ўринга қўйсангиз, ҳозирнинг ўзида паноҳ ва ҳимояга, келажакда эса абадий тинчлик ва хавфсизликка эга бўласиз.