Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ҲАЁТ ТАРЗИМИЗ

Аллоҳга ва яқинимизга нисбатан севгини қандай ривожлантирса бўлади?

Аллоҳга ва яқинимизга нисбатан севгини қандай ривожлантирса бўлади?

Гарчи масиҳийлардан Тавротга риоя қилиш кутилмаса-да, ундаги Аллоҳни ва яқинимизни севиш каби иккита муҳим амрда Яҳова биздан талаб қилаётган барча нарса мужассамдир. (Мт 22:37–39) Бундай севги мерос бўлиб ўтмайди. Уни ривожлантириш керак. Лекин қандай қилиб? Бунинг бир йўли — Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишдир. Муқаддас Китобда очиб берилган Аллоҳ шахсиятининг турли қирраларини ўрганганимизда, «Яҳованинг ҳимматини» кўргандек бўламиз. (Зб 27:4) Натижада, Унга бўлган севгимиз ўсиб, фикрлаш тарзимиз Уникига ўхшаб боради. Бу бизни Аллоҳнинг амрларига, жумладан, бошқаларга нисбатан фидойи севгини кўрсатиш амрига риоя этишга ундайди. (Юҳ 13:34, 35; 1Юҳ 5:3) Қуйидаги учта маслаҳат ёрдамида Муқаддас Китоб мутолаасини янада мароқли қилиш мумкин:

  • Тасаввурингизни ва ҳис-туйғуларингизни ишга солинг. Ўзингизни сиз ўқиётган воқеанинг иштирокчиси деб тасаввур қилинг. Нималарни кўряпсиз, эшитяпсиз ва қандай ҳидлар келяпти? Воқеанинг бошқа иштирокчилари нималарни ҳис қиляпти?

  • Ёндашувингизни ўзгартириб туринг. Мана бунинг бир нечта йўли: овоз чиқариб ўқинг ёки аудио ёзувни тинглаётиб, ўз Муқаддас Китобингиздан матнни кузатинг. Бобларни кетма-кет ўқишнинг ўрнига, Муқаддас Китобдаги муайян қаҳрамон ҳақида ёки мавзу бўйича ўқинг. Масалан, Исо ҳақида ўқиш учун «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»даги Илованинг А7 ва Б12 мавзуларидан фойдаланинг. Кундалик оят олинган бобни бутунлайин ўқисангиз бўлади. Ёки бўлмаса, Муқаддас Ёзувлардаги китобларни ёзилиш тартиби бўйича ўқинг.

  • Ўқиганингизни тушунишга интилинг. Кунига битта бобни ўқиб, уни тушунишга ҳаракат қилиш ва устида мулоҳаза юритиш, шунчаки кўпроқ бобларни ўқиб чиқишдан афзалроқ. Воқеалар қачон ва қаерда содир бўлаётгани ҳақида ўйлаб кўринг. Тафсилотларни таҳлил қилинг. Хариталар ва ўхшаш оятлардан фойдаланинг. Ҳеч бўлмаса, сиз тушунмаган битта фикр устида изланиш олиб боринг. Агар имкон бўлса, ўқишга қанча вақт ажратсангиз, мулоҳаза учун ҳам шунча вақт ажратинг.